• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Ноанъанавий таҳдидлар, бузғунчилик хуружлари

Хиёнатга мойил одам

Бугунги кунда фуқароларимизнинг ахборот-психологик хуружларга нисбатан огоҳлиги ва ҳушёрлиги долзарб масала бўлиб қолди. Хўш, нега?! Чунки турли телеканалларда, радиотўлқинларида, босма нашрларда, интернет сайтларида одамларни чалғитувчи ахборот кўп. Улар бир-бирларини инкор этганлари ҳолда ўз ҳақиқатларини даъво қилишади. Албатта, ёшлар кимга ишонишни, қандай хулоса чиқаришни билишмайди. Аслида, бу жуда мушкул ҳолат. Мен кейинги йигирма беш йиллик ижодий фаолиятим давомида ўз ҳақиқатимни ёзаман ва гапираман, деб доим: «Қўйсангиз-чи, сиз биласизми, «Озодлик» биладими, улар асослаб гапиради, сиз бўлса орамизда юрган оддий одамсиз!» деган таънани эшитиб келдим.

Тўқсонинчи йилларда Ўзбекистон телерадиокомпаниясида яхши бир тажриба бор эди. «БИ-БИ-СИ», «Америка овози», «Озодлик» радиоларида Ўзбекистон ҳақида қандай хабар ва шарҳ берилса, уларнинг матни кўчиртирилиб, сиёсий шарҳловчиларга тарқатилар эди. Биз уларга муносабат билдирар эдик. Бундай тажриба ҳатто иккимингинчи йиллар бошида ҳам сақланиб қолди. Мен улардаги ҳар бир хабар ва шарҳларни кузатиб бориб, «ҳақиқат» даҳоларининг даъволарини инкор этадиган шарҳлар билан чиқишлар қилардим. Шунинг учун улар мени доим «демократия душмани», «ҳукумат одами», «эски тузум тарбиясини олган одам», «саводсиз журналист», «тиббиёт кўригидан ўтишга муҳтож одам», «эс-ҳушини йўқотган инсон» деган номлар билан аташарди. Булар архивимда сақланиб турибди.

Бу ҳам етмаганидек, 2001 – 2007 йиллар орасида мени иккита Европадаги ва битта Осиёдаги давлатларнинг Тошкентдаги элчихоналарига чақиришди. Бир элчихонада менга: «Сиз демократия ва эркинлик душманисиз», дейишса, бошқасида: «Сиз илгари бизнинг мамлакатимизда бўлгансиз, энди ҳеч қачон бўлмайсиз, сиз номақбул шахссиз», деб қўлимга элчихонанинг қарорини топширди.

Ҳеч қандай тамға ёки туҳмат, ҳеч қандай таҳдид ёки дағдаға, ҳеч қандай хуруж ёки иғво менинг огоҳлигимни ва ҳушёрлигимни сўндира олгани, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, мени ўзгартира олгани йўқ. Ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ. Фикримни ўзгартириш учун ўз ҳисобларидан саёҳатга таклиф этишди, кўнмадим. Аммо ўз фикримда қаттиқ туриб, бир неча давлатга бориб келдим. Вазиятга ва манфаатга қараб турланиб-тусланиб турадиган одам нафақат турли ахборот хуружларига берилувчан бўлади, балки хиёнатга ҳам мойил бўлади.

Миллатчилик офат келтиради

Миллатчилик охир-оқибат ҳар қандай давлат, жамият ва халқ учун офат келтирганидек, армия учун ҳам парокандалик келтиради. Буни Украина ва унинг армияси мисолида кўриб турибмиз. Нима, СССР деган собиқ империяда миллатчилик йўқмиди, дерсиз? Эсдан чиқарманг, буюк миллатчилик шовинизми империянинг бош ғоявий таянчи эди. Дастлаб битта миллат бошқа миллатларни камситиш ҳисобига улуғланди. Кейинчалик бошқа миллатлар ёмонотлиқ қилинди. Тўқсонинчи йилларда эса бошқа давлатларда битта миллат камситиляпти, деган баҳонада турли уйдирмалар ўйлаб топилди. Бунга сабаб шуки, 130 йил мобайнида ҳақ-ҳуқуқидан маҳрум этилган халқларнинг озодликка эришганликларини кўрган миллатчилар чидаб туришолмади.

Шу ўринда биз қандай камситилганимиз ҳақида бир мисол келтирмасам бўлмайди. 1964 йилнинг кузида мени ҳарбий хизматга чақиришди. Эндигина Янгийўл медицина билим юртини тугатган эдим. Ҳарбий қурувчилар батальонига тушдим. Ҳарбий қисмнинг 70 фоизи ўзбекистонлик аскар йигитлар. Фақат офицерлар ва сержантлар бошқа миллат вакиллари. Ҳарбий фельдшер бўлганим учун ўзбеклардан биргина менга сержант унвони берилди.

Тиббиёт-санитария қисмимизда ётиб даволанадиган беморлар учун 12 та жой бор. Шунинг 7-8 таси доим банд бўлади. Фақат оғир ва диагноз қўйиш қийин бўлган беморларни 50 километр узоқликдаги ҳарбий госпиталга олиб бораман, бошқаларини ўзим даволайман.

