• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

«Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй»

Ҳаммани тўйларга етказсин… – бу катта давраларда бот-бот айтиладиган дуо. Тўй ҳамма миллат ва элатларда мавжуд бўлиб, халқ маънавиятини у ёки бу даражада ўзида акс эттиради. Бир қарашда тўйлар хурсандчилик, дийдор, орзулар рўёбига ўхшаб кўринади. Яна бир қарасанг тўқликка шўхликдай, исрофгарчилик, турли эътиқодларнинг ёпишмаган намойишига, сендан мен камми қабилида иш тутишга ҳам ўхшайди. Йиллар давомида мисқоллаб йиғиб, ботмонлаб сочиш…ми?!

Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев бир суҳбатида юрт ва шахс тараққийсига тўсиқ бўлаётган, ҳаётимизга сингиб кетган урф-одат ва тутумлар ҳақида шундай мулоҳазаларни баён этган эди: «…Яқинда бир воқеани эшитдим. Вилоятда ишлаётган хорижликларни меҳмондўст ўзбеклар бир неча бор тўйга чақиради. Улар бир келади, икки… Сўнг қатъий тарзда «Йўқ» деб туриб олишади. Табиийки, тўй эгалари хафа бўлади. Шунда меҳмонлардан ёши улуғроғи гапнинг дангалини айтади-қўяди: «Шунча харажат… ортиқча чиқим… Пулни ҳавога сочиш билан баробар-ку бу. Сизларга раҳмимиз келганидан, ачинганимиздан тўйларингизга бормасликка қарор қилдик, оғалар…» Демак, биз раҳм-шафқат, ачинишга лойиқ эканмиз-да? Ҳолбуки ғалвани ўзимиз, ўз пулимизга сотиб оляпмиз. Агар жуда ошиб-тошиб кетган бўлса, ота-оналар ёш келин-куёвни саёҳатга жўнатсин, ўқитсин, уларга уй олиб берсин, тадбиркорлик қилишига шароит яратиб берсин… Шу юртда яшаб, чет эл у ёқда турсин, Бухоро ёки Хивани ҳам кўрмаган йигит-қизларимиз қанча! Балоғат ёшига етса-да, иш йўқлигини баҳона қилиб ота-онаси топган пулга шерик бўлишдан бошқасига ярамаётган келин-куёвлар қанча! Дунё кўрсин, ёшларимиз! Ишлаб пул топсин ёшларимиз! Ўқисин ёшларимиз!»

Ҳа, бу гаплар қанчалик аччиқ бўлмасин ҳақлигини тан олмай иложимиз йўқ. Элда тўйлар кўп. Унинг ортида киши билмас заҳматлар ҳам бисёр-да.

…Консерваторияда талабаларга дадиллик билан сабоқ бера бошлаган ёш муаллима тўйи бўлиши олдидан ҳайрон бўлганича шундай дейди: «Жинни бўлиб қолиш ҳеч гап эмас…» Онаси эса: «Кераксиз нарсалар шу қадар кўпки… энг ёмони шуларнинг ҳаммасини қилишинг керак…» дейди ўйга ботиб. Таниш ҳолат. Шундай эмасми?

Биргина никоҳ тўйи баҳонасида бошланади: худойи, никоҳ оши, куёв навкар кутиш, қиз базми, келин салом, чаллар, келин ҳайит… эҳ-ҳе… Яна чақалоқнинг дунёга келиши – ақиқа маросими, бешик тўй, суннат тўй, мучал тўйи. Буларга пайғамбар ёшига етиш муносабати билан ўтказиладиган тўйни ҳам қўшсак ҳаётимиз фақат тўю тантаналардан иборат эканлиги англашилади. Унутай дебман: неча маротаба танқид қилинишига қарамасдан ўтганларни хотирлаш учун ҳайит дастурхони ҳамон ёзилмоқда.

Бундан 100 йил муқаддам севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий тўй ҳақида шундай сатрларни битган эканлар:

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,

Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.

Бир-биридин ошурдилар тўйни,

Топди равнақ, ғайрат ила боён тўй.

Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин

Кетибон мулклар боис фиғон тўй.

