• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Онгимиз, қалбимизни эгаллашга уриниш

Мафкуравий таҳдидлар

Мафкуравий таҳдидлар хусусида кўп эшитгансиз. Келинг, мазкур мақолада бу муаммо борасида тўхталиб ўтайлик.

Аввало таъкидлаш жоизки, бундай тоифага кирувчи таҳдидлар кенг қамровлилиги ва узоқни кўзловчи хусусиятга эгалиги билан ажралиб туради. Мафкуравий таҳдидлар бугунги кунда қандай кўринишларда намоён бўлмоқда, деган ўринли савол туғилади. Таъкидлаш жоизки, бизнинг давримизда мафкуравий таҳдидлар қуйидаги кўринишларда кўзга ташланяпти: миллий қадриятларни камситиш, миллий ахлоқ қоидаларини инкор қилиш, мўътадил қарашларни назар-писанд қилмаслик ва буларнинг ўрнига муайян давлатлар иродасига итоат қилиш, ўзга жамиятлар манфаатларига мос дунёқарашни мутлақ ҳақиқат сифатида тарғиб қилиш. Хулоса аниқ: ижтимоий онгда нотўғри мақсад-муддаоларни, туйғуларни ва фикр-мулоҳазаларни ҳосил қилиш.

Президентимиз Ислом Каримов мафкуравий таҳдидлар хусусида тўхталар экан, уларнинг биз учун мутлақо бегона мафкура ва дунёқарашни аввало беғубор ёшларимизнинг қалби ва онгига сингдиришга қаратилгани билан айниқса хатарли эканлигига эътиборни қаратади. Мисол учун, ана шундай бегона мафкуралардан бири – ўз тараққиёт йўлига ишончсизлик билан қарашдир. Унга кўра, миллий тараққиёт моделига шубҳа билан қараш ҳосил қилинади.

Зеро, биз учун ёт бўлган мафкураларда Ғарб ҳаётини идеаллаштириш ва биз учун ёт бўлган дунёқарашларда Шарқ консерваторлигини тиқиштириш кўзга ташланади.

«Энг қадимги даврларда ҳали инсонлар яшайдиган ҳудудлар бир-биридан узоқда бўлиб, дунё халқлари бир-бири билан фаол алоқага киришмаган даврларда дунёнинг мафкуравий манзараси дискретик, бир-бирига боғланмаган, бир-биридан ажралган ҳолатда бўлган.

Бу Осиё ва Африка, Европа ва Америка, Австралия ва бошқа қитъа халқлари бир-бирларининг мавжудлигини билмаган ва шу сабабли улар орасида манфаат учун курашлар ҳам ҳали вужудга келмаган даврлар эди. Вақтлар ўтиши билан кучли давлатлар вужудга келиб, улар бутун дунёни ўзига қаратиш, қарам қилиш учун кураш олиб борган. Масалан, Европа ва Осиё қитъасининг кўп жойини эгаллаган туркий цивилизация ер юзининг кўпгина қисмини қамраб олиб, дунёда бир тилли, бир қутбли (монополяр) мафкуравий манзара ҳосил қилган», дейди фалсафа фанлари доктори Бахтиёр Тўраев.

Дарҳақиқат, тарихга назар ташлайдиган бўлсак, македониялик Александр Европа ва Осиё қитъаларини забт этиб, бу ҳудудда бир қутбли (монополяр) мафкуравий манзарани вужудга келтирганини кўрамиз.

VI-VII асрларга келиб ислом цивилизациясига асосланган халифалик Осиё, Африка ва Европанинг бир қисмини эгаллаб, дунёнинг қолган қисмини эгаллаган христиан цивилизацияси билан курашиб, дунёнинг икки қутбли (биполяр) мафкуравий манзарасини вужудга келтирди.

XII асрда Чингизхон саркардалигидаги мўғуллар империяси Хитойдан то Уралгача, шимолдан то Хуросонгача бўлган катта ҳудудни эгаллаб, ўзининг мўғул ясоқларига асосланган ягона мафкурасини бутун дунёга ёйишга интилади. XIII-XIV асрларда буюк темурийлар империяси яна дунёда ислом цивилизацияси тараққиётига асосланган «Куч – адолатдадир» деган тамойилга асосланган мафкурани ёйди.

Кейинги даврларга назар ташлайдиган бўлсак, Европанинг денгизларни забт этиш сиёсати кучайиши билан теллурократия (қуруқлик устидан ҳукмронлик) мафкураси ўрнини талассократия (денгизлар устидан ҳукмронлик) мафкураси эгаллаганини айтиб ўтиш жоиз. Европа Шарқ ва Жануб устидан тўлиқ ҳукмронликка эришгач, Европадаги мамлакатларнинг ўзлари бу бойликларни бўлиб олиш устида талаша бошлашди. Бир томондан Франция ва Англия, Германия ва Россия ўзаро манфаат талашишни бошлаб юборишди. Дунёнинг мафкуравий манзараси яна кўп қутб­ли (полиполяр) ҳолатга келиб қолди.

