Катта уруш: Яқин Шарқда ким кимга қарши жанг қилмоқда

Яқин Шарқ минтақасида бир неча йиллардан буён давом этаётган кенг миқёсли ҳарбий ҳаракатлар, ғалаёнлар, исёнлар, халқаро жанговар кампаниялар бутун дунёни ларзага солишда давом этмоқда. Ҳар куни жаҳон ахборот саҳнида воқеа жойидан янги хабарлар, фото ва видеолавҳалар пайдо бўлади, навбатдаги қотилликлар, терактлар ва ўлимлар ҳақидаги фактлар кишилар эътиборини қаратади. Уруш гирдобида қолган ўлкаларда аянчли аҳволда яшаётган ёки зўравонлик қурбони бўлган болалар, аёллар, бегуноҳ инсонларнинг тақдиридан ҳикоя қилувчи материаллар ўн миллионлаб одамларнинг кўз ёшига сабаб бўлади, фаоллар урушни қоралайди, халқаро структураларни қатъий ҳаракатга чорлайди, аммо, афсуски, ҳозирча ушбу фаоллик урушнинг ниҳоясини яқинлаштирмаяпти.

Нима бўлганда ҳам, мазкур мақолада бошқа бир жиҳатга эътибор қаратилган. Гап шундаки, тезкор ишлашни одат қилган ахборот агентликлари ҳар бир портлаш, ҳар бир тўқнашув ҳақида махсус хабарлар тарқатади, аммо минтақадаги тўкис манзарани акс эттирувчи таҳлилий ва маълумотнома материаллар айниқса ўзбек интернетида айтарли учрамайди. Россиялик эксперт, қатор оммабоп нашрларнинг колумнисти, Яқин Шарқ бўйича мутахассис Михаил Шрайбманнинг ҳурматли ўқувчилар эътиборига ҳавола этилаётган мазкур мақоласи тилга олинган камчиликни бир қадар тўлдиради деб ўйлайман. Унда Яқин Шарқнинг қандай давлатида қандай характердаги ихтилофлар давом этаётгани, қандай кучлар бир-бирига қарши тургани, ҳар бир томоннинг мотивлари ва мақсадлари қисқа, конспектив шаклда тушунтириб берилган.

Ўйлайманки, ушбу мақола ўқувчиларда минтақадаги оғир аҳвол ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилади ҳамда бошқа жиҳатлари билан фойда келтиради.

Ҳарбий ҳаракатлар Сурияда, Туркияда, Ироқда ва Яманда бормоқда. Ливан, Миср, Эрон ҳудудида бошқа ихтилоф зоналари ҳам мавжуд. Аммо улар нисбатан кичик бўлиб, ҳикоямиз доирасидан ташқаридадир. Аслини олганда, Яқин Шарқ исломнинг икки мазҳаби — шиа ва суннийлик ўртасидаги диний уруш гирдобида қолган. Аммо урушнинг мазмуни ва аҳамияти бу билан чекланиб қолмайди. Уруш, шунингдек, сиёсий, этник (мильлий) ва иқтисодий сабабларга ҳам эга.

Яман

Саудияликлар (Саудия Арабистони, СА) Яманда маҳаллий шиалар, хузийлар оқими билан уруш олиб бормоқда, уларни эса, ўз навбатида, Эрон қўллаб-қувватламоқда. Яманда шиалар 10 миллион киши бўлиб, аҳолининг 40 фоизини ташкил этади. Улар мамлакатнинг каттагина ҳудудини назорат остида ушлаб турибди. Ҳокимият тепасида суннийлар турган Саудия Арабистони хузийлар нуфузининг кенгайишини истамайди ҳамда буни жанубий чегаралари яқинидаги Эрон тажовузи сифатида кўради. Бу ҳақиқатдир, негаки Эрон хузийларга ёрдам беради, уларни қурол билан таъминлайди. Уруш СА учун муваффақиятсиз ўтмоқда. У Ямандаги бир қатор ҳудудларни эгаллаган бўлса ҳам, хузий партизанлари ҳаракатларидан оғир талафот кўришда давом этмоқда.

