• Бугунги сана: Payshanba, Oktabr 19, 2017

Нега армияга олишмади?

Яқинда бир тўйда Қўзибой исмли полвонкелбат йигит билан анча гаплашдик: чет элга чиқиб ишлаб келибди, бақувват — елкалари кенг, бўйи қарийб 2 метр. Шундай алпқомат йигит ўлардай содда: қувлик нима билмайди, таниш-нотанишни «бўла», деб чақиради.

— Шу гавда билан ҳарбий хизматга борсангиз бўлмайдими? Сўнг бирор тайинли ишга кирардингиз, — дедим ўзимча маслаҳат солиб.

— Эй, бўла, дўхтирдан ўтолмаганмиз-да, — деди Қўзибой сўлиш олиб.

— Нимага?

— Туғма ясситовонмиз. Шунга-да, бўла.

— Оббо…

Шаҳарликлар «касаллиги»

Хўш, ясситовонлик қандай касаллик? Унинг асоратлари нимада? Нима учун ясситовон йигитлар ҳарбий хизматга олинмайди?

— Оёқ панжасининг асосий вазифаси — танадан тушган оғирликни тенг миқдорда тарқатиб юбориш, у худди «пружина» каби ҳаракатда бўлиши керак, — дейди Республика Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти илмий ходими Рустам Шаропов. — Ясситовонликда эса бу юк сўндирилмай, тизза, бўкса ва белга урилади. Айтайлик, бу юк 50 килограмм. Энди инсон ҳар қадам босганида шунча оғирликни ўзига қабул қилиб олаверса, буни бир кунга, ҳафтага, ойга, йилга кўпайтириб тасаввур қилаверинг. Баъзилар «ҳеч иш қилмасам ҳам чарчаб қолдим, бошим оғрияпти», дейди. Бу ана ўша сўндирилмаган, тақсимланмаган юкнинг оқибатидир.

Ясситовонлик туғма ёки орттирилган бўлади. Рахит, кўп тик туриш ва ортиқча вазн (семизлар, ҳомиладорлар, сартарошлар, сотувчилар, ошпазлар, қоровуллар, оғир атлетикачилар, конькида учувчилар ва бошқалар), суяк чиқиши-синиши ва нерв жароҳатлари бу хасталикка кенг йўл очиб беради.

5 ёшгача суяклар шаклида ўзгаришлар юз беради — тўқималар жуда чўзилувчан бўлади. Оқибатда юклама ё вазн оғирлиги тушганда оёқ-панжа гумбази баландлиги ўзгаради. «Оёғи чиққан» болалар оёқларини кенг ташлаб товонини ички томонига босиб юришади. Айрим кишиларнинг «3-6 ёшли болаларда ясситовонликнинг учраши нормал ҳолат» ё «3 ёшгача бўлган болалар ясситовон бўлмайди» деган фикри мутлақо асоссиз. Чунки айнан шу ёшда бу хасталикни даволаш жуда самарали. 10 ёшдан кейинги даво самараси 10 фоизга ҳам етмайди.

Энг ёмони — бу касалликда оғриқ ва деформация кузатилмай, бутун таянч-ҳаракат функцияси бузилади. Болаларни 5 ёшгача даволаш орқали умуртқа поғонаси қийшайишининг олдини олиш мумкин.

Оёқ пойабзалнинг ичида кўринмай кетади, деб юриш ярамайди. Агар болангиз юрганда тез чарчаб қолса, «кўтариб олинг», деб хархаша қилса, кечга бориб оёқларида оғриқ сезса, тик турган ҳолатда товонига диққат қилинг: товони ичкари ёки ташқарига қийшайган бўлса, зудлик билан ортопедга учранг. Бунда массаж, физиотерапия, коррекцияловчи ортопедик мослама (ортопедик стелька, оёқ кийим), даволовчи машқлар орқали болани даволаш мумкин.

Ялангоёқ (айниқса, тупроқ, қаттиқ ўтлоқ, қум ва ерда) юрган болалар, одатда, бу хасталикка чалинмайди. Ясситовонлик, асосан, шаҳарлик болалар «касаллиги»дир.

Ер юзидаги барча ҳаракатланувчи механизмда турли амортизаторлар мавжуд. Ҳатто автомашина ғилдираклари ҳам йилига икки марта техник кўрикдан ўтади. Бироқ инсонлар-чи? Ачинарлиси, кўплаб ҳамюртларимиз бу борада тиббий кўрикка боришга вақти ва пулини қизғанади.

Маълумотларга кўра, 65 фоиздан ортиқ болалар мактаб ёшигача ясситовонликка учрайди, бу хасталик аёлларда эркакларга нисбатан 4 баробар кўпроқ учрайди. Асосий сабаб — нотўғри пойабзалдан фойдаланиш. Шу боис ҳам бугун кўплаб ривожланган давлатларда пошнасиз (латта кеда, мокасина, чипси, балеток ва бошқа) ҳамда баланд пошнали пойабзаллар импорти таъқиқланган.

Бугун мамлакатимизда ясситовонликни аниқ ташхислашда замонавий  компьютер подометрия диагностикаси кенг қўлланилмоқда. Бу илгариги оёқ – панжага тушадиган босимни махсус ойнали мосламалардаги из суратига қараб аниқлашдан кўра анча самарали. Подометрда эса оёқ-панжа босими миқдори, характери ва ҳаттоки уч ўлчамли тасвирини ҳам аниқ сонлар билан компьютер дисплейида кўриш, таҳлил қилиш мумкин. Бунда ускунага чиққан бемор оёқяланг тик турган ҳолатда 2-3 дақиқа қимирламай турса кифоя: оёқ-панжа ҳақидаги барча маълумот қисқа муддатда компьютер экранида пайдо бўлади.

