• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Оналик руҳи

Икки ёшнинг қандай учрашиб ёки қандай қилиб учраштирилиб турмуш қургани ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо уларнинг эндиги ҳаёти шу икки ёшнинг ижтимоий муҳитга алоқадор бўғинлар келтириб чиқаришига эътиборни кучайтириш лозимлигини кўпчилигимиз эътибордан қочирамиз. Фикримиз ушбу ижтимоий янгиликка бу икки ёшнинг руҳий тайёрлиги ёки тайёр эмаслигига қаратилгандир. Бу икки ёш ушбу жамиятда яшаш учун қандай тарбия топган, уларнинг ўз оилаларида олган тарбиялари эндиги кунда уларнинг бирга тинч-тотув яшашларини таъмин қила оладими, бошқаларга ноқулайликлар келтириб чиқармайдими? Айниқса, уларнинг ўз оилаларида топган тарбияси бугунги кунда уларнинг биргаликдаги турмуш фаолиятида бир-бирларини тушунишига шарт-шароит яратадими? Масаланинг энг нозик томони ҳам оиладаги тарбия ёшларни оилавий тарбия билан таъмин қилганми, деган саволга жавоб топишда.

Биринчи ўринда бу иккала шахс, янги оила вакиллари, келин-куёвликдан кейин келиб чиқадиган ички ўзгаришларига, яъни келиннинг она бўлишига, куёвнинг ота бўлишига руҳан тайёрланиб тарбияланганми, деган савол юзага келади. Она табиат ўз ирсий ваколатини бу икки инсоннинг руҳига жойлаштиргани аниқ. Аммо биз ҳаммамиз оламни янгидан очамиз ва шунинг учун бу ирсий руҳиятни ўзлаштириб олиш албатта, ҳар кимда амалда ҳар хил кечади. Оламни янгидан очишга ва атрофдагилар билан бирга яшашга эса инсон ўз оиласида тарбия олади, кўникмалар орттириб, тажрибаларга эга бўлиб боради. Ушбу оилавий тарбия мукаммал берилмаса, инсон умрбод оилавий бахтсизликка учраши мумкин. Толстой тили билан айтганда, “Оилада бахтсиз киши умуман бахтли бўлолмайди”.

Врачлар, физиологлар бўлғуси она табиатида ҳомиладорликнинг бошланиши билан унинг вужудида жиддий ўзгариш кечишини айтишади. Айтайлик, мана шу ўзгаришни она оилада ўз қизалоғига тарбиявий насиҳатлар билан сингдира олганми?

Ҳа, бу даврда инсоннинг, айниқса, онанинг руҳида бўлиб ўтадиган ўзгаришларни оналар, қолаверса, руҳшунос мутахассислар жиддий тушунтириб бериши мумкин ва бўлғуси онани улар зарур йўналишларда оналикка тайёрлашлари лозим. Бўлғуси ёш оналар албатта поликлиникаларда назоратдан ўтиб туришади. Лекин кўпчилик тараққий қилган давлатларда ташкил қилинган оналикка тайёрлаш психологик тарбиявий курсларига ёшларимизда эҳтиёж бошқаларга нисбатан кўпроқ бўлса ҳам бизда улар ҳали унчалик кенг тарқалмаган. Ҳаттоки, умуман йўқ, десак ҳам бўлади. Ваҳоланки, Европада ўртача турмуш қуриш 26-27, Америкада 28-29 ёшни ташкил қилган бир пайтда бизда ёшлар эрта турмуш қуришади.

Тўлиқ оилада ўсиб, ёнида ака-укаси, опа-сингиллари бўлган қизалоқлар ёшлигидан оналикка яхши тайёрланган бўлишади. Улардаги болага нисбатан муносабат ҳаётлари давомида шаклланиб боргани учун улар илк ҳомиладорлик пайтиданоқ бўлғуси оналик ҳиссини ўз руҳларига тез сингдиришади. Бундан кам фарзандли оилада ўсган ёшлар мустасно, албатта.

Бу ўринда, ҳаётимизда кам учраса ҳам, алоҳида айтиб ўтиладиган бир муҳим ҳодиса, баъзи ҳоллардаги ҳомиладорликнинг мажбуран тўхтатилиш воқеаларига тўхталиб ўтиш жоиз. Бу ҳолат бўлғуси оналар руҳида жуда катта, ҳатто, ўчмас из қолдиради.

Бўлғуси она шахсининг биргина физиологик ўзгаришлари, айтайлик, ҳомиладор аёлнинг қони салкам 20 фоизга кўпайиши лозим. Нафас олиш жараёни ўзгариши билан унинг кислород истеъмол қилиши жиддий ортади. Кундалик озиқ-овқат истеъмоли ҳажм ва таркибий жиҳатдан жиддий ўзгариши, витаминларга бойлиги ортиши лозим бўлади. Қарабсизки, шахсдаги бу моддий ўзгаришлар унинг руҳий томонига жиддий таъсир қилмай қолмайди. Демак, ёшларимиз руҳига бу маълумот ва бўлғуси ўзгаришларни ким ва қачон, қайси билим ва тарбия масканлари киритиши лозим, деган савол ҳам кун тартибида турибди.

