Мен имом бўлганимда

​Ҳаммамиз болалигимизда иншо ёзганмиз... Менинг яна ёзгим келиб қолди. Мавзу:

“МЕН ИМОМ БЎЛГАНИМДА!”

Ҳаёл суришни яхши кўраман. Бир кун яна хаёл сурдим-у, хаёлимда имом бўлиб қолибман.

Мени ҳашаматли саройга чақиришди. Қарасам – тумонат одам! Ҳаммалари салобатли, виқорли одамлар! Ақлли эканликлари кўзларидан кўриниб турибди! Аксарлари – мендек имомлар. Юқорида эса каттамиз – муфтий ҳазратлари ўтирибди.

Бир маҳал саройнинг катта эшиги гумбирлаб очилди! Ишонмайсиз – Президент кириб келди!  Сўз сўзлади! Роса куйиниб гапирди! Динимиз ФАҚАТ яхшиликдан иборат эканлигини айтди! Чин дилдан айтди! Билар экан! Тушунар экан!

Кейин баъзи бошқа гапларни ҳам гапирди...

Шунда мен тушундимки, у ҳали нималардандир хабари йўқ – ҳали билмайди!

Аммо у залда ўтирган тумонат одамга умид билан қаради! Ишонмайсиз менга, аммо, илтимос, ишонинг сўзимга – кўзларида бир жаҳон умид билан қаради, ўтинч ила қаради! “Менга ёрдам беринглар!” – деди!...

***

Ушбу иншони қўлим ёзаяпди, қалбим, вужудим ва кўзим эса – йиғлаб ўтиришибди.

***

Ушбу ёрдам сўровининг тагида нима ётганини ўйлаяпман...

Бу дегани – “сизлар олим кишиларсиз, кўп нарсаларни биласизлар, сизлардан умид қилмасам, бошқа кимдан умид қиламан, бошқа ким менга тўғрисини айтади, бошқа ким мени тўғрилаб қўяди, яхши насиҳатини қилади!” – дегани эмасми? “Мени рози қили учун эмас, Аллоҳ розилиги учун менга тўғри гапни сиз айтмасангиз, бошқа ким айтади!” – дегани эмасми? “Бошқалар ўз нафси куйида менга тилёғламачилик қиладиган пайтда, сиз аҳли илм ҳақни қарор топтирмасангиз, бошқа ким топтиради!” – дегани эмасми?

Бу гапларимнинг исботи – “Биз сизлардан ўрнак оламиз!” – дейилганидир!...

Аммо, назаримда, бу гапнинг яширин, ҳатто гапирувчининг ўзи ҳам билмайдиган маъноси бор! Бу маънони унинг тили билан унинг... қалби гапирди! Абадий жисми бўлмиш – руҳи гапирди!...

Мени ташлаб қўйманглар! – деб нидо қилди...

***

МЕН ИМОМ БЎЛГАНИМДА

Бу гапга қулоқ тутиб, хулоса қилган бўлардим. ИМОМ, деган шараф ва масъулият мавзусини қайтадан уйлаб кўрардим. Ўзим бу масъулиятни кўтаролмаслигимни пайқасам, мендан яхшироғига ўрнимни бўшатиб берардим. Зеро...

Зеро, ҳозир ТАРИХНИНГ  ОЛАМШУМУЛ ОНИДА ЯШАЯПМИЗ!...

Оламшумул даврнинг эса олмшумул масъулияти бор. Алоҳида сўраладиган нарсалари бор! Зеро, бундай пайтда имкониятлар – яъники кўкдан ёғиладиган раҳматнинг кўлами ўзгача! 

***

Энг юқори минбардан туриб, имомга қараб, “биз сиздан ўрнак оламиз!” – дейилди!

“Биз – сиздан – ўрнак – оламиз!”...

Бундай пайтда ўрнак бўлолмасдан туриб, имом бўлишлик – оғир жиноят! Бундай пайтда имом бўла туриб, ҳою-ҳавасга берилиш, ҳақ йўлида шижоатсиз бўлиш, ўткинчи ҳаёт ғамида яшаш, дунё ғамида раҳбарларга тилёғламачилик қилиш, исломий одобга амал қилмаслик – оғир жиноят!

Бундай пайтда имом бўлганимда, албатта ва албатта муфтий ҳазратларининг қабулларига кириб, ўз таклифларимни айтган бўлардим. Энг аввало “менга ёрдам беринглар!” – деяётган кишига асл ёрдам уни кўкка кўтариш эмас, балки унга диний ҳақиқатларни ошкор этиш эканлигини айтардим. Чиройли қилиб, одоб билан, юксак савияда айтардим.

***

Ушбу иншо қалбимнинг тўридан чиқди. ТАРБИЯЧИМ унга неча баҳо қўяди, билмайман. Аммо, умидим шуки, Ўзининг олдида турганимда, У Ўз раҳмати ила менинг гуноҳларимнинг биттасини бўлса ҳам шу, иншоим сабабидан авф этади...

Шокир Шарипов

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)