Бир куни қисм командири подполковник Ковалёв медсанчастга ташриф буюрди. У хоналарни айланиб чиқди-да:

– Нега касалларинг нуқул ўзбеклар? – деди.

– Роталардагилар асосан ўзбеклар-ку, – дедим.

– Кўзимга тик қара! – деди у важоҳат билан. – Ёлғон гапиряпсан! Буларнинг ҳаммаси соппа-соғ. Сен ўзбек бўлганинг учун сендан паноҳ излаб келишган. Шу бугуноқ ҳаммасини ишга ҳайда, тушундингми?!

– Ўртоқ подполковник, госпиталдан врач чақиртириб, текширтириб кўринг! – дедим журъат этиб.

– Отставить! Буйруқни бажар!

Бундай ҳолат жуда кўп марта такрорланди. Бирорта ўзбекни медсанчастга ётқизсам, балога қоламан. У мени бир неча марта медсанчастдан ҳайдаб, темир йўл қурилишига юбораман, деб қўрқитди. Бироқ ўрнимга фельдшерлик маълумотига эга ҳарбий хизматчи топа олмади.

Бир куни ўзи медсанчастдан ўзбек йигитларини ҳайдаб чиқарганида чидаб туролмадим. Тўғри дивизия қўмондони генерал Шубниковнинг штабига йўл олдим. Жиддий масала, кирмасам бўлмайди, деб штаб навбатчиси олдида оёқ тираб туриб олдим. Мени тиббиёт хизмати майори Краев қабул қилди. У босиқ одам экан, гапларимни охиригача эшитди ва: «Ҳозир қисмингга боравер, орқангдан мен етиб бораман», деди. Орадан бир соат ўтмай етиб келди-да: «Сен кирма, подполковник Ковалёв билан ўзим гаплашаман», деди. Орадан икки соатча ўтиб, иккаласи қисм штабидан чиқиб келишди ва Ковалёв Краевни медсанчастнинг олдигача кузатиб келди-да, менга ўқрайиб бир қараб қўйиб, ма­йор билан хайрлашди. Майор Краев хонада мен билан қисқа суҳбатлашгач: «Сержант, энди сени ҳам, землякларингни ҳам ҳеч ким хафа қилмайди», деди.

Бу ўша пайтдаги ниқобланган ёпиқ миллатчилик эди. Ҳозир эса жаҳондаги кўпгина мамлакатлар ҳамда минтақаларда миллатчилик ошкора ва очиқ тус олган. Кўпгина телекўрсатувларда бир миллат бошқа бир миллатга шу даражада лой чаплайдики, баъзан мулоқотлар, мунозаралар ва давра суҳбатлари ўзаро ҳақоратга, ҳатто муштлашишга айланиб кетяпти. Бундай ахборот хуружлари нафақат ҳар иккала халқ, балки ҳар иккала давлат ҳарбий хизматчилари ўртасида душманлик кайфиятини кучайтирмоқда. Агар ахборот хуружларининг олди олинмаса, нафақат ҳарбийлар, балки оддий фуқаролар ўртасида ҳам хунрезлик бошланиб кетиши мумкин.

Ташқи ғаразгўй кучлар

Ишонч билан айта оламиз, Ўзбекистонда миллатчилик йўқ. Бироқ ташқи ғаразгўй кучлар бу вабонинг микробини бизда ҳам тарқатиш учун уриниб кўришди. Дастлаб тўқсонинчи йилларда бу уринишга буюкмиллатчилик шовинизми бош-қош бўлган бўлса, 2010 йилда бундай буз­ғунчиликка буюкдавлатчилик шовинизми раҳнамолик қилди. Мен ахборот хуружларини имкон қадар кузатиб борар эканман, ғаразгўй кучлар 2013 йил январь ойида ҳам ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги қардошлик кўлига қармоқ ташлаб кўришди. Яхшиямки, бу қармоққа икки ўртада талаш бўладиган балиқ илинмади. Ҳушёр бўлайлик, бундан кейин ҳам қармоқлар ташланиши эҳтимолдан холи эмас.

Мен оммавий ахборот воситаларида берилаётган бузғунчилик хуружларини оилани, қариндош-уруғни, маҳаллани алғов-далғов қилаётган қўшмачи хотинларнинг хатти-ҳаракатларига қиёслайман. Юртдошларимиз буз­ғунчилик руҳидаги бундай хуружларга нисбатан доим огоҳ ва ҳушёр бўлишлари шарт.

Иброҳим Норматов,

сиёсий шарҳловчи

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Sanjar Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Juda yaxshi fikrlar bildirib utilibdi!

  • Bakhtiyor Sheraliev Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Jurnalist akamiz o’z fikrlarini juda ravon bayon etibdilar. Ularga kattakon rahmat. Haqiqatdan ham bizda millatchilik degan narsa deyarli yo’q. Kim o’zbek, kim tojik, kim qirg’iz buni bilib bo’lmaydi, xalqimiz biram bag’rikengki, bundan faqat va faqat faxrlanman.

  • Хуршид Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Шаблон гаплар такрорланган бир тийинга қиммат мақола. Миллатчилик йўқ эмиш!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>