Арзон шўрва татимас

Шифокорлар болани 3 ёшгача буткул ялангоёқ қўйиш керак, деган фикрда. Бироқ туғуруқхонадан чақалоғига туфли кийгизиб олиб чиқаётганлар буни билармикан.

Бозорларимиздаги оёқ кийим расталарига эътибор берганмисиз? Ерда сотиладиган «ёйма» ҳудуд доим гавжум бўлади. Чунки кўпчиликни, аввало, пойабзалнинг нархи қизиқтиради-да. Травматолог Рустам Шароповнинг айтишича, нормал  пойабзал тоза чармдан тайёрланган, оёқ шаклини тўла эгаллаган, таги юмшоқ, пошнаси 2 сантиметр бўлиши керак.

Энди бозор оралаймиз: шифокор айтган талабларга жавоб берадиган болалар пойабзаллари 50 минг сўмдан зиёд, аксарият ота-оналар харид қиладиган, хориждан келтирилган арзон оёқ кийимлар эса 10-20 минг сўм атрофида. Фарқ — 2 баробар. Шунда бугун сифатсиз, арзон болалар пойабзалларини жуда катта миқдорда ишлаб чиқариб, бозорларимизни тўлдириб ташлаётган хорижлик «ишбилармонлар»нинг хатти-ҳаракатларида пул топиш билан бирга бошқа ғарази йўқмикан, деб ўйлаб қоласиз. Миллат ёшларини соғлиғидан айириш, йигитларни ҳарбий хизматга яроқсиз қилиб қўйиш, шу орқали давлатни кучсизлантиришдек каттароқ мақсадлар уларнинг хаёлида йўқлигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Йилига — 12 миллион жуфт пойабзал

— Бугун мамлакатимиздаги 20 дан ортиқ корхонада болалар учун барча турдаги мавсумий пойабзаллар ишлаб чиқарилмоқда, — дейди «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси раиси ўринбосари Шарифжон Шералиев. — Булар «Косонсой ал-Азиз» (Наманган вилояти), «Гранд кибо», «Болажон орзуси» (Фарғона вилояти), «Эркатой болажон пойабзали» (Бухора вилояти), «Амр ул Баҳр» (Самарқанд вилояти) каби корхоналардир. Пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналаримизнинг йиллик қуввати — 12 миллион жуфтдан зиёд. Болалар пойабзаллари фақат табиий чармдан тайёрланади. Остки қисмининг қалинлиги, баландлиги болаларнинг ёшига мос ва қулай.

— Ўғил ва қиз болалар учун ишлаб чиқарилаётган оёқ кийимларнинг сифатини белгилашда қандай мезонлар мавжуд?

— Болалар пойабзаллари фақат давлат стандарти талаблари асосида ишлаб чиқарилади. Санитария-эпидемиология ташкилоти ва махсус аккредитациядан ўтган стандарт синов лабораторияларининг текширувларидан мувафақиятли ўтгач, маҳсулотлар савдога чиқарилади.

— Маҳаллий ва импорт товарлар ўртасида қандай фарқ бор?

— Бугун республикамизга четдан келтириб сотилаётган аксарият болалар пойабзаллари сунъий чарм ёки чарм ўрнини босувчи материаллардан тайёрланади, пойабзалнинг қолип формаси болаларимиз оёқ тузилиши асосида ишлаб чиқилмаган. Бу эса фарзандларимиз оёғининг нотўғри шаклланишига сабаб бўлади.

…Мутахассисимиздан «ўзимизда ишлаб чиқарилган болалар оёқ кийимларини қаердан харид қилиш мумкин?», деб сўраганимизда  «республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида махсус пойабзал дўконлари фаолият кўрсатаётгани» айтилди. Аммо, афсуски, ҳатто ҳаҳардаги йирик бозорлар ва дўконларда ҳам юқорида  айтилган корхоналар маҳсулотларини учратиш қийин. Балки бу корхоналар маҳсулотларининг доимий ярмаркаси ташкил этилар.

«Югурик оёққа кавуш ҳам топилиб қолар»

Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб»да «кафшсизликдин малул (ғамгин) бўлмағил, аёғсизларга боқиб шукр қил», дейди. Орадан қарийб тўрт ярим аср ўтиб, «Шум бола»да Қоравой Ҳожи бободан бу сўзларни шаклан ўзгарган ҳолда эшитади: «Югурик оёққа кавуш ҳам топилиб қолар. Аввал оёқ омон бўлсин-чи».

Ҳар икки ҳикматда ўз даврининг оғир ижтимоий-маънавий муаммоси мужассам. Бугун эса замон бошқа. Онг-тафаккур ўзгариб, қарашлар янгиланмоқда. Энди бизга бўлаверади, деган гаплар ўтиб кетди. Халқимиз «дўст бошга қарайди, душман эса оёққа», дейди. Буни шаклини андак ислоҳ этиб, маъносини кучайтирамиз: ўзига дўст одам оёқ тарбиясига ҳам қарайди. Ўзингизга, фарзандингизга дўст бўлсангиз, тутумлар ҳам шунга яраша бўлиши керак.

Мурод Ғофуров

«Tafsilot.uz» изоҳи:

Ҳар йили мамлакатимизда чарм пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий янги корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича ҳудудий манзилли дастур ишлаб чиқилиб, амалга оширилади. Дастурга кирган барча лойиҳага имтиёзли фоиздаги кредит маблағлари, зарур ҳолларда чет эл валютасига конвертация қилиш, лойиҳаларнинг техник ва технологик қисмларини, бизнес режаларини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатилади. Чарм пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар 2016 йилнинг 1 январигача солиқ, божхона ва бошқалар бўйича имтиёзга эга.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>