Иқтисодий аҳволимиз, ўзга давлат иқтисодиётини кўтараётган мигрантлар «армия»си, ишсизликни йўқотиш бўйича мулоҳазалар

Ислоҳотларни, янгиланишни олқишлаш билан биргаликда ҳар биримиз мавжуд ҳолатимизнинг таҳлилини қилишимиз ҳамда эртанги кунимизнинг режасини тузиш борасида фикр юритмоғимиз фойдадан холи эмас. Зеро, кўпчилик бўлиб пухта тузилган режа ҳаракатларнинг самарали бўлиши учун муҳим омилдир. Қуйидагини шу рукндаги уриниш, деб билгайсизлар.

Биринчи қисм. Тили бор рақамлар

Бир нечта рақамлар борки, улар бизга мавжуд ҳолатимизни яхшигина тасвирлаб беришга қодир. Уларга бир қараб нафақат мавжуд ҳолатни, балки нима қилсак қисқа даврда жадал равишда ривожланиб олишимиз мумкинлигини ҳам англаб етамиз. Шундай рақамлардан баъзиларини тилга оламиз:

4,4 миллион гектар

Бу рақам — мамлакатимизда мавжуд бўлган суғориладиган ерлар ҳажми. Ҳозирда улар фермер хўжаликларига берилган. Бу рақам бизга нималарни «айтиб бериши» мумкинлигини кейинги рақамларга қараб билиб оламиз.

2,3 миллион

Бу рақам — биргина Россия Федерациясида ишлаб юрган ўзбекистонликларнинг расмий рўйхатга олинган сони. Бошқа хабарларга кўра, бу сон 4 миллиондан зиёд.

Қўшимча қилиб шуни айтиш керакки, уларнинг асосий қисмини қишлоқ фарзандлари, яъни аксар ерда ишлашни яхши кўрадиган йигитлар ташкил этган бўлиб, иш йўқлигидан четда ишлашга мажбур бўлмоқдалар.

22 миллард доллар

Бу рақамнинг мамлакатимизга алоқаси йўқдек, аммо уни ҳам келтирамиз. Бу рақам биргина Россия Федерациясида ҳозирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидаги йиллик етишмовчиликни билдиради. Маълум воқеалардан сўнг, бу мамлакатга нисбатан ғарб давлатлари томонидан иқтисодий чоралар кўрилиб, етишмовчилик шу даражага етди.

Нега айнан бу учта рақам келтирилгани барчамизга тушунарли, деб мулоҳаза қиламиз-да, давом этамиз.

Энди бу рақамларга қараб енгил таҳлилни амалга оширсак бўлади. Хўш, нималарни билиб олдик?

Биринчидан. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун яроқли бўлган ерларимиз анчайин кўп эканлигини. Буни яхшироқ англашимиз учун яна битта рақам келтирамиз — 300 минг гектар. Бу рақам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўп давлатларга экспортини йўлга қўйган давлат — Исроил давлатининг суғориладиган ерлари ҳажмини билдиради. Таққослаймиз. 4.400.000 гектар бизда — 300.000 гектар Исроилда.

Иккинчидан. Ерни обод қилишни эплайдиган, ерда ишлаш асносида бой-бадавлат яшашни истайдиган, аммо ҳозирда ўзга бир катта давлатнинг иқтисодиётини оёққа турғазишга сезиларли ҳисса қўшиб келаётган «бир армия» одамимиз борлигини билдик. Шу «армия»мизнинг меҳнати эвазига ўша катта давлатда кўплаб... жуда кўплаб иншоотлар қурилди ва бошқа ишлар қилинди.

Учинчидан. Мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилувчи биргина давлатнинг расмий идораси келтирган рақамидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг нақадар катта эканлигини билиб олдик. Сифатли, қўёшдан тўйиниб етилган маҳсулотнинг эса ҳозирда «баҳоси йўқ» эканлигини ўзимиз хулоса қилсак бўлади.

Аччиқ бўлса ҳам хулосага ўрин берамиз

Исроил давлати ўзининг 300.000 гектар ерида етиштирилган маҳсулотини дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилиб келаяпти. Хусусан, биз тилга олаётган Россияга ҳам.

