Тўрт ой давомида жиноятлар миқдори 7,3 фоизга камайди

Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни жорий этилганидан сўнг жиноятлар миқдори 7,3 фоизга камайди.

Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни жорий этилган муддат давомида жиноятлар сони 7,3 фоизга камайди. Бу ҳақда ИИВ Профилактика бош бошқармаси «Газета.уз"га хабар қилди.

Февраль ойи бошида Президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари вакиллари билан йиғилишда пайшанбани ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни деб деб эълон қилишни таклиф этган эди. Ўтган 16 ҳафта давомида республика бўйлаб содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилнинг шу давридаги 31,8 мингтадан 29,5 мингтага камайди.

Унча оғир бўлмаган жиноятлар миқдори 5,1 фоизга — 10870 тадан 10310 тага, ўта оғир жиноятлар — 11,1 фоизга (1275 тадан 1134 тага), аввал судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар — 8,1 фоизга (3213 тадан 2951 тага), маст ҳолатда — 30,9 фоизга (836 тадан 478 тага), жамоат жойларидаги ҳуқуқбузарликлар — 8,76 фоизга (1679 тадан 1532 тага) камайган.

Қотилликлар сони 19,1 фоизга, босқинчилик ҳужумлари 13 фоизга, товламачилик ҳолатлари 9,2 фоизга, безорилик 34,7 фоизга ва танага шикаст етказиш 11,2 фоизга камайган.

«Давомат» тадбирлари давомида таълим муассасаларида сабабсиз дарс қолдириш билан боғлиқ 37 минг ҳолат аниқланди.

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)