Бўш иш ўринлари ҳақиқатан бўш...ми?

Бандликка кўмаклашиш марказларидан кўмак излаб...

Коллеж ёки олий ўқув юрти битирувчиси ўз соҳаси бўйича ишга жойлашишни хоҳлайди, албатта. Бунда унинг олдида ўз талабларига мос ишни топиш масаласи кўндаланг туради. Бугун шу мақсадда Бандликка кўмаклашувчи туман (шаҳар) марказларига фаолияти йўлга қўйилган. Бу марказлар билан маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Аммо...

Бўш иш ўринлари ҳақиқатан бўш...ми?

Анчадан буён иш излаб юрибман, — дейди таҳририятимизга Тошкент вилоятидан қўнғироқ қилган Муҳаммад Жиянов. — Газетада берилган айрим эълонлар бўйича уч-тўртта корхонадан сўрасам, ишчи олиб бўлганини айтишди. Ўзим автомобиль йўллари коллежини тамомлаганман. Икки нафар фарзандим бор. Тураржойимга яқинроқда ишга жойлашмоқчиман. Олисга қатнаб ишлашга эса вақт ва маблағ масаласи тўсқинлик қилади.

Фуқародан маҳалла фуқаролар йиғини ёки ҳудуддаги бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилмадингизми, деб сўраганимизда, улардан ёрдам олиши мумкинлигини эшитиб ҳайрон қолди. Уйига бирор марта ҳол сўраб келмаган маҳалла раисининг унинг ишсизлигини билишига шубҳаланиб, ёрдам беришига ҳам ишонқирамади.

Савол туғилади, нима учун фуқаролар бу марказлар фаолиятидан бехабар? Аслида уларнинг вазифаси фақатгина мурожаат қилиб келган фуқарога мавжуд бўш иш ўринларни тақдим этишдан иборатми? Шу йўл билан бирор натижага эришиш мумкинми? Нима учун бандликка кўмаклашиш марказлари иш билан банд бўлмаган аҳолини мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш учун жон куйдирмаяпти? Маҳалла мутасаддилари ўз ҳудудида қанча ишга муҳтож фуқаро борлигини биладими? Улар билан суҳбатлашиб, йўл-йўриқ кўрсатяптими?

Илдиз отган муаммо

Ўртачирчиқ туманидаги «Ўртасарой» МФЙда бўлиб, шу масала билан қизиқдик. Маҳалла маслаҳатчисининг айтишича, бандликка кўмаклашиш марказидан тақдим этиладиган бўш иш ўринлари рўйхати 2016 йилнинг ноябрь, декабрь ойига қадар мавжуд бўлган. Ҳозирги узилишларни эса турли сабабларга йўйди. Маҳаллада истиқомат қиладиган 1526 нафар аҳолининг 10 нафари доимий иш ўрнига эга эмаслиги, мавсумий ишлар бошланиши билан уларнинг ҳам қишлоқ хўжалик юмушлари билан банд бўлишини қайта-қайта такрорлади.

Шу туманнинг «А.Йўлбарисов» МФЙ раисига айни шу мавзуда мурожаат қилганимизда, маҳаллада 50-60 нафар ишсизлар истиқомат қилиши, уларни ишга жойлаштиришда эса шу ҳудудда яшаб, турли корхоналарда фаолият юритаётган фуқаролардан сўраб-суриштириб, иш топиб бераётганини айтди.

Бухоро вилояти Жондор тумани «Зарафшон» МФЙ ва Пешкў тумани «Янгибозор» МФЙда ҳам бу борада муаммолар етарли. Марказнинг бўш иш ўринлари рўйхати умуман йўқ. Вилоятнинг Вобкент тумани «Найман» МФЙда эса бу рўйхат бир ойдан буён, «Шайх ул-олам» МФЙда эса икки ойдан буён янгиланмаган. Уларнинг жавоби эса вилоят миқ­ёсида бўш иш ўринларининг камлиги боис рўйхат икки-уч ойда янгиланиб турилишини тушунтиришдан иборат бўлди.

«Шайх ул-олам» МФЙ йил бошидан буён 11 нафар фуқаронинг ишга жойлашишга ёрдам берганини ҳам эътироф этиш лозим. Лекин мазкур ҳудудда иш излаётганларнинг аниқ сони қанча? Бу ҳақда ҳеч кимдан асосли маълумот тополмадик.

Бухоро вилоятидаги бирорта маҳалла мутасаддиси ўз ҳудудида истиқомат қиладиган ишга муҳтож аҳоли сонини аниқ айтиб бера олмади. Кўриниб турибдики, бу ҳудудларда ишга жойлаштириш масаласига ҳали қўл урилмаган.

Суриштирув ва кузатувларимиздан аён бўлганидек, аҳолининг ишга муҳтож қатлами ва иш берувчи ўртасида кўприкни  қониқарли деб бўлмайди.

16,5 фоизи ишли бўлди

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 14 январь кунги ҳукумат мажлисида эътибор қаратган айрим жиҳатларни ёдга олишни жоиз топдик. Юртимизда йилига 1,5 миллион одамни ишга жойлаштиришга эҳтиёж бўлса-да, ўтган йили бандликка кўмаклашиш марказлари атиги 248 минг кишини ишга жойлаштирган, холос. Бу ишга муҳтож аҳолининг 16,5 фоизини ташкил этиши қаттиқ танқид остига олинган эди. Асосий сабаб иш фаолиятидаги эскирган шакл ва усуллар ҳамда расмиятчилик билан боғлиқ экани таъкидланган эди.