Иқтибос: «Исроил географик жиҳатдан қишлоқ хўжалигини юритиш учун ноқулай бўлишига қарамасдан, янги узилган маҳсулотларнинг йирик экспортчисидир. Исроил ер майдонининг ярмидан кўпи чўл зонага тўғри келади, сув танқислиги эса қишлоқ хўжалиги амалиётига янада қўшимча қийинлик келтиради».

(Википедиядан).

Шу ўринда кимдир эътироз билдириши мумкин: «Биз исроилликлардай бўла олмаймиз, улар бошқача халқ!»

Жавоб: Бекорларни айтибсиз! Бизлар илму салоҳиятда, бунёдкорликда бошқалардан минг чандон ўтиб кетган даврлар бўлган.

Бир марта ишғол этилган чўққиларни яна забт этса бўлади. Демак, ҳар қандай юксак мақсадларни ўз олдимизга қўя оламиз!

Аччиқ ҳақиқатларни тилга олишда давом этамиз.

Еримиз кўп экан, заҳматкаш, ишчан йигитларимиз кўп экан. Шу билан бирга, тўрт миллион кишимиз ўзга иқтисодиётни кўтараётган экан.

Ерларимиз эса юз, икки юз ва ундан кўп гектардан фермерларга берилган. Шу жойда «фермер», деган тушунчага аниқлик киритсак. Академик луғатга мурожат этамиз: «фермер — хусусий қишлоқ хўжалиги эгаси, ферма эгаси». Ушбу келтирилган таърифда «ЭГА» сўзи биз учун энг муҳим сўздир.

Эга

Яъни, ҳақиқий фермер, бу — авваламбор озми-кўпми, каттами-кичикми хўжаликнинг ЭГАсидир. У ўз хўжалигини авайлаб асрайди, ривожлантиради, безатади, кўркам этади, хуллас калом... севади. Ўзидан кейин болаларининг моддий ва маънавий озуқа манбаи бўлиши учун уринади.

Биздаги фермерлар эса... аслида ерга ҳам, маҳсулотга ҳам ҳақиқий ЭГА эмаслар. Давлат томонидан ажратилган уруғ ва бошқа нарсаларни ишлатиб маҳсулот (асосан пахта ва буғдой) етиштирадилар ва давлатга топширадилар. Табиийки, ерга муносабат ҳам, уни обод қилиш, ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга бўлган рағбат ҳам, эртанги кунга назар ҳам ўзига яраша. (Давлатдан олинган минерал ўғитларни чекага сотиб юбориш, «хўжакўрсинга» иш юритиш, ишчиларга пул ўрнига ғўзапояни иш ҳақи қилиб бериш ва бошқа юз бераётган «нарса»ларга бу ерда урғу бериб ётмаймиз, зеро, мақсадимиз ҳозир бу эмас). Бундай «фермер»лар ҳозирда мамлакатга, халққа ва ниҳоят ўзларига ҳар бир гектардан қанча фойда келтираётганини илғор аграр давлатлардаги рақамлар билан таққосласак ачинишдан бошқа иложимиз қолмайди. Мазкур вазиятдан келиб чиқиб...

Ҳолатимиз манзарасига чизги чизамиз:

Бир тарафда — Россиянинг энг қийин, энг қора ишларини қилиб юрган 4 миллионга яқин ишчан фуқароларимиз.

Иккинчи тарафда — тайин бир ЭГАси йўқ, аксар ҳолатда эъзоз этилмаётган 4 миллион гектар ерларимиз.

Бир-бирига ҳайрат ила тикилиб турган, мантиқсиз, таажубга соладиган ушбу икки факт олдида турибмиз. Эндиги вазифамиз — бу икки фактга тикилиб турмасдан, зиддиятни бартараф этишимиз.

БУ ЗИДДИЯТНИ БАРТАРАФ ЭТИШИМИЗ ЭСА МАМЛАКАТИМИЗНИ ЖАДАЛ РИВОЖ ТОПИШИГА АСОС БЎЛА ОЛАДИГАН ДАРАЖАДАГИ САЛМОҚЛИ ИШДИР.

