• Бугунги сана: Yakshanba, Mart 26, 2017

«Одамлар, мен ўсаяпман»

Уч ёшлардан бошлаб болаларнинг «мен ўзим», даври бошланади. Оилада катталарнинг бу пайтдаги бурчи болани «ўзим қиламан» деган ишидан қайтармасликдан иборат бўлиши керак. Агарда ёрдам берар экансиз бу ёрдамни иложи борича болага билдирмасдан, унинг шахсини камситмасдан, шахсий ҳуқуқларини паймол қилмасдангина бериш мумкин. Аммо, бирор ишни ман қилсангиз сиз йўқ пайтни пойлаб, бу ишни мустақил бажаришга у албатта уринади.

Мана мисол: Нодирнинг онаси кечки пайтда тикиш-бичиш ишлари билан банд. Нодир уйга яқинда олинган каттагина қайчига қизиқиб қолди. қайчи қўлингни кесади, деб ундан онаси қайчини олади. Бола бошқа ўйинга киришади, лекин қайчидан кўзини узган эмас. Қарабсизки, бироздан кейин Нодир қайчини олиб, янгигина кўйлакнинг енгини кесиб ўтирипти. Демак, боланинг бирон ишни яширин қилганидан сизнинг кўз олдингизда бажаргани афзал. Бу ўринда Нодирнинг онаси унга қайчини ва бирон нокерак латтани бериб, «ма, кесиб кўр, қўлингни кесиб олишинг мумкин», деганида янги кўйлакнинг енги кесилмаган бўлар эди.

 Бу ёшда болалар ниҳоятда тақлидчи бўлишади. Шу билан бирга ўта ишонувчан ва диққатларини бир жойда кўп ушлаб туролмайдиган бўладилар. Шунинг учун болалар бу ёшда ҳар бир қулай пайтда катталарга тақлид қилишга уринишади. Демак, катталар бундан болани керакли нарсаларга ўргатишда ижобий фойдаланишлари керак.

Шаҳардан қишлоққа келган Даврон отни кўрди-ю, табиийки, унга минишга шошилди. Катталар миндириб ҳам қўйишди, шаҳардан келган бола, йиқилиб қолмасин, деб отни етаклашди ҳам. Аммо Даврон отни ўзи минмоқчи. Катталар отнинг юввошлигини ҳисобга олиб, қўйиб беришди. От секин бурилиб охур олдига келди ва емиш ейишга киришди. Даврон отни бошқа томонга буришга кўп ҳаракат қилди, аммо натижа йўқ, катталар эса кетган. Мана, Давроннинг сўзлари «Тулпоржон, илтимос сендан, юрсанг-чи».

Тўрт яшар Маҳмуднинг онаси оғир касалланиб қолди. Бола ўз ўйинчоқлари билан хонанинг бир бурчагида ўйнаб ўтирипти. Бувиси Худодан илтимос қилиб касал ётган Саломатнинг тузалиб кетишини сўрамоқда. Мана, хона жимжит. Бирдан жажжи Маҳмуднинг «Саматга Худой, Саматга Худой» деган овози эшитилади. Бувиси Маҳмудга «Маҳмуд, нима деяпсан деса, Самат тузалсин деяпман», деб жавоб берди.

Болалар одатда сўзларни ўзига хос қилиб қизиқ-қизиқ шаклларда айтишади. Мана, бу ҳолда ҳам Маҳмуд онасининг исми Саломатни Самат деб талаффуз қилмоқда ва бувисининг “Худоё Саломат тузалиб кетсин” деган сўзларини ўзлаштирироқ айтмоқда.

Болажоннинг дилидан ва тилидан отилиб чиққан бундай меҳрибончиликдан ҳар қандай бемор она ҳам соғайиб кетади-да, ахир.

