• Бугунги сана: Payshanba, Sentabr 21, 2017

Оилада иккинчи фарзанд дунёга келди…

Ота-оналар учун фойдали тавсия ва маслаҳатлар

— Оиладаги тўнғич фарзандга тааллуқли анъаналар (сайрга чиқиш, болалар майдончаларига, истироҳат боғларига, спорт секцияларига, меҳмонга олиб бориш ва ҳоказолар)ни иккинчи фарзанд туғилганда ҳам ўзгартирмасликка ҳаракат қилинг.

— Тўнғичингизни укаси ёки синглиси пайдо бўлишига олдиндан тайёрланг. Бу ишни шундай амалга оширингки, катта  болангизда айнан унинг илтимосига кўра кичкинтой пайдо бўлаяпти деган фикр пайдо бўлсин.

— Кичкинтойнинг туғилишидан олдин болангизга гўдаклар, уларни қандай парваришлаш, улар қандай тарзда овқатланишлари тўғрисида ҳикоя қилиб беринг. У бундай ҳол юз берганини бошқа оилада кўрса, яхши бўлади. “Катта”нгизнинг она қорнида бўлгани, унинг гўдаклаги, қандай ўсгани, ўзгарганлигини эсланг ва ҳикоя қилиб беринг. Биргаликда расмлар ва видео ёзувларни томоша қилинг. Биринчи болангизнинг ҳаётидаги зарур ўзгаришлар (илк марта боғчага бориши, эмлаш ва ҳоказолар)ни иккинчи фарзандингиз туғилгунига қадар амалга оширишга ҳаракат қилинг.

— Ҳар қандай ҳолатда ҳам болангизни тарбиялаш усулини ўзгартирманг (масалан, болага талабларни кескин кўпайтириш, янги мажбуриятлар киритиш).

— Катта болангиз ўзини кераксиз ва таҳқирланган, орқага суриб қўйилган, деб ҳисобламаслиги учун ҳамма чораларни кўринг.

— Уни гўдакка ғамхўрлик қилишга жалб қилинг, биргаликда ўйнаш, китоб ўқиш, суҳбатлашиш учун вақт ажратинг (чақалоқ ухлаётган пайтда катта болангиз билан ўйин ўйнашингиз мумкин).

— Катта болангизнинг олдида чақалоқдан завқланаётганингизни кўрсатманг, уни меҳр билан томоша қилишдан тийилинг.

— Ҳеч қачон болаларингизни бир-бири билан солиштирманг. Бир-бирига ўхшаш бола мавжуд эмаслиги, уларнинг ҳаммаси индивидуал ва ўзига хос эканини унутманг.

— Чақалоқ парваришида катта болангизнинг ҳам қатнашишини қўллаб-қувватланг. Унда кичик фарзандингизга нисбатан рашк пайдо бўлаётганини вақтида пайқанг ва уни бартараф этинг (масалан, она гўдакни эмизаётган чоғида ота катта фарзанд билан бирор ўйин ўйнаб туриши мумкин).

— Каттангизга укаси ёки синглиси учун кийим, ўйинчоқ танлаш имконини беринг. Тўнғичингизда рашк, норозилик каби туйғуларнинг бўлиши табиийдир. Уларни ўз вақтида пайқаш ва болага ёрдам кўрсатиш имкониятингиз даражасидаги ишлар эканини ёдингизда тутинг.

— Чақалоқ туфайли вақтингиз етмаётганини баҳона қилиб, катта болангизни эътиборсиз қолдирманг. Ўз ҳаётингизни фақат кичкинага қарашдан иборат қилиб қўйманг.

— Катта фарзандингизнинг тентакликлар қилишини хотиржам ва танқидсиз қабул қилинг (“сен катта боласан-ку, сўрғич сенга нимага керак?”) Унинг илтимосларини бажаринг. Ўзининг ноадекват тутиши, ғашга тегадиган қилиқлари билан фарзандингиз сизнинг диққатингизни чақалоқдан чалғитиб, ўзига жалб қилишга интилаётганлигини ёдда тутинг. Келинг, унга эътиборингизни қарата қолинг.