Атайин катта ҳарфлар билан ёзилган юқоридаги жумла кимгадир баланпарвоз гапга ўхшаб туюлиши мумкин. Аммо ҳозирда дунёда юзага келиб турган ҳолатдан (коньюнктурадан) хабари бор ҳар бир киши бу катта ҳарфлар билан ёзилган гапни яхши тушунади.

Коньюнктура

Ҳозирда ҳар бир мамлакат ўзида бор имкониятлардан максимал фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бу тенденция дунё бўйлаб тобора авж олмоқда ва, табиийки, авж олиб бораверади. Яшаш учун, ривожланиш учун бўлаётган бу курашда эса абжирлар — ўз имкониятларини увол қилмаётганлар — бошқалардан ўзиб кетаётгани ҳам ҳақиқат. Хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун қулай имконияти бўлган ҳар бир мамлакат бу бозорда ўз ўрнини эгаллашга роса уринмоқда. Бу йўлда айрим илғор мамлакатлар ўзида ишчи етишмаганидан четдан ишчи ёллаб ерларини истифода этаётган бўлсалар, яна бирлари экин-текинга ноқулай жойлардан ҳам фойдаланишгача боряптилар. Сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб эса борган сайин ўсиб бормоқда.

Мавжуд коньюнктура ва... биз

Шу жойгача қилган таҳлилий уринишимиздан кўриниб турибдики, имкониятлардан унумли фойдаланиш масаласида биз, таъбир жоиз бўлса, бир оёққа эмас, балки ҳамма мавжуд оёқларга оқсаганмиз. Бизда бор имконият, айтайлик, ўша исроилликларда бўлганда эди... Майли, ҳолат ҳақида фикрладик, эндиги фикр қилишимиз лозим бўлган нарса...

Ечим

Жўяли ечимни таклиф этиш, аслида, осон иш эмас. Аммо баъзида ечим «сувнинг устида» қалқиб, «мана менман», деб турган бўлади. Уни олиб ишлатиш керак бўлади, холос.

Демак, биз ишсизлик сабабидан четда ишлаб юрган, ўзга иқтисодиётни кўтараётган ўша «армия»мизни ЎЗ ерларимизни том маънода обод қилишга жалб қилмоғимиз ва шу аснода бир эмас, балки бутун бошли комплекс муаммоларимизни ҳал қилишга киришишимиз даркор. Бошқача қилиб айтганда, бизларга ҳозир аграр ислоҳот жуда зарур. Аммо бундай ислоҳот кутилгандек натижага олиб келиши учун уни тўғри режалаштириш, таъбир жоиз бўлса, формуласини тўғри тузиб чиқиш даркор.

Ислоҳот формуласи

Аграр соҳани ривожлантиришнинг бир қанча моделлари бор. Муҳими — ҳолатни, мавжуд шарт-шароитни ҳисобга олган ҳолда хос моделни танлаб олишдир. Бир мамлакатга тўғри келадиган модел бошқасига асло тўғри келмаслиги мумкин. Масалан, Исроил давлатида қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд ишчи кучининг атиги 3.7 фоизи ишлайди. Табиийки бизга бундай модел ҳеч ҳам тўғри келмайди, зеро, биз кўп сонли қишлоқ фуқароларимизни ишли қилишимиз керак.

Биз ўзимизнинг хос формуламизни ишлаб чиқишда қуйидагилардан келиб чиқишимиз даркор:

— Ишсизлик миқёси. Буни изоҳлашга ҳожат йўқ.
— Ижтимоий табақаланишга имкон қадар йўл қўймаслик. Йирик аграр хўжаликлар тузиш йўлидан бориш алал-оқибат қишлоқларда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради. Яъни, катта ер эгалари (бойлар) ва уларга ишлайдиганлар (ойлик маош оладиган камбағаллар) синфлари юзага келади. Бу эса мамлакат ривожига хизмат қилмайдиган чуқур маънавий-ижтимоий қусурлардандир, деган мулоҳазани қилсак бўлади.
— Имкон қадар кўпроқ оилаларни иқтисодий фаолликка жалб қилиш.
— Имкон қадар кўпроқ кишиларимизни ЭГАларга айлантириш... Бунинг тафсилоти ҳақида ҳали тўхталамиз.
— Менталитетимиз.

