• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

Ўсмирда нима айб? 2-қисм

(Давоми. Боши мана бу ерда)

Ҳозир Япония, Америка ва бошқа капиталистик мамлакатларда боғчадаёқ болаларга пул муомаласини ўргатишади. Савдо-сотиқ сирларидан бохабар бола ёшлигиданоқ дипломат бўлиб ўсади. Ўз ҳаётининг “коммерсанти” бўлади. Моддий қийинчиликлардан чиқиш йўлларини, пул қадрини, “кирим-чиқим” вариантларини, оила бюджети харажатларини, уни қоплаш йўлларини англайди. Бизда эса вояга етган фарзандимиз савдо маданиятидан бехабар, мустақил қадам босолмайди. Шунинг учун ҳаётда тез қоқилади. Хато қилади ва биратўла ўнгланмайдиган бўлиб тойиб кетади.

osmir

Новомосковскийда 1986 йил бошида рассом — безовчи Сергей Иванов бошчилигида 14-мактаб қошида ёш ижодкорлар клуби очилган. Юздан ортиқ юқори синф ўқувчиларини бирлаштирган бу клуб аъзолари ҳеч кимдан маблағ ҳам сўрамаганлар, ўзлари устав қабул қилиб, оёққа туриб олиш учун 2 сўмдан пул йиғишган. Бўш ётган кечки мактаб биносини ремонт қилишиб, ўзларига устахона қилиб олишган. Болалар слесарлик ишлари, ёғоч ўймакорлиги, безак ишлари билан шуғулланганлар. Қизлар палос тўқиганлар. Ҳозир бу клуб кенгайиб Бутунроссия маданий фондлари бадиий ишлаб чиқариш комбинатига айланган. Унга “Изогриф” номи берилган. Ҳозир ҳисобида 25 минг сўм маблағи бор. Иш ҳақи болалар меҳнатининг миқдори ва сифатига қараб тақсимланади. Ота-оналар бундан миннатдор! Клуб аъзолари дарсдан кейин ҳафтада 3 кун икки соатдан ишлашади. Айни кунда улар ўттизта мутахассис бошчилигида иш олиб бориб, ганчли безак ишларини ўрганяптилар. Шахсий уй қураётган одамлардан буюртмалар қабул қилмоқдалар, шаҳар болалар паркини яратиш устида иш олиб бормоқдалар. (“Дети и деньги”. “Известия”. 1988 йил, 25 март, 85-сон 3-бет).

osmirda_nima_ayb_13Атоқли совет педагоги А. С. Макаренко айтганидек, меҳнат таълим билан, сиёсий ва ижтимоий тарбия билан бирга қўшиб олиб борилсагина яхши натижа беради.

Мактаблар учун ўқув программасини тузиш ва тасдиқлашда умумий фанлардан ташқари ўтиладиган махсус ўқув дарсларини мамлакатимиз миқёсида бир хил қилиб қўймаслик лозим. Масалан, оила тўғрисида алоҳида фан жорий қилиниб, боғчадан, қуйи синфлардан бошлаб кўпроқ тарбияга эътибор қилинса. Салом-аликни ҳам эринмай ўргатиш керак, шахсий гигиенани ҳам. Чунки тарбиясиз билимдондан, тарбияли инсон жамият учун зарурроқдир! Болаларимиз мактабдан мустақил ҳаётга тайёр бўлиб чиқиши учун ҳеч бўлмаса ҳуқуқнинг умумий қонун-қоидаларини ўргатишимиз, қонуний масъулият ҳиссини тарбиялашимиз керак.

osmirda_nima_ayb_7Илгари тўйдан олдин қизга турмушга чиққан дугонаси ёки янгаси куёв йигитга эса уйланган ўртоғи маслаҳат берарди. Ҳозирги ёшлар ҳамма балони билади, деб бу одатга ҳеч ким эътибор қилмай қўйди. Нима қилиш керак?!
Турмуш қуришга ариза беришганидан кейин ЗАГС бюроларида, қишлоқ Советида ёки бирор мутасадди ташкилот ихтиёрида ёш йигит ва қизлар учун алоҳида курс ташкил этилса. Унда оилавий ҳаётнинг ҳамма қирралари ўқитилсин, ўргатилсин.

Бунга турли соҳа мутахассислари — социологлар, психологлар, юристлар, медиклар, шу билан бирга кўп болали ота-оналар жалб қилинсин! Қайнона-қайнота, эр-хотин, бола психологияси чуқурроқ ўргатилса, сексуал ҳаётнинг сеҳри, пинҳоний томонлари, интим туйғу, унинг вақти-соати, шарт-шароити, баъзида ёшлар иродасидан устун келадиган бу туйғунинг бевақт хуружини жиловлаш, ундан қутилиш йўл-йўриғини тушунтирилса, биринчи кечада кучли нерв қўзғалишидан, ҳаяжондан, қўрқувдан, уятдан қиз бокира бўлса ҳам “ўша нарсанинг” келмай қолиши мумкинлигини, ёш куёвнинг бу хил таъсирлар ўтгунича, ўз вазифасини ўтай олмаслигини маълум қилиб, тўғри йўл-йўриғини сездирса бўлади-ку!

