• Бугунги сана: Chorshanba, Yanvar 17, 2018

Номус ўғрилари

“Ҳурматли редакция.

Яқинда шаҳримизда рўй берган воқеа менга ҳануз тинчлик бермайди. Фоҳишабоз ва қўшмачилар бир қизни уч кун давомида мажбуран зўрлаб, уйларида сақлаб, номусига тегишган. Сўнг пул эвазига бошқаларга тортиқ қилишган… Мен бу ҳақда жуда кўп ўйладим. Шунча таҳқир ва ҳақоратдан кейин яна умид билан яшаш учун кишига қанчалар ирода керак бўлади. Нега биз ажойиб қизларимизнинг пок туйғуларини ҳамма вақт ҳам асраб қололмаймиз? Бунга фақат жиноятчилар айбдор десак тўғри бўлармикан?”

(Бозоргул Самандарованинг редакцияга ёзган хатидан).

Мен бу воқеани ёзишдан олдин жуда кўп ўйладим. Вақт оқар дарё дейдилар. Бугун қабиҳ жиноятлари учун озодликдан маҳрум этилганлар эрта бир кун жазо муддатини ўтаб, уйга қайтишади. Гулдай умри бевақт хазон бўлган, бокира туйғулари топталган Муҳайё ҳам эрта бир кун бу даҳшатли воқеаларни унутиб, кимларнингдир қувончу ташвишларига, орзу-умидларига шерик бўлади. Ушбу мақолани ўқиб, эҳтимол, кимдир “Кишиларнинг исмларини аниқ кўрсатиб, элга достон қилиш шартмиди?” деб эътироз ҳам билдирар. Узоқ мулоҳазадан сўнг “шарт!” деб ўйладим. Зотан, бунга ўхшаш аянчли воқелар такрорланмаслиги учун, балоғат остонасига не-не орзу умидлар билан қадам қўяётган бошқа Муҳайёлар ортиқ бахтсизликка маҳкум этилмаслиги учун бор ҳақиқатни ёзиш шарт, деб ўйладим.

Шаҳрисабзда юз берган бу жиноят Қашқадарёда катта шов-шувга сабаб бўлди. Олти ой давом этган тергов ва суд жараёнидан сўнггина адолат қарор топди.

…Муҳайё эндигина ўн етти ёшга тўлган эди. Унинг ҳам қалбида балоғат ёшидаги ҳар бир қизда бўлгани каби сирли, эзгу орзулари мўл эди. У ҳам келинликнинг оппоқ ҳарир либосини кўз олдига келтирганида масрур бир ҳолатда ширингина энтикиб қўярди. Ана шундай бахтиёр кунларининг бирида яхши ният билан суратга тушди. Суратдаги ўйчан ва латиф қиёфа “Менга ёмонлик раво кўрманг, мен ҳам сизга фақат яхшилик тилайман” дегандек меҳр ва илтижо билан боқиб турарди. Бу сурат, бу ҳусн, бу латофат эрта бир кун унинг бошига не-не азоб-уқубатлар солишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Шунинг учун ҳам дугонаси Комила билан йўловчи машинада Китобдан Шаҳрисабзга қайтаётганида рулда ўтирган ёшгина, хушбичим йишит шилқимлик қилиб, унинг суратини олиб қўйганида эътиборсизлик қилди: ялиниб-ёлвориши натижа бермагач, “Суратимни пишириб е, сурбет!” деб машинадан тушиб қолди. Кейинчалик у Ғозиев Эргаш исмли бу олифта йигитдан суратини қайтариб олмаганидан қаттиқ афсусланди. Лекин энди кеч эди…

1986 йил 7 январь куни у Комила билан кинога кириш учун “Спутник” кинотеатрига борди. Тўсатдан уни биров чақириб қолди…

Суд ҳукмидан: “Судланувчи Бўриева Гулжаҳон, 1967 йил Шаҳрисабз шаҳрида туғилган, ҳали турмушга чиқмаган, ҳеч қаерда ишламайди. Ғафур Ғулом кўча, 25-уй, 19-квартирада яшаб келган”.

Уни чақирган қиз Гулжаҳон эди. Муҳайё унинг қўлида ўз суратини кўриб ҳайрон қолди. “Жигули”нинг орқа ўриндиғида ястаниб ўтирган Гулжаҳон кутилмаганда Муҳайёни гангитиб қўйди:

— Нега менинг жиянимни йўлдан урасан, қанжиқ! Ё эрсираб қолдингми?

— Нималар деяпсиз, опажон! Сиз мени бировга ўхшатаяпсиз, — шошиб қолди Муҳайё.

