Фарғона вилоятида Қозоғистондаги автоҳалокат қурбонлари дафн этилди

Қозоғистонда 22 июнь куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган фарғоналикларнинг дафн маросимлари 24 июнь куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

«Самара—Чимкент» трассасининг 946 километрида, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 22 июнь куни салонида 50 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган икки қаватли Мерcэдес автобуси ағдарилиб кетган эди. Ҳодиса оқибатида тўққиз ўзбекистонлик, хусусан, асли Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Анваржон Холбоев, Иқболжон Қурбонов ва Зоҳиджон Қодиров ҳалок бўлган.

Уларнинг жасадлари 24 июнь куни пешинда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Фарғона шаҳар аэропортига олиб келинган ва вилоят масъуллари ҳамроҳлигида ўзлари туғилиб ўсган қишлоқларга етказилган.

Хабар беришларича, масъуллар томонидан дафн маросимларини ўтказиш жараёнларида амалий ёрдам кўрсатилди.

Ёзёвонлик Анваржон Холбоев 28 ёшда, бешариқлик Зоҳиджон Қодиров эса 35 ёшда эди. Анваржондан икки нафар фарзанд, Зоҳиджондан эса уч нафар фарзанд қолди.

Ҳодиса қурбонларидан бири — риштонлик Иқболжон Қурбонов Қозоғистонда ағдарилган автобусда отаси — Илҳомжон Қурбонов билан бирга эди. Илҳомжон ака Фарғонадаги касалхонага ётқизилган, бироқ 24 июнь куни касалхонани тарк этган. 13 май куни 30 ёшга тўлган Иқболжон айнан 24 июньда ерга қўйилди — ундан бир қиз қолди.

Аввалроқ Қозоғистонда юз берган ЙТҲ оқибатида вафот этган наманганлик  фуқаролар дафн этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)