Тегишли курсни битирганлигини аниқлаш мақсадида қиз ва йигит алоҳида-алоҳида суҳбатдан ўтказилганидан кейингина улар ЗАГСдан рўйхатдан ўтказилса. Бу усул нафақат ўзбек миллати фарзандларига, балки Совет мамлакатига мансуб ҳамма миллат ёшларига зарур деб ўйлайман. Қўйди-чиқди кўпайган бир пайтда бу давр тақозосидир! Чунки кўпгина жанжаллар нафақат оиладаги йўқчиликдан ёки тўқчиликдан, балки интим муомалани билмаслик, ахлоқсиз хатти-ҳаракатлардан келиб чиқади.

1434749565_photo_2015-06-20_02-30-13
Фото манбаси: popcorn.uz

Баъзи ёзувчиларимиз интим яқинликни илоҳий лаззат сифатида таърифлаб қаҳрамонларининг сокин гўшаларда қандай дон олишганларини ёзиш билан ўқувчилар эътиборини қозонмоқчи бўлишяпти. Бу хилдаги яқинлик ҳайвонга хослигини, инсон учун бу маънавий доғ эканини, оқибати — майибликка, фарзандсизликка олиб келишини, таносил касалликларига сабаб эканини, бундай енгилтакликдан кейин фоҳишаларча ҳаётга мункиб кетишини, улар нега ёритишмайди? Нега ўзбек қизининг бокира қиз бўлиб, оқ фотиҳа билан чимилдиққа киришини тарғиб қилмайдилар? Ёки бу ҳам хурофотми?! Йўқ, ўртоқлар, бу адабиётимиздаги хурофотдир!!!

Йигитлар мард бўлса, севганининг иффатини дуч келган жойда булғамасин! Қизда ор-номус, ғурур бўлса, ҳар қандай ҳийла-найрангга ҳам бўйин бермасин, тўйини кутсин! Оқ либосу оқ фотиҳада чимилдиққа кирганга не етсин! Фақат тўй кечаси ўзини ёрига бахш этсин! Ўшандагина у бу тунни, бу лаҳзани интиқлик билан кутган бесабр севгилиси — умр йўлдоши олдидаям, унга бахт тилаган тўй иштирокчилари, дўст-танишлари, келин бўлиб тушган хонадон, маҳалла олдида ҳам юзи ёруғ, қалби пок, мусаффо бўлади. Энди Вафодорликни, кутиб яшашни ўрганишади. Бундай турмуш ҳар қандай қийинчиликларга дош беради. Ҳар хил гап-сўзлар, совуқчилик тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Энди улар фарзандларига ҳам шундай ҳаёт ваъда қилиб яшашади.

yoshlik

Шу ерда модалар ҳақида икки оғиз гапириб ўтмоқчиман. Модадан мақсад инсонни ҳар хил рангларга бўялган латта-путталарга ўраш эмас, унинг бўйи-басти, ранги-рўйи, гавда тузилишига қараб кундузу кеч, ёзу қиш, баҳору кузда шу инсон гавдасига мос тушадиган, уни очадиган, қадамларини, ҳаракатини янада гўзаллаштирадиган кийим бўлиши керак. Модалар намойиш этиладиган жойга борсанг ёки журнални варақласанг айниқса аёлларимизга тақдим этилаётган нарсаларнинг кўпчилиги одамнинг кулгисини қистатади.

Ўзингиз тасаввур қилинг: ҳаво 25—35 даражада иссиқ. Автобус тиқилинч. Кўпи ёшлар. Унга аёл киши чиқади. У ўрта ёшда, сипо кийинган, лекин қадам босганида липпаси ёриқ модадаги кофтасидан, ҳаммом эшиги тирқишидан бехосдан кўзга ташланиб қолгандек аёл болдирига кўзингиз тушади! Аёлнинг эса парвойигаям келмайди.