Машина кўздан ғойиб бўлди. Кино ҳам қолди. Кўнгли ниманидир сезган Муҳайё воқеани тоғасига айтиб бериш учун шошиб йўлга тушди. Лекин муюлишга етганида машина яна унинг ёнида пайдо бўлди.

— Нима учун жияним Эргашга расм берасан? Сен бузуқсан! Сен у билан юрасан, — деди яна Гулжаҳон.

— Ёлғон! Туҳмат бу!

— Агар туҳмат бўлса, ўз олдида исбот қилиб бер.

“Ким билади, нима деб мақтанган бўлса…” — ўйлади Муҳайё.

— Яхши, исбот қилиб бераман.

У шундай дедию, жаҳл билан машинага чиқди. “Жигули” тўғри йўлдан ўқдек учиб кетди.

Эҳ, Муҳайё! Нега машинага чиқдинг? Нега сен уларга ишондинг? Наҳотки атрофимизда ёмон одамлар ҳам борлигини билмаган бўлсанг? Муҳаббат ва ишончни, садоқат ва қувончни ҳамиша ғолиб деб билдингми, синглим! Инсоф ва диёнатга хоинлик ва хиёнат ҳамиша йўлтўсар эканини нега ўйламадинг, сингилжон!

Афсус, энди кеч бўлган эди. Машина бир зумда Ғафур Ғулом кўчасидаги 25-уйнинг 19-квартираси олдида пайдо бўлди. Ичкаридан барваста аёл чиқди…

Суд ҳукмидан: “Судланувчи Қодирова Малика, 1955 йил Шаҳрисабз шаҳрида туғилган, турмуш ўртоғи билан никоҳи бекор бўлмасдан Нарзиев Нурхон билан қонунсиз яшаб келган, 5 та фарзанди бор, ҳеч қаерда ишламайди, Ғафур Ғулом кўчасидаги 25-уйнинг 19-квартирасида истиқомат қилади”.

— Қани ўша йигит, чақириб чиқинг, — деди Муҳайё.

— Агар ўз оёғинг билан кирмасанг, тўрт оёқлаб кириб кетасан, — деди ичкаридан чиққан Малика.

Куппа-кундузи атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, Муҳайёни зўрлаб ичкарига олиб киришди. Уларни уйда Эргаш эмас, балки Нурхон деган кимса кутиб олди…

Суд ҳукмидан: “Судланувчи Нарзиев Нурхон, 1952 йил Шаҳрисабз районининг Кунчиқар қишлоғида туғилган. 161-автобус таксомотор паркида шофёр бўлиб ишлайди. Ғафур Ғулом кўчасидаги 25-уйнинг 19-квартирасида судланувчи Қодирова Малика билан қонунсиз яшаб келган”.

Ўша куни улар кечгача Муҳайёни уриб, таҳқирлаб уйда сақлаб туришди. Оқшом туша бошлагач, тутқунни дастурхонга таклиф қилишди. Гулжаҳон ўртага бир шиша коньяк қўйди. Муҳайё ичишдан бош тортди, аммо Эргашнинг кўзи аралаш туширган тарсакисидан сўнг ичишга мажбур бўлди. Умрида биринчи маротаба спиртли ичимлик ичган Муҳайё тезда маст бўлиб қолади. Унинг мастлигидан фойдаланган Малика билан Гулжаҳон Муҳайёни ичкари хонага олиб кириб, кийимларини еча бошлашади.

— Сен қиз эмассан! — бақиришади улар Муҳайёга. — Сен бузуқи, фоҳишасан!

— Мен қизман, опажон! — титраб-қақшаб жавоб қилади Муҳайё.

— Буни ҳозир текшириб кўрамиз, — дейди ширакайф Нурхон. — Бизга рухсат бер, кампир, — Маликага ўгирилди у…

Ўн етти яшар маъсума қизнинг номуси мана шундай поймол этилди. Сўнг Гулжаҳон Нурхоннинг амри билан Муҳайёнинг сочларини ваҳшиёна тарзда таг-туги билан кесиб ташлади. Қўл-оёғи боғланган шўрлик қиз шу тариқа бу мудҳиш уянинг маҳбусига айланиб тонг орттирди…

Эртаси куни Гулжаҳон “Эргашни топиб келман” деб уйдан чиқиб кетади. Соат 14 лар чамаси Эргашни эмас, бошқа бир йигитни бошлаб келади.

Суд ҳукмидан: “Судланувчи Ҳамидов Шукрилла, 1956 йил Китоб районида туғилган, оилали, тўртта фарзанди бор, райондаги Охунбобоев совхозида шофёр бўлиб ишлайди”.