— Болангиз таклиф қилаётган ролли ўйинларнинг ҳаммасини ўйнанг. Шу тарзда у ҳали кўникмаган янги вазиятга мослашишига ёрдам берасиз. Агар болангиз ёрдам беришни истамаса, тажовузкор бўлиб қолса, хафа бўлманг, бу унинг ҳимоя реакциясидир. Болалар ўртасида меҳр-муҳаббат уруғини сепинг, бир болангизни иккинчисининг хизматида қилиб қўйманг. Улар ҳуқуқ ва мажбуриятларда тенг бўлсин (қолганларини эса ихтиёрларига қараб танлаб олаверадилар).

— Агар фарзандларингиз уришса, шўхлик қилса, уларнинг биттасини эмас, иккаловини жазоланг. Чунки иккаласининг ҳам айби бор. Низо ва баҳоларини ўзлари муҳокама қилиб келишиб олишсин. Уддалай олишмайдими? Демак, иккаласини уришинг ва жазоланг. Бу болаларнинг қайсидир бирини (“чунки сен каттасан” деб) жазолагандан кўра адолатлироқ. Мақташнинг ҳам қоидаси шунақа. Биттасини мақтаганингизда, бошқасида ҳам ҳатто у бунга лойиқ бўлмаса-да, мақтов учун асос бўладиган бирор нима топинг.

— Катта болангиз ўзининг ҳимоячи (аммо энага эмаслиги)ни, кичкинаси эса ўзининг ҳимояланганлиги (аммо қўғирчоқ эмаслиги)ни ҳис қилсин.

— Тарбияда болаларнинг ўзига хос индивидуал томонларини, феъл-атворларининг қанақалигини ҳисобга олинг. Агар уларнинг биттаси рақс тўгарагига қатнаётган бўлса, бошқасига бу машғулот тўғри келмаслиги мумкин. Балки у спорт билан банд бўлишни истар?! Агар улардан бири ўқишни эрта ўрганиб олган бўлса, бу иккинчи болангиз ҳам ундан қолишмаслиги керак, дегани эмас.

— Айрим оналар янги гўдак туғилганидан сўнг катта болаларини маълум бир вақт яшаб туриш учун яқин қариндошлариникига юборадилар. Бундай қила кўрманг! Бундай йўл тутиш билан болалар ўртасида рашк ва рақобатни туғдирасиз. Балки бошида сизга енгил бўлар, лекин катта фарзандингиз уйга қайтганидан сўнг муаммолар юзага чиқади. Янги ҳолатга унинг жавоби жуда туғёнли бўлиши ёки ўз қобиғига ўралиб олиши мумкин. Бу эса боланинг невротизацияланиши (асабий тизим билан боғлиқ хасталик ва бузилишлар)га олиб келиши мумкин. Бунинг оқибати эса хавотирлилик, неврозлар, тажовузкорлик, бегоналашиш бўлади.

— “Сен аллақачон катта бўлиб қолгансан!” Бу иборанинг сийқасини чиқариб юборманг. Чунки тўнғич фарзандингиз ҳали 3 ёшга тўлмаган бўлса ҳам сунъий равишда катта бўлиб қолади. Кўпинча ота-оналар тўнғич фарзандлари аслида ҳали жуда кичкина ва эркалаш, юмшоқ муносабатга муҳтожлигини эсдан чиқариб қўядилар. Унинг катта эканлиги ҳақида меъёридан кўп эслатавериб, беихтиёр уни яхши кўрмасликларига, фақат чақалоқнигина севишларига ишониб қолиши мумкин. Нима учун у доим ён босиши, энг яхши ўйинчоқларини укасига бериши, иккаласи учун хонани бир ўзи йиғиштириши, қилинган умумий гуноҳ, шўхликлари учун у ҳақ тўлаши керак? Сизнинг “ярим” ташлаб қўйилган “катта”нгиз ҳамма жони дилидан яхши кўрадиган митти боладан нафратланиб қолишидан қўрқмайсизми?