Боён тўйиға ерлилар қараб

Этди сарф токи тандаги жон тўй.

Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,

Амр этибдурму бизға Қуръон тўй.

Мундайин ишлар шаръимизда йўқ

Кори маъжус, кори шайтон тўй.

Ишламас шундай ақллик киши,

Йўламас асло аҳли виждон тўй.

Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,

Айлагай бизни ерға яксон тўй.

Келингиз дўстлар, дин қариндошлар,

Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.

1998 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва хотира маросимларини тартибга солиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинган эди. Мазкур фармоннинг эълон қилиниши ўша йиллари авж олган тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг аҳволини инобатга олмаслик каби иллатларга яхшигина барҳам берди.

Фармоннинг иккинчи бандида шундай таъкидланади: «Оммавий ахборот воситалари мазкур фармонда кўтарилган масалаларнинг асл моҳиятини, намунавий анъаналарни кенг тарғиб қилсин, миллий қадриятларимизга зид, тараққиётимизга тўсқинлик қилаётган иллатларга қарши жамоатчилик фикрини шакллантиришга алоҳида эътибор берсин».

Ўзбекистон фуқароларининг маънавий-ахлоқий қадриятлари комплекс ижтимоий тадқиқотлар доирасида «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан жорий йил 30 июлдан 8 августгача оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида ўтказилган сўровнома ўзида ана шу муҳим вазифаларни акс эттириши билан қимматлидир. 2010–2015 йилларни ўз ичига олган сўровномада иштирок этган фуқароларнинг 50,7 фоизини шаҳар, 49,3 фоизини қишлоқ аҳолиси ташкил этди. Улардан 49,3 фоизи эркаклар бўлса, 50,7 фоизи аёллардир. Ёш категорияси бўйича 20 дан 29 ёшгача бўлганлар энг катта фоизни, яъни, 30,3 фоизни ташкил этади. Сўралганларнинг 1,5 фоизи ўзи ва оиласини аҳолининг бой қатламига қўшган. 89,0 фоизи эса ўрта, 7,3 фоизи ўртадан паст, 0,3 фоизи кам таъминланган оилалар сирасига қўшган.

Марказ томонидан олиб борилган тадқиқотлар жуда қизиқарли. Сўровнома натижаларига кўра тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўзбекистонликлар ҳаётининг ажралмас қисми саналади. Тўй-ҳашамлар, маърака-маросимларда миллий урф-одатлар, расм-русумлар билан бир қаторда замонавий анъаналар ҳам мавжуд.

Сўровномалардан маълум бўлишича фармон эълон қилингандан кейинги дастлабки йилларда тўй-ҳашамлар, маърака-маросимлар камтарона ўтказилган. Яқиндан бошлаб эса дабдабабозлик, кимўзарга носоғлом рақобат ҳам тез-тез кўзга ташланмоқда.

Тўйлар, маърака-маросимларда нечта одам иштирок этади? Тадқиқот натижаларига кўра сўровнома иштирокчиларининг 82,9 фоизи таклиф қилинувчилар сонини 200 дан 400 тагача бўлишини билдирганлар. Агар буни 2012 йил билан таққослаганда бу кўрсаткич 12,1 фоизга ўсган. Маҳаллаларда ўтадиган тўй, маърака-маросимлар 500 киши билан ўтказилиши керак деб ҳисоблайдиганлар сони ҳам икки баробарга ошган. Хулоса чиқариш сиздан, азиз ўқувчи.

Ўғил уйлантириш ва қиз чиқаришда қилинадиган харажатлар ҳар икки томон учун ҳам деярли бир хил экан. Сўралганларнинг каттагина қисми харажатларни 15 миллиондан 25 миллион сўмгача деб ҳисоблайди. Ҳар тўрт кишидан биттаси тўй учун 25 миллион сўм, ҳар беш кишидан биттаси 35 миллион сўмгача, ҳар ўн кишидан бири эса 55 млн. сўмгача харажат қилинишини айтган.

Қанча харажат қилиниши маълум экан, яна битта саволга жавоб топиш зарур бўлади. Хўш, бундай катта суммани қаердан оласиз?

