• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Нойер каби ўйна(ма)! «Бавария» дарвозабони қандай қилиб либерога айланди?

Баъзилар Нойерни асримизнинг энг яхши дарвозабони ва афсонавий Оливер Каннинг муносиб вориси деб аташади. Бу фикрга Сиз ҳам қўшилсангиз керак. Ҳар ҳолда уни сайёрамизнинг биринчи рақамли дарвозабони деб ҳисобламасангиз-да, энг зўрларидан бири эканини тан олсасиз, албатта. Аммо голкиперлар орасида ўзига хос ўйини юбилан ажралиб турадиган Мануэлни нафақат Каннинг, балки Беккенбауэрнинг ҳам вориси деб аташ мумкин. Нега дейсизми? Жиндай сабр қилсангиз, буни билиб оласиз.

«Балки хавфли қарши ҳужумга гувоҳ бўлармиз!? меҳмонлар ҳужумчиси узоқдан ошириб берилган тўпни моҳирона эгаллаб, рақиб дарвозаси томон шитоб билан бормоқда. Боатенг ва Бадштубер орқада қолиб кетишган. Бирга бир вазият!… О… Мануэл Нойер унинг йўлига тўғаноқ бўлди. Унинг давозасидан қанчалар олисга чиқиб кетганига бир қаранг!»

«Нойер жарима майдонига ошириб берилган тўпни хотиржамлик билан эгаллаб олди. У тезда тўпни қўли билан шериклари томон улоқтирди… Кимга? Ҳаа, Франк Риберига оширган экан. Қўли билан отган тўйпи майдоннинг ярмидан ўтиб кетганини кўряпсизми? Энди «Боруссия» ҳужумчилар зудлик билан ҳимояга қайтишларига тўғри келади. Улугришармикан?!».

«Пирло тўпни Кассанога оширди. Ўйиндан ташқари ҳолат йўқ, ахир ҳужумчи тўпни майдоннинг ўз жамоаси жойлашган қисмида эгаллаб олганди-да. Йўқ, Антонионинг юриши ўхшамади. Ҳимоячиларни доғда қолдирдим деб ўйлашга улгурмасидан қаршида Нойер пайдо бўлса бўладими? Майдоннинг марказигача чиқиб борган дарвозабон Германия термаси ҳисоячиларининг жонига ора кирди».

Шарҳловчиларнинг ўйин пайтларидаги шарҳидан олинган юқоридаги жумлаларда Нойер фамилияси тилма олинмаганда ҳам кўпчилик гап ким ҳақида кетаётганини англаб олиши шубҳасиз. Ҳатто бу ўйинни кўришмаган бўлишса ҳам. «Youtube»га оддийгина Мануэль «Нойер sweeper» («sweeper» —инг. «тозаловчи» дегани) деб қидирувга берсангиз кифоя. Чиқиб келган видеоларни кўриб, гап нимадалигини тушунасиз-қўясиз. Ёки германиялик футболчининг ўйинларидан иккитасини кўрсангиз, у ҳақда тўлиқ бўлмаса-да, етарлича тасаввурга эга бўлишингиз мумкин. Гарчи дарвозасини, жарима майдончасини тез-тез тарк этиб, ғайриоддий қилиқлари, ноодатий ўйинлари билан ажралиб турса-да, у бирибир замонамизнинг энг яхшиларидан бири бўлиб қолмоқда.

«Даҳо, миллиардер, саховатпеша»

«Қасоскорлар» фильмида олинган ушбу иқтибосни эслайсизми? Тони Старк зирҳли кийимисиз ким эканига жавоб бераркан, худди шу иборани тилга олади. Нойерни энг ёрқин, барчага маълум фазилатлари ва сифатларидан маҳрум қилган тақдирда, унга нисбатан ҳам Старкнинг иборасини ишлатса бўлади.

