• Бугунги сана: Juma, Dekabr 15, 2017

Ўсмирда нима айб? 1-қисм

Бир пайтлар (“Козера”ми, “Козара”ми аниқ эсимда йўқ) бир фильм бўларди. Ёшлар гоҳ даладан, гоҳ мактабдан қочиб, катталардан яширин ҳолда шу фильмни кўриб келишар, кейин бурчак-бурчакларда, ҳингир-ҳингирлар бошланарди. Болалар фашист солдатининг қилган ишидан нафратланиш ўрнига унинг буғдойзорда ёш рус қизини қандай зўрлаганини айтиб завқланишарди. Илгари ўзидан кичик қизга сингилдай ёки ўзидан катта қизга опадай қарайдиган бола энди уларга ёниб қарайдиган бўлганди!

Kozara_filmКитоб ёзишдан асосий мақсад — кишиларни тарбиялаш бўлиши керак. Баъзи китобларнинг тез сотилишига сабаб уларда ёшларни жунбушга келтирадиган ишқий саргузаштларнинг завқ билан тасвирланишидир. Лекин бу хил китоблар уларга қандай таъсир қиляпти? Бу масала бизларни қизиқтирмаяпти. Шунинг учун 14 ва 20 ёшлилар орасида бўйида бўлиб қолишлар кўпаймоқда! Ҳар жой, ҳар жойларга ташлаб кетилаётган чақалоқлар ҳақида эшитиб турибмиз.

Бизнинг диёримизда нафақат ишқий фильмлар, балки сал енгил сўз ҳам иссиқ қонли ўсмир кўнглини бузади. Кўнгли бузилган ўсмир эса ҳавасини жиловлай олмайди.

Боладан нимани яширсанг у ўша нарсага кўпроқ қизиқади. Сигарета чекма десанг — чекади. Тескарисини қилиб, чекишнинг ёмон томонларини, оқибатини тушунтириб, “ма, чек”, десанг у чўчийди. Чекмайди. Чойнакнинг қўлни куйдиришини тушунтириб, бармоғини теккизсанг иккинчи у чойнак олдига яқинлашмайди. Биз хоҳласак-хоҳламасак китоблар ёзилаверади, фильмлар қўйилаверади. Ўзимизникини тақиқласак, чет элдан кириб келади. Тўғрисини айтганда, дунё миқёсидаги савиямизниям ўйлашимиз керак! Чет эллар кўп соҳада биздан ўзиб кетган, деб, уларни ўзимиздан юқорироқ қўямиз. Уларнинг кўп нарсалари — станоклари, электрон аппаратлари, машина-механизмлари билан ички ҳаётимизга кириб келишига кенг йўл очиб бермоқдамиз. Тўғри, бу жамиятнинг моддий-техника базасини яратишда, оқсаган экosmirda_nima_ayb_10ономикани йўлга солишда катта аҳамиятга эга. Аммо чет элдан очиқ ва яширин тарзда кириб келаётган “маданият” ҳаётимизни бузмоқда, бемаъниликлар билан тўлдирмоқда. “Эркин дунё” заҳарлари таъсирига тушуниб-тушунмай берилаётган ёшларимиз, енгилтак катталаримиз ахлоқан бузилмоқда. Чет эл музикасига жазавага тушиб ўйнаймиз, чет эл адибларининг китобларини мақтаб ўқиймиз, чет эл фильмларининг шайдосимиз, эркин дунё лаззатларининг ишқибозимиз. Бунинг таъсирига нафақат ҳали кўзи очилмаган ғўр ёшларимиз берилмоқда, балки катта-катта ишларда ишлайдиган амалдор акаларимиз, амалдор опаларимиз ҳам берилиб кетишмоқда. Баъзи пулдор бойваччалар эса каратэ, одамхўрлик, муштлашиш, сексни тарғиб қилувчи видеокассеталари билан фахрланишади. Уларни қадрдон, ҳурматли меҳмонларига қўйиб беришади. Тамаддидан кейин оила аъзолари билан маза қилиб кўришади, маданий ҳордиқ чиқаришади.

osmirda_nima_ayb_19Видеобарларда тушлик пайтларида, иш вақти тугаганидан кейин бундай кўрсатув ишқибозлари эшикни ичидан қулфлаб, томоша кўрадилар. Саёқ видеокиночилар пана-панадаги уйларда, ҳатто жиҳозланган машиналарда эркин ҳаракат қилмоқдалар. Ҳаром ишларни тарғиб қилиб ҳаром пул тўпламоқдалар, бойимоқдалар! Хўш, булар қандай инсонлар?! Менимча, булар маданий савияси паст, ахлоқан бузуқ, ўз халқининг энг яхши урф-одатларини топтаётган маънан тубан одамлардир! Наҳот биз шунчалик қолоқлашиб кетган бўлсак? Бугунги кунга келиб чет эл маданиятига муҳтож бўлиб қолдикми?! Йўқ! Бир-иккита сохта шуҳрат орттириш илинжида бўлган акаларимизгина бошқа дарахтга қўниб сайрашмоқда! У дарахт мевасининг аччиқ-заҳар эканлигини вақт кўрсатади. Лекин у пайт кеч бўлади! Бунақа енгил-елпи маданиятни импорт қилишни тўхтатиш керак!

