• Бугунги сана: Seshanba, Sentabr 19, 2017

Олий таълим муаммолари: таққос ва статистика

Ҳозирги замонда инсонларнинг билими ва малакаси жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини аниқловчи муҳим омилдир. Шунинг учун кўпчилик мамлакатларда таълимни ривожлантириш истиқболи энг асосий масалалардан бирига айланмоқда.

Ўзбекистоннинг бугунги куни учун иқтисодиётнинг инновацияларга асосланган ривожланишини таъминлаш вазифаси турмоқда. Шунинг учун Ўзбекистонда таълим тизимидаги ислоҳотлар иқтисодиётдаги янги ўзгаришлар пайдо бўлиши билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон таълим тизимида кейинги 20 йилда қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Шу билан бирга Ўзбекистон таълим тизимида яқин вақтда ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.

Масалан, Ўзбекистонда талабалик ёшидаги аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниши даражаси 9 фоиз бўлиб, бу Марказий Осиёда ва жаҳон миқёсида анча паст кўрсатгичдир. Ўзбекистон олий таълим тизими 67 ўқув юртидан иборат. Уларда 2015/16 ўқув йилида жами 253 минг талаба таълим олишган. Режалаштиришнинг марказлашган тизими олий ўқув юртларига талабалар қабули миқдорини ҳам, улар таълим йўналишларини ҳам белгилайди. Олий таълимга давлат ғазнасидан молиялаштириш мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг атиги 0,4 фоизини ташкил этади. Бу жаҳонда энг паст кўрсатгичлардан биридир.

Ўзбекистонда давлат бюджетидан ҳар бир талабага тўғри келувчи харажат Россияга нисбатан 2 марта, Туркияга нисбан 3 марта, Малайзияга нисбатан 7 марта кам. 2000 йилдан бери олий таълимни молиялаштиришнинг умумий миқдорида давлат ғазнасидан харажатлар 60 фоиздан 35 фоизача камайди. Давлат харажатлари камайиши билан олий ўқув юртлари кўпроқ таълим учун тўловлар ҳисобига молиялаштиришга ўтмоқда.

Ўзбекистонда олий таълимни хусусий молиялаш даражаси (60 фоиз) АҚШга нисбатан (57 фоиз) ва Буюк Британияга нисбатан (52 фоиз) ҳам юқори. Аҳоли даромадлари юқори бўлган мамлакатлар орасида олий таълимни хусусий молиялаштириш ўртача 29 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда олий таълимни хусусий молиялаштириш ҳажмининг ошиши нафақат тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабалар сони ошиши билан, балки таълим учун тўловлар миқдорининг кўпайиши билан ҳам боғлиқ.

Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари ҳам кейинги йилларда ошгани ҳолда, контракт тўлови миқдори тезроқ ошди. Натижада, мамлакат олий ўқув юртларига жамиятнинг бой қатламлари оилалари фарзандлари кириши улуши ошмоқда.

Ўзбекистон олий таълими тизимида харажатларнинг жорий тақсимоти ҳам олий таълим сифати юқорироқ бўлган мамлакатларга мос келмайди. Талабаларга бериладиган стипендиялар улуши ҳаддан кўп (олий ўқув юртлари бюджетининг деярли 40 фоизи). Иқтисодий ҳамкорлик ва таррақиёт ташкилотига кирувчи мамлакатларда бу кўрсатгич 10 фоизни ташкил этади. Олий таълимни молиялаштиришдаги ушбу камчиликлар олий таълим муассасалари моддий техника базасининг ночор аҳволга тушишига сабаб бўлди.

Боз устига, Ўзбекистон олий таълими тизимида илмий даражали ўқитувчилар миқдори 20 йил ичида 52 фоиздан 35 фоизгача камайди. 2014/15 ўқув йилида ҳар 100 талабага компьютерлар сони 13 та, Интернетдан фойдаланиб дарс ўтаётган ўқитувчилар сони 35 фоизни ташкил этди.