У 8 январь куни отасига қарашли “Жигули” машинасида Шаҳрисабзга бораётиб, Гулжаҳонни миндириб олади. Колхоз бозорига етгач, Гулжаҳон унга нозли боқиб, бир оз кутиб туришини илтимос қилади. Шукрилланинг ҳам муддаоси шу эди. Улар тил топишгач, биргалашиб Маликаларникига келишади. Кейинчалик эса судда ўша куни Гулжаҳонга Муҳайё учун 25 сўм берганини тан олади.

Кўп ўтмай бу ерга уй соҳибаларининг қўшмачилик одатидан яхши воқиф бўлган яна бир киши кириб келади…

Суд ҳукмидан: “Судланувчи Исмоилов Исмат, 1946 йил Шаҳрисабз районида туғилган, олий маълумотли, оиласи, тўртта боласи бор, “Социализм” колхозида сабзавотчилик бригадаси бошлиғи”.

Бу одам ўз ҳирсини қондириш учун Маликага 40 сўм берган. Сўнг ваннага кириб ювинаётган вақтда Гулжаҳон унинг чўнтагидан 25 сўм 80 тийин пулини ўғирлаб олган.

Шу куни Маликанинг укаси Баҳодир ҳам бу ерга келиб кетади…

Суд ҳукмидан: “Судланувчи Қодиров Баҳодир, 1957 йил Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. КПСС аъзоси бўлган, жиноят қилгандан сўнг партия сафидан чиқарилган, оилали, уч фарзанди бор, ароқ-вино заводида ишлайди”.

Ниҳоят, бу разолатхонага шу машъум куннинг энг сўнгги “меҳмон”и ташриф буюради…

Суд ҳукмидан: “Судланувчи Хайруллаев Мўйсин, 1956 йил Шаҳрисабз шаҳрида туғилган, оиласи ва фарзанди бор, 161-автобус таксомотор паркида шофёр бўлиб ишлайди”.

Энди Муҳайё тамом ҳолдан тойган, уй эгалари ва “меҳмон”ларнинг тазйиқи, дўқ-пўписасидан ҳушини йўқотган эди. У олдига кирган Муҳсиннинг оёғига йиқилиб, тегинмаслигини ўтиниб сўрайди. Лекин разолат ва қабоҳат бу гал ҳам меҳр-шафқат ва мурувватдан устун келади…

Жиноятчилар энди Муҳайёни йўқотиш пайига тушадилар. Чунки улар милиция қизни қидира бошлаганини яхши билишарди. 10 январга ўтар кечаси Муҳайёни Расулов Абдусатторнинг “Жигули” машинасида Шаҳрисабз райони, Энгельс номидаги колхознинг Хўжа қишлоғига олиб боришади. Улар Муҳайёни Нурхоннинг Равшан исмли танишиникида қолдиришади ва яқин орада тоғларга олиб чиқиб, гумдон қилишини маслаҳат беришади…

Суд ҳукмидан: “Ҳамроев Равшан, 1956 йил Шаҳрисабз районининг Хўжа қишлоғида туғилган, оиласидан ажралган, Энгельс колхозида ишлайди”.

Равшан Муҳайёни шу колхознинг 15-бригадасига қарашли кўримсиз дала шийпонига олиб бориб, қаршилик кўрсатишига қарамай, номусига тажовуз қилади. Сўнг қизга раҳм қилибми, ҳарқалай, уни уйига кузатиб қўяди…

Бу қабиҳ жиноятни очиш Қашқадарё область прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Ҳасан Эштемировга топширилди. Тергов давомида Гулжаҳон ва Маликанинг ўзаро тил бириктириб, уйларини бузуқхонага айлантиришганликлари исботланди. Чунончи, Гулжаҳон илгари ҳам Хайруллаев Мўйсин, Расулов Абдусаттор ва бошқалар билан алоқа қилгани учун жами 675 сўм жамғаргани ва бу пулни ўз уйида қўшмачилик қилган Малика билан бўлишиб олгани аниқланди.

Булардан ташқари, терговда ойдинлашган қуйидаги ҳолатлар ҳам кишини қаттиқ ғазаблантиради. Судланувчи Исмоилов Исмат юз-кўзлари калтаклар зарбидан кўкариб кетган шўрлик Муҳайёнинг ёнига кирганида қиз унга шундай деб ялинган экан:

— Жон амаки, отам қатори одам экансиз, ўла-ўлгунимча хизматингизни қилай, мени қутқаринг бу одамхўрлар қўлидан…

