• Бугунги сана: Wednesday, January 18, 2017

Ўлгиси келган одам

o'lgisi-kelgan-odam

Машина шаҳарни иккига ажратиб турган дарё устида­ги кўприкнинг қоқ ўртасида­ тўхтади. Полиция­чи Жонсон аввалига унга эътибор бермади, аммо машинадан туш­ган баланд бўйли кишини кўриши билан ҳушёр тортди.­

Жонсон бу ерда биринчи бор посбонлик қилаётгани йўқ, машъум кўприк севишганлару хаёлпарастлар қатори ўз жонига қасд қилиш истагидагиларни ҳам ўзига жалб этишини жуда яхши билар эди.

Анави одам авввал атроф­га диққат билан разм солиб,­ сўнг шошилмасдан кўприк панжарасига яқинлашди. Унинг панжарага осилаётганини кўрган Жонсон секин сўкиниб олиб, у томонга қараб югурди.

— Ажойиб тун, шундай эмасми? — деди полициячи­ унинг қадам товушларини эшитиб кўприк панжарасидан қўлини олган кишига салом ҳам бермай. — Табиат­­дан баҳра олаяпсизми дейман? Сизни тушунаман, жаноб, агар вазифамни бажараётган бўлмаганимда, менам ҳозир севги ёки шунга ўхшашроқ туйғулар ҳақида ўйлаётган бўлармидим.

Жонига қасд қилмоқчи бўлган киши бунақа беъмани гапларга ҳуши йўқлигини билдирмоқчи бўлгандай елка қисиб қўя қолди. Сўнг сигарет тутатди.

— Сизни кўрдиму, бироз гурунг қилармиз деб келавердим, — давом этди полициячи ўзини суҳбатдошининг ҳолатини сезмаганга олиб. — Биласизми, одам бир ўзи ёмон зерикади… Бу ердан атроф ажойиб кўринади, тўғрими?

— Ҳозир бу менинг кўнглимга сиғмайди, — оғир хўрсинди новча киши сигарет кулини сувга қоққанча. Жонсон эътибор бермаган экан, унинг қошлари жуда қуюқ эди. — Айни дамда мен бошқа нарсани — қандай қилиб осон ва қийналмасдан ўлим топишни ўйлаяпман.

— Бекор қиласиз, — унинг кўнглини кўтаришга уринди посбон. — Қанча оғир бўлмасин, яшаш керак. Ҳаётда ҳеч нарсани олдиндан кўриб бўлмайди. Ким билади, эҳтимол эртага омадингиз чопиб, ҳамма нарса яхши томонга ўзгариб кетар.

Нотаниш новча сувга тикилиб узоқ жим қолди, сўнг сигарет қолдиғини дарё­га улоқтириб, полициячига қўлини узатди.

— Исмим Эдвард Райт.

— Анча-мунча кўнгилсиз­ликларни бошдан кечирибсиз чоғи? — хайрихоҳ оҳанг­да сўради полициячи.

— Ҳа, шунақа…— мунғайиб бош ирғади жонига қасд қилмоқчи бўлган одам.

—Хотиним оламдан ўтгач, ҳаётим ағдар-тўнтар бўлиб, ишларим ҳам чаппасига кетаяпти. Уни жудаям яхши кўрардим, усиз яшагим келмай қолди.

— Бундай деманг, — Жонсон унинг елкасига дўстона қоқиб қўйди. — Одам ҳамма нарсага кўника­ди, жаноб Райт. Ҳатто ёл­ғизликкаям. Яхшиси, уйин­гизга бориб ухланг. Кечаси ётиб ўйла, эрталаб туриб сўйла деган гап бор. Мана кўрасиз, тўйиб ухласангиз, эртага ҳаммаси изига тушиб кетаётганини кўрасиз.

— Сиз шунга ростан ишонасизми?

— Албатта, — деди Жонсон жиддий оҳангда. — Тўғри, бу дунёда яшашнинг ўзи машаққат. Ҳамиша­ шундай бўлган. Лекин наилож? Дарё туби мана шу ҳаётингиздан сираям яхши эмас, гапимга ишонаверинг.

Райт узоқ ўйланиб, сўнг индамай машинасига қараб йўл олди. Жонсон унинг орқасидан анча вақт қараб турди.

Сўнг ёндафтарини олиб, ёзиб қўйди: «Эдвард Райт, баланд бўйли, қуюқ қошли киши. Хотини ўлган, кўприкдан ўзини ташламоқчи бўлди…».

