Абдулазиз Комилов: Ўзбекистон Human Rights Watch ва бошқа ташкилотларни қабул қилишга тайёр

Ўзбекистон Human Rights Watch ва бошқа ташкилотларни қабул қилишга тайёр — ТИВ раҳбари

Ўзбекистон Human Rights Watch ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга тайёр, дея маълум қилди мамлакат ТИВ раҳбари.

Ўзбекистон Human Rights Watch билан ҳамкорлик қилишга очиқ, дея маълум қилди мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 5 июнь куни ватандошлар билан мулоқот жараёнида. Мулоқот «Ўзбекистон» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликдаги «бир оз тўхталиш» ва унинг қайта тикланиши тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, вазир: «Ҳа, улар тўлиқ қайтишлари мумкин», — деб жавоб берди.

«Яқинда биз Кеннет Россдан, у Human Rights Watch

 ижрочи директори, мактуб олдик. Унда жаноб [Стив] Свердлов (HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси — таҳр.) бошчилигидаги кичик гуруҳнинг Ўзбекистонга ташриф буюришига ижозат сўралган. Биз ушбу жамоани қабул қилишга тайёрмиз», — деди ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.

Шу ўрида Абдулазиз Камилов ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва ички ишларга қайсидир жиҳатдан аралашишга йўл қўймаслик тамойилларига асосланиши лозимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, «бизнинг анъаналаримиз, бизнинг урф-одатларимизни ҳурмат қилиш ҳамда ўзига хосликни тушуниш» лозимлиги қайд этиб ўтилди.

«Биз Ўзбекистонни демократик ривожлантириш бўйича ўз тушунчамизга эгамиз. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиеёв мамлакат раҳбарлигига сайланганининг биринчи куниданоқ бу борада жуда кўп ишларни амалга оширмоқда», — деди вазир.

«Бу ерда ҳеч қандай тақиқлар йўқ», — дея ишонч билдирган вазир кун тартибидан ҳеч қандай масалани истисно қилмаслик ва уларни хотиржамлик билан муҳокама қилишни таклиф этди. «Биз у ёки бу масала, муаммога нисбатан турли нуқтаи назар, ҳар хил қараш, турлича ёндашувларга эга бўлишимиз мумкин. Бироқ бу умумий манфаатларимиз мавжуд бўлган муҳитда ҳамкорликдаги фаолиятимизни тўхтатамиз, деган маънони англатмайди», — деди вазир.

«Эшикларимиз очиқ ва биз нафақат Human Rights Watch, балки бошқа ташкилотларни ҳам қабул қилишга тайёрмиз», — дея ишонч билдирди Абдулазиз Камилов.

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)