• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Дори савдосида инсоф керак ёхуд нега бир хил дори икки нархда?

Ҳозир бемор ёки харидор бирон дорини харид қилмоқчи бўлса, аксарият ҳолларда аввал унинг нархини бошқа дорихоналар билан солиштириб кўради. Айниқса, қўлида узундан-узун рецепт бўлса, атрофдаги ҳамма дорихонага бир-бир кириб чиқадиганлар кўп. Охири энг арзон кўрган жойидан сотиб олади…

Яқинда фарзандимга иммунитетни оширадиган бир дорини олиш учун дорихонага чиқдим. Бир-иккитасига кириб сўрасам, баҳоси турлича: 29 600 сўмдан 34 700 сўмгача. Ҳайрон қолдим. Нархи энг баланд дорихонадаги сотувчига эътироз билдирсам: «Ака, биз буни бошқа фирмадан олганмиз», деди.

Очиғи, мен учун дорининг қайси фирмадан қай тарзда келтирилгани қизиқ эмас. Албатта, истеъмолчи сифатида менда савол туғилиши табиий-ку: нега ёнма-ён жойлашган дорихоналарда бир турдаги дорининг баҳоси кескин фарқ қилади? Шу сабабли, унинг қиймати нимага асосланиб шаклланишини яқиндан билгим келди.

Устамаси бир хил, нархи эса ҳар хил

Маълумотларга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби мавжуд. Мамлакатимизда ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлдириш, нархларнинг асоссиз равишда ўсиб кетиши ҳолларига барҳам бериш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, дори воситалари, тиббий буюмларни сотишни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги «Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида»ги 19-сонли ҳамда 2000 йил 5 августдаги «Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 307-сонли қарорлари қабул қилинган. Ушбу меъёрий ҳужжатлар дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархларининг асоссиз равишда ўсиб кетишининг олдини олишга қаратилган. Уларга кўра, маҳсулотларга (қатъий нарх ўрнатилмаган) устама фоизлар белгиланган.

Жумладан, импорт бўйича келтириладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари, товар етказиб беришда қатнашувчи воситачиларнинг сонидан қатъи назар, сотиб олиш қийматининг (базавий нархининг) 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда улгуржи-чакана савдо устамаси қўлланган ҳолда сотилади. Маҳаллий дори воситалари бўйича эса дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари етказиб беришда қатнашувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун 20 фоиздан ортиқ бўлмаган, чакана савдо учун 25 фоиздан ошмаган миқдордаги чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда шартномавий нархлар бўйича улгуржи ва чакана савдо тармоғи орқали сотилиши белгиланган.

Демак, маҳсулот турли вақтда, нархда, бошқа-бошқа ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчидан харид қилинган бўлиши ва ҳар хил устама билан сотилиши мумкин. Лекин дорихоналарда айнан бир номдаги дори воситалари нархлари ўртасидаги катта тафовут қаердан келиб чиқди?

Ҳуқуқингизни билинг!

Агар истеъмолчида бирор бир дори воситаси ёки тиббий буюмнинг чакана нархида эътирози бўлса, белгиланган тартибда ва товар сотиб олинганини тасдиқловчи касса чеки билан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органларига мурожаат қилиши мумкин.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 13-моддасига асосан, истеъмолчининг талаби у касса чекини ёки харидни тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этган тақдирда кўриб чиқилиши белгиланган.

 Мавзуга доир савол

Қандай турдаги ёки неча хилдаги дори-дармонларга қатъий нарх белгиланган?

О.Ҳакимова, Қибрай тумани

 «Республикада дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидалари»да чекланган чакана нархларда сотиладиган ва барча дорихона муассасаларида мавжудлиги мажбурий бўлган энг зарур дори-дармонлар рўйхати тасдиқланган.

Уларга қуйидагилар киради:

Аспирин, анальгин, борли суртки, ҳар хил бинтлар, тиббий пахта, валидол, горчичник, димедрол, дибазол, левомицетин, валериан суюқлиги, нитроглицерин, йод суюқлиги, инъекциялар учун новокаин, папаверин, аммиак эритмаси, кўк дори, сенадексин, эуфиллин, феррамид.

Ўзбекистон Респуб­ликаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда энг зарур дори-дармонлар ва тиббий буюмларнинг чекланган чакана нархларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланди.

Оддий мантиқ

Энди юқорида дорихоналардан сўралган нархни фоизда таҳлил қилсак. Сотувчи 34 700 сўм қилиб белгилаган дори ёнидаги ҳамкасбиникидан қарийб 15 фоизгача фарқ қилмоқда. Буни қандай тушуниш мумкин? Бу қайси меъёрга тўғри келади? Биргина дори мисолида шундай бўлса, узундан-узун рецепт ё нархи баланд дориларда бунинг тафовути қанчага етади? Буни ҳисоб-китоб қилиш қийин эмас.

Тўғри, бу масалада биз билмаган яна бирон жиҳат бордир. Эҳтимол, дорихонанинг ижара ҳақи юқорилиги ёки «иккинчи қўлдан» бироз қимматроққа харид қилгани ва бошқа сабабларни рўкач қилиш мумкиндир. Аммо дорихона ҳар қандай ҳолатда ҳам (айниқса хусусий) нарх-навога инсоф билан ёндашиши керак эмасми? Чунки у фақат иқтисодий даромад кўриладиган жой эмас, беморларга шифо улашиладиган маскан ҳисобланади.

Хулоса ўрнида

Бугун мамлакатимизда фармацевтика саноати бундан йигирма йиллар аввалги ҳолатидан бутунлай фарқ қилади. Соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида аҳолининг сифатли дори-дармон воситаларига бўлган талаби қондириб келинмоқда. Ҳозир шифокор тавсия этган дори бирида бўлмаса, иккинчи дорихонадан албатта топилади. Дорихона маълумотлар тармоғига қўнғироқ қилсангиз, зарур дорини қайси дорихонадан топиш мумкинлигини ҳам айтишади ҳатто.

Шундай экан, бозор иқтисодиёти шароитида фармацевт-мутахассислар буни инобатга олиши зарур. Зеро, дорихона хизмати эзгу ва савобли иш. У ҳалолликни, инсофни, инсонийликни талаб қилади. Бунга амал қилган киши эса ўз меҳнатининг баракасини топади, савобини кўради.

Муҳиддин Расулов

Манба: “Оила даврасида” газетаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>