• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Обуна

Ҳатто университетда ўқиётганимда ҳам тамаки чекишимни дадамга сездирмасликка уринар эдим. Сигаретни уйга олиб киришдан чўчиб, уни квартирамизнинг почтачилар газета ташлаб кетадиган пастдаги қутисига яширардим, қутининг калити доим чўнтагимда юрарди. Газета-журналларни вақтида уйга олиб кириб қўйганим учун уйдагиларнинг бу қути билан ишлари бўлмасди.

Бир куни дадам ишдан жуда эрта қайтиб, подъездимизга кираётса, бешинчи қаватда турадиган Раҳим ака ўзига тегишли почта қутисини очаётган экан. Дадам: “Бизникиниям очиб кўринг-чи, балки калитингиз тушиб қолар”, дебди.

Раҳим ака калитни солиб бураса, қарангки, мос келиб турибди-да. Қути очилгач, дадам газеталарни олаётиб, сигаретни кўрган, албатта. Аммо индамай қутини яна қулфлаттириб қўяверган.

Ўқишдан қайтиб келсам, дадам ёзув машинкасида ишлаб ўтирган экан. Мени кўрибоқ шундай деди:

— Баҳромбой, чиқиб почта қутисини қара-чи, обуна бўлган сигаретларимни ташлаб кетишдимикин?!

Баҳром Обиджонов

Tafsilot.uz маълумоти:

Баҳром Обиджонов — 1970 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. 1993 йили Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Фаолиятини “Оила ва жамият” газетасида бошлаган. “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталарининг бош муҳаррири бўлган. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси.

Баҳром Обиджонов таниқли адиб, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг тўнғич фарзандидир. Юқорида ҳангома унинг “Қизиқ гаплар” номли китобидан олинган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>