• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Оғзаки топшириқ қонундан устунми?

Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланган. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўришлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Афсуски, айрим вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар гоҳида Асосий Қонунимиз талабларига зид келади. Қайсидир амалдорнинг оғзаки топшириғи ёки кўрсатмаси қонунлардан кучлироқ бўлган вазиятлар ҳам мавжуд. Яқинда мен билан ҳам худди шундай воқеа содир бўлди. Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси Тошкент вилояти бўлими бошлиғининг оғзаки топшириғига мувофиқ менинг қонуний ҳақ-ҳуқуқим бузилди.

Гап шундаки, 2017 йилнинг 6 октябрь куни қонунда белгиланган тартибда Чирчиқ шаҳридан доимий рўйхатдан ўчиб, Қибрай туманига доимий рўйхатга қўйишларини сўраб туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига мурожаат қилдим. «Стол услуг»дагилар айни пайтда доимий пропискага қўйиш номаълум муддатга ёпилганини айтишгач, бўлинма бошлиғининг қабулига кирдим. У айни пайтда Қибрай туманига доимий пропискага қўйиш тўхтатилгани, туман ҳудудининг бир қисми Тошкент шаҳрига қўшилаётгани муносабати билан юқоридан шундай топшириқ борлигини айтди ва зудлик билан Чирчиқ шаҳрига қайтиб, аввалги манзилим бўйича қайта рўйхатдан ўтишим кераклигини, акс ҳолда жарима тўлашимга тўғри келишини билдирди.

Шу ўринда бир маълумот. Фуқаро доимий яшаш жойини ўзгартирганда уч кун ичида кўчиб борган манзили бўйича доимий рўйхатдан ўтиши зарур, акс ҳолда бу ҳолат жарима қўлланишига сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига кўра, паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қизиқ ҳолат. Мен фуқаро сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зиммамдаги мажбуриятни адо этган бўлсаму кимнингдир оғзаки кўрсатмаси туфайли ўзимнинг номимдаги уйга доимий рўйхатда туролмасам?! Яна денг, жаримага тортилишим хавфи бўлса!

Бу вазиятда Қибрай тумани паспорт бўлинмаси бошлиғининг мени айбдор қилишга уриниши ҳаммасидан ошиб тушди. Нима эмиш, Чирчиқ шаҳридан доимий рўйхатдан чиқишдан олдин унга учрашиб, туманга доимий пропискага қўйиш очиқ ёки ёпиқлигини сўраб кетишим керак эмиш. Таажжуб! Бу қоида қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёзилган экан? Мен билган ҳужжат — «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун билан тасдиқланган иловага кўра, Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар — улар Тошкент вилоятида бошқа манзил бўйича доимий прописка қилиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда талаби қондирилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Аммо Тошкент вилоятининг бир туман (шаҳар)идан бошқа ҳудудига кўчаётганда бораётган туман (шаҳар)даги Паспорт бўлинмасига учраб, доимий прописка очиқ ёки ёпиқлигини сўраб, кейин амалий ҳаракатга ўтиш зарурлиги қайд этилган бирорта меъёрга кўзим тушмаган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисида»ги низомга мувофиқ фуқаролар доимий ёки вақтинча яшаш жойида рўйхатдан ўтишлари шарт. Рўйхатдан ўтиш қонунда фақат суд қарорига кўра бекор қилиниши мумкин.

Паспорт бўлинмаси бошлиғига худди шу саволни бердим ва қандай асосга кўра доимий рўйхатга олиш тўхтатилганини сўрадим. У асос сифатида 2017 йилнинг 5 октябрь куни (яъни мен уларга мурожаат қилишимдан бир кун олдин) ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси Тошкент вилояти бўлими бошлиғидан оғзаки топшириқ олганини маълум қилди. Энди ўзингиз хулоса чиқараверинг: қонун устунми ёки оғзаки топшириқ?!

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги «Ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, паспорт тизими қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний миграция фактларига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни комплекс ўрганиш асосида уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш кабилар Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг энг муҳим вазифаси этиб белгиланган. Яъни ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси фуқароларни паспорт тизими қоидаларини ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бузиши, бунинг оқибатида моддий зарар кўриши (жарима тўлаши)га имкон яратиши эмас, аксинча, ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, тизимда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш учун ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг навбатчилик қисмига қўнғироқ қилдим. Бахтимга ўша куни бош бошқарманинг Паспорт бўлимида ишловчи Акмал Тўраев навбатчилик қилаётган экан. Вазиятни тушунтириб, масъулларнинг ҳаракати қонуний ёки ноқонуний экани ҳақида изоҳ сўрадим. У Паспорт бўлинмаси бошлиғига учрашишни тавсия қилди. Унга учраганимни, бироқ муаммо ҳал бўлмаганини айтганимдан сўнг бошлиқнинг олдига бориб, телефонда у билан улаб беришимни сўради. Айтганидай қилдим. Икки ҳамкасб обдон суҳбатлашди. Бу орада бошқармага бир неча марта қўнғироқ қилишимга, паспорт бўлинмаси бошлиғининг хонасига бир неча марта кириб чиқишимга тўғри келди.

Ечим қандай бўлди, дейсизми?!

Доимий пропискасиз юриш оқибатида жаримага тортилишимнинг олдини олиш мақсадида мени ўз уйимга вақтинчалик пропискага қўйишни таклиф этишди.

Натижада 7 октябрь куни елиб-югуриб керакли ҳужжатларни тайёрладим ва вақтинчалик пропискага қўйишлари учун топширдим. Бу ҳужжат 14 октябрь куни қўлимга тегаркан.

Аслида фуқаронинг доимий пропискаси бўлмаса, уни бирор манзил бўйича вақтинчалик рўйхатга қўйиб бўлмас экан. Менда ҳозир худди шундай ҳолат. Аввалги яшаш жойимдан доимий пропискадан чиқарилганман, қонунан менга тегишли бўлган уйга доимий рўйхатга қўйилмаганман. Таъбир жоиз бўлса, ҳозир паспорт тизими қоидалари бўйича аросатдаги, яъни йўқ одамман.

Оғзаки топшириқ бекор бўлгач, вақтинчалик пропискам доимийга айлантириладими? Бу саволга Қибрай тумани паспорт бўлинмаси бошлиғи: «Шубҳасиз, агар Сиз сотиб олган уй туман ҳудудида қолса биз, башарти шаҳарга қўшилиб кетадиган бўлсак, Тошкент шаҳри туманларидан бирининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан доимий рўйхатга қўйиласиз», деб жавоб берди. Мен эса барибир доимий рўйхатга қўйишаркан, нега бунча овора қилишганига, вақтинча пропискага қўйиш учун ортиқча сарф-харажат қилдиришганига ҳеч тушунолмадим.

Юқорида бир фуқаро ўлароқ Конституция ва қонунларимизда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларим бузилаётганини борича тасвирладим. Умид қиламанки, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти мени қийнаётган муаммо оқилона ечим топиши ва келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирларни кўради. Зеро, давлат идоралари халқимизни сарсон қилиши эмас, балки Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак.

Жамшид Ниёзов
Ушбу мақола «Жамият» газетасининг 41 (573)-сонида чоп этилган

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>