Сурия

Сурияда ҳам Асад ҳукуматига қарши исёнчилар (бу сафар суннийлар) курашмоқда, уларга эса Саудия Арабистони ёрдам бермоқда. Исёнчилар эронпараст шиа озчилиги — алавийлар оқими, яъни Асад режимига қарши уруш олиб бормоқда. Сурияда алавийлар аҳолининг бор-йўғи 10 фоизини ташкил этади, лекин айнан унинг вакиллари Асад режимининг раҳбариятини ташкил этади. Бу ерда Эрон, аксинча, ҳукуматга кўмак беради, унга қурол-яроғ ҳамда Сипоҳнинг (Ислом инқилоби муҳофизларининг) махсус бўлинмаларини юборади. Бундан ташқари, таъминоти Эрон томонидан амалга ошириладиган ҳамда асосий базалари Ливанда жойлашган эронпараст шиа фундаменталист ташкилоти — «Ҳизбуллоҳ» Асадга улкан ёрдам кўрсатмоқда. Сурияда аҳолининг асосий қисмини суннийлар, этник жиҳатдан биринчи навбатда араблар ташкил қилади.

Сунний исёнчилар алоҳида гуруҳларга бўлиниб кетган. Аммо Сурия шимолида уларнинг кўпчилиги айни пайтда Фатҳ коалицияси таркибига киради. Мазкур коалициянинг негизини иккита энг йирик ва энг радикал диний (сунний) ултраконсерватив гуруҳлар — «Жабҳат ан-Нусра» ва «Аҳрор аш-Шом» ташкил қилади. Булар — ўз диний раҳнамоларига эга бўлмиш алоҳида диний оқимлардир. Уларнинг мақсади — Сурияда ҳокимият тепасига келиб, у ерда шариат қонунларини ўрнатиш. Уларда бошқа ҳеч қандай иқтисодий, ижтимоий дастурлар йўқ, уларни фақат шу қизиқтиради.

Ироқ

Ироқда аҳолининг мутлақ кўпчилигини шиа араблар ташкил этади. Бағдоддаги маҳаллий ҳукумат шиа партияларидан тузилган. Аммо улар мамлакатнинг бутун ҳудудини назорат қилмайди. Ироқ ҳудудининг бир қисми ИШИД назорати остида. Бу туманларда сунний озчилиги яшайди. Улар ал-Абадий бошчилигидаги шиа ҳукуматига қарши узоқ вақт исён қилган эди.

Ихтилоф сабабларидан бири шундаки, Ироқдаги нефть захираларининг асосий қисми шиалар яшовчи Жанубда жойлашган, ҳукумат суннийларга нефть даромадидан катта улуш ажратмайди. Бундан ташқари, суннийларга шиалар ҳукумат тепасида эканлиги, ўз-ўзидан тушунарлики, маъқул эмас. Айни пайтда шиа ҳукумати ИШИДга қарши кураш олиб бормоқда. Ироқнинг шимоли-шарқи курд ҳукумати назорати остида — улар де-факто Бағдодга бўйсунмайди ва ўз қуролли кучларига эга.

ИШИД

Маҳаллий ҳокимиятлардан мустақил бўлган алоҳида кучни Ироқ ва Шом ислом давлати ташкил этади, унга қарши барча курашмоқда. ИШИД моҳиятан мустақил сунний оқимидир. Шу билан бирга, у алоҳида давлат ҳамдир, у ўз маъмуриятига (Саддам Ҳусайн режимининг собиқ амалдорларидан тузилган), солиқларига, ижтимоий сиёсатига, нефть конларига ва қуролли кучларига эга. ИШИД Сурия ва Ироқнинг суннийлар яшайдиган катта ҳудудларини эгаллаб олган.

