Қозиқ...

Токи тафаккур тарзи ўзгармас экан, иқтисодий ривожланиш ҳам, маънавий юксалиш ҳам ҳаёллигича қолаверади. бир вактлар “Известие” газетасида Чингиз Айтматовнинг “Тьюркский самогеноцид” деган мақоласи босилганди Ҳозир ўша мақолани эслар эканман, бизнинг орамизда ҳам зиёлиларимизни билиб-билмай, тушуниб-тушунмай ўз-ўзини йўқ қилишга мойиллик борлигини кузатамиз.

Нега айнан билиб-билмай, тушуниб-тушунмай деганимизнинг сабабини очиб беришга ҳаракат киламиз.

Замонавий политтехнологияда Овертон ойинаси деган метод бор. Бу ҳақда сизлар ҳам кўп сонли интернет саҳифаларда ўқигансиз. Бу метод ақлга сиғмайдиган нарсаларни, амалларни, оддий турмуш тарзига айлантириш методидир. Бу метод ҳақида кўпчиликнинг хабари борлиги сабаб унга батафсил тўхталмаймиз. Тўхталишимиз керак бўлган нуқта шуки, бу метод ишлаб чиқилгунга қадар, у йиллар давомида илмий-фалсафий, илмий-амалий институтларда тажрибадан ўтказилиб, мукаммаллаштирилган. Аслида геосиёсий ўйинларда қўлланиладиган бу тахлит пиар технологиялар биринчи қадамнинг қўйилиши билан ўнинчи қадамда қандай ҳодисалар рўй берилиши олдиндан билинади. Яъни бу ўйинлар худди шахмат ўйини каби. Фақат биз билан ўйнайдиган қаршимиздаги рақиб, кўп халқаро «мусобақалар»да малака оширган, кучли гроссмейстер.

Яқинда ўз илми ирфони билан жамоатчилик ва Давлат эътиборини, ишончини қозонган Қори акаларимиздан бири ҳақида (исмини атайин келтирмаяпмизки, «рақиб»ни хушнуд этмаслик учун) арзимас бир иғво материали интернетга сиздирилди. Ҳақиқатда, холис туриб баҳо берилса умуман эътибор беришга арзимайдиган, бир тийинга қиммат юмалоқ хат. Аммо! Бу кенг жамоатчиликка ёйилиб катта «резонанс» уйғотди. Авомни-ку тушунардик, аммо кўпни кўрган баъзи қори акаларимизнинг ҳам ҳовлиқиб, ижтимоий тармоқларда муносабат билдириб ташлаганликларидан ҳайронмиз. Тарафкаш мухлисларни-ку қўяверасиз.

«Бунинг нимаси ёмон?» — дерсиз. Тушунтириб берайлик. Арзимаган бир иғвони кенг жамоатчиликка ёйишда «рақиб»лар сиздан фойдаланишди. Хабарни ўнта жойга жойлашди. Тарафкашлар эса «Вой, мана бунақа дейишибди, туҳмат қилишибди, кофирлар-муттаҳамлар, Ватан хоинлари каби муносабат билдирган бўлишса-да, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай ўша иғвони текин реклама қилиб беришди, юзлаб одам ўқиган иғвони, юз минглаб инсонлар орасига ёйишди. Натижа эса бир иғво ҳамма ёққа ёйилди. Ўқиган юз минглаб инсонларнинг орасида камида тўртдан бири, балки ҳақиқатдан шундайдир деган шубҳага боради (бу асло иймон заифлигидан эмас, ҳамма нарсага шубҳа билан қараш инсон табиатида борлигидан).

«Математик» ҳисоб қилиб кўрамиз: иғво тўрт-бештагина жойда (сайтда) эълон қилинган эди. Ўқиганлар сони, дейлик, ўн мингта эди. Боринг, ана шуларнинг ярми бу иғвога ишонган дейлик. Чиқадиган сон беш мингта. Тарафкашлар воситасида эса бу хабарни ўқиганлар сони миллионларга етди. Ишонганлар ёки шубҳа уйғонганлар сони тўртдан бири десак ҳам 250 минг деган сон чиқади. Беш минг қаёқдаю, икки юзу эллик минг қаёқда? Ҳисоб 0:1. Рақиб фойдасига! Энг ачинарлиси, ушбу иғвога нисбатан бирорта таҳлилий жавоб бўлмади. Ҳаммаси қуруқ эҳтирослар...

Ахборот асрида, ахборот урушлари ҳовлиқмаликни кўтармайди. Енгилишга сабаб булади.

Нима қилиш керак эди индамай ўтириш керакмиди дерсиз. Йўқ, албатта. Аммо тутилган йўл ҳам тўғри эмас эди афсус. Энг тўғриси, ўша мақолани, нашрларни умуман тилга олмаган ҳолда, муҳтарам домаламизнинг хайрли ва савоб ишларини, маърузаларини ижтимоий тармоқларда қўйиб қўйиб, жимгина «поделиться» қилиб, «лайк»ларни кўпайтириш етарли эди.

Халқимизда қадимдан қолган тенгсиз бир ҳикмат бор: ахмоқ дўстдан, ақлли душман яхши деган (бу сўз фақат Сизга эмас, барчамизга тегишли).

Ўша иғво қилинган Қори акамизни аслида биз реал ҳаётда шахсан танимаслигимизни, аммо ҳурмат қилишимизни, қалбдан эҳтиром кўрсатишимизни таъкидлаб ўтмоқчимиз. Сўзимиз охирида эса, муҳтарам домламизни асло авлиё деб эълон қилиш истагимиз йўқлигини таъкидлаган ҳолда бир ривоятни ибрат сифатида келтирамиз:

Ҳожа Аҳрор Валий ва Навоий ҳазратлари ҳам ўз даврида ватандошларига жуда кўп саховатлар кўрсатиб, илм аҳлига ҳомийлик қилганлар. Умуман олганда, тарихнинг барча даврларида илм аҳли орасида давлатманд кишилар бўлган. Биз уларнинг бойлигидан эмас балки улар қолдирган маънавий меросдан баҳраманд бўлмоқдамиз.

Ривоятларга кўра, кунлардан бир куни Ҳожа Аҳрор Валий олдиларига Хизр алайҳиссалом келиб: «Оғилингдаги қозиқларгача тиллодан бўлиб кетибди-ку» деб танбеҳ берганларида Ҳожа Аҳрор Валий ҳазратлари: «Олтиндан бўлган қозиқ оғилимга қоқилган, қалбимга эмас» — деган жавобни берган эканлар.

Олтин қозиқ қалбига қоқилмаган муҳтарам зотларимизни ТЎҒРИ АСРАШНИ ЎРГАНАЙЛИК! Чунки «рақиб»ларнинг мақсади фақат бир уламони обрўсизлантириш эмас балки, миллатнинг уламоларини обрўсизлантириш орқали миллатни динидан, қадриятларидан мосуво этишдир.

Саййид-Абдулазиз Юсупов Бахтиёр Каримов

Фикр билдириш учун авторизациядан ёки рўйҳатдан ўтишингиз керак

Билдирилган фикрлар (0)