Журналист қалами билан...

Энди аттанг ўринсиз. Қанча-қанча аттанглар ўтди.

 Қанча-қанча аттанглар дардга айланди... Энди енг шимариб ишлайдиган пайт келганга ўхшайди. Янаям қодир Эгам...

Кекса журналистнинг суҳбатидан.

Ўша кун бугунгидай ёдимда. Бу воқеа Ўзбекистон телевидениеси «Ахборот» бош муҳарририятининг катта хонасида бўлиб ўтган эди. Хонада йигирма чоғли мухбир ўтиради. Ҳозир билмадим, аммо ўша 2000-йилларнинг бошларида шундай эди. Мазкур катта хонани кўрмаганимга ҳам ўн йиллар бўлди чоғи. У пайтлари катта хона мухбирлардан ташқари ёш ижодкорлар, меҳмонлар, турли келиб-кетувчилар билан гавжум бўлар эди. Неъмат Бойназаров исмли яхши бир журналист дўстимиз бош муҳаррирнинг ўринбосари бўлган. Таҳририятнинг ижодий ишларидан тортиб, журналистларнинг хусусий масалаларигача ана шу одам орқали битарди. Бошини қашишга ҳам вақт тополмай турган бир пайтда у келиб-кетувчиларни қабул қилар ва, энг қизиғи, нафақат журналистлар билан боғлиқ, айни пайтда халқимизнинг ҳар бир байрамида «Ахборот» дирекциясида аввал ишлаб кетган журналистлар, режиссёрлар, операторларни йиғиб, бир пиёла чой устида суҳбатлар ўтказиш, бу ерга келолмаганларнинг эса уйларига бориб, кўнглини олишга ҳам вақт топар эди. Ҳа, бир замонлар шундай эди! У пайтлардаги Неъмат Бойназаровлар энди йўқ.

Йўқ, мавзудан чалғимадим. Гап «Ахборот»нинг катта хонасида юз берган воқеа устида кетаётган эди. Сираси, айтмоқчи бўлганим катта бир воқеа ҳам эмасдир. Аммо менинг назаримда нафақат шунчаки бир кундалик воқеа-ходиса, балки инсон драмасидан бир парча эди. Бу шундай бўлди: эрталабдан ҳаммамизни катта хонага тўплашди. Маълум бўлишича, ходимларимиздан бири «ўз аризасига кўра» ишдан кетаётган экан... Одатда бундай келди-кетдилар ҳар бир ташкилотда ҳам юз бериб туради. Шу боис уларга кўпинча эътибор беришмайди, чунки ишхона нима бўлибди, ҳаётнинг ўзи келди-кетдидан иборат эмасми?.. Аммо бу сафар эътибор беришди. Зотан, воқеа сабабчиси бўлган ҳамкасбимиз бундай эътиборга лойиқ эди. Табиийки, бизга унинг ишдан бўшаши сабабларини очиқлашмади. Буни балки ҳамкасбимизнинг ўзи ҳам билмас эди. Шундай кўрсатма бўлади: ишдан кетсин, вассалом. Шикоятга ўрин йўқ! Мен ҳамкасбимизга диққат билан қарадим. У худди кечирилмас бир айб иш қилиб қўйган одамдек ҳаммага жавдираб қарар ва, энг эътиборлиси, унинг кўзларидаги мунг, бутун вужудидаги ҳорғинлик ҳам юзларида ҳар доим акс этиб турувчи ним табассумни енга олмаган эди. Мана, у ҳозир йиғлаб юборади деб ўйладим мен. Балки ростан ҳам унинг киприкларига ёш илингандир, аммо у гўё кулиб туриб йиғлар эди...

Ўша ҳамкасбимиз ким? Биз адабиёт тарихидан катта ёзувчиларнинг назарига тушиб, улардан матбуот орқали хатлар олган ёш ижодкорларни яхши биламиз. Улар саноқли эса-да, бўлган. Бироқ катта адабиётнинг дарғаларидан матбуот орқали мактуб билан ижоди эътироф этилган журналистлар қанча? Тўғриси, ҳозир айтмоқчи бўлганим ҳамкасбимиздан бошқасини эслолмайман.