Мамлакат фуқароларининг каттагина қисми бу масалани икки хил йўл билан ҳал қилар эканлар. Биз қариндош-уруғлари, дўст-у биродарлари кўп миллатмиз. Шундай экан, дастлабки ечим: ўзига тўқ қариндошлардан ёрдам сўралади. Иккинчиси эса йиллар давомида йиғиб борилади: деҳқончиликдан, тадбиркорликдан, мол боқиш ва ҳоказо йўллар билан.

Тадқиқот натижаларига кўра кейинги йилларда бу масалани банкдан кредит олиш йўли билан ҳал қилувчилар сони ошиб бормоқда. Агар бундай кишилар 2010 йилда 3,3 фоизни ташкил қилган бўлса, 2015 йилга келиб 11,1 фоизга ўсган. Агар буни қишлоқ ва шаҳар ўртасида таққослайдиган бўлсак, бу борада шаҳар анчагина олдинда эканини кўриш мумкин.

Сўралганларнинг ярми диний, маҳаллий урф-одат, расм-русмлар катта маблағ сарфланишига сабаб бўлаётганини билдирганлар. Яна бир сабаб сифатида оилалар ўзларини бошқалардан кам эмасликлари, ўзларининг моддий ва ижтимоий жиҳатдан устунликларини намо¬йиш қилишга уринишлари кўрсатилади. Шунингдек, ота-оналар болаларнинг ҳар бир истаги ва талабини бажаришга интилишлари ҳам катта харажатларга сабаб бўлаётгани айтилади.

Ҳа-а, харажатлар катта. Бу оила мустаҳкамлигини қай даражада таъминлайди? Умуман тўй олди, тўй, тўйдан кейинги тантана ва маросимларга сарфланган катта маблағ оилада бир-бирини тушуниш, ўзаро ҳурмат ва муҳаббатни, бахтни таъминлай оладими? Сўралганларнинг 73,9 фоизи сарфланган энг катта маблағ ҳам оила мустаҳкамлиги, бахти, ўзаро ишонч ва ҳурмат, муҳаббатни таъминлай олмаслигини билдирган. Қизиқ ҳолат: сўралганларнинг бир қисми сарф қилинган катта маблағ оила мустаҳкамлиги, ўзаро ҳурмат ва ишончни таъминлашга ҳисса қўшади деб жавоб берганлар. Қай тариқа ҳисса қўшишини эса айтиб бера олмаганлар.

Тадқиқот натижаларига кўра ўтказилиши мажбурий бўлган оилавий тадбирлар сифатида қуйидагилар кўрсатилган: ўғил уйлантириш, қиз узатиш, хатна тўй, худойи ва маҳаллага ош бериш.

Сўралганларнинг катта қисми ортиқча исрофгарчилик, ҳашамат ва дабдабанинг олдини олиш учун аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари ва қатъий назорат ўрнатилишини ёқлаганлар. Шунингдек, бу ишда энг аввало давлат хизматидаги раҳбарлар, бизнесмен ва тадбиркорлар шахсий намуна кўрсатишлари лозимлиги билдирилган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2012 йилда қатъий назорат ўрнатилишини талаб қилган фуқаролар 38.8 фоизни ташкил қилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2015 йилда 53,2 фоизга ошган.

Сўровнома натижаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фуқароларнинг каттагина қисми яқин келажакда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ортиқча ҳашамат ва дабдабадан холи, камтарона, қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ўзида акс эттирган янги анъаналар асосида ўтказилишига ишонадилар.

Инсон ҳамиша ўзидан яхши ном қолдиришга интилади. Халқимизда яхшидан боғ қолади, деган гап ҳам бор. Шу пайтга қадар дабдабали тўй ўтказгани учун обрўси ошиб кетган одамни кўрганмисиз?! Аммо бева-бечорадан ёрдамини аямаган, муҳтожга саховат кўрсатган, йўллар, кўприклар қурган ҳурматли инсонларни кўрганмиз. Улар ҳақида эшитганда ҳам кўнгил ёришади. Буни яхши ном деса бўлади, буни обрў деса бўлади.

Инобат Иброҳимова


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>