2017 йил 7 апрель куни меҳнат вазирлигининг расмий сайтида юртимиздаги бўш иш ўринлари сони 40 минг 592 тани ташкил этишига гувоҳ бўлдик. Ҳақли савол туғилади: иш қидираётган фуқаро нима учун мана шу бўш ўринларга ишга жойлаштирилмаяпти?

«Марказга қайтиб бормайман»

Иш излаб юрганлардан бири билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, туманидаги бандликка кўмаклашиш марказига борганда 500 дан ортиқ бўш иш ўринларининг рўйхатини беришибди. Ходимлар унинг саволларига қўпол жавоб қайтарганини гапириб берди. Рўйхатдан қоровул штатига ходим сўраган корхонага қўнғироқ қилганда эса ўзи штат қисқариши сабаб бир қоровулни ишдан бўшатмоқчилигини айтишибди. Шундан кейин у марказга қайтиб бормабди.

Бу фуқаро сўзлаб берган ҳолатдан тизимда бир қанча муаммолар мавжудлигини англаш қийин эмас. Биринчи галда, марказ ходимлари аҳолига амалий ёрдам ва тавсиялар бериши керак эмасми? Бу ҳолат касб маданияти нуқтаи назарига нечоғли мос келади?

Айрим ташкилот ва корхоналарнинг ўзида мавжуд бўлмаган иш ўринларга ишчи сўраб, рўйхат тўлдиришини эса қандай изоҳлашга ҳам ҳайрон бўласан, киши.

Техник хато ёки беписандлик

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг mehnat.uz сайтида келтирилишича, Ўртачирчиқ туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синфлар ўқитувчиси штати бўш экан. Эълонда кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилганимизда, кекса онахондан «Адашди­нгиз, бу ҳеч қандай мактабнинг рақами эмас. Нега ҳадеб мендан мактабни сўрайверишади, ҳайронман», деган жавобдан бўлак маълумот ололмадик. Демак, телефон рақами нотўғри кўрсатилган. Туман халқ таълими бошқармасидан мактабнинг телефон рақамини сўрадик. Маълум бўлишича, кимнингдир хатоси билан эълонда битта сон янглиш берилган.

63-умумий ўрта таълим мактаби томонидан вакант ўрин — кутубхоначи лавозимига 3 миллион 500 минг сўм маош тайинланиши кўрсатилган. Бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида қўнғироқ қилганимизда, кимнингдир адашиб, битта ортиқча ноль қўшиб юборганини айтишди. Ўзимизни таништириб, бу каби ҳолатларга масъул шахсни сўраганимизда, гўшакни қўйиб қўйиш билан жавоб қайтарди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам ишга бепарво ва юзаки қарашни кўриш мумкин. Кимнингдир беписандларча ёндашиб, йўл қўйган хатосининг жабрини нима учун халқ кўриши керак?

Биргина аниқ жавоб излаб...

Суриштирув ва кузатувларимиз натижасида юзага келган саволлар билан Меҳнат вазирлигига йўллаган хатимизга вазир ўринбосари Баҳодир Низомов имзоси билан келган жавоб хатидаги айрим изоҳларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

— Бугун фуқароларга тақдим этилаётган бўш иш ўринларида пайдо бўлаётган сунъийлик, қоғозбозлик ва номутаносибликларнинг юзага келиши устидан назоратни ким олиб боради?

— Хотин-қизлар ва коллеж битирувчилари учун ташкил этилаётган иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганиш, аёлларнинг иш билан бандлигини ошириш ҳамда улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалаларида идоралараро ҳамкорликни таъминлаш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

— Тошкент вилоятидан бизга мактуб йўллаган бир мухлисимиз ish.mehnat.uz сайтида бўш иш ўрни кўрсатган корхонага борганда, нотўғри маълумот берилганини айтган. Шу каби ҳолатларни қандай изоҳлайсиз?

— Ҳудудий меҳнат органлари томонидан банд бўлмаган аҳолини мавжуд бўш иш ўринлари билан таништириш ва ушбу иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашиш чоралари кўрилади.

Ана холос. Саволимиз боғдан, жавоб эса тоғдан бўлмадими? Бу қандай жавоб? Начора, жавоб хатида марказ фаолиятининг ташкилий вазифалари ва кўзда тутилаётган чора-тадбирлардан бошқа дурустроқ изоҳ топа олмадик.

Буйруқ берса қилишади...ми?

Суриштирувни давом эттириб, бандликка кўмаклашиш маркази ёрдами билан ишга жойлашган ва касбга ўқитишга йўналтирилган фуқаролар билан суҳбатлашдик.

— Мен иш қидириб туманимиздаги Бандликка кўмаклашиш марказига икки-уч қайта мурожаат қилдим, — дейди Марғуба Тойирова (исми ўзгартирилган). — Ходимларининг совуқ муомаласи, ҳар хил баҳоналар билан  сизга мос иш йўқ, деб чиқариб юборишганидан кейин Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат этдим. Шундан кейингина менга ёрдам беришди.

Суҳбатдошларимиз орасида бу марказнинг фаолиятидан тўла қониқиш ҳосил қилган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Улар ўз муаммосига тез орада ечим топилганидан миннатдор. Бугунги кунда ўз соҳаси бўйича фаолият олиб бораётганлари ҳам анчагина.

Аслида иш тизимли ташкил этилса, бу каби марказлар аҳолининг доимий эшик қоқиб, ёрдам сўраб борадиган масканига айланади. Муаммо ҳам юқори ташкилотларгача етиб бормай, ўз жойида ҳал бўлади. Умид қиламизки, юқорида келтириб ўтилган ҳолатлар соҳа мутасаддилари назаридан четда қолмайди ва таҳририятимизга муносабат билдиришади.

 Шаҳноза Раҳимхўжаева
«Оила даврасида» газетасидан олинди

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)