«Сизнинг чиқишларингизда кўпинча теран фикр ва қизиқарли таҳлил бўлади. Сизга мурожаат қилишимга ундаган нарса шу бўлдики, назаримда сизнинг чиқишингиз бизнинг бугунги журналистикамиз ривожи учун ғоят принципиал аҳамиятга эга. Бир қараганда, сиз шелуха ёки кунжара каби жуда оддий нарсалар ҳақида гапирдингиз, лекин шу "оддий" нарсалар билан боғлиқ шунақа масалаларни кўтардингизки, улар иқтисодимиз ривожининг туб масалалари деса ҳам бўлаверади».

Юқоридаги  иқтибос улуғ адабиётшунос олим, таржимон, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг «Қишлоқ ҳаёти» газетасининг 2001 йил 21 июн сонида чоп этилган «Тележурналист Муҳаммаджон Обидовга очиқ хат»идан олинди.

Биз – «Ахборот»нинг ходимлари ўша куни катта хонада юқорида номи келтирилган журналист билан хайр-хўшлашган, уни кузатган эдик. Айрим ҳамкасблар ўша пайт «Обидов синди, энди қаддини тиклаёлмайди» деган хаёлга боришлари мумкинмиди? Мен бундай ўйламайман. Муҳаммаджонни барча бирдек ҳурмат қилар, унга иқтидорли журналист сифатида ҳавас билан қарашарди. Агар орамизда ҳасад билан қарайдиган кишилар бўлса, улар адашдилар. Обидов синмади. Бир кекса журналистнинг суҳбатида бўлганимда у шундай деган эди: «Энди аттанг ўринсиз. Қанча-қанча аттанглар ўтди. Қанча-қанча аттанглар дардга айланди... Энди енг шимариб ишлайдиган пайт келганга ўхшайди. Янаям қодир эгам...». Муҳаммаджон Обидов ўша кекса одам айтганидек, ўтган-кетганларни ўйлаб аттанглаб ўтирмади. Енг шимариб ишга киришди. Ундан телекамерани, телеэкранни тортиб олишди, аммо қаламни олишолмади. «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарининг Фарғона вилоятидаги мухбири сифатида мамлакат иқтисодиёти, халқимиз маънавияти, маданияти ривожига ҳисса қўшадиган даражада мақолалар ёзди, масалалар кўтарди. Ўзбекистон журналистлари уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раиси сифатида вилоят журналистларининг малака ва маҳоратини ошириш борасида елиб югурди. Ичкаридан зич ёпилган эшикларни қоқиб, журналистларнинг турмушини яхшилаш, машаққатли меҳнатига яраша ҳақ тўлаш каби масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратиб келди.

Газетхон шундай савол бериши табиий: Муҳаммаджон Обидовнинг истеъдодли журналист, газитчи, жамоат арбоби эканини кўпчилик яхши билади. У ҳатто, ҳали талаба экан, Ўзбекистон телевидениеси «Ёшлик» студияси орқали қилган чиқишларини, «Ахборот» кўрсатувида ёритган кўплаб долзарб мавзуларни биз яхши биламиз. Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир қалам соҳиби, айниқса журналист ўз вақтида яхши мақолалар ёзиб тилга тушаркан, бир кун келиб унинг ҳам вақти ўтади, қўшиқлари эскиради, уларнинг ўрнини янги кишилар, ёш ижодкорлар эгаллайди. Шундай экан, «Ахборот»нинг катта хонасида бир пайтлар бўлиб ўтган эски гапларни эслашингиздан мақсад нима? Агар мақсад Муҳаммаджон Обидовни бизга таништириш бўлса, биз уни таниймиз ва яхши биламиз. Агар бошқа мақсадингиз бўлса, гапни чўзмай индаллосига ўтинг!

