• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Новқанинг ноёб эгари

Тонг тундан ғолиб келиб, саҳар сепини намойиш этаётган паллада Ойқорнинг серваҳм қоялари этагида икки киши куймаланиб юради; бири тиззабўйи нишаброқ жарга харсанг тиркаб қўлбола ўчоқ ясайди. Устига эллик килолик дошқозон ўрнатиб, сув олгани жилғага йўл олади. Иккинчиси кўҳна арчалар остидан қуруқшаб қолган эски ўтинларни йиғишга киришади. Бир пасдан сўнг уфқ пуштиранг тус олиб атроф ёришаверади. Дошқозонда эса, майда шохли ҳайвоннинг бир нечта калла суяги биқирлаб қайнай бошлайди. Қуёш юқорилагани сари қозон суви шақирлаб бир маромда буғ кўтаради. Ҳамроҳлар зўр бериб ўчоққа ўтин қалаш, сувни тўлдириб туришга ҳаркат қилади. Оловнинг кучи билан қоқ суяклар қуйқинди сингари сув тусини ўзгартира бошлайди.  Қайнов узоқ вақт давом этиб сув сумалакка қараганда суюқроқ, шилимшиқ тарзга келади. Сўнг ҳамроҳлар ўша суюқликни қуритиб, белбоққа ўрайди-да хуфтон вақти чўққи этагидаги қишлоққа эниб кетади…

Қадрли ўқувчи! Кўпчилик чавандозу отбозларнинг хаёлини ўғирлаган “Новқа эгари” нинг елими ана шундай: ўта эски усулда тайёрланади.

Эрадан олдинги эгарсозлар

“Новқа эгари” дегани сизу биз ҳар қадамда учратадиган эгарлар хилидан эмас. Унинг мустаҳкамлиги шундайки, камида беш-олти улоқчи бедовнинг оғирлигини кўтара олади. Минг йилқили тўдада арғумоқ белида метиндек туриб, ҳар қандай от тепкисига дош бера олади!

Шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, пишиқлигига шубҳа билдирган баъзи олармонлар баҳс бойлашиб вазни икки-уч тонна келадиган юк машинасининг ғилдираклари остига ҳам ташлаб кўрган!

Хуллас, “Новқа эгари” биздаги кўҳна эгарсозлик ҳунарининг бугунги кундаги ноёб намунаси. Гапни “Новқа эгари” ҳақида бошлашдан олдин эгарчилик ва отбозлик тарихи хусусида ҳам бир-икки оғиз гапириб ўтсак. Зеро, осмонни юлдузсиз, юлдузни тунсиз тасаввур қила олмаганимиз каби эгарни отсиз гапириб бўлмайди.

Жаҳон тарихини кузатганимизда инсоният цивилизациясида отнинг ўрни борлигига гувоҳ бўламиз. Санъат, маданият, ҳарбият ва ҳатто халқ оғзаки адабиётига ҳам от билан боғлиқ ҳолатлар кўчган. Қадимшунослар отнинг инсон томонидан қўлга ўргатила бошлагани мезолит даврининг ноёб ҳодисаларидан бири эканлигини таъкидлайдилар. Яна шу фаразни давом эттириб, йилқи дастлабки қулдорчилик жамиятида урушларнинг муваффақиятини таъминлаган омил бўлганлигини қайд этишади. Агар муаррихларнинг ушбу тахминини таҳлил қиладиган бўлсак, йилқи ибтидоий жамоа тузумидан то капиталистик жамиятнинг сўнгги даврларига қадар музаффар кучларнинг асосий қудрат манбаи сифатида роль ўйнаганига гувоҳ бўламиз. Бизнингча эгарсозлик касбининг ўтмиши ҳам шу қадар қадимийдир. Чунки, ота-боболаримиз дастлабки отлиқ қўшин мехнизмини ишлаб чиққач, от билан боғлиқ барча ҳунарларни назардан четда қолдирмаган. Жумладан, эгарсозликни ҳам. Гарчи тарихимизда эгар ва эгарсозлик билан боғлиқ ўта қадимий археологик ашё топилмган бўлса-да, бошқа халқлар орқали етиб келган ёзма ёдгорликлар ва уларнинг таҳлили шундан дарак беради. Масалан, олима Фозила Сулаймонова “Шарқ ва Ғарб” асарида қаҳрамон Спитамен ва фотиҳ Искандар ўртасидаги урушларни мушоҳада қилар экан, ажнабий тарихчилардан аждодларимизнинг от илмига доир билими, хусусан, эгарсозликка оид баъзи деталларни ҳам таржима қилиб ўтади:

 –  Спитамен жангчиларининг чаққонлиги отларининг тезлигига мос эди, улар от устида қушдек ўйнар эди – деб таъкидлайди Квинт Курцкий Руф – Спитамен лашкарларига ўрмонни қуршаб олишни буюрди ва бир вақтда уларни фронт орқасидан олиб чиқди. Менденем ҳар томонлама ожиз қолди… лекин узоқ вақт қаршилик кўрсатди… Бу жангда 2000 пиёда ва 3000 суворий ҳалок бўлди. Бу талофатни Искандар усталик билан ҳаммадан яширди.

Худди мана шу муаллиф асаридан яна қуйидагича парча келтирилган:

— Массагетлар отлиқ жангчиларини қишлоқ яқинидаги ўрмонга яшириб қўйди. Бир неча киши пода ҳайдаб ўрмонга қараб бемалол кетаверди. Тайёр ўлжани қўлдан чиқармаслик учун Аттин ўзининг 300 отлиқ жангчиси билан ҳеч шубҳа қилмасдан ўрмонга кириб борди. Массагетларнинг учар отлиқлари Аттин қўшинига қўқисдан ҳужум қилиб, уларнинг ҳаммасини қириб ташлади.

Бу ўринда антик солномачилар асарларидан таржима ва муқоясалар келтиришимиз бежиз эмас. Манбаларга қараганда, Искандарнинг отлиқ қўшинида бир отга икки аскар мингашиб олган; бири жиловни бошқарган, кези келганда бир қўли билан жанг қилган, иккинчиси (орқадагиси)нинг юмуши узун найза ёки қилич билан икки ёнга урушган. Бундай ҳолатда ўзингизга аён, от тез чарчайди, иккинчидан бир отнинг устидаги икки одам бемалол рақиб ҳамласини қайтара олмайди. Эътибор берганмисиз ҳозиргача ғарб рассомлари Искандар қўшинлари сувратини қоғозга туширганда отлиқни узанги билан чиза олмайди. Чунки, антик замон солномачилари “улар отни яйдоқ минар эди”, деб ёзишган. Спитамен суворийси ҳақида эса (юқоридаги парчалардан ҳам аён), “…отлари елдек учар, жангчилари от устида қушдек ўйнар эди” деган тарихий далилни қайд этган.

Олимлар Спитамен лашкарлари ғалабаси остида узангининг буюк хизматлари туради дейишади. Ҳақиқатдан ҳам узангили эгарда ўтирган одам ҳам олдинга, ҳам орқага, яна икки ёнга эркин ҳаракатлана олади.

Лекин ғарб олимларининг ушбу фикрга эътирози шуки: “Агар Спитамен ғалабасига узанги сабабчи бўлса, қани ўша узангилар!?”. Ростдан, ҳақли фикр. Бироқ яна бир мулоҳаза. Ҳозирги кунда қишлоқларимизда арқон узангили эгарларга кўп бор кўзимиз тушган. Бу, асосан эшак эгарларида учрайди.

