• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 24, 2017

Ош тугади

Бугун дам олиш куни.

Эргашали дам олиш кунлари паловхонтўрани дамлаб, аччиқ кўкчой ичиб телевизор кўришни хуш кўради. Хотини Аломатхон эса эрининг тамоман акси. Ҳафтанинг берган куни кўчада-ю, яна якшанбага асдойдил тайёргарлик кўради. Душанбадан бошлаб шанбагача беш кун бозорга ҳозирлик! Якшанба куни тонгда эса бозорга йўрғалайдилар.

Эргашали уйғонганда хотини аллақачон бозорга кетган эди.

У нари-бери чой ичган бўлди-ю, ҳаракатга тушиб қолди. Ошни айни тушликка тайёрламоқчи бўлди…

Қозоннинг устига дам товоқни ёпиб хона ичига кирди. Телевизор қаршисидаги оромкурсига чўкиб пиёлага ҳозир ўзи ҳафсала билан дамлаган чойдан қўйди:

— Оҳ-оҳ-оҳ, қўлим дард кўрмасин-а! — деди у чойдан ҳўплаб.

Эргашали ҳайрон бўлиб ортига ўгирилди. Эшик тагида тиржайиб қўшниси Ғилмиддин турар эди.

— Ие, қўшни…

Эргашалининг тепа сочи тикка бўлди. Ғилмиддин таклифни ҳам кутмай ичкарига кирди-да, диванга ўтириб пиёлага чой қўйди.

Қани, қўшни, бир ичайлик бу дард кўрмагур қўллари билан дамлаган чойларидан!

Ғилмиддин бостириб-бостириб тўрт пиёла чой ичди. Сўнг нафси ором топди шекилли лаб-лунжини кафтининг орқаси билан артиб гапга тушди:

— Шу десангиз, дам олиш куни, бир отамлашармиз деб чиқавердим, чақирмасангиз ҳам!

— Чатоқ қипсиз…

Ғилмиддин кулди.

— Аскияниям оласиз-да, қўшни, қани бешни ташланг! — У пиёлага яна чой қуйди. — Чойдан ичинг, қўшни!

— Раҳмат, бемалол, мен чиқиб ошга қарай!.. — мезбон ўрнидан қўзғолди.

Ошни эшитиб Ғилмиддин қалқиб кетди. Йўтала-йўтала қичқирди:

— Ие, ош бўлаяптими? Қаранг, ўзи қайнонадан ёлчимаган бандаману, лекин доим ошнинг устидан чиқиб юраман!

— Қаранг-а…

— Нега шунақа экан-а, Эргашали?

— Худо ургани учундир…

Ғилмиддин яна кулди.

Эргашали бу суллоҳни ҳайдаб ҳам чиқара олмаслигини сезиб индамай ташқарига чиқиб кетди. “Еса, бир коса ошимни ер, яхши муомала қила турай, инсофдан эмас, буям одам!..” дея ўйлади.

Ош сузиб келтирилди.

— Қани, қўшни, ошга қаранг!

Оҳ-воҳ билан ошга ҳужум бошланди.

Ғилмиддин ҳузур билан кўзларини сузиб олган. Қўли ошнинг тепа қисмидаги гўштга тез-тез югургилаб турибди. Бир пайт:

— Дада, ҳо дада, дада-а!… — деган овоз эшитилди.

Эргашалининг луқмасидан тош чиққандай афти буришиб кетди:

— Ким бўлди экан? Иштаҳанинг белига тепди-ку!..

У қўлини артиб ўрнидан тургунча чақирган одам кириб келди. Бу Ғилмиддиннинг кичик ўғли Эшим эди.

— Дада, тезда чиқаркансиз, ойим чақираяпти, — деди у ошдан кўзини узмай, — зарур гапи бор экан!..

— Э-э, бор, дадам йўқ экан деб айт!.. — ғўлдиради оғзи тўла ош билан отаси.

Эшим индамай тураверди. Эргашали чидамай уни ошга таклиф қилди:

— Полвон, келинг, сизам ош енг!

— Йў-ў…

Ғилмиддин оғзидагини бир амаллаб томоғидан ўтказиб олиб чой ҳўрлаб ўғлини жеркиган бўлди:

— Ке, катта одам бир нарса деганда хўп дейиш керак, сен Эргашали тоғангни ошини емагансан, бир-икки ошам ол, зора сенам шу тоғангдай бўлиб юрсанг!..

Эшим ҳам дадасининг таклифини кутиб тургандай дарров келиб ўтира қолди…

Ош яримлади. Ўртада узилиш бўлса, одамнинг иштаҳаси буғилади. Эргашали номигагина чўқилаб ўтирди. Қорни оч, лекин егиси келмай қолди…

— Дада, дада, шу ердамисиз, дада?.. — Остонада Ғилмиддиннинг катта ўғли Қитмирали пайдо бўлди. — Ассалому алайкум!..

— Сениям онанг чиқардими? — кўзларининг пахтаси чиқди Ғилмиддиннинг.

— Ҳа, Эшим йўғ бўлиб кетгандан кейин мени юборди… юрармишсиз…

— Ҳе ўша…

Ғилмиддиннинг бўйига етиб қолган болага ғазаб қилаётгани Эргашалига эриш туюлди:

— Ҳай, қўйинг қўшни…

— Кўрмайсизми, бу хотин зотининг турган-битгани ташвиш-а.

Эргашали Қитмиралини ҳам ошга таклиф қилди:

— Келинг, Қитмирали, ошга қаранг, чиқарсизлар…

— Ойим кутаяптилар-да.

— Ўтир мундай, гапираверма онангни!

Давра яна бир кишига “бойиди”…

Ош тугади. Қўл артилаётган пайтда эшикда Ғилмиддиннинг хотини кўринди.

— Фойдаси йўқ, — деди Ғилмиддин афсусланиб, — ош тугади. Ҳе, лаллаймай қол.

Эргашали “иҳ” деб юборди.

Абдулазиз Ориф

Калит сўзлар: ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>