Қандай яхши! Мана шундай чўрткесар замонларга ҳам етиб келганимиз билан ҳаммани табриклайман! Аввало менинг Муҳаммаджон Обидовни ва у билан боғлиқ катта хонадаги эски воқеани эслашимга ўша юқорида айтганим кекса журналистнинг «дардга айланган аттанглар» ва бу аттанглар қанча-қанча одамларни синдириб ташлагани ҳақидаги суҳбати бўлди. Иккинчидан, мен хам пенсиядаги бир журналистман. Телекўрсатувларни, газета-журналларни унда-бунда баҳолиқудрат кузатиб бораман. Бугунги журналистикамизда Муҳаммаджон Обидов даражасидаги қалам соҳиблари негадир кўринмаяпти десам, мен кўришга ёки ўқишга улгурмаган ўша долзарб мавзуларни тадқиқ этган мақола муаллифлари кечирсинлар. Агар етук журналистларимиз кўпаяётган бўлса, нур устига нур. Аммо менда бунга шубҳа бор. Чунки биз, журналистлар, неча минг аттангларга йўғрилган узун бир вақтни қўлдан бой бердик ва ҳамон шундай давом этмоқдамиз. Вақтни бой бериш турли суратда кечди. Бирларимиз «бу ҳақда ёзсам барибир чоп этишмайди, яхшиси муҳаррирга хуш келадиган мавзуларни қаламга олай» деб вақтни бой бердик. Бошқаларимиз эса қаламни бутунлай ташлаб қўйдик. Замон бир жойда турмайди, одамларнинг бағрига шамол тегиб қоладиган кунлар ҳам келиб қолар, вақтни ўтказмай кўнглим буюрган мавзулар ҳақида ёзайин демасдан вақтни бой бердик. Шўро ҳукумати саҳнадан тушгандан кейин рус ва бошқа халқлар ёзувчиларининг, журналистларининг совет замонида ёзилиб, сандиқнинг тагига ташлаб қўйилган асарлари бирин-кетин потирлаб чоп этила бошлади. Бизнинг ёзувчи ва журналистларимиз эса, жумладан, ўзим ҳам мум тишлаб ўтирдик. Аллоҳга шукур, Алихонтўра Соғуний деган бир аллома, совет жамиятининг ашаддий танқидчиси ўзининг «Туркистон қайғуси», «Тарихи Муҳаммадий» ва бошқа асарларини ёзиб кетган экан. 1960-йиллардан кейинги совет даври  ёзувчи ва журналистларининг жонига оро кирди. Аллома ўша «Туркистон қайғуси» китобини қай ҳолда ёзганини менга айтиб беришди. Бу китоб ҳақида у ёзиб тугаллангунга қадар муаллифнинг ўзи-ю, қўлидаги шамчироқ ва ертўладаги ун яшиги «билар» экан, холос. Соғуний домла ўз қўлёзмасини яшик тагидан чуқур кавлаб ўша жойда сақлар экан... Қани мана шундай матонатли яна бир қалам соҳиби бормикан?! Ёки соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари» асарининг таржима этилган пайтини эслайлик. Бу асар таржимаси айни шўро ҳокимиятининг забтига олган, инсон ҳуқуқлари камситилиши, оддий меҳнаткашга бераётган бир бурда нони эвазига унинг бутун куч-қувватини, устларидан бутифос сочиб соғлиғини сўриб олаётган даврига тўғри келади. Энг эътиборлиси, Алихонтўра Соғуний бу ёдгорликни бутун юрак қўрини бериб таржима қилишдан ташқари, «Темур тузуклари» аслида ўзбек туркийсида, Амир Темурнинг ўз қўли билан ёзилганини ҳам исботлаб берди. Бу ҳақида Алихонтўра Соғуний шундай ёзади: «Биз кўрган арабча, форсча, туркча китобларда Темур устида ҳар турли сўзни ёзадилар. Уларнинг қайси бирлари уни бошига кўтариб мақтасалар, баъзилари уни ерга урадилар. Йигирма етти пойтахтли ерни ўзига бўйсундирган лашкарбоши мазкур китобда ўзининг бутун қилган ишларини қисқача ҳарбий-сиёсий ёсолларини  қуриб кўрсатиб, уни «Темур тузуклари» деб атамишдир. Аслида эса бу китоб Темурнинг ўз қалами билан ўзбекча ёзилган бўлса ҳам, бунга унинг меросхўрлари эга бўла олмаганлар. Эшитишимизча, бу китобнинг асл нусхаси Лондон кутубхонасида сақланармиш. Тошкент диний назорати китобхонасида бундан бир нусха борлигини англаб, уни кўришга қаттиқ қизиқдим. Қарасам, у олтин китоб ўз асли ўзбек тилидан форсчага кўчирилгач, ўз маъносини йўқотмаган бўлса ҳам, ўзбеклик ҳайбатидан ажрамиш эди. Буни ўқигач, Навоийнинг «Муҳокаматул-луғатайн» китобида айтган сўзини эскариб, унга раҳматлар ўқидим. Навоий бу китобида ўзбек олимлари ўз тилларини қолдириб, форс адабиётига берилганликлари учун қаттиқ норозилик билдиради. Ўзбек тилининг ҳар тўғрида форс тилидан ортиқлигини кўрсатиб, ўзбекчадан бир юз оғиз сўз келтиради. Буларга форс шоирлари ўз тилларида таржима тополмайдилар дейди.