Ушбу беш тамойил бўлажак ислоҳотларнинг имкон қадар кўпрок кишиларни қамраб олишини, катта аграр хўжаликлар эмас, балки айнан кичик ер эгаларини кўплаб юзага келтиришни тақозо қилади. Аммо буни амалга ошириш шунчаки ишсизликни бартараф этиш воситаси эмас, балки кенг кўламдаги, КОНЦЕПТУАЛ АҲАМИЯТГА МОЛИК ВАЗИФАДИР. «Жуда унчалик эмасдир?» — дер балки кимдир. «Ўшанча» эканлигини асослашга киришамиз ва яна рақамларга мурожат этамиз.

Концепция

4,4 миллион гектар суғориладиган ерларимиз борлигини айтдик. Энди бу рақамни ҳозирча иккига бўлиб турамизда, ҳосил бўлган ҳажмни олиб, бироз хаёлга эрк берамиз. 2,2 миллион гектар ер асосида босқичма-босқич, секинлик билан кичик ЕР ЭГАЛАРИни хаёлан вужудга келтирамиз. Бир оила бир ёки икки гектар ер эгаси бўлди, деб тасаввур этайлик. Оддий арифметик амаллар шуни кўрсатади-ки, натижада мамлакатимизда салмоқли, салоҳиятли тадбиркорлар «армия»си вужудга келади шунда. Ҳозирда ўзга бир давлатнинг иқтисодиётини кўтараётган «армия» асосида янги, Ватанига, юртига фойда келтирувчи тадбиркор, бунёдкор «армия» вужудга келади. Устига-устак «қайси гўрда» эмас, балки ота-онасининг олдида, фарзандларига бош бўлган ҳолда.

Бу тадбирнинг КОНЦЕПТУАЛ аҳамиятга эга эканлигини қуйидаги мулоҳазалар билан асослаймиз:

Давлатнинг куч ва салоҳияти шу давлатда яшаб, фаолият юритаётган ижтимоий сегментларга боғлиқ.

Том маънодаги кучли давлат, бу — ижтимоий ва иқтисодий фаол, руҳан бақувват қатламларига эга давлатдир. Бошқача қилиб айтганда мамлакатда иқтисодий-ижтимоий фаол, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар қанча кўп бўлса, мамлакат шунча кучлидир.

Фикр юритаётганимиз аграр ислоҳот эса пировардида мамлакатимизда, тўғрироғи, қишлоқларимизда ўша — ижтимоий ва иқтисодий фаол, юрт ривожи учун жон куйдирадиган — СИНФни вужудга келтириш кўламига молик тадбирдир.
Бундай, том маънодаги кучли, фаол СИНФ миллатнинг асосига, таянчига айланса бу миллат ҳар қандай мақсадларни ўз олдига қўя олади. Зеро, бундай миллатнинг замирида ФАОЛЛИК ётган бўлади.

Иккинчи қисм. Фаоллик сирлари

Ҳар қандай фаолликнинг замирида стимул ётади. Стимул бўлмаса фаол, ғайратли бўлишингизга йўл бўлсин. Уйингизда мурғак, яқиндагина дунёга келган, ҳимоясиз бир тирик мавжудот бўлса-ю, унинг тириклиги сизнинг ҳаракатларингизга, фаоллигинингизга боғлиқ бўлса, фаол бўлмай кўринг-чи! Боз устига у сизнинг пушти камарингиздан дунёга келган бўлса. Унинг таъминоти йўлида «гастарбайтер» бўлишдан ҳам тонмайсиз! Мана, бир неча миллион йигитларимиз шу ҳолда юришибди.

Аммо бу — стимулнинг битта тури, холос.