Қўзғайдиган ҳам ўзимиз, радио-телевизорда эшиттириб, кўрсатаётган ҳам ўзимиз, китобларга ёзиб пинҳона йўл-йўриқлар бераётган ҳам ўзимиз! Тағин “бузилиб кетган, бузилиб кетишяпти”, деб ўсмирларни ёмонлаймиз! Чуқурроқ ўйлаб кўрсак бўларди! Болаларга танбеҳ беришдан аввал ўзимизни тарбиялаб олайлик!

maysaraning_ishi
“Майсаранинг иши” фильмидан лавҳа

Бир кенгаш олдидан театрда артистлар “Майсаранинг иши”дан парча кўрсатишди. Майсара ролида ўйнаган ёш ижрочи аёл саҳнада шундай очилиб кетган эдики, атрофимда ўтирганлар ўзларича таҳсинлар айта бошлашди. Ҳаял ўтмай шу аёл чиқиб бир жуфт қўшиқ айтди. Одамларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Бири: “Думи юлуқ товуққа ўхшаркан”, деб қўйди. Чунки роль ўйнаганида аёл маҳси-калиш, кўйлаги устидан узун беқасам камзул кийиб олганди. Ўзига ярашган дурраси пешонасига танғилганди. Сочлари йўғон-йўғон иккита эди. Қўшиқ айтганида эса сочлари йўқ, боши думалоқ, эгнида ёқасиз атлас кўйлак ва туфлида эди.

rus_kelin
«Супер келинчак» фильмидан лавҳа

…Амаким ҳарбий хизматдан ўрис қизига уйланиб келди. 60-йиллар эди, қишлоқда жуда катта шов-шув бўлди. Ҳаял ўтмай ҳар хил гап-сўзлар қилиб юрган маҳалладагилар ҳам рус аёлини яхши кўриб қолишди. Чунки у ўзбекчани қунт билан ўрганиб, чучук тил билан гапирадиган бўлиб қолган, кийинишида ўзбек хотин-қизларидан фарқ йўқ эди. Азага маҳси-калишда, камзул кийиб, белини боғлаб боради. Ўзбек аёллари садрга тушса, садрга тушади. Айтувчилик қилишса, ширин тил билан айтувчилик қилади:

—Энди қандай қиламиз Хамеджан! Безларде кемга ташлаб кет-де-ен у-ка-жан!!..

Маҳси-калишда, пешопасига танғиб боғланган рўмолда, ўрисойим ва умуман барча аёллар менга ажиб бир сеҳрли бўлиб кўринишар, улар олдида шўхлигимдан асар ҳам қолмас, мўмин-қобил бўлиб қолардим. Ҳозир ҳам шундай кийинган аёлни кўрсам унинг ёшидан қатъи назар ҳурматим ошиб кетади. Қалбимда миннатдорчилик ҳисси жўш уради! Ҳақиқий ўзбек аёли! Модалар кетидан қувмаган, ҳаёга ўралган ЎЗБЕК АЁЛИ! Фақат ёрига ёр, кичикка она — ўзбек аёли! Фақат сени шундай тасаввур қила оламан, холос! Дунёнинг қайси бурчагига борма ТУРКМАН АЁЛИдек кўзга ташланиб тур! Сени кўрганида қайси миллат бўлмасин ҳеч иккиланмасдан, адашмасдан айта олсин:

—      Ана, ана ЎЗБЕК АЁЛИ! — дея олсин.

ILkF46_47CA woman clothes527369 icon150

Ўйланиб қоламан, моделёрлар ичида ўзбек аёллари йўқми?! Бўлмаса нега модаларимиздан нуқул Оврўпанинг иси келади!

Ҳурматли раққосамиз Мукаррама Турғунбоеванинг пардоз-андозсиз қоматлари кўз олдимда муҳрланиб қолган. Шу шамойилдаги аёлларни водийга борганимда кўп кўрдим. Ҳурматим ошди. Сочлари кўкка бўялган, кўз-юзлари ҳар хил ранглар билан чапланган, олабайроқ кийимли аёл — “клоун”га кўзим тушса, ўшаларни эслайман. Уларга мингдан-минг раҳматлар айтаман!

Баъзи шоир, ёзувчиларимиз ревматизмга учраган беморларга ўхшайдилар! Ҳавонинг ўзгаришини олдиндан сезадилар. Унинг жамият учун фойдаси ҳам, зарари ҳам уларга барибир! Маълум вақт кузатиб, пойлаб турадилар ва шамолнинг эсган томонига қараб илҳом байтларини шундай савалашадики, жазавага тушиб ундан ҳам олдинга ўтиб кетишади!

