• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

Омонат

2007 йилнинг кузида ўғлим хорижга сафарга кетмоқчи бўлди. Унинг ки­йим-кечак ва йўл анжомларини тайёрлай бошладик. Ёрдамлашиш ҳамда укаси билан хайрлашиш мақсадида турмушга чиққан тўнғич қизим ва инс­титут талабаси бўлган иккинчи қизим ёнимда.

Шу орада бир таниш аёл «ўғлингиз ўғлимнинг ёнига кетаётган экан, боғимиздаги олмалардан олиб келдим. Ўғлим жуда яхши кўрарди, юки оғир бўлмасин, деб ўн донагина келтирдим. Илтимос, шуни боламга етказсин», деб хайрлашиб кетди.

Олмалар шунчалик чиройли ва пишган эдики, кўзи тушган одамнинг егиси келарди. Аёл кетганидан кейин, олмаларни ўғлимнинг сумкасига жойлаштирмоқчи бўлиб турганимда, ҳомиладор бўлган тўнғич қизим кириб қолди:

– Вой бунча чиройли олмалар, бир дона есам бўладими? – деб, олиб томоша қила бошлади.

– Майли еяқол, Азизбекнинг онаси боғидан ўғлига  юбориш учун олиб келибди, – дедим ва «бир дона еса, ҳеч нима қилмас, ахир ҳомиладор-ку», деган фикр хаёлимдан ўтди.

Шу пайт қизим олмани жойига қўйди ва:

– Йўқ емайман, – деди.

– Нимага, сенга мумкин, – дедим, қани нима деяркин деб.

– Онаси эртага телефонда Азизбекка «сенга боғимиздан ўнта олма юборувдим, олдингми?» деса, олмалар биттага камайганини билиб, булар қанақа одамлар экан?» демайдими. Олма есам ана, бозор тўла олма, куёвингизга айтсам, хоҳлаганимча келтириб беради, – деди.

Шу вақт қўлида укасининг кийим-кечакларини кўтариб иккинчи қизим кириб келди.

Унинг ҳам кўзи олмаларга тушиб, дарров, биттасини қўлига олди ва:

– Есам бўладими? – деб сўради.

Энди ўзим ҳам буёғи нима бўларкин деб, фарзандларимни синай бошладим:

– Ҳа, Азизбекнинг онаси боғидан келтирибди, ўғлига юбориш учун, егинг келаётган бўлса майли бир донасини егин, нима қилибди биттага камайса, – дедим.

Қизим дарров олмани жойига қўйди ва:

– Мен олмаларни дадам бозордан олиб келганлар, деб ўйлабман, керак эмас емайман, – деди.

– Нимага? – дедим, синовчан назар билан қараб.

– Булар бировнинг омонати-ку, – деди қизим.

Шу вақт қалбим қувонч-у, ғурурга тўлди ва ҳар ҳолда фарзандларимиз тарбиясида адашмабмиз, деган фикрга келдим. Оллоҳга беҳисоб шукурлар бўлсин.

Шоҳиста Нукарова,

Бухоро вилояти

Калит сўзлар: , , , ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>