Таъкид шуки, бир неча минг йил бурун ота-боболаримиз узангини арқондан эшиб ёки чармдан ясаган, шунингдек, улар вақт харобалари остида чириб кетган бўлиши мумкин-ку!

novqa_egari_-

Энди мавзуга қайтсак. Эрадан аввалги замонларда ота-боболаримиз узанги ясашга тафаккур қила олган экан, албатта, эгарсозликнинг ҳам пири бўлган. Чунки, узанги эгарда бўлади-да.

Бугун Жиззахнинг Новқа қишлоғидаги саноқли эгарчи усталарни ўтмишдаги буюк аждодларнинг меросхўр давомчилари десак хато айтмаган бўламиз. Зотан, асл арғумоқлар белидан, шижоати ҳад билмас чавандозлар дилидан, бахши-ю қиссахонлар тилидан тушмайдиган эгар ясаш ҳашаки иш эмас! Уста Нормамат Кенжаев ана шундай бармоқ билан санарли эгарсозлардан.

Пайи маҳкамнинг жойи маҳкам

Кун бурни кўтарилиб, қуш қимирлаб қолган маҳали уста Нормамат бобонинг отамерос эски дўконида ҳар кунги “тақа-тақ” бошланади. У, кеча Ўсматнинг гўшт бозоридан чертиб-чертиб харид қилган ҳўкиз пайини сандонда савалаб, ипагини олиш билан оввора. Болғанинг зарб билан бир маромда сандонга тушишидаги товуши олис-олисларга ҳаволайди. Таниш-билиш, қўни-қўшнилар биладики, уста пай ипаги тайёрлаяпти. Бу – “Новқа эгари”нинг асосий хомашёси. Эгарнинг мустаҳкамлиги мана шу ашёга боғлиқ. Ишлов берилган, ярим тайёр эгар устига пай ипаги сурилмаса, эшакнинг тўқимидан фарқ қилмайди. Уста сал кам тушликка қадар узунлиги 25-30 см атрофидаги пайни титиш, ипагини суғуриб олиш учун тер тўкади. Онда-сонда хона бурчагидаги пахтагулли чойнакдан кўк чой симириб қўяди. Хаёлида учиб-қўниб турган фикр шуки, кўпкари мавсуми бошлангунга қадар қозоғистонлик бир полвон ва булунғурлик Ботир отбозга берган ваъдасининг устидан чиқиши шарт. Болға сандон устига бориб келаверади, бориб келаверади…  Устанинг гоҳ у қўлида, гоҳ бу қўлида  ҳаво кесади. Буқа пайи майда зарбнинг зўридан япалоқланиб, туси ўзгариб, бамисоли ошланаётган тери янглиғ бўшашиб кетаверади. Энди қоптол, карсон, қош, ҳуштак, тирноқлар, суянгич, кичкина қош, кўприк, қош бурчаги, тўғри чўп, қувишқулоқ, тикка чўпни пешма-пеш қадаштириб, эгарнинг дастлабки хомаки ҳолатини ясаши керак. Шу кез тер босган устанинг белидан қувват тортилиб, қўли толиб бошлайди. Остонадаги курсини четга тортиб, чой симириб, хаёлга чўмади. Кўз ўнгида кўпкарининг жўшқин шовири, полвонларнинг ҳайқириқлари, бедов айғирларнинг ўкириклари бир-бир тасмадан ўтгандек бўлади. Қордан жиға тортган Учқиз чўққисига тикилиб,  “Гўрўғли”дан мана бу сатрларни эслайди:

Қўшиқ чиқаради кўнгил черини,

Адашган ёд этар устоз-пирини,

Шоҳсупадан пастга тушиб Гўрўғли,

Арта берди отнинг чангу терини.

Аста отнинг баданини ушлади,

Жониворни силаб-сийпаб бошлади,

Сори мисдан, тутқачаси кумушдан,

Эркалатиб Ғиркўкини қашлади.

Киши элида киши кўрар хўрликни,

Эр йигит ҳар ерда қилар эрликни,

Силаб-сийпаб солди отнинг устига,

Усти кимхоб, ости майин терликни.

