• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Неманья Матич юртдошларининг қарзини қай тарзда узмоқда?

Айрим футболчилар жамиятдан анча узоқлашиб кетгандек таассурот уйғотади. Бу эса ўз-ўзидан одамларнинг нафратига сабаб бўлиши мумкин. Шон-шуҳрат ва бойликка йўғрилган умр одамни тез ўзгартиради: баъзида киши қаердан келганию қандай вояга етганини ҳам унутиб қўяди. Аммо Матич ҳақида бундай деб бўлмайди. “Челси” юлдузи қачонлардир кичкинагина қишлоқда бирга яшаган дўстларини унутмаган ажойиб йигит. У ҳалигача қишлоқдошлари билан яқин алоқада. Вақти-вақти билан ўзи туғилиб ўсган, уни тарбиялаган заминга келиб, бутун қишлоқ аҳлига ўз ҳисобидан зиёфат бериб туради.

Сербиянинг “Blic” ҳафталик нашри мухбирлари бир ярим мингдан сал кўпроқ аҳоли яшайдиган Матичннг она қишлоғи — “Врело”га келиб, одамлар билан Неманья ҳақида сўраб-суриштиришди.

Фото: ocdn.eu

Маҳаллий аҳолининг ҳикоя қилишича, қишлоқда “Челси” ўйинчиси ёрдам бераётганларнинг бутун бошли рўйхати бор. Неманья ҳар сафар уйига келганда, бўйнида қарзи бор барчанинг қарзини узиб кетаркан. Айтишларича, бир куни у қишлоқдаги ягона дўконга кириб, сотувчиларга “қора дафтарда”ги қарзларни ҳисоблатиб, сотувчиларга айтилган пулни берибди ва ҳамма қарзни ўчиртирибди. Бошқа сафар эса қартада отнинг калласидай пулни ютқазиб қўйган дўстининг қарзини тўлаворибди. Қишлоқликларнинг айтишича, у ҳамма билан хушмуомала, дўстона муносабатда бўларкан.

Матич ўзи туғилиб ўсган жой билан жуда фахрланади. Шу сабабли одамларга молиявий ёрдам беришдан ташқари у қишлоқни сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун каттагина пул сарфлаб келади.

“Врело”га келиши билан у қишлоқнинг маъмурлари билан учрашади, айни пайтда нимага эҳтиёж бор-йўқлигини сўраб-суриштиради, керакли нарсаларни ўз ҳисобидан келтириб беради. Масалан, бундан уч-тўрт ой олдин қишлоқдаги ўзи таҳсил олган, тўкилиб кетай деб турган мактабни тиклаттирди: энди бинонинг томлари бутунлай янги, хоналари катта-катта, ташқарисида эса болалар мириқиб футбол ўйнаши мумкин бўлган каттагина майдони ҳам бор.

Фото: ocdn.eu

— Неманья ажойиб йигит, — дейди футболчининг ҳамқишлоқларидан бири. — У қишлоқдаги кўпчиликка ёрдам беради, аммо ҳеч кимга ҳеч қачон улар учун қанча пул сарфлаганини айтмайди, улардан пулини қайтаришни сўрамайди. Одамлар ундан ниманидир илтимос қилишса, бунинг учун қанча кетишини ҳам суриштирмайди. У ҳамиша ким нимага эҳтиёжманд бўлса, барчасини бажо келтиришга тайёр.

2014 йили Матич Обреновац (Сербиянинг Белград округи таркибига кирувчи туман) шаҳрининг марказий майдонида — жонажон қишлоғидан атиги бир неча километр олисда ажойиб музей очди ва бу воқеани Сербиядаги энг яхши футбол мактабларидан бири — “Обреновац” футбол клуби ташкил этилганининг 15 йиллигига бағишлади. “Музейда бизнинг куюокларимиз, турли мусобақаларда олган совринларимиз сақланади. Шунингдек, у ерда мактабимизнинг фахри бўлган Неманья Матич, Иван Обрадович, Журичич сингари тарбиянувчиларимизнинг футбол кийимлари илиб қўйилган махсус жой ташкил этилган”, — деган эди шаҳар мэри музейнинг очилиш маросимида.

Фото: static.mondo.me

Ўша йили Уб шаҳри (Сербиянинг Колубара округига қарашли шаҳар ва муниципалитет)да даҳшатли тошқин рўй берди: шаҳарнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғи вайрон бўлди.

— Қийин кунлар ортда қолди, айрим бузилган жойлар ҳали тикланмаганини ҳисобга олмаганда ҳозир ҳаммаси яхши. Бу офат, Уб шаҳрида кўп қариндошларим ва дўстларим яшайди, уларга жудаям ачинаман. Биз тошқиндан зиён кўрган ҳар бир одамга қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Мен қанча ишлаб топа олсам, ҳаммасини жабрланганларга бераман. Аллақачон ёрдам қўлини чўзган ҳаммага миннатдорлик билдираман, — деганди Матич тошқиндан сўнг.

Бир неча ойдан шаҳар қайта тикланди. Қайта қурилиш якунлангач, Неманья ажойиб убликлар учун совға тайёрлади: ўз ҳисобидан сунъий қопламали, 300 кишилик ўриндиққа эга янги футбол стадиони қуриб берди. Юқоридагилардан ташқари, Матич тез орада футбол билан шуғулланиш имконига эга бўлмаган болалар учун янги футбол академияси қуриб беришни ваъда қилган.

P.S: Ушбу мақолани эълон қилишдан мақсадимиз ўзбекистонлик футболчилар ҳам ўзлари туғилган ўсган шаҳар-қишлоқларни унутмасликларини, олаётган отнинг калласидай ойликларию кўтарма пулларининг ҳеч қурса 10 фоизини худди Матич каби қишлоқ болалари учун оддийгина футбол майдони қуриб беришга сафрлашларини истардик. Зеро, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида истеъдодли болалар кўп. Аммо уларнинг аксарияти оилавий аҳволи йўл бермагани ёки футбол учун ибтидоий шароитнинг ҳам йўқлиги учун иқтидорларини рўёбга чиқара олмай ўша жойларда қолиб кетишади. Яхшилик ҳеч қачон ерда қолиб кетмайди. Қачондир ортиғи билан қайтмайди. Қайтмаган тақдирда ҳам эзгу ишларининг савобидан бир умр баҳраманд бўлишади.

Адҳам Ўрол ўғли


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>