Хунрезликлар, қарама-қаршиликлар сабаби

Мафкуравий уруш тушунчасига бефарқ қараб бўлмайди. Дунё мамлакатларида содир бўлаётган хунрезликлар, қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувларга бир қараганда сиёсат, иқтисод билан боғлиқ муаммолар сабабчидек туюлади. Мафкура эса кўз илғамай четда қолаверади. Йўқ азизлар, бир парча ер учун, денгиз ёки сув, энергия ресурслари ва бошқа моддий бойликлар учун бўлаётган урушлардан мафкуравий курашнинг ҳам қолишадиган жойи йўқ. Буни ўтган аср охири ва йигирма биринчи аср бошида дунёда содир бўлаётган нотинчликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Яъни диний, ирқий муаммоларни кўзда тутяпмиз.

Ўтган йили АҚШнинг Балтимор штатида қора танлилар норозилик билдириб, тартибсизликларни амалга оширди. Бунга полициянинг қора танли фуқарони ҳибсга олгани ва унинг тан жароҳати олиши туфайли ҳалок бўлгани сабаб қилиб кўрсатилди. Ирқий масала бугун дунёда нозик муаммолардан бири эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Ёки Яманда мазхаблар ўртасида кечган ва давом этаётган тўқнашувни мисол қилиш мумкин. Умуман, сўнгги икки-уч асрда амалга ошаётган урушларнинг аксарияти мафкуравий характер касб этиши ҳеч кимга сир эмас. «Маз­ҳаблар ва турли оқимлар ўртасидаги курашлар, ҳарбий тўнтаришлар, динга ва миллатга хиёнатлар, бировларнинг ноғорасига ўйнаб, ўзаро қон тўкишлар, бойлик ва мавқе билан боғлиқ хунрезликлар, бомбалар ёғдирилиб, ўлдирилаётган гўдаклар, оналарнинг фарёди, яраланган болаларнинг чинқириғи, ўлими олдидан имон келтираётган қарияларнинг мудҳиш қиёфалари, миллионлаб қочоқларнинг аянчли аҳволлари, очликдан, касалликдан, Ўрта ер денгизига ғарқ бўлиб, жон таслим қилаётганларнинг фожиали тақдирлари ҳар қандай тошбағир инсоннинг ҳам юрак-бағрини эзиб юборади. Бундай хиёнаткорлик муқаддас динимизнинг душманларига жуда қўл келяпти», дейди сиёсий шарҳловчи Иброҳим Норматов бу хунрезликлар замиридаги мафкуравий манзарани таърифлар экан.

«Аргументы и факты» газетасининг сайтида бугун дунё афкор оммаси эътиборида бўлган Яқин Шарқдаги можаролар таҳлил қилинган. Материал мазмунидан икки мазхаб ўртасига совуқлик солиш, бир-бирига қарши қайраш замирида мазкур ҳудудда энергия ресурслари устидан ҳукмронлик ўрнатиш билан боғлиқ сиёсат борлигини англаш мумкин. Хўш, мафкуравий уруш туфайли ўт чиқариш кимга керак, нимага керак? Газетада келтирилишича, Саудия Арабистонида аҳолининг 15 фоизи шиа мазхабига мансуб экан. Қизиғи, мамлакат нефтининг деярли барчаси айнан шу мазхаб вакиллари истиқомат қиладиган ҳудуддан қазиб олинаркан. Мухбир хулосани шундай чиқаради: Ғарб шиаларни қўллаб-қувватласа, келажакда бирданига ҳам Саудия Арабистони, ҳам Ливия ва Ироқдаги энергия ресурслари устидан назоратни қўлга олади.

Эътиқодга дахл

Парижда амалга оширилган теракт Европа мультимаданияти билан боғлиқ мафкура инқирозга юз тутганини кўрсатди. Charlie Hebdo сатирик журнали таҳририят биносига уюштирилган ҳужум бузғунчи кучлар мафкурасининг меваси бўлди. Ўйиндан ўт чиқди, деб шуни айтадилар. Иғво, фитна ўз ишини қилди. Эътиқодга қаратилган мафкуравий уруш қон тўкилишига олиб келди. Буни ислом дини мутаассибларининг Европани йўқ қилишга қаратилган мафкуравий уруши, деб айюҳаннос солди, глобал тармоқ нашрлари. Мана шундай ахборот хуружлари тарқалиб кетди.

Аслида эса жангарилар қуролни журнал мазмунига жавобгар одамларга қаратди. Кўплаб кишилар қонини тўкишга уриниш бўлмади. Ҳатто улар рўйхатида жазоирлик журналист ҳам бўлган экан. Яъни хоин сифатида уни йўқ қилишга қарор қилинган. Албатта, бу йўлни ҳам оқлаб бўлмайди. Бироқ тан олиш керак: бу айнан мафкуравий уруш. Яъни бир томон диний эътиқодни ҳимоя қилиб, курашга отланган бўлса, иккинчи томон ўзларича матбуот, сўз эркинлиги, демократия ҳимояси учун майдонга чиқди. Назаримда, инсон учун энг нозик ҳилқат ҳисобланган эътиқодга дахл қилиш ҳисобига демократия ёки сўз эркинлигини ўрнатиш ақлга тўғри келмайдиган иш. Бунинг замирида бузғунчи мафкуранинг қиёфаси акс этади.

