• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Нью-Йоркдаги теракт ижрочиси ўзбекистонлик эканидан уялишимиз керакми?

Бугун тонгдан дунё жамоатчилиги эътибори АҚШнинг Нью-Йорк штатига қаратилган. Манхэттенда номаълум шахс велойўлакдаги одамларга юк машинасини бостириб бориши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди.

Гувоҳларнинг маълум қилишича, машина велойўлакдан бурилиб, мактаб автобусига ҳам урилган. Шундан сўнг жиноятчи автомобилдан травматик тўппонча ва пейнтбол учун қурол билан чиқиб келган. Яқин атрофда бўлган полициячи унга ўқ узиб яралаган. Ҳозирда мазкур шахс қўлга олингани ва касалхонага етказилгани билдирилмоқда.

31 октябрь, сешанба, маҳаллий вақт билан 15:05 да (Тошкент вақти билан 00:05) рўй берган ушбу ҳодисани Нью-Йорк мэри Билл де Блазио теракт деб атаган. Воқеа юзасидан жаҳон оммавий ахборот воситаларида пайдар-пай янги тафсилотлар чиқиб турибди.

Сўнгги маълумотларга кўра бу ишни ўзбекистонлик 29 яшар Сайфулло Саипов содир этганлиги гумон қилинмоқда. Аниқланишича, у 2010 йили Грин-карта — «Diversity Immigrant Visa» («Турли миллатдаги муҳожирлар учун визалар») дастурида ғолиб чиқиб, Ўзбекистондан АҚШга келган ва Флорида ҳамда Нью-Жерсида яшаган. Унинг шу кунгача «Uber» компаниясида ҳайдовчи бўлиб ишлагани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Манхэттенда юз берган теракт акс этган видеотасвирлар тезлик билан тарқалмоқда. Уларни ҳодиса жойида бўлган гувоҳлари интернетга жойлаган. Шунингдек, видеоларнинг бирида одамларни босиб кетган юк машинаси ҳайдовчисининг қўлга олиниши жараёнини ҳам акс этганини кўриш мумкин.

Теракт ижрочиси ўзбекистонлик экани ижтимоий тармоқларда одатдагидек қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Аксарият фойдаланувчилар бу ҳодисадан афсусда эканини билдиришмоқда. Фикр билдираётганлар орасида террорчини лаънатлаётганлар, унинг ўзбекистонлик эканидан ор қилаётганлар, бу иш ўзбеклар учун иснод бўлганини айтаётганлар ҳам талайгина.

Бундай ҳолат аввал ҳам кузатилганни қайд этиб ўтиш жоиз. Хусусан, Гулчеҳра Бобоқулова деган самарқандлик бир аёл Москвада ўзи энагалик қиладиган бир қизчанинг бошини кесиб, омма олдида кўтариб юрганида қўлга олинганда интернетнинг ўзбек сигменти «портлаган», кўпчилик бу «Ўзбекистон номига яраша иш бўлмаган»ини таъкидлаган эди. Бу борадаги фикрларга жавобан сайтимизда «Жинояти учун ҳар ким ўзи жавоб берсин!» номли мақола эълон қилинганди.

Шу йили Истамбул, Стокгольм ва Санкт Петербургда келиб чиқиши ўзбекистонликлар томонидан содир этилган террорчилик актларини ёритган жаҳон оммавий ахборот воситаларидаги тафсилотларни таҳлил қилар эканмиз, ҳодиса ҳақида холис хабар тарқатиш ўрнига теракт ижрочисининг миллати ва келиб чиқишига урғу берилганини кўриш мумкин. Бунинг оқибатида ўзбекларга қарши кайфият ўзгарган, кейинчалик Марказий Осиёлик бўлган ёки ташқи кўриниши ўша ҳаракатни содир этганларга ўхшаш бир қанча инсонлар кўча-кўйда оломан томонидан қаттиқ калтакланган, теракт алами бегуноҳ одамлардан олинган эди. Демак, террорчининг миллати бор экан-да…

Сайтимизда эълон қилинган «Террорчининг миллати бор» номли мақолада Одам алайҳиссалом авлодларининг нега бу қадар худкушлик, манфурлик, шафқатсизлик ва жоҳиллик йўлини била туриб танлаётгани ҳамда бу танловни вужудга келтиришга сабаб бўлаётган омиллар атрофлича таҳлил қилинади. Муаллиф чиройли гаплар ва терроризм шаънига тавқи лаънатлар ёғдиришдан, Ватан хоинлари деб ҳукм чиқариш каби умумий гапларни четга суриб қўйиб, террорчиларни вужудга келтираетган, террор дарахтининг илдизини сугораетган омилларни таҳлил қилиб кўришга чақиради.

Мақолани ўқиш учун ушбу ҳаволага ўтинг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>