Ўтган мавсумда Мануэл Германия чемпионатида 32 марта майдонга тушиб, шундан 20 та ўйинда дарвозасидан гол ўтказиб юбормади. Мавум давомидаги кўрчаткичи ҳар бир ўйинга ўртача 0,56 та голга тенг бўлди. Бу билан аввалги мавсумдаги натижасини янада яхшилади. Нойернинг дарвоза чизиғида амалга оширга сейвлари 73 фоизни ташкил этади — бу тахминан Де Хеа ва Куртуа даражасига тенг дегани. Бундан ташқари, у тўпга чиқишда жуда ишончли ўйин намойиш этади: бу борадаги ҳаракатларининг 90 фоизидан ортиғи муваффақиятли бўлган. Яна бир жиҳат: Мануэлнинг дарвозасига тез-тез жуда чиройли голлар уриб туришади (масалан: Балотеллининг Европа чемпионатидаги, Патрис Эвранинг ЕЧЛдаги, Ивица Оличнинг Бундеслигадаги голлари) — буни шундай изоҳлаш мумкинки, у деярли оддий голларни ўтказиб юбормайди. Бунинг учун ё жамоаси ҳимояда сочилиб кетиб, у буткул ёрдамсиз қолиши, ё бўлмасам рақиб ўйинчиси замбаракнинг ўқидай аниқ ва кучли зарба йўллаши шарт.

Умуман олганда, куни кеча 30 ёшни қаршилаган Мануэл классик дарвозабонларнинг барча параметрлари бўйича бугунги кунда Европадаги энг зўр посбонлардан бири ҳисобланади. Тахминан Буффон даражасидаги ўйинчи. Шунчаки анъанавий етакчилик хусусиятларидан ташқари Нойерда зирҳли кийимнинг футболча варианти ҳам бор. Дарвозадан олисда ўйнаш олиш рақиб ҳужумчисининг йўлини кесиб чиқиб, унинг оёғига остига ташланиш ва хавфни бартараф этишнигина англатмайди. Яна ҳам муҳимроғи (гарчи бу унчалик кўзга ташланиб турмаса-да), Нойер либеро позициясига чиқиш орқали жамоасининг рақибга қараганда бир киши кўпроқдек ўйнаш имконини бермоқда.

Мануэл Нойер Луис Суаресга қарши. Фото: Reuters

«Майдон марказидан менга гол уришмайди»

Топинг-чи, буни ким айтган? Тополмадингиз-ов! Бундан 30 йил муқаддам айтилган сўзлар 80-йилларда Германия терма жамоасининг дарвозасини қўриқлаган Тони Шумахерга тегишли. Бунга ҳам ўттиз йил бўлибди. Демак, Нойернинг услуби янгилик эмас экан. У немис даврвозабонлари мактабининг шонли анъаналари давомчиси экан. Шумахернинг монологини тўлалигича келтирамиз:

«Сен дарвозада қолишинг шарт», — дея мен зўр бериб уқтиришди терма жамоага жалб қилинганимда. Бироқ тез орада ҳамкасбларим ҳам, мураббийлар ҳам бундай ўйин менинг табиатимга ёт эканини англаб етишди ва менинг собиқ мураббийим Ринус Михелснинг принципини тан олишди: «Дарвозабон ва эркин ҳимоячи орасидаги оралиқ доимий бўлиши шарт». Бу мутлақо тўғри. Рақиб қачон жуда хавфли бўлади? Қачонки у ҳужум қилаётган ва 30 метрлик ҳудудга яқинлашиб қолган бўлса. Мана нима учун жамоам ҳужум қилаётган пайтда мен, яъни дарвозабон ва либерони ажратиб турувчи масофа 60 метрга тенг бўлиши керак. Ахир майдоннинг марказидан менга гол уришмайди. Мен олдинга эркин боришим керак. Айниқса, жамоа сардори бўлганим учун ҳам. Ва келажакда бундай эркинликни ўзимдан кейингиларга ҳам мерос қилиб қолдираман».

Юқоридаги абзацнинг ўртасидаги фамилияга аҳамият беринг. Михелс. Тотал футбол асосчиси, Круиффнинг устози. Ҳаато Гвардиола ҳам футболни тушуниш бўйича ундан сабоқ олган. Бу эса ворисийлик занжирига охирги бўғин бўлиб туташади. Гарчи Мануэль Нойер ҳамиша дарвозадаги мардонавор ўйини билан ажралиб турса-да, аслида айнан Гвардиола жамоа бошқарувига келганидан сўнггина либеролик вазифасини тизимли бажара бошлади. Қизиқ ҳолат: Михелс — Шумахер – Круифф – Гвардиола — энди эса занжир Нойер билан туташди.

