• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

“Низом бўйича иш тутилсин!”

Қозилик қийин иш…

Қозилик қилишни ёқтирмайман.

Лекин Равшан Эрматов ҳам худди мен каби қозилик қилмайман, деганда, дунё бунчалар адолатли футбол қозисини кўрмасмиди…

Шундай кунлар бўладики, сиз истайсизми-йўқми, ўзингиз истамаган ишни қилишга мажбур бўлиб қоласиз.

Дадамларнинг уқтирганлари бўйича қозилик иши мураккаблиги, истасам-истамасам ҳеч йўқ мен хаққоний қарор қилдим, деб ўйлаб турганингизда ҳам, билмаган холингизда заррача бўлса ҳам кимнидир манфаатини бузиб қўйишингиз мумкинлиги миямга сингган. Шу тарбия туфайли мен бировларнинг ҳаётига алоқадор қарор чиқаришдан қочаман.

Қозилик қилишни ёмон кўраман…

Ўйлаб кўрсам, касбим юзасидан мен ўзим қочиб юрган айнан қозилик билан шуғулланиб юрган эканман…

Ўтган йили фанлар олимпиадасининг вилоят босқичига информатика фанидан туман номидан ҳакамлар ҳайъатига мени номзод сифатида кўрсатиб юборишибди. Ана сизга қозилигу, мана сизга қозилик (фамилиям кетиб бўлган, ҳазилакам жойга бормаяпман. Илгари туман фан олимпиадаларига ҳакамликка чақиришганларида, у ёки бу бахонани қилиб бормай қўяқолардим, бу сафар эса вазият бошқа, туман номидан “туриб беришим” керак).

Ўқувчиларни баҳолашда холис тура оламанми?

Истамаган ҳолда ўқувчининг ҳақига хиёнат қилиб қўйсам-чи?

Ахир бу ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари бир-икки йил шу олимпиадани кутган-ку, балки ўзимнинг ўқувчим сингари кечалари свет ўчса фонар ёқиб бўлсаям ўқигандир…

Хуллас, қўлда низом, яхшиямки батафсил ёзилган низом бор, ёзма ишларни текширишга тушдик. Ёзма ишлар охирлаб қолганда бир ёзма иш чиқди. Аудитория раҳбари ўша ёзма ишни қўлига олиб, мана шуни атай таниб қолгандим, илтимос, алоҳида кўриб текширсангизлар, деб қолди.

— Нега?

— Кейин айтаман.

— Ҳозир айтасиз!

Шубҳа тушди ҳаммамизга, гўёки ушбу ёзма иш мана шу аёлга қарашли бирор ўқувчиникимикан танияпти, ҳар ёққа хаёл кетди… Чунки одатга кўра бизнинг қўлимизга фақат шифрланган ёзма ишнинг ўзи берилади, у кимнинг бажарган иши эканини текшириб бўлгач билардик. Хуллас, ҳалиги опани айтишга мажбур қилдик:

“Компютер синфга дастур тузиш учун ўқувчиларни киргазиб тургандим, бир ўқувчи, устоз менга ўртоғим ёрдам бериб туради, деди. Хайрон бўлиб, бу қанақаси, йўқ ўзингиз кирасиз дедим, у билан кириб олган ўқувчини чиқариб юбориш учун улар олдига бордим, яхши эътибор бермаган эканман, қарасам, не кўз билан кўрайки, олдимда кўзларини жовдиратиб икки қўли йўқ бола турибди!

Нима қилишни билмай қолдим, майли ёрдам бераверсин, деб рухсат бердим-да, уларни кузатдим: ёрдамчи бола компютерни ёқди, қатнашчини туфли ҳамда пайпоқларини ечди, клавиатура ва сичқончани ерга қўйиб берди. Иштирокчи бола эса Турбо Пасcал дастурига кириб масала шартига кўра дастурни оёқларида териб киритди!”

Қозилик қилишни ёмон кўраман…

Кўнглимиз алланечук бўлиб кетди, қўлимиздаги ёзма иш қўлма қўл бўла бошлади, йўқ фақат ўқиб кўришга, азбаройи ҳайратимиздан. Текшириш эса “сансолару мансолар” бўла бошлади, бу ёзма ишни ҳеч ким текшириб балл қўйишга ботинмади… Қўлига қизил ручка олиб унга ўзи бажарган масалаларга қараб низом бўйича баҳо қўйишга ҳам ҳеч қайси ҳакамнинг юраги чидамади. Бу вазифани раисимизга бир нима қилиб юкладик, масалаларига неча балл беришни эса одатдагидек ҳаммамиз ўртада маслаҳатлашдик.

Олимпиада сўнгида ўқувчиларни тўплаб, ёзма ишларни тарқатдик. Олган баҳоларини, эгаллаган ўринларини эълон қилдик. Эътирозлар борми, дея сўрадик. Кўзларим эса ўша болани изламоқда эди. Негадир тополмай турганимда, орқадан, менда тушунмовчилик бор, деб бир ўқувчи ўрнидан турди. Бу ўша бизни қойил қолдирган, аммо ўзимиз ҳали кўрмаган бола эди!

У ёрдамчиси билан олдимизга келди. Мен негадир, уни мунгли, ғамгин тасаввур қилиб юргандим, йўқ, аксинча унинг кўзларида қувноқлик, болаларча беғуборлик ярқ этиб турарди. Сўзлари бурро, ҳаракатлари шахдам бола экан. Ёзма ишни очганимизда ўзи тушунмаган жойни елкасини теккизиб кўрсатганди, беихтиёр нигоҳимни олиб қочдим, қарашга юрагим дош бермади. Лекин унинг дадиллиги, ҳаётга ишонч билан боқиши ва энг асосийси, ўзининг хақини химоя қилиш учун курашаётгани мени ниҳоятда қувонтирди! Офарин, азамат!

Йигитчага қилган хатосини бафуржа тушунтирдик, келажак сари уни руҳлантирдик, маслаҳатлар бердик. Хурсанд ҳолда хайрлашдик…

Қозилик қилиш қийин…

 Анчагача ушбу ўқувчи хаёлимдан кетмади. Қанийди вилоятда 1-ўринни шу ўқувчига матонати учун берсак, деган фикр миямни қамраб олганди. Ўзимни ўзим овутишга ҳам ҳаракат қилдим, ахир биз белгиланган низом бўйича текширдик-ку?

— Йўқ!!!

Ички садо тинчлик бермасди, ўша сен текширган низомда худди шундай вазиятда қандай баҳолаш ёзилганми? Йўқ. Бизнинг назаримизда гўёки бу ўқувчи ёзма ишига биз қўйган баҳоларимиздан хато топмайди, чунки биз “низом” бўйича текширдик-да! Лекин ушбу икки варақ қоғозда сен дуч келган вазият учун нима ёзилган? Хўш, ўша низомда “агар ўқувчи дастурни қўлларда эмас тақдир тақозоси билан оёқларида ёзишга мажбур бўлганда … балл қўйилсин” дейилганми? Йўқ…

Ҳа, афсуски, биз низом бўйича иш тутган эдик, инсоний ҳис-туйғулар бўйича эмас… Низомдан четга чиқмадик, инсонийликдан эса…, бир нима деёлмайман, шунга мажбур эдик…

Виждоним қийналди. Ҳакам бўлиб борганимга ич-ичимдан афсусландим.

Қозилик қилиш қийин…

Исроил Тиллабоев


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>