Бошқа мисол. Тасаввур этинг — «гастарбайтер»сиз. Ўзга юртда оғир ишларни қилиб, оилангизга бироз пул жўнатиб турибсиз. Бола-чақангиз соғинчидан қалбингиз тилка-пора. Боз устига, ерлик аҳоли сизга паст назар ила қарайди, турли ҳақоратларни эшитиб ҳам турасиз. Бир кун уйингиздан хабар келди: сизга бир гектар ер бериладиган бўлди! «Ол, эгалик қил, обод қил, эпласанг — зурриёдингга қолади», дейилди. Давлат томондан иш ривожи учун қарз ҳам, бошқа кўмак ҳам бериладиган бўлди. Президент эса ўзини Сизнинг ҳимоячингиз, деб эълон қилди. «Обод Ватан қурамиз» ва бошқа шиорлар айтилди. Фақат энди бу шиорлар «қуруқ» эмас, балки бир гектар ер билан, ростакамига кўмак билан, ростакамига имкониятлар, ростакамига очиқ чегаралар билан қувватланадиган бўлди! «Топган фойдангга болаларингни ўқимишли қил, олим қил, ота-онангни рози қил, маҳаллангни обод қил, муҳтожларга ёрдам қилиб охиратингга захира йиғ!» дейилди. Бу — стимулнинг яна бир тури.

Бундай стимул эвазига эришиладиган фойдаларни тилга оламиз:

— ўзга юртда менсилмай, руҳи чўкиб, ўзлигини танимай, кимларнинг авлоди эканлигини билмай, «ҳолим шу экан-да», деб юрган бир неча миллион ўғлоннинг қаддини кўтариб, устини қоқиб, ўзлигини танитиб, буюк юртга кераклигини билдириб қўйиш;
— шахсига нисбатан билдирилган умид ва ишончни белгиловчи, шахсан президент томонидан имзо чекилган, тагида бир гектар ерни унинг қўлига топширувчи «Келажакка йўлланма» ёрлиғини унинг қўлига бериб, миллат олдидаги масъулиятини билдириш;
— миллат ва давлатнинг суянчиғи бўла оладиган, онгли равишда, буйруқ ва топшириқларсиз ҳам юрт равнақи учун хизмат қиладиган, ривожланишнинг ҳар қандай воситасини биров буюрмаса ҳам қўллашга иштиёқи зўр кучли бир тоифани вужудга келтириш;
— фақат кучли назорат остида, тазйиқ ва текширувлар остидагина тузук ишлайдиган, «мансаб борлигида фойдаланиб қолиш» илинжида ишлайдиган бюрократик «армия»дан фарқли ўлароқ, ўзидан билиб яхшиликларни яратадиган, Ватан равнақини ўзининг равнақидан айри кўрмайдиган СИНФни вужудга келтириш;
— бюрократик системани назорат этишда президентга кўмакдош бўладиган СИНФни вужудга келтириш;
— маориф, тиббиёт ва бошқа соҳаларнинг ривожини ўз танасидаги ривож, деб биладиган, бу йўлда саъй-ҳаракатини аямайдиган СИНФни вужудга келтириш.

Стимул ва унинг дўстлари

Шахсий мулкка эгалик қилиш, уни ривожлантиришга қизиқиш — ўз-ўзидан инсонларни ҳаракатга келтирувчи кучли стимулдир. Улкан ғояларни юзага келтирувчи ва рўёбга чиқарувчи ҳам шу кучдир. Қайси мамлакатда бундай стимул билан ҳаракатга келтирилган шахслар кўп бўлса, шу мамлакат кучлидир.

Тадбир ила иш юритаётган ҳар бир ҳукумат ҳозирда ўз мамлакатида мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, айнан шу тофа кишиларнинг, яъни мулкдорларнинг, кўп бўлишига ҳаракат қилади. Зеро, бу тоифа мамлакат ривожини ўта зўр таъминлаб берувчи кучдир.

Табиийки, биз ҳам юртимизда имкон қадар кўпроқ мулкдроларнинг, шахсий мулк стимули ила стимулланган кишиларнинг кўп бўлиши учун ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб уринмоғимиз даркор.

