• Бугунги сана: Wednesday, January 18, 2017

Ўғрилар (детектив ҳажвия)

mashina_ogrisi

Рисолат ишга кетаётиб, гараж эшиги очиқлигини кўрди-ю, юраги шув этди. Кўнгил қурғур чатоқ-да, уни дарров хавотирга солди. “Нега очиқ? Ким кирган бўлиши мумкин?” – деб ўйлади у. Эри ҳали ишда бўлса! Ёки келганмикан?.. Йўқ, агар келганида аввал уйга кирган бўларди.

Рисолатнинг юраги аввалига дов бермади, аммо “мол аччиғи – жон аччиғи”, деганларидек, секин гаражга яқинлашиб, ичкарига қулоқ тутди. Ичкаридан кимдир минғирлар, нималардир дерди.

“Икки киши бўлса керак, энди нима қиламан?” – деб ўйлади Рисолат. У атрофга назар ташлади. Аксига олиб, ҳеч ким кўринмас, қўни-қўшнидан дарак йўқ эди. Рисолат гараж эшигини шартта ёпиб, қулфлашни режа қилди, бироқ қулф йўқ, афтидан ўғрилар уни ичкарига олиб кириб кетган эди. “Профессионал” ўғриларга ўхшайди яшшамагурлар!

Рисолат сумкасидан телефонини олиб, эрига қўнғироқ қилди. Афсуски, Одилнинг телефони ўчирилган эди. Рисолатнинг жаҳли чиқди. Одил телефонини атайин ўчириб қўйган: эр-хотин икки кундан буён гаплашишмайди.

– Ким бор бу ерда, ҳой? – деди Рисолат овозини таҳдидли оҳангга ўзгартириб, гараж ичкарисига қарата бақираркан. – Тез чиқ, ҳозир овчаркамни қўйвораман!

Бунга жавобан ичкаридаги одам типирчилаб қолди. Нимадир ғийқиллади.

Рисолат сумкасида нималар борлигини чамалади: ашқол-дашқоллардан ташқари бир литрлик банкада тушлик учун шўрва солиб олган. Шунинг ўзи ўғридан ҳимояланишга етади.

Рисолат сумкасини қўлида маҳкам ушлаганча нимқоронғи гараждан ичкарига кирди, аммо кўзлари ғира-ширага кўниккунича қандайдир шарпа унга яқинлашди. Рисолат орқага тисланди-да, сумка билан унинг нақ қаншарига туширди. Ўғри инграб, машинанинг орқа томонига қочди. Рисолат эса ташқарига қочиш ўрнига ўзини дадил сезиб, унга етиб олди ва машинанинг очиқ турган юкхонасига итариб юборди. Ўғри шалоп этиб, юкхонага кириб кетди, юраги гурсиллаб ураётган Рисолат эса шартта юкхонани ёпди.

– Мана шу багажда димиқиб ўл! – овози бўғриққан Рисолат шундай дея телефонининг фонарини ёқди-да, гараж қулфини топди. Кейин ташқарига чиқиб, эшикни қулфлади. Сал енгил тин олди.

Бунгача юкхонадаги ўғри фақат ғўнғиллаб, нималардир дерди.

– Соқов бўлса керак, раҳми келсин деб ғўнғиллаяпти! Бекорини айтибди! – деди Рисолат.

У чуқур-чуқур нафас олиб, милицияхона томон одимларкан, яна эрига қўнғироқ қилди. Одилнинг телефони ҳалиям ёқилмаган эди.

– Бир аразласа, тилдан қолади, – деди хуноб бўлиб Рисолат. – Мен бу ёқда ўғрилар билан олишиб ётибман, у эса ҳалиям ишхонасида ўтирибди.

Рисолат ўйланиб турди-да, бошқа рақамга қўнғироқ қилди:

– Алё, Зойир ака, ассалому алайкум, яхшимисиз?.. Мен Рисолатман… Хўжайинимнинг телефони ўчган экан. Билмайсизми, у киши уйга кетганми?