Бундан ўн йил, йигирма йил олдинги ўзбек қизи, ўзбек йигити билан ҳозиргилар ўртасидаги фарқни солиштираман. У даврдаги ахлоқ-одоб, маданият, ғурур, ор-номус, оқибату ҳурмат билан ҳозиргилари ўртасида фарқ катта. Яхши томонгами? Йўқ, албатта, ёмон томонга! Нега шундай?! Бунга ўзларини одамлардан ақллироқ ҳисоблаётган, мен коммунистман, деб кўкракларига ураётган, “эътиқод”ларини исботлаш учун бефаросатларча ҳаракатлар қилаётган баъзи опаларимиз, баъзи акаларимиз сабаб бўлмоқдалар! Бефаросатларча йўрғалаётган маъмуриятчилик механизми ҳукмида халқимизнинг яхши урф-одатлари, маданиятига ўтмишнинг ёмон қолдиғи сифати берилиб хурофот паранжисига ўралмоқда!

history_003Жиззахдаги катта бир фабрикага юқоридаги улуғлардан бирининг келаётганлигини эшитиб, корхона раҳбари буюради: “Фабрикадаги хотин-қизларнинг лозимлари ечилиб, оқ халат ва турси кийдирилсин!” Буйруқ сўзсиз бажарилади. Бажармаганлар ишдан бўшатилади. Чунки “катта”га фабрикадаги “илғор маданият” кўз-кўз қилиниши керак эди-да! Ёки “формангизни” алмаштириб келинг, бу ер сизга чимилдиқ эмас, деб Оврўпа маданиятига сиғинадиган ўқитувчи томонидан аудиториядан чиқариб юборилган келинчак-талаба аҳволига нима дейсиз? Ёки баъзи сохта коммунистларнинг ўлик кўмиш маросимларидан оёқ тортаётганликларини нима билан изоҳлаш мумкин?

Баъзи жойларда мачитларга бульдозерлар солиш, муллаларни қувғин қилиш, уларнинг “тавбасини” матбуотда, радиода беришимиз ишимизни қуруқ кўз-кўзлаш учунгина бўлиб қолмаяптими? Дин баъзи чаламуллалар томонидан қовоқ аридек ғўнғиллаб ўқиладиган суралардангина иборат эмас-ку! Аввало унинг нима эканлигини билмоқ керак. Билмаган нарсани рад этиш кулгили-ку! Ўрганишимиз, ўрганишимиз ва тўғри таҳлил қила билишимиз керак.

osmir

Баъзи ёш оилаларнинг бозор қила билмаслиги, ҳатто оиласи учун магазинга бориб харид қилишга уялиши, мактаб болаларини бозорлардан, савдодан қувғин қилаётганимиз сабабли эмасмикин?! Ўзимизнинг тарбияда нўноқлигимиз, ҳар нарсани одил тушунтириб болаларни тўғри йўлга бошқара олмаётганимиз туфайли ҳар хил кераксиз чегаралашларга дуч келяпмиз. Баъзи оилалардаги жанжалларнинг сабаби ҳам шу. Илгари бозорлар нафақат катталарни, болаларни ҳам тарбиялаган, муомалага ўргатган! Меҳнатни тақиқлаймиз, бозорларга киритмаймиз, болаларимизни ким қилиб ўстирмоқчимиз ўзи?! Эртага тағин уларни нўноқликда, муомалани билмасликда айблаймиз! Турли хил барлар ташкил қилиб ёшларга шароит яратиб беряпмиз. Лекин бу “шароит” нимага хизмат қиляпти? Музикалар шовқинидан зириллаётган хоналарга бош суқиб, кашандаларча чекилаётган гиёҳлар тутунидан ўтирганларнинг қайсиси эркак, қайсиси аёл эканлигининг фарқигаям бориб бўлмаяпти. Улар ўртасидаги номаъқулчиликлар, жиноятлар, қонунбузарликларни-ку, қўяверасиз! Бир вақт келиб ҳозир ишлаб чиқариш бўйича чет эллардан шунча орқада қолиб кетдик деб аюҳаннос солаётганимиздек, маънавий қашшоқликда ҳам илгарилаб кетибмиз деб сочимизни юлмасмикинмиз?!

(Давоми мана бу ерда)

Умарқул Эгамов

______________________

“Ёшлик” журнали, 12 (84)-сон

1988 йил, декабрь

Дўстларингиз билан улашинг:


  • ойбек Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Жиззахдаги катта бир фабрикага юқоридаги улуғлардан бирининг келаётганлигини эшитиб
    **********************
    Мақолада шунақа номсиз ташкилот ё корхона, исм фамилиясиз «улуғлар» бўлмасада

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>