ИШИД қуролли кучлари бу 30 50 минг кишилик армия бўлиб, у мужоҳидларнинг партизанлик-диверсион тактикаси ҳамда марказлаштирилган режалаштириш ва мувофиқлаштиришнинг (буларни Ироқнинг собиқ диктатори Саддам Ҳусайн армиясининг собиқ зобитлари амалга оширади) қўшилишидан иборат. ИШИД раҳбариятининг ярми — профессионал ҳарбийлар ҳамда Саддам разведкасининг зобитлари.

ИШИДнинг сиёсат саҳнасига чиқиши минтақадаги ҳеч бир акторни қониқтирмайди, шу боис барча унга қарши курашади: Ироқнинг шиа ҳукумати (Ироқда шиалар аҳолининг 65 фоизини ташкил этади ва шиалар намояндалари ҳокимият тепасидадир), Суриянинг шиа ҳукумати, Суриянинг сунний исёнчилари.

Гап шундаки, ИШИД ўзини «хилофат» — мусулмонларнинг муқаддас давлати сифатида кўрсатади, унга эса, гуруҳ идеологиясига кўра, сайёрадаги барча мусулмонлар бўйсуниши шарт. Сурия ва Ироқнинг ИШИД назорати остидаги ҳудудларда 5 7 млн киши яшайди, у ерда, шунингдек, нефть конлари ҳамда турли саноат ва савдо корхоналари бўлиб, улар хилофатчиларга солиқ тўлайди. Аммо ИШИД даромадининг 44 фоизи «кофирлар», бошқа оқимлар вакиллари ҳамда тузум мухолифларининг мол-мулкини эгаллаб олиш ҳисобига тушади. ИШИД барча шиаларни жисмонан йўқ қилиш борасида баёнотлар беради, унинг фикрича, «агар улар бизнинг динимизга ўтмаса, уларнинг барчасини ўлдириш керак». Минтақада 150 млндан ортиқ шиа истиқомат қилади. Шу тариқа, ИШИДнинг хатти-ҳаракатлари минтақа аҳолисининг каттагина қисмига тўғридан-тўғри жисмонан йўқ бўлиш таҳдидини солади. Шунингдек, ИШИД бир вақтлар мусулмонлар яшаган ва ҳозир яшаётган барча ерларга даъвогарлик қилади.

ИШИДда қулчилик ва қул савдоси амал қилади. Сиёсий планда у мутлақ монархиядир. ИШИД шариат қонунлари «диний раҳнамолар» тушунган шаклда амал қилишини таъминлайди. ИШИД ўз молиявий манбаларига эгадир (солиқлар, бировларнинг мол-мулкини эгаллаш) ва бу жиҳатдан ҳеч кимга қарам эмас, қурол-яроғни эса қора бозорда сотиб олади. Минтақада бунақа қурол жуда кўп. Бундан ташқари, 2014 йилда ИШИД Ироқ армиясининг улкан қурол-яроғ захираларини қўлга киритган эди. Асосий қисмини исломий оқимлар ташкил қилувчи Сурия мухолифати ҳам ИШИДга қарши кураш олиб боради, негаки унга бўйсунишни истамайди ва ўзи ҳам Суриядаги ҳокимиятга даъвогарлик қилмоқда.

Курдлар

Сурия (Рожава — Шимолий Сурия Федерацияси) ва Ироқ ҳудудидаги (Курд Мухторияти) курд давлат тузилмалари минтақадаги мустақил кучни ташкил қилади. Расман у ерларда ҳеч ким мустақил давлатчиликни эълон қилмайди (биринчи галда замонавий дунёда уларни ҳеч ким тан олмаслиги тайин бўлгани учун), амалда эса Сурия ва Ироқнинг федераллашуви у ерда мустақил курд давлатларининг пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу икки курд давлати ўз ҳукуматига, бюрократиясига, қуролли кучларига, парламентига эга.