Лекин бу қизгинанинг нолаю илтижосидан кўра Исмоилов ўз жирканч ниятини амалга оширишни афзал кўрган…

nomus_o'g'rilari

Суд Муҳайёнинг илтимосига кўра очиқ бўлди. Шаҳрисабздаги 161-автобус таксомотор паркининг ёзги клубида бўлиб ўтган бу суд кишиларнинг ёдидан узоқ йиллар чиқмаса керак. Унда жиноятчиларнинг айблари тўлиқ исботланди. Суд ҳукмига кўра Бўриева Гулжаҳон ва Қодирова Малика 13 йил, Нарзиев Нурхон 14 йил, Ҳамидов Шукрилла ва Исмоилов Исмат 6 йил, Қодиров Баҳодир 8 йил, Хайруллаев Мўйсин ва Ҳамроев Равшан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилдилар. Суд Ғозиев Эргаш ва Расулов Абдусаттор бевосита жиноят содир этмаган бўлсалар-да, лекин унга алоқадорликлари учун ҳам алоҳида ажрим чиқарди. Суд Маликани яхши билган кишилар ва қўни-қўшнилар фикрини ҳисобга олиб, уни оналик ҳуқуқидан маҳрум этди.

Бир ҳафта давомида Шаҳрисабз шаҳри суди раиси Ойзода Оққўзиева, иш юритувчи Малика Қаландарова, Қашқадарё область суди аъзоси Бахтиёр Қурбонов, Шаҳрисабз шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Насрулло Акбаровлар билан шу иш юзасидан батафсил сўзлашдик. Жиноятчилар ишлаган коллективда, улар яшаган маҳалла-кўйда бу қабиҳ воқеа ўзининг муносиб баҳосини олганига иқрор бўлдик. Лекин шу билан бирга ўша коллектив ва уларнинг раҳбарларини ҳам, маҳалла-кўйни ҳам суд олдида, халқ олдида, қолаверса, Муҳайё ва унинг ота-онаси олдида қайсидир маънода айбдор, деб билдик.

Орадан йиллар ўтади, Шаҳрисабзда юз берган бу мудҳиш воқеа бизни ҳамиша оналаримиз, опаларимиз ва сингилларимиз туйғуларини безавол сақлаш учун ҳушёр яшашга чорлаб туради. Ушбу сатрларни битар эканман, беихтиёр, разолатга юз тутган тенгдошларим ҳақида ўйладим. Балоғатнинг мукаммал фасли ўттиз ёш остонасида турган бу кимсалар Муҳайёнинг ҳаётини топтаётган бир пайтда наҳот юракларида заррача инсонийлик қолмаган бўлса? Бир йигитни бахтли қилгудек ҳуснга эга бўлган Малика ва Гулжаҳонлар-чи? Наҳот уларнинг яшашдан мақсади шу қадар булғанч! Улар қачон бунчалар тошмеҳр, ваҳший бўлиб улгурдилар? Наҳот улар шу аҳволга тушгунча ҳеч кимнинг иши бўлмади? Нега ҳайвоний ҳирслар буларда имон ва эътиқод, инсоф ва диёнатдан устунлик қилди? Нега?

…Муҳайёнинг иши бўйича тергов олиб борган Ҳасан Эштемиров эндиликда Китоб районида прокурор. Биз у киши билан Муҳайёнинг уйига бориб, ота-онасига учрашдик. Суҳбат давомида Норбобо ака бирон маротаба ҳам бош кўтариб, бизга тик қарай олмади.

— Ҳануз маломатдан бошларимиз хам, — дейди кўзларига ёш олиб Турсуной опа. — Шу воқеалардан кейин дадаси бош олиб кетайлик ҳам дедилар, лекин туғилиб-ўсган юрт экан, кетолмадик…

Бу оилада етти фарзанд камол топди. Муҳайёнинг опалари аллақачон уйли-жойли бўлиб тинчиб кетишган. Унга ҳам совчилар кела бошлаган эди. Лекин ота-она ҳали бир қарорга келмай туриб, бошқа “совчи”лар — разолат ва қабоҳат “совчи”лари йўл тўсди…

Майли, ука, ёзинг! Ҳаммасини ёзинг! Бошқа оналарга аччиқ сабоқ бўлиши учун ҳам ёзинг! Одамлар шунга ўхшаш воқеалардан огоҳ бўлишсин. Ҳеч кимни ғафлат босмасин…

Эртаси куни Ҳасан аканинг кабинетида Муҳайё билан суҳбатлашдим. У юрист бўлишга қарор қилибди. Юрагим ёришгандек бўлди. Ҳозирга қадар кўз ўнгимда унинг ўйчан нигоҳи муҳрланиб қолган. Мен унинг бахтли бўлишига албатта ишонаман. У билан учрашгандан сўнг, негадир менда шундай умид пайдо бўлди…

Исмат Хушев,

“Ўзбекистон адабияти ва санъати”нинг махсус мухбири

_________________________________

“ЎзАС” газетаси, 1987 йил


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • абдумалик Жавоб бериш
    2 yil олдин

    бу кизнинг бугунги такдири нима булди; буни хам ёзингда

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>