Мен бу сўзнинг тўғрилигини илгаридан билган бўлсам ҳам, айниқса бу китобни таржима қилиб чиққанимдан сўнгра кўнглимда ҳеч гумоним қолмади. Чунки бу китобнинг асл нусхасидаги бир неча оғиз ўзбекча сўзларга форсийда таржимаси топилмагач, у сўзларни таржимон шул бўйича қолдиришга мажбур бўлмишдир.

Ўқувчиларга англатиш учун булардан баъзиларини бу ўринда кўрсатиб ўтамиз.

1. Чори булчор – урушга тўплаш.

2. Соварий – ҳадя.

3. Суюрғол – маош, ер-мулк.

4. Қобу – пайт.

5. Жолду – инъом.

6. Чопул – ҳужум.

7. Чопқулаш – қиличбозлик.

Бундан бошқа аскар ёсолларида қўлланмиш тубандаги сўзларнинг кўпроғи таржимага сиғмагач, ўзларини қолдирмишдир. Масалан, қўл (уруш чоғида аскар сафларининг энг ўрталиғи), баронғор (аскар сафларининг ўнг қўли), жаронғор (аскар сафларининг сўл қўли), қировул (аскар сафларининг олдидаги баҳодирлар тўпи), шоқовул (уруш майдонида эҳтиёт тўпи), чиндовул (уруш сафларининг орқа қўриқчи тўпи).

Булардан бошқа ҳам таржима бўлмағон сўзлари кўпдир.

Энди мен бу китобни бошдан-оёқ кўриб чиққанимда бунинг асли ўзбекча бўлиб, Темурнинг ўз сўзи эканлигини аниқ билдим. Оз бўлса ҳам халқ учун мендин холис бир хизмат бўлармикин, умрим кесилгандан сўнгра кейингиларга ўзимдан эсдалик бўлиб қолармикин деган умид билан ҳар ким тушунарли қилиб, форс тилидан яна ўзбек тилига таржима қилдим. Ёт ерга ўлжа тушиб кетган асаримизни ўз элига кўчириб келтирдим» («Гулистон» журнали, 1967 йил, 1-сон).

Энди шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўша пайтда Алихонтўра Соғуний жасоратига ҳамоҳанг яна бир қур довюрак ёзувчи ва журналистлар юз кўрсатишдики, уларни унутиб бўлмайди. Уруш кўрган, турмушнинг жуда кўп аччиқ-чучукларини тотиб, охирида ҳақиқат йўлида иш қилишдан бошқа ҳамма нарса икки пулга қиммат эканига иқрор бўлган ҳарбий ёзувчи, «Гулистон» журналининг бош муҳаррири Иброҳим Раҳим ва таҳририятнинг бир қанча қалам соҳиблари ана шундай фидойи кишилар бўлиб чиқишди. Ахир юз йилдан ортиқ давр мобайнида «босқинчи», «золим», «каллалардан минора ясаган қонхўр» дея тавсиф бериб келинган одамни бир кунда оқлашнинг ўзи бўладими?! Шоҳидларнинг гувоҳлик беришларича, журналнинг ҳар сони чиққанида таҳририятга «замбарак»нинг ўқи отилар эди. Телефонда Марказкомдаги масъул ходимнинг «Бу зорманда қачон тугайди?» деган даҳшатли овози келганда, таҳририятда сув қуйгандек жимлик ҳукмрон бўлар эди. Ҳамма бир-бирларига овоз эгасининг кимлигини айтмоқчи бўлгандек им қоқишарди.

«Темур тузуклари»нинг охирги қисми журналнинг сентябр сонида тугалланиши лозим эди. Аммо Марказкомдаги масъул ходимнинг ҳар гал дўқ-пўписа билан «Бас қилинглар ўшани, тўйдириб юбординглар!» деган қўнғироқлари туфайли «Темур тузуклари» журналда тўлалигича босилмай тўхтаб қолди.