– Йўқ, у шу ерда, – деб жавоб берди Зойир. – Одил энди уйга бормаскан, келин. Шу ерда мазза қилиб юраман, деяпти.

Рисолатнинг тепа сочи тикка бўлди:

– Телефонни беринг, бир гаплашай.

– Гаплашмайман, деяпти, тошингизни тераркансиз, – деди Зойир.

– Унда айтиб қўйинг…

Зойир Рисолатнинг гапини охиригача эшитмай, телефонини ўчириб, уни баттар хуноб қилди. Рисолат йиғлагудек бўлди. Кейин сумкасига кўзи тушиб, додлаб юборди. Сумкасининг тагидан сизиллаб шўрва оқа бошлаган эди. Рисолат уни очиб, банка синиқларини оларкан, бир чеккага ташлади. Шу пайт телефони жиринглай бошлади.

– Э, келмайсизми, Рисолат? – деди нариги томондан директор опа. – Қанақа педагогсиз? Масъулият ҳис қиласизми ўзи? Ўқувчиларингиз мактаб ҳовлисидаги музда яхмалак учиб юришибди. Бу қандай гап?

– Ҳамрохон опа, мен боролмайман, – деди Рисолат. – Бизнинг гаражга ўғри тушган.

– Нима?! Машинани олиб кетишибдими?

– Хайриятки, йўқ. Ҳозир милицияга хабар қилай, кейин ғизиллаб бораман!

Ҳамрохон опа бўш келмади:

– Сиз ғизиллаб келгунча бирорта ўқувчи музда йиқилиб, бўйнини синдирса нима бўлади, Рисолат? Кошки гапга кирса экан булар! Ўғри машинангизга тегмабди-ку! Олса, сим-пимни олгандир! Қачон келасиз?

– Ҳалиям вақтида билиб қолдим, Ҳамрохон опа. Шартта бўйнидан қисиб, багажга тиқдим…

– Унда тез келинг!

– Бораман-бораман! Бирорта ўқитувчи дарс ўтиб турсин, опа.

– Ҳой, ким ўтади сизнинг дарсингизни, тавба? Ўғри багажда бўлса, келиб дарсингизни ўтаверинг! Багажни ёриб чиқиб кетмаса керак, ҳойнаҳой?! Кейин милиция билан бирга бориб очасизлар!

– Ҳамрохон опа, нега тушунмаяп…

– Айтгандай, кассир пулга кетди, маош тарқатамиз.

Директор опанинг охирги гапи Рисолатни жойида михлади-қўйди. Унинг хаёлини бир зумда бошқа мулоҳаза кесиб ўтди: ростдан ҳам… ўғри машина юкхонасида бўлса, милиция билан кейинроқ бирга келса бўлади-ку!

Рисолат ортига бурилиб, қадрдон мактаб томон шошди. У мактабни, болаларни яхши кўради, шу билан бирга… маошни ҳам!

Бу ёқда – шифохонада эса Зойир телефони жиринглашини кутиб ўтирар эди. Ошнасининг гапларини эслаб, тўлғоқ тутган хотиндек бесаранжом эди у.

– Менга қара, хотин билан ҳадеб уришаверсанг, ўрганиб қоласан, – у дўстига доим шундай дейди. – Аразлашиб юриш муддати уч кун, биласанми шуни?!

– Ҳали икки кун бўлди, – деб жавоб берди Одил. – Қолаверса, менинг айбим йўқ. Зойир… энди-и-и… сендан бир илтимос…

Зойир ошнасининг гапини охиригача эшитмай, бошини сарак-сарак қилди:

– Илтимос-пилтимосни билмайман. Телефонингниям ёқиб қўй. Қачонгача иккалангнинг ўртангга тушиб, ёлғон гапираман, Одил? Мени гуноҳга ботирма.

– Бу – охиргиси! – илтижо оҳангида гапирди Одил. – Билиб қўй: дўст дегани бошга оғир кун тушганида билинади.

– Сен фалсафа сўқима! Жонга тегди. Ҳар ойда хотининг билан албатта жанжаллашасан!