Ўз-ўзига бек

Феълимиз ўзига хос — ўзимизга ўзимиз бек бўлишни яхши кўрамиз. Бировга тобе бўлишни жинимиз суймайди. Ойлик маош олиб бирон катта корхонада ишлашдан кўра ўзимиз, кичикроқ бўлса ҳам, корхонанинг эгаси бўлишни истаймиз. Шунақамиз.

Миллатимизнинг бу хусусиятини ҳам фойдага йўналтирмоқ керак. Зеро бу ҳам кишиларимиз учун кучли стимул бўлиб, бўлажак ислоҳотларнинг негизидаги асос бўлишга арзийдир.

Мулк эгаси билан хизматчи орасидаги фарқ

Глобализация деган нарса дунёга келтирган феноменлардан бири, бу — йирик ва ўта йирик корхоналар (корпорациялар)нинг вужудга келиши ва бундай корпорацияларда ишлайдиган кишилар ўз корхоналарига нафақат моддий, балки маънавий боғланиб ҳам қолаётганларидир. Ҳаёту-мамоти, фикру-зикри корхона раҳбарларининг кайфиятига боғланиб қолаётган қатламнинг тобора ўсиб бораётгани.

Бу жараён натижасида кўплаб мамлакатларда моддий ва маънавий бировга боғланиб қолган, ўз фикрига эга бўлмаган, эртанги кунининг режасини қилмайдиган, руҳан ногирон қатлам юзага келмоқда. Табиийки, бундай руҳан ва маънан ночор «армия»ни хоҳлаган кўйга солиш мумкин ва хоҳлаган куйга ўйнатиш мумкин. Ҳаёти биров томонидан тартибланган, эрталаб туриб ишга бориб, ишни бажариб уйига қайтишдан бошқа фикри бўлмаган бундай зомбисифат «армия» ҳаёт ҳақида чуқур фикрлашдан ожизланиб, реал воқеликни англамай қолади.

Бундан фарқли ўлароқ ўз эрки ўзининг қўлида бўлган, реал воқеликка очиқ кўз билан қарайдиган, изланиш ва новация ҳаёт тарзига айланган мулкдорлар СИНФидан ташкил топган қатлам умуман бошқача манзарани ҳосил этади. Тадбиркорлик фаолияти юртининг тинч-тотувлиги билан бевосита боғлиқлигини билган мулкдор учун нафат юрт тинчлиги, балки дунё тинчлиги тушунчаси ҳам асло бегона бўлмайди...

Шундай экан, келажак ислоҳотларни тўғри режалаштириш жараёнида билишимиз керак бўлган ўта муҳим нарса шуки — ТЎҒРИ ТАРБИЯ ОЛГАН, МАЪНАВИЙ ОЗУҚА ИЛА ЕТИШГАН мулкдорлар СИНФини вужудга келтириш бизлар учун ўта муҳим ишдир.

Яратган ато қилган имконият

Бошида тилга олганимиз рақам — 4,4 миллион гектар суғориладиган ер — мамлакатимиз бўйлаб ўша фаол СИНФни вужудга келтиришимиз учун ўта қулай имкониятни беради. Қисқа давр ичида юртимизда бир неча миллион (!) фаол, тепадан буйруқ бўлмаса ҳам ўз хўжалигини ўзи ривожлантирувчи ЭГАларни вужудга келтириш имкони бор. Бу имкониятдан унумли фойдаланмоғимиз, ҳали айтганимиздек, комплекс муаммоларимизнинг ечими бўла олади.

Учинчи қисм. «Нима-плекс? — Комплекс!»

Иқтисодиётимиз ҳозирча латент уйқу ҳолатидадир. Салоҳиятимиз эса улканлиги кўриниб турибди. Аммо ҳар қандай салоҳиятни юзага чиқариш учун... жиддий, салмоқли туртки керак.

Салмоқли туртки

Айнан шундай туртки вазифасини тўғри режалаштирилган аграр ислоҳот ўтаб бериши мумкин. Зеро, бир неча миллион ер эгасига айланган оилаларнинг иқтисодий ФАОЛЛАШИШИ ўз-ўзидан мамлакатда буюк иқтисодий қўзғалишни юзага келтиради. Бундай қўзғалиш, табиийки, занжир реакциясини келтириб, ҳамма соҳани ижобий маънода қўзғатиб юбориш салоҳиятига эга.