Бундан икки йил олдин Алихонтўра Соғунийнинг 130 йиллиги нишонланди. Тадбир қариндош-уруғлар, шогирдлар, мухлислар иштирокида ўтди. Бу анжуманга ҳатто Алихонтўра Соғуний бир умр ихлос билан ҳамкорлик қилиб келган диний идора ҳам бош қўшгани йўқ. Бу алломанинг хотира кунлари кенг жамоатчилик иштирокида, расмий равишда шу кунгача ҳам бирон марта бўлсин ўтказилгани йўқ. Унинг китоблари жуда кам нусхада чоп этилади. Таржималарига эса иккинчи муаллифлар учқаштирилади. Бундан ташқари унинг ҳаёти ва фаолияти, асарлари ҳақида кенг миқёсда тадқиқотлар, тарғибот ишлари олиб бориш зарур бўлган бир пайтда у ҳақда ёзилган мақола ва асарларнинг чоп этилишида сансалорликлар юз бермоқда. Уларни ёзган муаллифлар китобларини ўз ҳисобларидан чоп этишга мажбур бўлмоқдалар. Бундай муносабатнинг туб сабабларини хеч ким билмайди ва билганлар айтмайди. Ташқаридаги миш-мишлардан эса шундай гапларни эшитамиз: «Нима эмиш, Алихонтўра Соғуний ўз пайтида совет давлатининг муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилган эмиш». Ҳа, рост! Алихонтўра Соғуний бевосита Сталин билан учрашмаган бўлса-да, аммо унинг одамлари билан кўришиб, ҳамкорлик қилган. Бу ҳамкорлик Шарқий Туркистоннинг озодлиги йўлида бўлиб, очиқ-ойдин, бутун дунё сиёсатчилари кўз ўнгида, келишилган шартнома асосида амалга оширилган. Бунинг устига ушбу ҳамкорлик бевосита советларнинг ташаббуси билан юз берган. Бу ҳақда кўпгина тарихий ва бадиий адабиётларда ёзилган. Аммо алломанинг советлар билан махфий равишда ҳамкорлик қилгани ҳозиргача маълум эмас. Агар бу ҳақда қандайдир «ҳужжатлар» собиқ ДХКнинг қайсидир пучмоқларида ётган бўлса, улар сохта ва буюртма билан тайёрлангани шубҳасиздир. Чунки Алихонтўра Соғунийнинг эътиқоди билан золим, босқинчи ҳукуматга ёлланиш ақлдан ташқаридир. Яна бир гап шуки, Алихонтўра Соғуний 1946 йили Шарқий Туркистондан советлар қўли билан ўғирлаб кетилгач, у тузган вақтли ҳукумат аъзолари кўп ўтмай гўё самолёт ҳалокатига учратилиб, маҳв этилдилар. Улар орасида қирғиз Исҳоқ Мононов, қозоқ Далелхон Суғурбоев каби ватанпарварлар бор эди. Ҳозир Қирғизистон ва Қозоғистонда ана шу қаҳрамонларга ҳайкал қўйилган. Биз эса ана шу курашларнинг бошида турган Алихонтўра Соғунийни бир йилда бир марта эслашга ярамаяпмиз. Жуда қизиқ бир ҳол. Юқорида Алихонтўра Соғунийни кимлардир советлар билан ҳамкорликда айблаб келишини айтдик. Аслида советлар билан чин маънодаги ҳамкорликни юз минглаб ўзбек коммунистлари, жумладан, ёзувчи ва журналистлар армияси амалга оширмадими?! Ҳар биримиз шўро берган амал курсиларида, ўша амал курсиси жойлашган хоналарнинг пойгакларида ўтириб олиб, тузумнинг сиёсатини ташвиқ ва тарғиб қилмадикми?! Ҳа, тўғри айтасиз, бу энди бошқа масала...

Шундай қилиб, биз журналистларнинг олтинга тенг вақтлари неча замонлардан буён хирмондаги сомондай шамолга совурилмоқда. Журналист ким ўзи? У фалон жойда боғча қурилди, пистон жойдаги йўлга асфалт ётқизилди, бу ҳақда фалончи амалдор бундай деди, писмадончиси ундай деди деб дафтар-қалам кўтариб юрадиган югурдакми? Асло! Журналист халқнинг юраги, халқнинг тилагидир. Тарихда ҳақиқий ёзарлар ҳар доим халқ томонида туришган. Унинг кўнглида кечаётган орзу-умидларни, тортаётган машаққатларини қаламга олганлар. Совет даври журналистларини айтмайман, мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам журналистларимизнинг фаолияти ҳамон ўша эски андоза доирасида кечди. Бугун журналистларнинг бу ҳолга тушиб қолиш сабаблари хусусида гапирар эканмиз, айбни аввало ўзимиздан, мутелигимиздан қидиришимиз керак.

