• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Осон бойиш васвасаси ёки фирибгарлар тузоғига алданманг

Полвонлар кўтарадиган 16 ва 32 килограммли тошларнинг ичида нима бор? У ростан ҳам битта “Каптива”нинг баҳосидан қиммат турадими?

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бу каби шов-шувларни анча олдин ўқигандим. Бунинг фириб, уйдирмаси экани шундоққина кўриниб тургани учун унчалик аҳамият бермагандим ҳам. Бироқ уч-тўрт нафар синфдошим телефон қилиб, вилоятларда уйма-уй юриб шундай тош қидириб юришаётганини, одамлардан эски тошларни 50—150 минг сўм бериб сотиб олишаётганини айтишиб, уларнинг ичида чиндан ҳам қимматбаҳо нарса бор-йўқлигини билиш-билмаслигимни сўрашди.

Тунов куни эса бир ҳамкасбимнинг телефонига “собиқ иттифоқ пайти ишлаб чиқарилган 16 килограммли тошни “Каптива”га алмаштираман!” деган смс келганини айтгач, билдимки, фирибгарлар юртдошларимизни тузоққа тушириш учун ҳар қанақанги усуллардан унумли фойдаланишаяпти. Демак, одамларни бу ҳақда огоҳлантиришимиз керак.

Эски тош бирдан нега керак бўлиб қолди?

“Facebook”, “Telegram”, “WhatsApp” ва бошқа ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда собиқ иттифоқ вақтида ишлаб чиқарилган 16 ва 32 килограммли тошларни 100, 200, 1000, 2000 долларга сотиб оладиган харидор таппа-тайёрдек. Худдики у ҳозироқ келиб нақд пулни қўлингизга тутқазади-да, тошларни кўтариб олиб чиқиб кетади. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта.

Исталган одам эски тош бирданига нега керак бўлиб қолди деган саволни бериши табиий. Ҳатто энг соддалар ҳам. Фирибгарлар буни аввалдан билиб, шундай миш-миш тарқатишган. Эмишки, СССР даврида ишлаб чиқарилган 16, 32 килограммли тошларнинг ичида қандайдир қимматбаҳо нарса бор. Уни Ўзбекистондан сотиб олишиб, Қозоғистон ёки Россияга олиб бориб сотишармиш.

Албатта, бу гапдан сўнг айримларда тошни арралаб, бунчалик қимматбаҳо нарсага ўзи эгалик қилишни хоҳловчилар бўлиши табиий. Фирибгарлар бунга ҳам важ топиб қўйишган: Агар тошни мутахассис бўлмаган одам арраласа, унинг соғлиғига тиклаб бўлмас даражада зарар етармиш. Тош ичида палладий, симоб ёки бошқа қимматбаҳо модда бўлиши мумкин, уни фақат мутахассисларгина ажратиб ололади.

Қандай фириб беришлари мумкин?

Фириб турли хил усулларда амалга оширилиши мумкин. Шундан айримларини келтириб ўтамиз.

Масалан, тошни 2000 долларга сотиб оладиган одам мижоз билан бирор жойда учрашув тайинлайди. Бунча пулни олиш учун исталган одам келишилган жойга учиб боради. Тезда бойиб кетиш имкони кўпчиликнинг қулоғини кар, кўзини кўр қилиб қўяди. Бундай пайтда нафсига қул бўлганлар ҳар қандай эҳтиёткорликни унутадилар. Фирибгарлар ҳам буни яхши билишади. Шу боис томонлар учрашгач, суҳбат тахминан қуйидагича кечади:

— Қойил, айнан биз истаган тош экан. Аммо барибир экспертиза қилиб кўришимиз керак. Ахир шунча пулни бекордан-бекорга бериб юбора олмаймиз-ку. Бунинг ичида биз хоҳлаган метал борлигини билсак-да, ҳар эҳтимолга қарши текшириб кўрамиз, майлими?

Бундай вазиятда тошни сотаётган тарафнинг рози бўлмасдан иложи йўқ. Фирибгарлар навбатдаги босқичга ўтишади.

— Экспертизадан ўтказиш 250-300 долларга тушади. Бу харажатни сиз кўтарасиз, чунки тош сизники. Агар таклифимизга рози бўлсангиз, экспертиза учун пулни беринг. Жавобни олгач, Сиз билан ҳисоб-китоб қиламиз. Мана телефонларимиз, ташриф қоғозимиз…

Тошни сотаётганларнинг кўзига фақат 2000 минг доллар кўрингани учун пулни чиқариб беришади. Экспертиза ўтказилади. Аммо тошнинг ичидан харидор истаган қимматбаҳо метал чиқмагани маълум бўлади. У сиздан узр сўрайди. Сиз эса 250-300 долларга куйиб қолаверасиз. Агар 2000 доллар илинжида тошни бировдан сотиб олмаган бўлсангиз, албатта. У ҳолда чиқимингиз янада каттароқ бўлади.