 Усталар ишлатар теша, қирғини,

Дурбин кўрар ана тоғдан бергини,

Каш-каш, деб солди отнинг устига,

Астари тибитдан зарли чиргини.

Чиргининг устидан қўйди белликни,

Ғаним келса юртга қилмас элликни,

Каш-каш, деб қўйди шунда Гўрўғли,

Ўймалаб ташлаган жаҳалдирикни.

Муллалар ўқийди зеру забарни,

Усталар чопади теша-табарни,

Ундан кейин қўйди отнинг устига,

Тилла қошли, карсони кумуш эгарни.

Ботирнинг ишига барча қойилди(р),

Адолатли хонга халқи мойилди(р),

Қўл узатиб тортди отнинг белига,

Усти олтин, ости ипак айилди.

Эл кўчириб Хўжатоғдан оширди,

Сирин айтмай ғанимлардан яширди,

Икки узанги, иккови ҳам тилладан,

Ярқиллатиб икки ёнга туширди.

Даҳ деса ўтади қанотли қушдан,

Ҳеч камлиги йўқдир йўрға юришдан,

Ундан кейин тортди отнинг белига,

Ўн саккиз қуббали чиғатой пуштан.

Қайда бўлса ботир халқи уюшган,

Пайти келса ғаним билан туюшган,

Каш-каш, деб Ғиркўк отин Гўрўғли,

Думидан илдирди карки қуюшқон.

Мард йигитлар бедов миниб қувонди,

Сипатиб чоқлади тилсиз ҳайвонди,

Каш-каш, деб ундан кейин Гўрўғли,

От бошига солди кумуш юганди.

Булбул ошно бўлар боғнинг гулига,

Қулоқ солинг суханварнинг тилига,

Йўлбарсдай чирпиниб шунда Гўрўғли,

Раббано, деб минди отнинг белига.

Уста эгарнинг тур-турини билади: катта карсон, қушбоши, тойпоқ, кичкина карсон… Ана шуларнинг ичида Қушбоши деганлари анча меҳнатталаб. Бунақа эгарларнинг қоши қушнинг боши шаклида бўлади. Тол ёғочини қушнинг калласига ўхшатгунга қадар анча-мунча қунт керак. Бу юмуш ичи тор одамнинг иши эмас. Лекин бедовнинг белида туриши ажаб-да. Шунинг учун бўлса керак, қадимда хонлар, тўралар қушбоши эгарда юришган.

Катта карсон эгарлар танаси йирик отларники. Бунақасини сўрагичлар камдан-кам. Боиси, унча-мунча полвонлар эгарнинг бундай хилини хуш кўрмайди. Яна, бундай эгарларнинг карсони катта бўлиш билан бирга тикроқ бўлади. Бир хил чавандозлар от устида суяниброқ юришни ёқтиради шекилли, карсонни катта қилиб ясатишади.

Тойпоқ эгарлар нисбатан кичкина бўлиб, асосан тойларга мўлжаллаб тайёрланади. Жуссаси майда отларга ҳам асқотади. Эгарнинг бунақа хилига камдан-кам  талаб тушади.

Эгарлар ичида энг кўп сўрарлиси кичкина карсонлилар. Чунки, бундай эгарлар аксар отларнинг белида қулай туради.

Нормамат устанинг ҳозир ясаётганлари ҳам кичкина карсонли эгарлар.

Дарвоқе, кўпминг сонли ўқувчига англашимли бўлиши учун эгарнинг баъзи деталларини ҳам тушунтириб ўтамиз: Орқа суянчиқ – карсон, олдидаги ушлайдиган қисм – қош, чавандоз ўтирадиган жой – кўприк, отнинг икки сағрисига ботиб турадигани – қўл деб юритилади.