Агар биз бу вақтда шахсда кечадиган руҳий ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, улар бўлғуси онанинг айнан ижтимоий ва руҳий томонлари билан боғлиқлигини кўрамиз. Кечагина юрган қизалоқ келин бўлди, ижтимоий жиҳатдан жамиятда бошқача роль бажара бошлади. Қарабсизки, бугун у ушбу жамиятда энг эътиборли ва мўътабар ном – оналикни қабул қилмоқчи. Бу ҳолат ўз ўрнида унинг руҳий оламига таъсир қилиб боради. Шунинг учун қарияларимиз ҳомиладор аёлнинг ўз ўрнида нозикликлари ва инжиқликларига алоҳида эътибор бериб, ёшлар руҳига сингдириб боришган. Уларни ёлғиз қолдиришмаган, оғир нарсаларни кўтаришдан тийган, қоронғуда ташқарига чиқиш ва бошқа шунга ўхшаш хавфлардан асрашга ҳаракат қилишган.

Ёш ҳомиладор аёлни койишмаган, оғир ишларни буюришмаган, ёлғиз қолдиришмаган, уларнинг истакларини бошқаларга бажаришни буюришган. Бу ўринда айниқса, уларнинг моддий ва маънавий озиқларига эътибор қаратилиб, истаган овқатлари ва тилакларини муҳайё қилишни тайинлашган.

Шу ўринда оналик ҳисси қизалоқ шахсига қачон жо бўла бошлайди, деган фикр кўпчиликни қизиқтириши мумкин.

Психологлар бу ўринда ёшларга оналик руҳини ота-она ўз тажрибасида уларнинг туғилган пайтидан бошлаб сингдиришларини айтишади. Чақалоққа исм қўйишнинг ўзи, яъни ўғил болага ўғил болача исм ва қиз болага қиз болача исм қўйишнинг ўзи уларни шунга ўргатиш ва бу исм орқали бола руҳига қизлик ёки ўғиллик руҳини сингдириш бошланиши бунга яққол мисолдир.

Оиладаги илк тарбия белгиларидан бири бу ўғил болаларга қўғирчоқ ўйнаш тавсия қилмаслик. Агарда бола қизлар билан қўғирчоқ ўйнай бошласа, буни оиладагилар албатта сезишади ва бундан қайтаришади. Мана шунинг ўзи болага жинс руҳини сингдириш тарбиясидир.

Қарабсизки, шунчалик мунтазам ва сурункали жинсий тарбияга қарамасдан кўпчилик ҳолларда ёшлар оналикка тайёр бўлишмайди ва бу ҳолат айниқса, улар ҳомиладор бўлганларида кўрина бошлайди. Масалан, ҳомиладорлик пайтида баъзи аёлларнинг йиғловчан бўлиб қолишлари аслида унинг ушбу кундаги бирон камчилигидан эмас, оналикка тайёргарликнинг бирон нуқсони борлигидандир. Маълум йўналишдаги овқатларни талаб қилиши эса бўлғуси она жисмида туғиладиган боласига бирон кимёвий элементнинг етишмаслигини кўрсатади, албатта.

Бўлғуси онанинг руҳидаги ўзгаришлар синчковлик билан кузатилиб ва ўз ўрнида психолог маслаҳати билан онага тушунтирилиши лозим.

Психолог маслаҳатлари қанчалик ўз вақтида берилган бўлса, улар шунчалик бўлғуси фарзанд соғлиғи ва унинг руҳий баркамоллигига ижобий таъсир қилади. Шундай экан, бўлғуси оналарга психолог маслаҳатларини ташкил қилиш фойдадан холи бўлмайди. Бундай психологик хизматларнинг катта шаҳарларда ташкил топаётганлиги албатта, ижобий ҳолдир. Ахир, оналиккагина эмас, ҳатто, бўлғуси онани туғиш жараёнига психологик жиҳатдан тайёрлашнинг ўзи ушбу инсонга ва унинг бўлғуси фарзандига қанчалик катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтишнинг ўзи ортиқча.

Психолог мутахассислар кўп учратадиган муаммолардан бири бу ёшларимизнинг ўз танаси, жисми, руҳиятини яхши билмасликлари. Ўз ўрнида ҳомиладор аёлнинг ва ҳомиладор аёл билан бошқаларнинг муомала санъати бошқалар билан бўлган муомала санъатидан анча фарқ қилишини кўпчиликнинг билмаслиги. Бу эса ўз ўрнида ёш эр ва бўлғуси онанинг ўзаро муомаласи психолог назоратидан ўтиши кераклигига олиб келади. Кечагина севишиб юрган ёшлар келин ҳомиладор бўлганидан кейин ўзаро муомалалари бузилаётганига сабаб излаб, тополмай қолишган ҳоллар ҳам бўлади. Бу уларнинг бир-бирларини севмай қолди, дегани эмас. Руҳшунос назари билан қараганда, бу фақатгина бўлғуси она табиатида кечаётган ўзгаришлар билан боғлиқлигини ёш куёвга батафсил тушунтириш лозим.

Бундай психологик ёрдамлар айниқса оилаларида баъзи муаммолар бор ёшларга нисбатан кўрсатилганда уларни тушкунликдан, хафахонликдан, умидсизликдан ва бошқа шунга ўхшаш нохуш кайфиятлардан асрайди ва боланинг соғлом туғилишига олиб келади. Соғлом бола эса жамиятимизнинг бойлиги ва миллатимиз келажаги билан боғлиқ катта ижтимоий омилдир.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

 

Муаллиф ҳақида икки оғиз:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллиф ва “Tafsilot.uz”нинг розилигини олиш талаб этилади.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>