Порахўрлар, лаганбардорлар, сотқинлар, хавфли рецидвистлар, товламачиларга тупириб, ўзларининг хатти-ҳаракатларини “халқимнинг виждониман”, деган ибора билан пардалаб, тирсиллоқ қоринлари, юмшоқ креслолари, “порлоқ келажаклари” учун ҳар қачон кураш формасини топа билган, машъум мақсадлари учун ўз халқини зинапоя қилаётган бундай “Хамелеонларга” офаринлар айтаман. Булар ўзларини ҳаммадан ақлли санайдилар. Ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан оддий халққа кулгу бўлаётганларини сезиб сезмасликка оладилар! Бундайлар миллий турмуш тарзимизга ёт ишлар қилаётган фоҳишадан ҳам хавфлидирлар! Чунки фоҳиша бирни, кўпга борса ўнни бузади. Шоир ёки ёзувчининг “фоҳишаси” эса мингларни, миллионларни бузади, тўғри ҳаётдан чалғитади, адаштиради! Фоҳиша саноқли одамларни касаллантирса шоир ёки ёзувчининг “фоҳишаси” жамиятни касаллантиради, келажакни касаллантиради! Фоҳиша тарқатган касалликни даволашга маълум вақт керак бўлса, шоир ёки ёзувчининг “фоҳишаси” тарқатган касалликни даволашга ўн йиллар, юз йиллар, ҳаттоки минг йиллар керак бўлади!

Ёзувчи халқининг виждони, унинг қалби экан, у китобининг тез сотилишини ўйламасдан, китоб ўқилганидан кейинги таъсир, у келтириб чиқарадиган оқибатни, жамиятга нима беришини ўйлаши керак! Мен ишонаманки, совет ёзувчилари баъзи чет эл ёзувчиларига ўхшаб китоб қанча тез кетса, ундан шунча тез келадиган шахсий даромадни ўйлаб ёзишмайди. Ҳурматли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор изидан бориб баъзи ёзувчиларимиз меҳнаткашларнинг дардини ўз бошимдан ўтказай, деб вақтинча бўлса ҳам соя-салқин ижод боғларини тарк этиб, бири трактор штурвалини тутган, бирининг елкасида кетмон — сув таратган, бирининг устида қизил форма қидирув группаси билан жиноятчиларни қувиб юрибди. Яна бирининг қулоғи динг, чойхонада чой ичган киши бўлиб одамларнинг дардини тинглаб ўтирибди.

Бу менинг тасаввуримда… Ҳаётда-чи?! Афсус, афсус…

Машҳур бўлиб олганингдан кейин курсинг баланд, тушиш қийин! Сенинг сўзинг — сўз! Атрофингда тик гапирадиган кимса топилмайди. Битта-яримта ботирроқлари ҳам уйидан жуда шитоб билан чиққани билан йўлда анча совийди. Ҳашаматли бино олдига келгач, бир қалқиб тушади. Зиналардан чиққунича бўшаган пуфакдек бўлиб қолади. Энди уни шашти пасайган, дерматинли эшик унга андиша бўлиб кўринади. Ичкарига кирмайди. Кирса ҳам ҳол-аҳвол сўрашиб, қўли кўксида, калла бир томонга қийшайган, маъқул-маъқул билан чиқиб кетади. Ҳамма бало шунинг касофатидан бўлмоқда!

—      Ёшлигимизда,— деб ҳикоя қилади колхозчи Асқар ака,— шийпонда, бир хонада, қизлар қўрқмасин деб бир ўғил билан бир қизни ёнма-ён ётқизиб қўйишарди. Калламизга бир ёмон фикр келмабди ўшанда. Ишлаб чарчамасдик. Ой ёруғида яшинмачоқми, оқ теракми-кўк терак ўйнардик. Бирорта қиз ёки ўғил хомуш кўринса ўшанинг устида ҳаммамиз ўлиб қолардик! Телевизор йўқ эди. Лекин ёшлар ўртасида меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, ҳозиргиларга нисбатан кўпроқ эди. Ҳозирги ёшлар шум бўлиб кетишган! Телевизор билан сенинг ўша китобларинг буларни бузяпти!

Ҳаёт муаммоларини тўғри таҳлил қилиш учун психологлар, социологлар нондек зарур бўлиб қолди! Метеорологлар ҳаво авзойини олдиндан айтиб анчагина кўнгилсизликларнинг олди олинади. Бизда психологлар жуда кам ёки улар ёмон ишлашяпти, ишларига эътибор йўқ! Ҳаёт муаммоларга тўла экан психологларга, социологларга эътиборни кучайтирмоғимиз зарур! Бу биометеорологлар жамиятдаги ҳар хил хуружларни касалликларни олдиндан сезиб, айтиб берадилар. Қонун чиқариш ишларида қатнашадилар. Ҳаёт тўлқинларини, селларини маълум бир оқимга соладилар.

Ўз замонаси, жамияти тақдирини ўйламаган инсон нафақат кийим кийгазилган қуруқ гавда, балки жамиятнинг, келажакнинг ўғриси ҳамдир. Ҳозирги ошкоралик даврида активлик ҳар бир инсондан. Ҳеч кимнинг кузатувчи бўлиб қолишга ҳаққи йўқ деб ўйлайман!

Умарқул Эгамов

______________________

“Ёшлик” журнали, 12 (84)-сон

1988 йил, декабрь

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>