Бир неча йил олдин кўпчилик олий ўқув юртларининг нафақа ёшига етган профессор-ўқитувчиларини лавозимидан олиниб, ставкалари камайтирилгандан сўнг, баъзи кафедраларга мудир сифатида фан номзоди илмий даражасига эга бўлган мутахассисни топиш ҳам муаммо бўлди. Бу кейинги 25 йилда олий таълимдан кейинги босқичга ҳам етарли эътибор берилмагани ва илмий даражали олимларнинг миграцияси натижасидир.

Олий таълимни ислоҳ қилиш Ўзбекистоннинг фуқаролик ва иқтисодий тараққиёти учун зарур. Мамлакат тараққиётининг ҳозирги ҳолати юқори малакали мутахассисларга талабни кучайтирмоқда. Ҳолбуки, Ўзбекистонда фақат базавий малакага эга бўлган ишчилар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Агар 2008 йилда ўзбек тадбиркорлари орасида ўтказилган сўровда уларнинг 73 фоизи бизнесни олиб боришдаги тўсиқлар сифатида ишчиларнинг билим даражаси ва малакалари етишмаслигини кўрсатган бўлса, 2013 йилда Жаҳон банки ҳисоботини тайёрлашда ўтказилган сўровларда саноат фирмаларининг 49 фоиз раҳбарлари олий маълумотли малакали мутахассисларни топишда қийинчиликлар борлигини кўрсатишган.

Олий ўқув юртлари битирувчиларининг билими ва малакаси сифатидан 33 фоиз фирма раҳбарлари қаноатланган бўлса, 36 фоизи норози эканлигини билдирган. Бу хусусда, олий ўқув юртлари битирувчиларининг анча қисми (турли мутахассисликлар бўйича 30–50 фоизгача) ўз йўналиши бўйича ишламаётганини кўрсатиш жоиз.

Иш берувчилар, саноат ва олий ўқув юртлари орасидаги ўзаро алоқанинг бўшлиги иқтисодиётга инноватсиялар татбиқини секинлантирувчи яна бир омилдир. Ўзбекистонда таълим сифатини назорат қилиш Давлат тест маркази қошидаги махсус бошқармага юклатилган эди. Аммо ушбу бошқарма томонидан ўқув юртларини аттестация ва аккредитациялаш муддатлари кечикиши, аттестациядан ўтмаган ўқув юртларида раҳбарларга интизомий чоралар кўрилмагани, ўқув юртларининг моддий базаси ва профессор-ўқитувчилар салоҳияти ҳақида чуқур хулосалар чиқарилмагани, ўқув юртларидаги аҳвол ошқора муҳокама этилмагани сабабли давлат томонидан таълим-тарбия сифатига қўйилаётган талаблар бажарилишида сусткашликка олиб келди.

Бундан ташқари, ушбу бошқарманинг талабалар қабулини амалга оширувчи Марказ қошида бўлишлиги ҳам холисона хулосалар чиқаришга ҳалақит берарди. Шунинг учун президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги фармонига асосан таълим сифатини назорат этадиган Давлат инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси қошида ташкил этилди.

Ўзбекистонда таълим тизимини бошқаришда ҳам қатор камчиликлар мавжуд. Таълим соҳасини бошқаришни битта вазирликка юклатиш вақти келди. АҚШ ва Россия каби мамлакатлар тажрибаси буни кўрсатиб турибди. Таълим муассасалари бошқарувини такомиллаштириш, уларнинг мустақиллигини кучайтириш учун ректор, проректорларни тайинлашда ўқув юрти жамоаси фикрини ҳисобга олиш, раҳбариятнинг 5 йил ишидан сўнг фаолиятларини баҳолаш керак.

Ўтган 20 йил давомида ўқув дастурлари, ўқув режалари ва баҳолаш тизимининг жуда тез ўзгариши таълим сифатининг пасайишига олиб келди. Коллеж ва олий ўқув юртлари талабаларининг пахта теримига, ободонлаштиришга жалб қилиниши, қишқи таътилларнинг чўзилиб кетиши ҳам таълим жараёнига салбий таъсир этмоқда.

Ғайрат Хўжаев,
Лос Анжелес, Калифорния (АҚШ)

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>