• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Оқ террор болалари

«Брюсселдаги террактлардан уч кун олдин, 19 март куни Франция президенти Франсуа Олланд Жазоир урушида қурбон бўлганлар монументи пойига гулдаста қўйган эди. 1962 йилнинг 19 мартида, деб ёзади Германиянинг «Tageszeitung» нашри, етти ярим йил давом этган, камида 400 минг инсонни ҳаётдан олиб кетган уруш «Эвиан сулҳи» билан ниҳосига етган эди. Кўп ўтмай Жазоир мустақилликка эришади. Жазоир уруши Франциянинг мустамлакачилик тарихидаги энг қонли ҳарбий кампания саналади ва унинг қурбонларини ёд этиш табиий ҳол», – дея мулоҳаза юритади мақола муаллифи Доминик Жонсон.

Аммо ушбу ёдгорлик 2002 йилда ўрнатилган, Хотира куни эса 2012 йилда жорий этилган. Франция президенти биринчи марта уни 2016 йилда зиёрат қилди. Олланддан олдинги президент Николя Саркози бундай саналар француз президентининг эътиборига арзимайди дея жавраган, гўёки бундай саналар Франция ўзининг тарихида ҳамиша ҳам «эзгулик тарафида» бўлмаганини эслатар эмиш.

Хўш, бунинг Брюсселга нима дахли бор? Ҳеч қанақа, шу билан бирга «бевосита» дахли бор, деб ёзади Жонсон.

Жазоирнинг Ваҳран (Оран)ида, марокашликлар оиласида туғилган парижлик террорчи Салоҳ Абдесламнинг Брюсселда қўлга олингани унинг шерикларини 22 март кунги терактларни амалга оширишга ундади. Жазоирдаги уруш вақтида унинг оиласи Марокашнинг Риф ўлкасига кўчиб кетади, у ердан Францияга ўтади. Унинг қўлга тушган ўғли ҳам Франция фуқароси саналади.

1920-йилларда мустақилликка интилган Риф француз-испан хуружи сабаб улкан маҳораба майдонига айланган, озодлик ҳаракати Жазоирдаги каби шафқатсизлик билан бостирилган эди. «Франция биринчи марта ўшанда тинч аҳолига нисбатан жанговор авиация ва кимёвий қуролларни қўллаган эди», – дейди публицист.

Франциянинг Жазоирдаги стратегияси оддий ва шафқатсиз бўлган: ошкора равишда мустамлакачиларни қўллаб-қувватлаганлардан ташқари барча аҳоли ҳарбий ҳаракатларда нишонга айланган.

«Ана шу «куйдирилган ер стратегияси»[1] (…) ҳарбий доктринага айланди ва дунёнинг жамики жирканч урушлари – Вьетнам, Марказий Америка, Ироқ… барчасининг ғоявий қуролига айланди. Сурияда бу стратегияни Асад армияси астойдил қўллашмоқда», – дейилади мақолада.

«Париж ва Брюссел террорчиларининг барчаси келиб чиқиши шимолий африкалик. Уларнинг оталари ва боболари ўша мустамлакачилик урушларида омон қолганлардир. Бугун кўпчилик Сурия ёшларининг радикаллашаётгани ҳақида гапирмоқда, лекин ҳамма ҳам бунинг оилаларга таъсирини ўйламаяпти, – дейди Жонсон. – Турган гапки, Франция ёхуд  Белгияда яшаётган биронта марокашлик ёки жазоирлик пенсионер бугунги мутаассиб террорчиларнинг бебошликларини маъқулламайди. Бироқ, террорлар қарши қаратилган бу давлатлар бир замонлар уларга душман бўлган».

Ўша урушлар даҳшатини ҳис қилган одамларнинг неваралари Европани ўз ватани сифатида ҳис қилмай қолишлари билан радикал таъсирларга берилувчан бўлиб қоладилар. «Бунинг сабаби собиқ мустамлака давлатлар ўзларининг жиноятларини тан олишни ва унинг қурбонларини хотирлашни истамасликларига бориб тақалади”, – деб ҳисоблайди муаллиф.

Доминик Жонсон

Манба: Tageszeitung

___________________________

Зоҳид тайёрлади

[1] Фойдаланишга яроқли ёки кейинчалик душманга асқотиши мумкин бўлган  ҳамма нарсанинг кулини кўкка совиришни англатувчи уруш ҳаракати. Бу тубан усул, одатда чекиниш пайтида (чекинаётган қўшин ўзидан фақатгина харобага айланган ҳудудни қолдиради) ёки партизанлар билан уруш олиб борилаётганда қўлланилади.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>