Журналистларнинг қаламлари «ўтмаслашиб», лоқайд бўлиб қолишига ички қўрқувдан ташқари яна бир сабаб борки, уни ҳал этиш бу соҳада кўп масалаларнинг ечимини белгилайди. Бу журналистларга тўланадиган қалам ҳақи. Газетада ишлаб оила тебратишга етар-етмас пул топиш учун, биринчидан, бош муҳаррир талаб қилган (ундан ҳам кимлардир талаб қилади) мақолани ёзиши, кўрсатмасиз бирон-бир танқидий мақолага қўл урмаслиги ва ниҳоят реклама берувчиларнинг орқаларидан юриши, шунингдек, бир йилда ҳеч бўлмаса 100 та обуначи топиши лозим бўлади. Кўриб турибсизки, журналист бу ишлардан бўшаб бирон-бир ўқишли мақола ёзишга вақт тополмаслигини сезиб қоламиз ва унга анчайин маломат қилаётганимизни ҳам хис этамиз. Яқинда бир пайтлар деярли саккиз юз минг нусхада чоп этилган, бугун эса адади узоғи билан уч минг нусхага етадиган газетанинг ходимлари телеэкрандан туриб «республикада фалонча мактаб бор. Нега улар бизнинг газетамизга обуна бўлишмайди?» дея иддао қилишганини менга айтишди. Бундай иддао нотўғри. Бугун ҳар ким ўзи хоҳлаган нашрни, ўзи истаган китобни ўқийди, кўнгли тусаган сайтга киради. Газетани биров ўқимайдиган, ўқиб бўлмайдган ҳолатга келтириб қўйган экансиз, энди уни фақат ўзингиз ва муаллифларингиз ўқисин! Газета ва журнал, китоб аввало маънавий-марифий фикр тарқатувчи восита бўлиш билан бирга маҳсулот ҳамдир. Бу ёғи энди ўша фикрингизни бозор кўтарса сотасиз, акс холда касод бўласиз. Бугун бизнинг олди-қочди сафсата сотадиган сариқ матбуотдан ташқари (аслида маънавий жиҳатдан улар ҳам), ўзларини жиддий тутиб турган газета-журналларимиздан аксариятининг бозори касод. Уларни, юқорида айтганимиздек, ўз журналистларининг елиб-югуришлари ва масъул идораларнинг жойларда мажбуран обуна қилиш ҳақидаги топшириқларигина ушлаб турибди. Шулар бўлмаса тўкилиб қолишади. Ахир бўш қоп тепасидан ҳимариб ушлаб турилмаса тик турадими?!.

Маълумки, президентимиз 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилди. Шу муносабат билан марказда ва жойларда халқдан тушаётган шикоят ва аризаларни юзлаб ходимлар сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб ўрганишмоқда. Уларнинг кўплари, айтиш мумкинки, натижа ҳам бераяпти. Шу муносабат билан бир таклифни ўртага ташламоқчимиз. Бугунги кунда республикамизда 300 га яқин нашр бор. Агар бунга интернетдаги сайтларни, радио ва телевидение тармоқларини қўшсак жуда катта журналистлар армияси мавжудлигини кўрамиз. Бугун ягона портал деб аталаётган мулоқот марказини бевосита газета-журналлар таҳририятларига, радио ва телевидение студияларига, сайтларга кўчирсак, биринчидан, оқиб қелаётган барча шикоят ва аризалар бетараф одамлар қўлига тушади ва унинг назорати муҳарририятлар томонидан олиб борилади ва албатта ҳар бир мурожаат ўз ечимини топади деб ўйлайман. Иккинчидан, ягона портал тармоқларида ариза ва шикоятларни саралашга жалб этилган кўплаб ходимлар ўз иш ўринларига қайтишади ёки бошқа ишларга йўналтирилади. Бу иқтисодий жиҳатдан ҳам фойда. Захирада шунча журналист турганда бу ишга бошқаларни жалб этиш шарт эмас назаримизда. Ва, энг муҳими, шундай йўл тутилганда президентимиз ва давлатимиз журналист деган касб эгаларига катта ишонч билдирган бўлур эди. Ана ўшанда таҳририятларнинг катта ва кичик хоналарида жонланиш юз беради. Уларда юзлаб муҳаммаджон обидовлар ҳозир касб бўлиб қолган бу соҳани хақиқий ижодга айлантирадилар. Ахир дунё тажрибаси журналистнинг қалами билан ҳам ҳақиқий демократияни таркиб топтириш мумкин эканлигини намойиш этмаяптими?!

Ёқубжон Хўжамбердиев

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)