Бошқа бир вариантга кўра фирибгарлар олдиндан ҳар бир ҳудуддан ўз вакилларини топишади. Ими-жимида тошларни йиғиб олишади. Одамларга шубҳа туғдирмайдиган тарзда. Орадан бирор йил ўтгандан кейин тошнинг ичида платина ёки Оқпошшо хазинасига тегишли олтин буюмлар яширилгани, шу боис уларни отнинг калласидай пулга, масалан, 2000 долларга сотиб олишаётгани ҳақида миш-миш тарқатишади. Табиийки, белни оғритмасдан бойиб қолиш имкониятидан фойдаланмоқчи бўлганлар ҳамма жойда топилади. Натижада ҳамма полвонтош “ови”га киришади. Ҳамма тош эса битта одамда. 2000 минг долларга сотиш илинжида тошни 500-1000 долларгача сотиб олишаверади. Шундоқ ҳам фойда қолаяпти-ку деб. Охир-оқибат бор-будларидан айрилиб, бир тийинга қиммат тошлар билан қолиб кетишади.

Бу фирибгарлар ишлатадиган усуллардан иккитасигина холос. Улар ўз фирибларини яна кўплаб кўринишда амалга оширишлари мумкин. Ким ҳам чув тушгач, ўз “тажрибаси” билан ўртоқлашарди. Ҳамма ичига ютади. Шу боис яна қандай усуллардан фойдаланишганини вақтида биолмаймиз. Бу ҳам фирибгарларнинг фойдасига хизмат қилади.

Ҳа, айтганча, юқорида айтилганидай, бир гуруҳ “уддабуронлар” қишлоқма-қишлоқ юриб, 16, 32 килограммли тошларни йиғиб юрганларнинг мақсади ҳам ҳали бу миш-мишлар етиб бормаган ҳудудлардан тошларни арзон-гаровга йиғиб олиб, бутун бошли хазинага ўзлари эгалик қилишдан иборат. Нафс ўлсин-а, нафс ўлсин.

Олғирлар менталитетимизга хос бўлган ишонувчанлик, миш-мишга берилувчанликдан усталик билан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Одамлар оммавий васвасага тушган муҳит улар учун мўмай даромад манбаи ҳисобланади. Шу боис улар энди-энди ривожланаётган ҳудудларни, иқтисодий-ҳуқуқий саводхонлиги юқори бўлмаган аҳоли қатламларини нишон сифатида танлашади.

Бир балоси бўлмаса…

Аслида фирибгарларнинг ушбу ҳийласини унчалик ҳам муваффақиятли деб бўлмайди. Ҳар бир мулоҳазали бундан алдов иси келаётганини аввал-бошдан билади, ҳис қилади. Шу боис бундан гап-сўзла қулоққа чалинганда, халқимизнинг минг йиллик нақлини эсга олсангиз бўлди, масалага жавоб топасиз: “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур.

Tafsilot.uz маълумоти:

Полвонтошлар билан боғлиқ васваса бунгача Кавказ республикалари, шунингдек, Тожикистон ва Қозоғистонда ҳам қайд этилган эди.

Масалан, Тожикистонда ҳақиқатнинг тагига етиш учун Физика ва техника институти олимлари жалб этилиб, тошлар текширтирилди. Олимлар бирорта тошдан пичоққа илинадиган нарса топа олмади.

Қозоғистонда эса ҳатто уйларини гиряга алмашишга тайёрлиги айтилган эълонлар пайдо бўлди. Буни “Google”га оддийгина сўров бериш орқали ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин.

google_qidiruv

Умуман олганда, халқ орасига миш-миш тарқатиш орқали одамларни чув туширишга уриниш ҳолатлари юртимиз ҳудудида аввалри ҳам кузатилган. Масалан, қайсидир йилда ишлаб чиқарилан тангаларида олтин бор экан ёки “Зингер” тикув машиналари ичида қимматбаҳо металлар бор экан деган гап-сўзларни тарқаганини, одамлар ҳатто квартираларини сотиб, тикув машиналарини сотиб олишганини катта авлод вакиллари яхши эслашади. Бундан ташқари, собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган “Зил” русумидаги музлаткичлар, “Циклон” номли чангюткичлар учун ҳам катта пул ваъда қилинган бўлиб, ҳалигача айрим одамлар бу тузоққа чув тушиб келади.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>