Икки курд ҳукумати бир-бири билан дўстона муносабатда эмас ва ҳаттоки қарама-қаршиликдадир. Гап шундаки, Суриядаги Рожава «Курдистон ишчи партияси» (Абдулла Ўжалан ғоялари тарафдорлари, ўжаланчилар) назорати остидадир, улар Рожава қуролли кучлари (50 минг кишилик ЙПГ кўнгиллилари) қўмондонлигининг асосини ташкил этади. Ироқ Курдистонидаги режим Арбил шаҳридаги ҳукумат назоратидадир — бу «Курдистон демократик партияси» (Барзоний тарафдорлари) ҳукуматидир. Уларнинг ихтиёрида 100 кишилик армия («Пешмерга») мавжуд. Бироқ Ироқ Курдистонидаги режим бир турли бўлмай, айрим туманлар бошқа курд гуруҳлари қўлида ҳамдир.

Ироқ Курдистони оддий капиталистик давлатдир. Рожавага, яъни Сурия Курдистонига келсак, Ғарбдаги анархистлар бир пайтлар «Курдистон ишчи партияси» режимини анархистик ёки либертар-социалистик, яъни тўғридан-тўғри меҳнат демократияси муносабатларига қурилган деб ҳисоблар эди. Лекин улар бу таъкид ҳақиқатга мос келмаслигини секин-аста тушуниб бормоқда. ДЙП — Рожаванинг ҳукмрон партияси («Курдистон ишчи партияси»нинг бўлинмаси) ўз мақсади сифатида тўғридан-тўғри меҳнат демократияси қуришни белгиламайди, синфий курашни инкор қилади, ёлланма меҳнатга қарши чиқмайди, хусусий мулкни қўллаб-қувватлайди. Расман унинг мақсади дунёвий демократик давлат қуришдир. Рожава либерал конституцияга эга бўлиб, у ерда юқоридагиларнинг барчаси ифодаланган.

Шу билан бирга, «Курдистон ишчи партияси» Рожавада меҳнаткашларнинг ўз-ўзини бошқариш иқтисодиётининг (кооперативларнинг) ва жойларда турмуш тарзи масалаларини ҳал қила оладиган тўғридан-тўғри демократиянинг ривожланишини қўллайди. Назарий жиҳатдан, келажакда бу социал инқилоб учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Аммо ҳозирча Рожавада социал инқилоб йўқ, нуфузли маҳаллий ҳокимият органлари бор. Маҳаллий кооперативлар ва тўғридан-тўғри демократия институтлари (ТEВ-ДEМ) оддий ҳукуматга, шунингдек, курд кўнгилли қўшилмалари ҳарбий қўмондонлигига (у ҳам «Курдистон ишчи партияси» назорати остида) бўйсунади. Курд кўнгилли армиясининг барча қўмондонлари шу партия аъзоларидир. Рожава ҳукумати деярли солиқ тўпламайди, балки нефть қазиб чиқариш ва уни сотиш ҳисобидан мавжуддир. Ҳукумат маблағининг 70 фоизи қуролли армияни молиялаштиришга сарфланади.

Рожава ва Ироқ Курдистони ўзаро келишмайди, лекин баъзан ИШИДга қарши қўшма операциялар ўтказади, негаки ИШИД уларнинг ерларига даъво қилади. Курдларнинг Ироқ ва Суриядаги ҳукуматлари ҳамда ҳукмрон партиялари АҚШнинг минтақадаги асосий иттифоқчиларидир. Улар АҚШ ва НАТО мамлакатларидан ҳарбий кўмак олади, шунингдек, ИШИДга қарши операциялар чоғида уларнинг авиацияси томонидан ҳаводан қўриқланади. Бу барча томонлар биринчи навбатда ИШИДга қарши эканлиги билан тушунтирилади.

Ироқ курдлари йирик нефть захираларини назорат қилади. Рожава раҳбарияти назорати остида ҳам кўпгина нефть конлари бор. Бу нефтьга уларнинг рақиблари — ИШИД, Асад ва Сурия мухолифати ҳам даъво қилади. Рожава ва Асаднинг муносабатлари зиддиятлидир. Баъзан бу — қуролли бетарафлик, бошқа томондан эса, томонлар ўртасида баъзан ҳарбий тўқнашувлар бўлиб туради.

