• Бугунги сана: Juma, Aprel 28, 2017

Нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божининг катта қисми туман ва шаҳарлар бюджетига ўтказиладиган бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг «Адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 413-сонли қарори мувофиқ нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божи суммалари, яъни нотариусларга тушадиган маблағнинг тақсимланишига ўзгартириш киритилди. Унга кўра 2017 йил 1 январдан бошлаб нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божи суммалари қуйидагича тақсимланади:

— 78 фоизи — туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадига;

— 12 фоизи — Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасини шакллантиришга;

— 10 фоизи — маблағларни адлия органларининг шахсий ҳисоб рақамларида жамлаш йўли билан давлат нотариал идораларини ва нотариал архивларни молиялаштиришга;

Бундан ташқари, ундириладиган герб йиғимидан туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадига ажратмалар қуйидагича тақсимланади:

— гербли (махсус) бланкаларда ишончномалар ва битимларни нотариал тасдиқлаганлик учун — 50 фоиз миқдорида;

— фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан гербли гувоҳномалар берганлик учун — 15 фоиз миқдорида.

Қарорга кўра Адлия вазирлиги амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун тушган давлат божи ва герб йиғими суммасидан адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамида жамланган маблағлар қолдиғи қисмидан камида 70 миллиард сўмни 2016 йил 26 декабргача республика бюджетига ўтказиб бериши керак.

Мазкур қарор адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, у Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов томонидан 2016 йил 23 декабрда имзоланган. Унинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов зиммасига юклатилган.

«Tafsilot.uz» маълумоти:

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 23 декабрдаги «Адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 413-сонли қарори қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра 2017 йил 1 январдан бошлаб нотариуслар томонидан герб йиғимидан тушадиган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

50 фоизи — туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадига;

50 фоизи –Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади ва гербли бланкалар тайёрлашга ҳамда бошқа шахсга бериш тақиқланган ва хатлаб қўйилган автомототранспорт воситалари тўғрисидаги электрон маълумотлар банкини яратишга, шунингдек адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш тадбирларига мақсадли тартибда сарфланади» (Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 9-банди);

Вазирлар Маҳкамасининг «Гербли гувоҳномалар шаклларини ва уларни берганлик учун герб йиғими миқдорини тасдиқлаш тўғрисида» 2012 йил 25 апрелдаги 119-сонли қарорининг 6-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинди:

«… герб йиғимидан тушадиган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

15 фоизи — туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадига;

85 фоизи –Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади ва гербли гувоҳномалар ва фуқаролик ҳолати ёзувлари бланкаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга, шунингдек адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш тадбирларига йўналтирилади».

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>