• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Ногиронлигимни касб касаллиги туфайли орттирилган ногиронликка ўтказа оламанми?

— Ҳозир умумий касаллик бўйича 1-гуруҳ ногирониман. Аслида иш вақтидаги жароҳат туфайли саломатлигимни йўқотганман. Ҳозир 356 минг сўм пенсия оламан. Ногиронлик турини меҳнатдаги жароҳат натижасида орттирилган ногиронликка ўзгартириш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади? Ногиронлик тури ўзгарган тақдирда пенсиям қанчага ортади?

Хушнуд Боймуродов,
Қўқон шаҳри

Саволга Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директорининг биринчи ўринбосари Маҳмуджон Зиядуллаев жавоб беради:

— “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига асосан соғлиғини ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига қараб ногиронликнинг уч гуруҳи аниқланади.

Ногиронлик сабаблари ва гуруҳлари, шунингдек, ногиронлик бошланган вақт ва ногиронликнинг қанча муддатга белгиланиши Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган улар тўғрисидаги низом асосида ишловчи тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан аниқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли қарори билан тасдиқланган Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларининг 6-бандига мувофиқ жабрланувчининг меҳнат жароҳати туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даражаси Тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари (ТМЭК) томонидан белгиланади.

Мазкур қоидаларга кўра қуйидаги ҳужжатлар меҳнат жароҳати учун иш берувчининг айбдорлигини ёки жавобгарлигини исботловчи далил бўлиши мумкин:

— бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси;

— бахтсиз ҳодиса ва ишлаб чиқаришда соғлиққа етказилган бошқа хил шикастлар тўғрисида далолатнома;

— суд қарори;

— меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, соғлиққа етказилган зарар сабабларини назорат қилишни амалга оширувчи давлат меҳнат техника инспектори ёхуд бошқа мансабдор шахслар (органлар)нинг хулосаси;

— касб касаллиги тўғрисида тиббий хулоса;

— айбдор шахсларга маъмурий ёки интизомий жазо бериш тўғрисидаги қарор;

— касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа ваколатли органнинг қарори.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига асосан пенсия миқдори пенсия ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорига ва иш стажининг муддатига боғлиқ бўлиб, қуйидагилардан таркиб топади:

— пенсиянинг таянч миқдоридан;

— иш стажи учун пенсиянинг оширилишидан;

— пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан.

Пенсия миқдори ногиронлик сабабларига бевосита боғлиқ бўлмайди.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>