Шумахер дарвозабон ва ҳимоячи ўртасидаги масофа ҳақида бундан 30 йил илгари (ажабланарлиси, Нойер ҳам бундан 30 йил аввал таваллуд топган) айтган сўзларни рўёбини бугун биз ҳар куни, «Бавария»нинг ҳар бир ўйинида кўрмоқдамиз. Тўпни муштум билан 50 метр нарига уриб юборишга келсак, Нойер бу билан чекланиб қолмаяпти. Менимча, юқорида унинг кўп ҳолларда жамоаси ҳужумларини бошлаб бераётганини айтиб ўтдим. Яъни Мануэл тўпни қўли билан ирғитиб майдоннинг ярмидан ошириши, тўппа-тўғри Франк Рибери ёки Дуглас Костанинг оёғининг остига етказиб бериб, жамоасининг ҳужумини бошлаб бериши мумкин.

У болаларга қандай намуна кўрсатмоқда?

Сарлавҳага қайтамиз: Нойер каби ўйна(ма)! Нима учун инкор қўшимчаси (-ма) ишлатилган? Худди огоҳлантираётгандай, танбеҳ бераётгандай. Табиатан лидерлик хусусиятига эга, ўзига ишонган, ишончли ва бироз ҳайратга солувчи жиҳатларга эга Нойер немис дарвозабонларининг бутун бир авлодига намуна бўлаётганини инкор этиб бўлмайди. Цилер, Трапп, Лено ва тер Штеген терма жамоанинг биринчи рақамли посбони таъсири остида бўлмаслиги мумкин эмас. Мана, тер Штеген унга тўлалигича тақлид қилади. Мануэл Нойер ҳамда тер Штегеннинг ўйин услуби бир хил эканини ҳатто Пепе Рейна ҳам эътироф этган.

Германия — Аргентина учрашуви

Аммо худди Нойердек ўйнаш учун Нойер бўлиш керак. Худди ундагидек сифатлар — интуиция, лаҳзани ҳис қилиш, далиллик, ўзини эркин тутиш кабиларга эга бўлиш керак. Агар Яратган юқтирмаган бўлса, бундай хусусиятларга машғулотлар орқали эришиб бўлмайди. Яна тақдир зарбаларидан кейин руҳан тиклана билиш ҳам муҳим. Ҳамма Деян Станковичнинг майдон марказидан қай тарзда Мануэлнинг дарвозасини ишғол этганини яхши эсласа керак. Ҳозир у худди бу воқеани унутгандай ўйнаяпти. Яна ва яна ўша голга сабабчи бўлган ҳаракатларини қилишда давом этмоқда. Ҳамма ҳам бунга қодир эмас. Ўрганиш, ҳавас қилиш керак.

Нойер тўпни қўли билан ирғитиб майдоннинг ярмидан ошириши, тўппа-тўғри Франк Рибери ёки Дуглас Костанинг оёғининг остига етказиб бериб, жамоасининг ҳужумини бошлаб бериши мумкин.

Нойер каби ўйнар экансан, гоҳида у сингари гол ўтказиб юборишингга ҳам тўғри келади. Ёки тер Штеген каби. Охирги ярим йилда унга майдон марказидан иккита гол уришди: бирини Испания суперкубоги учун кечган баҳсда Сан Хосе урган бўлса, иккинчисини Чемпионлар лигасида Флоренции киритди. Жиддий айтаман: агар яна қачондир майдоннинг марказида юрган Нойер экранларда пайдо бўлса, ёш дарвозабонларга ибрат бўлиши учун югирик қаторларда «Сиз бундай қила кўрманг!» деган огоҳлантириш чиқиб турса, фойдадан холи бўлмас эди.

Унинг майдоннинг ярмида бир ўзи тўп тепиб юрганини ва рақиб футболчиларини алдаб юрганини кузатар экансиз, Нойернинг асосий устунлиги жарима майдонидан ташқарисида нималар қилаётгани эмас, балки дарвоза чизиғидаги хатти-ҳаракатлари эканини осонгина унутасиз.

Мануэл Нойер — жаҳон чемпиони! Фото: Reuters

Tafsilot.uz изоҳи:

«Либеро» («libero») италянча сўз бўлиб, ўзбек тилида «эркин, озод, мустақил» деган маъноларни англатади. Футболда эркин ҳимоячи ролида ўйновчилар либеро деб аталади. Нойер жамоасида дарвозани қўриқлаши билан бир қаторда сўнгги ҳимоячи ролини муваффақиятли бажариб келаётгани учун ана шундай номга эга бўлган.

Адҳам Ўрол Ўғли тайёрлади

Манба: championat.com


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>