Тақлид, мактаб ёшигача бўлган болаларнинг хулқида алоҳида ижобий, ҳаётий тажриба орттириш, бирон нарсани ўрганиш усули сифатида алоҳида ўрин тутади. Бунга яна бир мисол. Ҳозиргина ташқаридан сайр қилиб келган Нодир дадасининг ўртоқлари сигарета чекканини кўрган. Оғзида бир қалам, хонада «пуф», «пуф» қилиб юрипти. Ойиси, «Нодир, нима қилаяпсан» деса «сигарета чекаяпман» дейди.

«Сигарета чекиш яхши эмас, уни баъзи катталар чекади, буни сен қилмагин». Бу гап Нодирга тушунарли бўлди шекилли, унинг дадаси ҳам чекмайди, қаламни оғзидан чиқариб бошқа ўйинга киришиб кетди.

Болага атайлаб айтилган вазхонликлардан мана шу айни ўз ўрнида айтилган кичкинагина танбеҳ, ҳатто танбеҳ ҳам эмас, сигаретанинг зарари ҳақидаги кичкинагина сўз жуда катта аҳамият касб қилади.

«Болали уй бозор», бу иборани ҳар бир ўзбек хонадони яхши билади. Аммо болали уйдаги алоҳида бир руҳият, муҳит бўлишини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз.

Кўпчилик оналар ўғли ёки қизининг ўйинчоқларини ўзлари йиғиштириб бундан нолиб юришади. Бундай оилада биз аминмизки, катталарга тааллуқли нарсалар ҳам вақти-вақти билан йиғиштирилади. Шунинг учун болангизга уйингиздан алоҳида бир бурчак, ўйнайдиган жой ажратишни унутманг, бу уни тартиб ва саранжомликка ўргатади.

Одатда болаларга хом сув ичма, ётиш олдидан тўшакда конфет ёки бирон нарса ема, деймиз.

Мана, ётишдан олдин онасининг олдига «яхши ётинг» дейишга келган Нодир онасининг китоб ўқиб ўтирган ҳолда бир нарса чайнаб ўтирганини кўриб, қўлчасини дўлайтириб «ётиш олдидан бир нарса ейиш яхши эмас», деб кетаяпти.

Бу билан биз демоқчимизки, оилада бола тарбияси алоҳида бир мажбурият, алоҳида бир бурч эмас, у доимий фаолият. Шундай экан, болага ман қилган нарсани ўзингиз ҳам ҳеч вақт қилманг ёки болага унинг имкониятлари бу ишга тўғри келмаслигини очиқ тушунтиринг. Бу ўринда бола ҳали кичкина, бу ишни тушунмайди деб ўйлаган ота-оналар катта хато қилишади. Болалар ҳам бизлардай одам, фақат уларда имконият, билим, ҳаётий тажриба камроқ, холос.

Биз, ота-оналар болаларимиз ёнида улар ҳали оёққа турмаган пайтлардагина ўта зарурмиз. Оёққа туриб қадам босган бола мустақил ҳаётга қадам қўйди, деяверинг. Шундай экан, болани оилада мустақил ҳаётга унинг ёшлигидан ўргатиб борган маъқул.

Рўзғор ишлари билан куйманиб юрган она Нодирнинг батафсил, бафуржа қуролланганига назар солди. Нодир ташқарига ўйнашга чиқиб кетди ва бироздан кейин қайтиб келди.

«Мени болалар ўйинга қўшмаяпти».

Мана бу вазиятда одатда баъзи оналар деразадан қарашади-ю «ҳой болалар, бизнинг Нодирни ҳам ўйинга қўшиб олинглар, нимага қўшмаяпсилар», дейишади ва ўз боласига «бор энди қўшишади», деб чиқариб юборади.

Нодирнинг онаси эса ўғлига «ҳар ким бошқалар билан ўз муаммосини ўзи ҳал қилиши керак, болалар билан ўзинг келишиб ўйна», деди.