Сўнгра...

Сўнгра бироз ривожга юз тутган тадбиркорлар «армия»си ўз фаолиятини кенгайтириш, янада ривожлантириш, кўпроқ фойда олиш илинжида ҳар қандай новацияни излаб топиб, татбиқ этишга киришади. Бу йил маҳсулотини шундайгина сотган тадбиркор келгуси йил уни қайта ишлаб сотишни истаб қолиши табиий.

Маълумки, ҳар қандай экин-текиннинг... чиқити бор. Бундай чиқит эса ҳайвонлар учун емишдир. Текин емишингиз бўлса гар, ҳайвон боқишни ногоҳ истаб қоласиз. Айтмоқчи бўлганим — чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ҳоказо «чиликлар» ўз-ўзидан, буйруқ ва фармойишларсиз ҳам, ривожга юз тутади шунда.

Экспортнинг оламшумул ўсиши натижасида мамлакатга келадиган валюта ҳақида, савдо-сотиқнинг ривожланиши ҳақида, бошқа кўплаб иқтисодий яхшиликлар ҳақида гапириб ўтиришнинг, назаримда, ҳожати йўқ.

Аммо инсоний жамият фақатгина иқтисодий фаровонликка интилиш асосида қурилса, бундай жамиятнинг кети кесиклигини, маънавий таназзулга тезда учрашини кўриб турибмиз. Моддий фаровонликни мақсад қилиб олган жамиятлар мақсадларига эришгач, руҳий бўшлиққа тобора мубтало бўлмоқдалар. Ҳалол-ҳаром тушунчалари борган-сайин йўққа чиқмоқда. Бундай давлатлардаги маънавий таназзулнинг изидан келаётган БАТАМОМ таназзул ҳам демографик жараёнлар мисолида «қулоғини кўрсатиб» қолди. Шунинг учун йўл аввалида йўналишни тўғрилаб олмоғимиз лозим.

Йўл олдида йўналишни белгилаб олиш

«Ишлар ниятга боғлиқ!» — етти осмонни ёриб бизларга тушган ҳақиқат бу. Ҳар бир ислоҳот олдидан ундан кўзланадиган бош мақсадларни белгилаб олмоқ керак.

Аграр ислоҳот — халқимиз учун тиз чўккан ҳолатимиздан туриб олиб, қаддимизни ростлаб, кўзимиз чангини артиб, кимлигимизни эслаб, эсимизни жойига тушириб олишимиз учун имконият.

Бировларнинг хизматини қилиб юрган халқ эмас, балки дунёга устозлик қилган халқ эканимизни эслаш учун имконият. Бошқаларга пастдан тепага қараган халқ эмас, балки дунёга руҳий озуқа улашадиган халқ эканимизни эслаш учун имконият. Моддий дунёга сиғинадиган халқ эмас, балки моддий дунёни тўғри тасарруф этиш илмининг баёнини қилиб берган халқ эканлигимизни эслаш учун имконият. Бойлик топаман, деб гўзал сайёрамизни абгор қилаётганларга тўғри йўлни кўрсатиб қўйишга қодир халқ эканимизни эслаш учун имконият.

Аграр ислоҳот — тарих онларининг бирида ўзлигини йўқотиб қўйиб, оқибатда шаъни топталган халқимиз учун аввало ночор ҳолатидан чиқиб олиб, сўнг аввалги шаънини тиклаб олиш чун имконият.

Аграр ислоҳот — миллионлаб кишиларимизни хусусий мулк эгаси этиш воситасида ушбу Ватанга ЭГА эканликларини билдириш учун имконият.

Аграр ислоҳот — миллионлаб кишиларимизни ФАОЛЛИККА ундаш асносида моддий фаровонлик изидан илму-ирфонга ошно қилиш учун имконият. Боболаримизни дунёга пешқадам қилган муқаддас таълимотни қайтадан ўрганиб чиқиб, улар эришган чўққиларни янгитдан забт этиш учун имконият. Уларни энг гўзал хулқли қилган одобни қайтадан тадқиқ этиб, уни дунёга кўз-кўз қилиш учун имконият!

