Ғазабдан тийилинг!

​Дам олиш кунларидан унумли фойдаланиш мақсадида кеча опам, жиянларим, рафиқам ва фарзандим билан айланишга чиқдик. Катта чорраҳадан кичикроқ кўчага киришим керак эди. Яшил чироқ ёнди. Мен ҳаракатлана бошладим. Шу пайт ўнг томондан бир машина қизил чироқда, катта тезликда чорраҳага кириб, ўнг томонга қайрила бошлади. Машина опам ва рафиқам ўтирган томондан келаётганди… Бир лаҳзада кўз одимдан кўп нарса ўтиб кетди. Амаллаб машинани тўхтатдим. Шоввоз йўлга тушиб олди. Узр ҳам (авария чироғини ёқиш ҳайдовчилар учун узр ва раҳматни англатади) сўрамади.

Мен ҳам тезликни оширдим. Унга етиб олиш ва яхшилаб дарс бериб қўйишни мақсад қилгандим. Аниқроқ айтаверай, хумордан чиққунча калтаклагим келди. Газни босар эканман ўйландим: менга нимадир бўлдими? Ҳеч нарса. Яқинларимга зарар етдими? Йўқ. Молимга зарар етдими? Йўқ. У аҳмоқни бориб урганим билан нимадир ўзгарадими? Йўқ.

Шу пайтгача бундай ҳолатни шунчаки ўтказиб юборган эмасдим. Авария ҳолатини юзага келтирган одам қувиб етиб, яхшилаб пўстагини қоқардим. Кеча биринчи марта ўзимга қарши бордим. Ғазабимни тийдим. Ва бундан ҳаммага фойда бўлди. Агар у билан тушволиб муштлашганимда кайфиятим бузиларди. Айланиш ҳам татимасди.

Ҳозир одамлар анчайин жиззаки ва қизиққон бўлиб қолган (ўзимдан қиёс). Бошқалар билан жанжалашар экансиз, вақтингиз кетади, асабингиз бузилади. Ва гуноҳкор ҳам бўласиз.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда: “Эй Росулуллоҳ, мени Жаннатга киритадиган бир амални кўрсатинг”, дедим. У киши: “Ғазаб қилма! Шунда сенга Жаннат берилади”, — дедилар”.  (Табароний ривояти, “Муъжамул-авсат”дан)

Муҳаммад Темур Аъзам

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)