– Фалсафа сўқиганим йўқ. Рисолат телефон қилганида, мени, мана, ёнимда ўтирибди, сиз билан гапиришни хоҳламаяпти, десанг бўлди, Зойир!

– Мени гуноҳга ботирма, дедим.

– Эртанги тушлик менинг ҳисобимдан!

– Қанақа тушлик? Сен машинангни ҳайдаб келишга зиқналиқ қиласан-у…

– Хоҳлаган жойингга бориб, тушлик қиламиз.

– Мени тушликка сотилади, деб ўйлайсанми?

– Эллик-эллик оламиз.

– Ким деб ўйлаяпсан мени?

– Шашлик ҳам еймиз. Кускавой!

– …Э, қўймайдинг-қўймадинг-да! Бўпти, қўлни ташла!..

Хуллас, икки ошна ўртасида шундай гаплар бўлиб ўтди. Энди эса… вақт тушликка яқину, Одилдан эса дарак йўқ. Зойир неча марта қўнғироқ қилди – телефони ўчган. Навбатчиликни топширгач, уйга бориб, машинамдан хабар оламан, кейин бирга тушлик қиламиз, девди хумпар!

Зойир қорни таталаб кетганига чидай олмади – Рисолатга қўнғироқ қилди. Рисолат ҳадеганда жавоб бермади. “Дарсда бўлса керак, – деб ўйлади Зойир. – Аттанг, эрини боплаб сотмоқчи эдим-а!..”

Одилнинг гўрига ғишт қалаган Зойир энди ўрнидан қўзғалган эди, ногоҳ ўзининг телефони жиринглаб қолди. У телефон мониторига қараб, кўзлари порлаб кетди. Дарҳол яшил тугмачани босди:

– Оғайни, йўлдамисан? Агар икки дақиқа кечикканингда сени бир умр кечирмасдим.

Одилнинг гаплари эса мутлақо тушуниксиз чиқди:

– Меши ази чшатти, тшш клшш… ази чшатти, ази…

– Нима? – тушунмади Зойир. – Зимбабве, дейсанми?

Телефондан яна алламбалолар эшитилди.

– Э, бўпти, келмасанг келма, – деди жаҳл билан Зойир, кейин телефонининг қизил тугмачасини босди. У шифохона ошхонасига тушиб, ярим коса шўрва буюрди. Шўрвадан бир қошиқ олиб, энди ичмоқчи эди, СМС келгани ҳақидаги товуш янгради. Зойир телефонидаги хабарни эринибгина ўқиди-да, бир зум боши қотиб қолди. Кейин ўрнидан турди.

Орадан ярим соат ўтиб-ўтмай, Зойир гараж олдида турарди. У Рисолатнинг телефонига қайта-қайта қўнғироқ қилди. Қани энди Рисолат жавоб берса! Яна СМС келди: “Қулфни буз”.

Зойир гараж тирқишидан бақирди:

– Ўв, ростдан ҳам ичкаридамисан? Агар ҳазиллашаётган бўлсанг, бир умр кечирмайман, билиб қўй!

Навбатдаги СМС келди: “Тезроқ бўл! Димиқиб кетдим”.

Гараж қулфини тош билан бузгунича Зойир бечоранинг қўллари шилиниб кетди. У ўзи танимаган ўғрини болохонадор қилиб сўкишда давом этарди:

– Эгасини багажга тиқишга тиқибсан, гаражни нега қулфлаб кетасан, эшак! Кейинроқ келиб, ҳайдаб кетаман, деб ўйладингми, мол? Бефаросат каламуш!

Бу пайтда дарсини ўтиб бўлиб, маошини ҳам олган Рисолат милицияга югуриб келган эди. Ариза берди. У ердан оператив гуруҳ билан бирга қайтди, аммо узоқдан гараж эшиги очиқлигини кўриб, йиғлаб юборди.

– Вой, аллақачон ўғирлаб кетишибди, – шундай деди-ю ҳушидан кетди.