* * *

Психиатр Боб Смитнинг қиёфаси кўпчилигимизнинг болалик тасаввуримиздаги доктор образига жуда мос келар эди.  Ўз ўй-хаёллари билан овора доктор навбатдаги мижозини тинглар экан, бутун юзини қоплаган соқолини тутамлаган кўйи ўйчан бошини ирғаб қўярди.

— …Ҳаётимда маъни қолмади, — шикоят қилишда давом этарди новча, қуюқ қошли бемор. — Кеча кўприкдан ўзимни ташлашимга сал қолди.

— Нима тўхтатиб қолди сизни? — бепарвогина сўради доктор. Беморларнинг бемаъни тушлар ҳақидаги ҳар кунги ҳикоялари унинг ғашини келтирарди.

— Мени полициячи тўх­татиб қолди. Унинг айтишича, вазиятдан чиқиш йўли бу эмасмиш.

Яна ўз хаёлларига берилган Боб Смит мижғов мижознинг гапидан ҳушёр тортди.

— Доктор, менинг ошқо­зонимни ювиш керак…

— Бу яна нимага керак? — ҳайрон бўлиб сўради Смит.

— Олдингизга келишдан олдин бир қути уйқу дори ичиб юборган эдим, — ҳасрат қилди Эдвард Райт. — Йи­гирматадан кам эмасди-ёв.­

Чуқур уф тортиб, ўрнидан турган Смит бошини чайқаганча асбоб-ускуналарини олиш учун қўшни хонага йўл олди.

Ошқозонни ювиш муола­жаси анча оғир кечган бўлса-да, беморнинг бахтига уйқудори ҳали қонга сўрилиб улгурмаган экан. У муқаррар ўлимдан асраб қолинди.

— Ҳали яшайсиз, — деди  унга хайрлаша туриб Боб Смит.

— Раҳмат, доктор.

— Раҳматни қўя туринг, сиз ҳақингизда полицияга хабар бериб қўймасам бўлмайдиганга ўхшайди…

* * *

— Ажойиб тўппонча, — ўз молини мақтай бошлади сотувчи. — Албатта, агар истасангиз сизга бунданам зўрини топиб беришим мумкин. Аммо унақасининг нархиям қимматроқ бўлади.

— Раҳмат, менга шуям бўлаверади, — унинг гапини­ кесди харидор. — Менга яна бир қути ўқ ҳам керак.

— Албатта, албатта, — деди қурол-аслаҳа дўкони эгаси харидорларни қайд қилиш журналини ола туриб. — Жаноб Райт, манавинга исм-фамилиянгизни ёзиб, имзо қўйишингиз керак. Тўғри, бу баъзи бировларга ёқмайди, аммо начора, қоидаси шунақа…

* * *

Кечки соат тўққизларда Эдвард Райтнинг эшиги тақиллади.

Райт эшикка яқинлашиб, унинг кўзчасидан мўралади. Меҳмонни таниб, эшикни очди.

— Кел, Марк, — ичкари­га таклиф қилди уй эгаси.

— Уни сен ўлдирдинг, Эд, — деди меҳмон саломлашиш ўрнига унинг қорнига тўппонча тираб. — У сен билан тинчгина ажрашмоқчи эди, сен эса уни  ўлдирдинг…

— Эсинг жойидами!? — деди шошиб қолган Райт.

— Ҳаммасини жудаям пухта бажаргансан. Қотиллик бахтсиз ҳодисадай тую­либ, полиция ҳеч нарсадан шубҳаланмади. Буни қандай уддаладинг, Эдвард?

— Мен уни урдим, — деди кўзини тўппончадан узмай Эдвард Райт. — Бошига урдим. Бир неча марта урдим, кейин зинадан думалатиб юбордим… Полицияга бориб овора бўлма, барибир сенга ҳеч ким ишонмайди. Барибир исботлаб беролмайсан.

— Полицияга бораман деб ким айтди сенга? Мен умуман бошқа нарсани ўйлаб қўйганман…  Столга ўтир. Қоғоз-қалам ол-да, «Бундай азобларга бошқа чидай олмайман. Бу сафар ҳаётдан кетиш учун ўзимда куч топа олдим» деб ёз. Ҳа, шундай деб ёзсанг ўлим­олди хатинг ишончлироқ чиқади. — Марк тўппонча ўқталиб Эдвардни стол томонга ундади. — Имзо қўйишни унутма, ҳаромзода!­

— Мен буни ёзмайман.