Бузғунчи ва вайронкор

Шу ўринда ўзларини «Ислом давлати» деб эълон қилган жангарилар мафкурасига оид фикрларни келтириб ўтсак. Илгари сурилаётган ғоя, даъво, мафкурадан кўриниб турибдики, мақсад куч ишлатиш, ўлдириш ва жанг қилишга очиқ мойиллик, эътиқод ва фикрни қурол воситасида қабул қилдириш. Бундай уринишлар ислом динини ёмонотлиқ қилишга хизмат қилиши мумкин. Бу бутун оламни Исломдан қўрқитиш, Ислом ва мусулмонлардан оғишган фикрларни қўллаш орқали Исломга нисбатан нафратни юзага келтиришга хизмат қилиши мумкин.

Бузғунчи мафкура, вайронкор ғоялар афсуски, урчиб бормоқда. Бу ҳақда сўз юритганда Президентимиз Ислом Каримовнинг «Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, фашизм деган бало яна бош кўтараётгани, миллатчилик, шовинизм каби хавфли офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди», деган фикрлари хаёлдан ўтади.

Фашизм тушунчаси итальян тилидан олинган бўлиб, шовинистик миллатчиликни тарғиб қилувчи мафкурадир. Давлатимиз раҳбари бундай бузғунчи мафкурага бежиз эътиборимизни қаратмади. Ён-атрофимизда кечаётган қарама-қаршиликлар, низолар замирида бош кўтараётган бало – фашизм бор-да. Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, интернетда фашизм ғояларини реклама қилувчи сайтлар сони ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Биргина рус тилида ахборот тарқатувчи шундай сайтлар 2010 йилда 500 дан ошиб кетганига нима дейсиз? Фашистлар либосини кийган аскар ёки фашистларнинг ҳарбий техникаси кўринишидаги ўйинчоқлар ишлаб чиқарилмоқда. Демак, болалар онгига уни сингдиришни кўзлаётганлар бор. Интернетда келтирилишича, шундай намунадаги ўйинчоқлар Австриянинг Капфенберг шаҳридаги «Djrtmunder-Huehler» ҳамда Чехиянинг «WitkowitzerBergbau und Eisenhuetten Geverkschaft» заводларида ишлаб чиқарилган.

Глобал тармоқ орқали Иккинчи жаҳон урушидаги жанговар ҳаракатлар ўйин шаклида тақдим этилаётгани ҳайратимизни оширади. Ўйин муаллифлари ҳар бир ғалаба учун рағбатлантириш мақсадида виртуал тарзда нацистлар мукофотини, фашистларнинг орден-медалларини тақдим этмоқда. Фашизм ғоясини, мафкурасини тарғиб қиладиган рамзлар шу тариқа бевосита ва билвосита онг остига жойланмоқда. Бундай ёт ғоя, мафкуралардан огоҳ бўлишимиз лозим.

Мафкуравий манзара

Дунё мафкуравий манзараси ўзининг айрим хусусиятлари билан глобаллашув жараёнига таъсирини ўтказмоқда. Бу қандай хусусиятлар экан? Масалан, демократик қадриятлар устуворлигини олайлик. Демократик қадриятларга асосланган жамият қуриш инсониятнинг олий мақсади эканини тушунса бўлади. Бироқ бу миллий демократик жараёнларга дахл қилинган ҳолда олиб борилмаслиги керак-да. Дейлик, муайян Ғарб мамлакатларида мавжуд демократия шаклини мутлақ деб билиш қадрияти юзага келди. Дунёдаги қарама-қаршиликлар замирида мана шу омил ҳам муҳим ўрин тутаётганини кўриб, билиб турибмиз.

Дунёда зўравонликнинг мавжудлиги, муаммоларни ҳал этиш учун куч ишлатиш тенденциясидан воз кечилмаётгани оқибатида уруш ўчоқлари ўчмаяпти, қашшоқлик, иқтисодий инқироз ва ижтимоий муаммолар барҳам топмаяпти.

Минтақада етакчиликка интилиш билан боғлиқ мафкуравий жараён бугунги кунда дунёни қамраб олди. Унга кўра, муайян давлатлар ўз муаммоларини ҳал этиш, иқтисодий фаровонликка эришиш учун қўшни давлатлар ва ўзга халқларнинг манфаатларини ҳисобга олмаяпти. Натижада трансмиллий можаролар кучайиб, глобаллашув жараёнларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Инсониятнинг маънавий заифлашуви билан боғлиқ мафкуравий ҳодиса эса дунёқараш, ахлоқ ва фаолиятнинг заифлашишига, оқибатда терроризм, диний экс­тремизм каби иллатлар шаклланишига олиб келмоқда.

Хуллас, мафкуравий таҳдидлар мана шундай омиллардан келиб чиқаётганини, онгимиз, қалбимизни эгаллаш замирида моддий ва маънавий бойликларимизга эгалик қилишдек мақсад ётишини унутмаслигимиз керак.

Шерзод Толмасов


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>