— Кўпинча иккитадан ортиқ бола бўлган оилаларда рашк муаммоси камдан-кам учрайди. Чунки ҳамма болалар энг каттасидан ташқари бир хил шароитда бўладилар. Ота-онанинг мажбуриятлари ҳам тенг тақсимланади. Агар ота-оналар ҳамма болаларининг иззат-нафсига тегмай ёки уни пасайтирмай, тарбиянинг тўғри йўилини тутган бўлсалар, албатта!

Ота-оналар қийин ҳолатлардан муваффақият билан чиққан ва қайта фарзандларига ёрдам бера олган бир нечта вазият:

1-вазият

Оила бошлиғи қиз туғилганига қувонди, бу шодликни фақат бир нарса хиралаштириб турар эди. Ота ёнида ўтирган катта фарзандга айланган 3 яшар ўғлига қаради, у тунд қиёфада ўтирар ва отасининг қувончига шерик бўлгиси келмасди.

— Мана, энди уйга бориб каравотчани йиғиб қўйишимиз керак бўлади, — деди ота.

— Йўқ, керак эмас.

— Нимага энди?

— Мен уни кўчага улоқтириб ташлайман, — деди бола алам билан.

Ота эса бундай муносабатни кутмаган эди.

— Кел, бир мулоҳаза қилиб кўрайлик, — ота ўғлининг қўлини авайлаб ушлади. — Ҳамма одамларнинг исми бўлади. У сендаям, мендаям, ойингда ҳам, бувингдаям бор. Сен туғилганингда ёнимда бобонг ва бувинг бор эди. Улар сенга исм танлашда ёрдам беришган эди. Ҳозир эса улар йўқ. Кичкинтойга исм танлашда менга ким ёрдам беради?

Бола бирдан жонланди.

— Мен ёрдам бераман!

— Жуда яхши бўлар эди. Лекин исмни ҳам меҳр билан танлаш керак. Бунинг масъулияти катта, чунки исм бир умрга танланади!

— Чақалоқ менинг синглим ва унга исмни ўзим танлайман.

Суҳбат давомида ота ўғлига болалар каравотчасининг гайкаларини бураб қотиришига мамнуният билан ёрдам берди. Онаси ва синглисини туғуруқхонадан олиб чиқадиган куни отаси билан энг чиройли ўйинчоқларни танлади.

— Бу сизга, — деди бола онасига гулдастани тутар экан. — Бу эса синглимга. 3 ёшли ака онасига ғурур билан қараб, оппоқ йўргак  ичига кичкина қўғирчоқни қўйди.

2-вазият

4 яшар қизча ота-онасининг яна бир бола олиб келганини билиб, хонасида ёлғиз йиғлаб ўтирарди. У ўзини мутлақо кераксиздек ҳис қиларди. Бирдан эшик очилди ва отаси тахланган чойшаб, онаси эса гулдаста олиб кирди.

— Бола йўқ, — енгил нафас олди қизча ва ота-онасига талпинди. Ота-онаси уни эркалаб, каравот ёнига олиб боришди. Каравотда йўргакланган чақалоқнинг митти кўзлари порлаб турарди.

— Қизим, бу сенинг уканг. У ҳали жудаям кичкина, ёрдамингга муҳтож, у бизсиз ва сенсиз катта бўлолмайди. Биз ҳаммамиз уни парвариш қиламиз, шунда уканг тезроқ ўсади. Сенга ўхшаб ақлли ва яхши бола бўлиб катта бўлади. Энди сен аввалгидек зерикмайсан, чунки сен ёлғиз бўлмайсан. Уканг сенинг энг яхши дўстинг бўлади. Сен ўзингга ўртоқ топиб беришимизни илтимос қилган эдинг-ку!

Қизча кўз ёшларини артди ва онаси билан йўргакни кўздан кечира бошлади. Шунда укаси унга кулиб қарагандек туюлди.

Ҳидоят Жўраева тайёрлади


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>