Туркия

Туркия Суриядаги жанговар ҳаракатларга фаол тарзда аралашади. У Асадга қарши бўлган сунний мухолифатни қўллаб-қувватлайди. Сунний Туркиянинг мақсади — Рожавадаги курд давлатини кучсизлантириш ва унга қарши кураш.

Курдлар Туркия аҳолисининг учдан ёки тўртдан бир қисмини ташкил қилади (20 25 млн) ва ушбу мамлакатда миллий мухторият яратишга интилади. Туркияда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилади: маҳаллий мухторият йўқ, курд тилида давлат мактаблари йўқ. Курдларга мансуб шаҳар ҳокимлари, сайланган бўлишига қарамай, мансабдан четлаштирилади, ҳибсга олинади, уларнинг ўрнига Эрдўған ҳукумати билан боғлиқ амалдорлар тайинланади.

Этно-маданий ва сиёсий жиҳатдан Туркия курдлари Ироқ эмас, Сурия курдларига яқин туради. Рожавани назорат қилиб турган «Курдистон ишчи партияси» бир пайтнинг ўзида Туркияда Эрдўған ҳокимиятига қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб боради. Бир сўз билан айтганда, Туркияда ҳукумат ва «Курдистон ишчи партияси» партизанлари ўртасида оғир фуқаролик уруши давом этмоқда. Шу боис Эрдўған ҳукумати Сурия шимолида, ўз чегараси яқинида амалда «Курдистон ишчи партияси»нинг давлати тузилганидан хавотирда. У мазкур кучни тийиб туришга уринади, баъзан ҳужум қилади. Яқинда Туркия Сурия шимолига ўз қўшинларини олиб кириб, у ернинг каттагина қисмини забт этди ва курдларни сиқиб чиқарди. «Фрот қалқони» номини олган ушбу операция икки сабабга кўра ўтказилди.

Биринчидан, Эрдўған курдларни кучсизлантириб, Сурия шимолидаги анклавларнинг ўз чегарасидаги «Курдистон ишчи партияси» узлуксиз қалъасига айланишига йўл қўймасликка уринмоқда. Иккинчидан, Туркия шимолда Сурия сунний мухолифатининг кучайишига кўмаклашмоқда, бунинг натижаси ўлароқ мухолифат исёнчилар ва Асад ўртасидаги жангнинг асосий маркази — Алепга ҳужум қиладиган даражада кучайишини кутмоқда. Сурия шимолидаги энг йирик саноат ва транспорт боғламаси бўлмиш Алеп учун жанг Суриядаги фуқаролик урушининг тақдирини ҳал қилиши мумкин.

Шиа ярим ойи сунний юлдузига қарши

Яқин Шарқда, хусусан, Сурия, Ироқ ва Яманда бўлаётган воқеалар моҳиятан шиа-сунний урушининг таркибий қисмларидир, айни пайтда, бу йирик давлатларнинг минтақа ва бу ердаги ресурслар устидан назорат ўрнатиш йўлидаги урушидир.Эрон, Бағдодда ал-Маликий бошчилигидаги шиа (аслида эронпараст эмас, америкапараст) ҳукумати, Дамашқда Асад, Ливанда «Ҳизбуллоҳ» ва Яманда хузийлар шиа ярим ойини ҳосил қилади. Унга сунний юлдузи, биринчи навбатда араб сунний давлатлари — Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Кувайт, Иордания, шунингдек, Туркия қарши турибди.

Бўлаётган воқеалар ХВИИ асрда Европада юз берган 30 йиллик урушга ўхшайди. Унда ҳам диний зиддиятлар, сиёсий ва иқтисодий манфаатлар жипслашиб кетган эди.

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция

Сурия ва Ироқда ҳаракат қилаётган бир нечта халқаро коалиция мавжуд. Расман уларнинг барчаси ИШИДга қарши кураш мақсадида тузилган. Аслида эса улар бошқа бир қатор мақсадларга ҳам эгадир. Энг қудратли коалицияга АҚШ ва НАТО бошчилик қилади. Улар ИШИДни Яқин Шарқдаги энг жиддий душмани ҳамда Ғарбга террорчилик хавфи сифатида кўради ва унга қарши курашади.