Тўртинчи қисм. Улкан захира

Моддий дунёни тўғри тасарруф этиш илмининг баёнини қилиб берган фозил кишиларнинг кўплари шу юрт фарзандлари — боболаримиздир. Руҳият дунёсида ўзни тўғри тутиш илмининг баёнини қилиб берган олимларнинг ҳам кўплари бизнинг боболаримиз. Мамлакатимиз фондлари уларнинг асарлари билан лиқ тўла? Савол: кимда бор бундай захира?

Жавобгарлик

Ҳар бир нарсани тўғри тасарруф этиш илми айнан бизда бор. Ҳеч бир соҳа йўқки, уни тўғри тарзда ислоҳ этмоқ илми бизда бўлмаса. Аммо бу илм ҳозирда ёдгорлик сифатида фондларимизда сақланмоқда. Бу улкан илмий базани қайтадан тадқиқ этмоқ асносида воқеълик бизга таклиф этиб турган муаммоларнинг ечимини топиш лозим. Биз эса, ҳозирча, бу илмни САҚЛАБ ТУРУВЧИ мақомидамиз, холос. Яратган Зот бу илмни бир халққа берадиган бўлса, уни кутубхоналарда сақлаб туриш учун бермайди. Балки бундай илмни аввал яхши ўзлаштириб, кейин ўзга халқларга ўргатиш учун беради. Жаҳолати юзасидан ўзига, ўзгаларга, табиатга, еру-кўкка зарар келтираётганларга тўғри ечимларни ўргатиб, ёруғликка етаклаш учун беради. Бузғунчи кишиларнинг бузуқ ғоялари таъсири остида қолган, тушунмаган тарзда ўз ҳукуматларининг тинч диёрларни хонавайрон қилишига розилик бериб турган халқларга ҳолатларини тушунтириб, кўзларини очиб қўйиш учун беради. Бутунбошли иқтисодиёти фоизхўрликка қурилган дунёга ўзгача, пок муносабатларга қурилган альтернатив иқтисодий алгоритмни кўрсатиб бериш учун беради. Ўз наслини ўзи хароб қилаётган, бу ишини расмий қонунлар билан мустаҳкамлаётганларга бунинг ҳалокатли йўл эканлигини асосли равишда тушунтириб бериш учун беради... Биз «гастарбайтерлик» қиладиган халқ эмас, балки мана шундай ишни қилиши лозим бўлган халқмиз! Буни қилиш учун эса...

Буни қилиш учун

Аввало ночор ҳолатимиздан чиқиб олмоғимиз керак. Аллоҳ таоло бизга берган имкониятларидан максимал фойдаланиб, қисқа давр ичида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик экспортёрига айланишимиз лозим. (Бу дегани бошқа турдаги ишлаб чиқариш соҳаларини «ташлаб қўйиш» керак, дегани эмас, албатта. Балки воқеъликни ҳисобга олган ҳолда аграр соҳани устивор қилиб белгилаш керак, дегани).

Кейинги босқичда эса устивор мақсад этиб ТАЪЛИМ СОҲАСИНИ ривожлантириш белгиланади. Бутун эътибор фарзандларимизни илмли қилишга йўналтирилади...

Сўз сўнги

Бу ишларни пайсалга солмаслик учун туртки вазифасини ўташи мумкин бўлган яна бир ҳолат:

Генофонд

Бир неча миллион йигитлар оиласини ташлаб четда юрибди. Болалар отасиз тарбия кўраябди. Биратўла ота ва онасиз ўсаётган болалар ҳам кам эмас. Ҳозирда улар — болалар, аммо эртага — миллатимиз асосини ташкил этадиган инсонлардир. Бундай ноқис аҳволда ўсган болалар маънан етук, психологик жиҳатдан соғлом бўлиб етишишларига асосли равишда гумон билан қарамоқ лозим... Бу эса бевосита генофондимизга салбий таъсир этувчи ҳолатдир...

Шокир Шарипов,
мустақил таҳлилчи
«Kun.uz» сайтидан олинди

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)