— Ёзасан, Эдвард, ёзасан! — меҳмон тўппончани унинг гарданига тиради.

— Қутулиб кетолмайсан, Марк, — ғингшиди Райт. — Сувдан қуруқ чиқаман деб ўйлама. Барибир қўлга тушиб, осиласан.

— Нима учун? Сен ўз жонингга қасд қилганинг учунми? — хиринглаб кула бошлади Марк.

— Мен бу бемаъни хатни­ ёзганим билан ҳеч ким ўзимни ўлдирганимга ишон­майди.­

Меҳмон тўппонча тепкисини кўтарганини кўрган Эдвард Райт ёзишдан бош­қа чораси йўқлигини тушун­ди ва чуқур хўрсиниш билан столга ўтирди. У Марк  айтгандай қилиб ёзиб, имзо қўйди.

— Энди менга қара, Эдвард…

Қоғоздан бошини кўтарган Райт сесканиб кетди. Унинг рўпарасида умуман бошқа одам турар эди — бошига парик кийган, кўзлари устига қалин қош ёпиштирилган бу нусха кимгадир жуда-жуда ўхшарди.

— Топ-чи, мен ҳозир кимга ўхшадим? — секингина сўради меҳмон. — Наҳотки танимадинг? Сенга­ ўхшаб қолдим, Эдвард, сенга… Албатта, биз эгизакмасмиз, лекин бўй-бастимиз билан жуда ўхшаб кетамиз.

— Ўзингни мен қилиб кўрсатиб юрган экансан-да…— эсанкираб қолди Эдвард Райт.

— Ниҳоят етиб бордими?­ Охирги кунлар ичида нима­лар билан банд бўлганингни билсанг, бундан баттар ҳайратга тушасан. Ўтган куни, масалан, кўприкдан ўзингни ташлашингга бир баҳя қолди. Билсанг, ҳаётинг­ни ҳушёр полициячи сақлаб қолди. У бўлмаганида аллақачон ўлиб кетган бў­лардинг. Кеча эса кўпроқ уйқудори ичиб юборганинг учун бир доктор сенинг ошқозонингни ювишига тўғри келди. Бир соатча олдин сен тўппонча сотиб олдинг, ҳатто у ердаги журналга имзо ҳам қўйвординг… Қисқаси, охирги икки кун ичида сен шаҳардаги ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганларнинг энг ашаддийсига айландинг.

— Дўстларим-чи? Ишхонадаги ҳамкасбларим-чи? Улар бунга ишонишмайди, — охирги хасга ёпишди Райт.

— Адашасан, қадрдоним, — истеҳзо билан унинг гапини бўлди Марк. — Билиб қўй, кимдир жонига қасд қилса дўстлариям, ҳамкасблариям дарров унинг кейинги пайтларда ғалати бўлиб қолгани ҳақида эслаб­ қолишади. Аниқ биламан, хотининг ўлгандан кейин гўёки чуқур қайғуга ботган одамнинг ролини ўйна­ган­сан.­ Сенинг тушкун аҳволда юрганингни тасдиқлаш учун қасам ичишга тайёр одамлар топилиши аниқ. Алвидо, Эдвард!..

Шу сўзларни айта туриб у тўппончани Эдвард Райтнинг чаккасига тираб тепкини босиб юборди.

Синглисининг қотилини саранжомлаган Марк тўп­пончадаги бармоқ изларини артиб ташлади ва қуролни Эдварднинг қўлига ушлатиб қўйди. Сўнг унинг ҳамёнини олиб психиатрнинг ташриф қоғози ва тўппонча­ сотиб олингани ҳақидаги квитанцияни солиб қўйди.

— Уни ўлдириб катта хато қилдинг, Эд, — деди Марк елимланган қуюқ қош­ларини жойидан кўчирар экан. — Сен уни ҳеч қачон севмагансан. Тинчгина­ кетишига йўл беришинг керак эди…

Шавкат Ёдгоров таржимаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз.

“Tafsilot.uz” ижтимоий тармоқларда:

 «Facebook» https://www.facebook.com/TafsilotUz/

 

«Telegram» https://telegram.me/tafsilotuz

 

 «Instagram» https://www.instagram.com/tafsilot.uz/

 

«Twitter»  https://twitter.com/tafsilot_uz

 

«Odnoklassniki» http://ok.ru/group/53813262090478

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>