– Жиноятчи ҳали ичкарида бўлишиям мумкин, – деди майор оператив ходимларга. – Эҳтиёт бўлинглар, балки у қуроллангандир. Менинг буйруғимсиз ўқ узилмасин!

Гараж атрофи тезда ўраб олинди. Кейин аста-секин яқинроқ бора бошлашди. Оператив ходимлардан бири махсус дурбин билан ичкарига қараб, майорга иккинчи ва учинчи бармоқларини кўрсатди. Бу – “ўғрилар икки киши”, дегани эди. Янада яқинроқ бордилар. Ичкаридан ҳорғин овоз эшитиларди:

– Ғўнғилламай юра қол энди, қорин таталаб кетди.

Икки ошна ташқарига чиқар-чиқмас оператив гуруҳнинг барча қурол-аслаҳалари уларга тўғриланди. Зойирнинг ҳам, Одилнинг ҳам кўзлари пиёлай-пиёладай бўлиб кетди ўзиям…

Рисолат ҳушига келгач, милицияхонага югурди. Буёғи худди “Иван Васильевич…” киносидагидек кечди.

– Қанақасига эрингиз? – ҳайрон бўлди майор. – Эрим ишда, дегандингиз-ку!

– Ҳа… ишда…

– Бундан чиқди, эрингиз иккита экан-да?

– Вой, шунақага ўхшайди.

Майор, бу аёл жинни бўлиб қолибди, деб ўйлади-да, Одилга юзланди:

– Сиз нима қилиб ўтирувдингиз юкхонада? Шунча одамни овора қилдингиз! Бизни ишдан қолдирдингиз!

– Мен… мен… – тутилиб, зўрға гапирди Одил. – Эрталаб гараждан… шунчаки хабар олиб, кейин уйга кирмоқчи эдим. Бирдан оғзимга ари кириб кетди. Киргани майли, тилимдан чақиб олса бўладими, командир! Тилим шишиб, оғзимга сиғмай қолди. Токи ғўлдираб, ўзимга келгунимча гаражга кимдир кириб, бошимга банка билан туширди. Тўппа-тўғри машинанинг юкхонасига кириб кетибман. Ғира-шира эди, мени юкхонага тиққан хотиним эканлигини қаердан билай, командир? Унинг ўзини ўғри деб ўйлабман, кейин телефонимни зўрға ёқиб, ошнамга хабар юбордим.

– Ҳали ўша ошнангиз ҳам жавоб беради.

– Унинг айби йўқ, командир, – деди Одил, кейин хотинига ишора қилиб деди: – Майлими, мана бу гувоҳсиз гаплашсак?

Майор ҳайрон бўлди:

– Хотинимсиз гаплашамиз, демоқчимисиз?

– Ҳа, айрим деталларга аниқлик киритмоқчи эдим.

Рисолат чиқиб турди. Майор, яна қандай кулгили тафсилот бор экан, дегандек Одилга тикилди:

– Хўш, деталларингизни айтинг-чи?!

– Нима десам экан?.. Энди ҳар бир оилада бўлади-ку, иқтисод, жамғарма деган гаплар. Мен ҳам шундай қилмоқчи эдим, командир. Бунга кўп вақт бўлгани йўқ. Машина ҳайдашни яхши билмаганим учун гаражда туради. Яна… нима десам экан? Мен ҳар ойда… маошимдан озроқ яшириб, багажда сақлардим. Ҳаммаси ана шу ишим туфайли бўлди, командир. Мени кечиринг. Сизда ҳам шундай бўлса керак? Хотиндан пул яшириб турсангиз керак, командир?

Майор кулимсираб бош чайқади:

– Тўғри, хотинидан пул яширмайдиган эркак йўқ, аммо менда бунчалик ҳангомалар рўй бермайди, дўстим… Эҳ, ўғрилар, ўз мулкининг ўғрилари!

Ташқарида кутиб турган Рисолат ичкарига қулоқ тутар, Одил эса энди пулларини қаерга яшириш мумкинлиги ҳақида бош қотирарди.

Анвар Намозов

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>