Банклар валютани бозор курсида сотиши белгиланди

​Биржадан ташқари валюта бозорида чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш бўйича операцияларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартишлар киритилди. Бу ҳақда «Kommersant.uz» хабар бермоқда.

30 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарорни имзолади. Марказий банк вакилларининг нашрга билдиришича, ҳужжатга мувофиқ бир қатор ўзгаришлар жорий этилади.

Хусусан, ваколатли банклар ва мижозлар ўртасида чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш бўйича операцияларнинг ўтказилишида олдинги ҳафталарда бўлиб ўтган банклараро савдо сессияларида қайд қилинган курсларнинг ўрта кўрсаткичлари қўлланишини кўзда тутадиган 19-банд ўз кучини йўқотган деб топилди.

Бундан ташқари, низомнинг 43-банди ўзгартирилди. Эндиликда биржадан ташқари валюта бозорида бундай операциялар ваколатли банклар томонидан бозор курси бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга ошириладиган бўлди.

Илгари бундай операциялар охирги банклараро савдо сессиясида чет эл валютасига бўлган талаб ва таклиф асосида шаклланган эркин курс асосида амалга оширилар эди.

daryo.uz

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)