Бундан ташқари, АҚШ Эрон ва унинг тарафдорлари (шиа коалицияси — хусийлар, Асад, «Ҳизбуллоҳ») кучсизланишидан ҳамда ўзига дўстона муносабатда бўлган Саудия Арабистонининг кучайишидан манфаатдор.

Ниҳоят, АҚШ курдларнинг кучайишидан манфаатдор. Бунинг сабаблари қуйидагилардир. Курдлар асосан тўрт давлат ҳудудида истиқомат қилади: Сурия (3 млн), Ироқ (6 млн), Эрон (10 млн), Туркия (20 25 млн). Ҳар қандай шаклдаги Катта Курдистоннинг яратилиши бу ҳокимиятларнинг минтақадаги етакчиликка бўлган даъволарини заифлаштиради. Бу америкаликлар учун манфаатли бир вазиятдир, негаки минтақа кучсиз давлатлардан иборат бўлса, уни бошқариш осон бўлади. Бундан ташқари, барча курд ташкилотлари америкапараст кайфиятидадир.

Шу билан бирга, америкаликлар фақатгина курдларга боғланиб қолмаган ва ягона Курдистоннинг тузилишини бевосита мақсад сифатида қўймаган. Улар курдлардан АҚШга дўст ҳисобланувчи, лекин ортиқ даражада мустақил сиёсат юритувчи Туркияга қарши босим ўтказиш воситасида сифатида фойдаланади, зеро АҚШга Туркиянинг минтақада етакчи бўлиш даъволари маъқул эмас. Шунингдек, яқинда АҚШнинг Эрон билан муносабатлари бироз юмшади. Балки америкаликлар Яқин Шарқда кўплаб заиф, бир-бири билан рақобатлашувчи давлатлар бўлишини хоҳлар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам АҚШ ҳакам рольини ўзига олиб, минтақани бошқара олади.

Россия

Россия ушбу ихтилофга Асад томонида, шиа коалицияси таркибида аралашди. Биринчи навбатда, айтиш керакки, Россия ички сабабларга кўра бундай қилди. Унинг асосий мақсади — ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги пропагандани сақлаб қолиш, негаки у оғир иқтисодий инқироз шароитида мамлакат аҳолисига самарали таъсир кўрсатмоқда. Аммо бошқа омиллар ҳам бор.

Асад режими Россиянинг анъанавий иттифоқчисидир. Бундан ташқари, Сурия урушига Асад томонида туриб кирар экан, Россия бу урушда иштирок этаётган НАТО давлатлари ва АҚШ позициясига таъсир ўтказиш имкониятини қўлга киритади.Россия учун каттакон хавф шундан иборатки, у Ғарб билан ихтилофда ва бир муддат Туркия билан ёмон муносабатда бўлди. Ғарб ва Туркия эса Россия қарамоғидаги Асад режимига қаршидир.

Ниҳоят, Афғонистондаги каби истиқболларга эга яна бир уруш ботқоғига ботиб қолиш хавфи мавжуд. Бу таҳдиддан РФ раҳбарияти имкон қадар қочишга уринмоқда, шу боис Асаднинг рақиблари, биринчи навбатда Алепдаги Сурия мухолифати марраларига ҳаводан зарба бериш билан чекланмоқда. Халқаро ҳамжамият Алепда гуманитар фожиа рўй берганини уқтириб, Россияга янги санкциялар билан таҳдид қилди. Шунинг учун бўлса керак, мазкур ҳарбий операция узоқ давом этмади: Россия тез орада асосий кучларини Суриядан олиб чиқиб кетганини маълум қилди.

Михаил Шрайбман (Michael Shraibman)
Русчадан Элдар Асанов таржима қилди
Манба: geopolitika.uz

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)