novqa_egari

Олис-олисларда ёввойи тоғ қушлари сайрайди. Булут қўнган Бахмал тоғининг юксак қояларидан кузни эслатувчи  шамол эсиб қолади гоҳи-гоҳида. Ана шу муздай эпкин устани хаёллардан фориғ этади. Энди у пай ипаги бир ёқли бўлганидан кўнгли тўқ бўлиб, қоптолни карсонга, қошни ҳуштакка, тирноқларни ўз ўрнига бирорта мих ишлатмасдан қадаштира бошлайди… Зум ўтмай устанинг қўлида оқ толдан ясалган эгар номаён бўлади. Сўнг эгарга елим суриб чиқади. Елим қуриб бўлгунгача пай ипагини суюлтириш тадоригига тушади. Хаял ўтмасдан елимнинг суви қочиб, сиртидан пай сурилади. Тол ёғочига пайнинг намчил пайти қайин пўстлоғи ёпиштириб чиқилади. Уста биладики, қайин пўстлоғи эгарнинг зах тортмаслиги, серёғин кезлари сув шиммаслигида катта иш беради. Шундай қилиб, Нормамат устанинг “Қизил эгар”и сал кам тайёр ҳолатга келади. Энди уни ҳафсала билан қизил рангга тослайди. Мазкур донгдор эгарнинг номига “Қизил” нисбаси қўшилишига ушбу амал сабаб. Ўтмишда ота-боболаримиз алвон рангни байрамона рамз деб билганлиги эгарларимизда ҳам кўриниб туришиб бежиз эмас. Қиличдай серманиб, депсинаётган арғумоқнинг эгари қип-қизил чўғдай товланиб турса ҳар қандай кўпкари-ю томошада одамнинг ақлини олади-да!

Уста Эсонтурдининг эллик ёшли чевараси

Бахмалда бундай эгар усталари бор-йўғи тўрт-бешта чиқади.  Новқаликларнинг айтишича, авваллари ҳам моҳир эгарсозлар жуда кам бўлган. Бу ҳунар асосан, устоздан шогирдга, отадан болага мерос ўтиб келган. Уста Нормамат Кенжаев Новқадаги барча эгарчиларнинг томирини ўтган асрларда яшаб ўтган уста Эсонтурдига бориб тақайди. Шундан кўринадики, “Новқа эгари”нинг сирини фақат шу ерликлар билган. Яна баъзи тарихий китобларда эгарсозлик устахоналари хон ёки амирнинг қуролсозлик омборлари сафида бўлганлиги қайд этилган. Масалан, Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшоҳий” асарида Муҳаммад Раҳимхон даврида қуролсозлар билан бирга эгар ясовчи усталар ҳам тилга олинади.

Уста Нормамат эгарни бошлаганининг ўн тўққизинчи куни уни қўлига олиб, яна бир кўздан кечиради. Ўз ишига ҳайрати ошиб, узоқ вақт томоша қилади. Баъзи майда-чуйда қатқолоқларини эгов билан текислаб чиқади. Осмонга отиб, ерга уриб синаб кўради. Янаям кўнгил хотиржам бўлиши учун аввал қош томони билан, сўнг карсони билан тикка қилиб кўради. Чалқанчасига – ерга тескари ётқизиб мувозанат ушлашини ҳам текшириб чиқади. Мийиғида кулиб, сўнгги иш – лок суришга киришади. Локланган эгар от устида ялтиллаб, ярақлаб туради.

Осмонда эрта қайтаётган турналар салқи  арғамчи ҳосил қилиб ўтади. Улар гўё устани кузатиб ўтаётгандек узиб-узиб “қур-қур” қилади. Шу кез Нормамат устанинг кўнгил тубида аллақандай саркаш туйғулар ғимирлаб, беихтиёр куз ҳақида ўйлай бошлайди. Қайсидир йиллари ёд олган мана бу сатрлар қуюлиб келади хаёлига:

Кунлари бор – тафти буткул сўнмаган,

Гуллари бор – ҳали тўйиб кулмаган,

Куз ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,

Ёзи ўтиб, қиши кетиб қолмаган.

Анвар Суюн


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>