Воқеанинг бундай кечишидан балки кимдир Нодирнинг онасида қаттиққўлликни кўрар. Аммо Нодирнинг келгуси ҳаёти учун бу қаттиққўллик эмас, ҳаётга тайёрлаш. Деразадан боласини ўйинга қўшиб олишларини сўраган она кейинчалик унинг ўғлини катталар катта ҳаётий «ўйинларга» қўшмаганларида доим у билан бирга юра оладими, гап ана шунда.

Нодир уйда бироз айланиб яна ташқарига чиқиб кетди. Қисқа вақт ўтиши билан онаси деразадан ҳовлига қараса Нодир болалар билан апоқ-чапоқ ўйнаб юрар эди.

Болани мустақилликка ўргатишни фалон пайтдан ёки фалон йилдан бошлаб бўлмайди. Шунинг учун бола мустақил қадамини унинг ўзи «мен ўзим» деган дақиқаданоқ бошлашга имконият яратиб бериш керак, холос.

Бола илк бор қошиқни ушлаб «мен ўзим» деса, қўйиб беринг, тўкса бирон қошиқ тўкар, аммо агар тўкмасдан ўз ошини ичса, унинг қувончига шерик бўлинг, чунки сизнинг фарзандингиз ўсаяпти.

Шу ўринда оила муҳитига ниҳоятда катта таъсир қилувчи, умуман илмий адабиётларда ҳам турли мунозараларга сабаб бўлган ва бўладиган масалалардан бири – «болага қачондан бошлаб унинг шахсий харажатларига пул бериш мумкин», деган масала.

Руҳий муҳити соғлом оилаларда бу масала алоҳида муаммо бўлиб ўртада турмайди. Чунки мол-мулк, пул-харажат оилада аёл ва эркакнинг умумий розилиги, яъни, бизнинг Шарқ оилаларида оталар, яъни эркакларнинг изн ва ихтиёрларида бўлади. Бу деган сўз аёллар пул-харажат масалаларидан бутунлай четлатилган, деган гап эмас.

Одатда, нақд пул оилада онанинг қўлида бўлиб, эркаклар хоҳлаганича олиб харажат қилишади. Шу билан бирга катта харажатлар албатта, бамаслаҳат қилинади, майдалари эса эркакларнинг бурчи саналади. Чунки бозордан юк кўтариб юришлар аёлларга оғир.

Биз бу мулоҳазаларни атайлаб ҳозир қисқа ва зарурат учун келтирдик, холос. Чунки ҳозирги мавзумиз болага қачон ва қанча пул беришда.

Болангиз пулга қизғанчиқ бўлиб ўсмасин десангиз ундан пулни яширманг. Шу билан бирга у ёшлигидан сизнинг савдо қилган пайтларингизни кўрсин. Демак, у билан бозор, магазинларга бирга чиқишни унутманг. Албатта, бола бозор ёки магазинда бирон нарсани кўриб, олиб беринг, деб хархаша қилиши мумкин. Шундай пайтда пулингиз ҳозирча етмаслигини айтинг. У албатта, пайти келиб катталар пулни қаердан олишини сўрайди. Сиз ўшанда ишлаб топишингизни айтасиз. Бунинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта бўлади.

 

Оилада болага пул муомаласини ўргатишда эҳтиёт бўладиган томон шундаки, пулни болага зарурият туғилганда бир киши бергани маъқул. Агарда бола бирон маротаба, айтайлик музқаймоқ олишга пулни онасидан бир ва дадасидан бир ундирса, шу заҳотиёқ бундай имкониятни у абадий ёдига сингдиради. Ва ҳар бир иложи топилган пайти ҳар иккаласидан пул ундиришга ҳаракат қилади.

Бу ўринда, баъзи ҳолларда учраб турадиган, болага дадасидан яшириб пул берувчи оналар ўз болаларига яхшилик қилаяпти, деб айта олмаймиз. Умуман ҳар қанда яширинча қилинган ишнинг болага салбий таъсир қилишини унутмаслик керак.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

Tafsilot.uz маълумоти:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>