• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 24, 2017

Нефтчи давлатларга уруш керак

Нефт нархи тушиб бораяпти. Қора олтин қазиб олишга тааллуқли асосий лойиҳалар тўхтатилган, нефт заводлари эса бирин-кетин касодга учраш арафасида турибди. Жаҳон нефт бозорида аввалги барқарорликка эришиш учун бир неча йил керак бўлади. Бу инқироз ботқоғига ботган Россия ёки Саудлар Арабистони иқтисоди учун  жуда узоқ муддат. Америка Қўшма Штатлари ва Эрон ҳам муаммоларга дуч келган. Шундай бир вазиятда давлатларнинг манфаатлари мос тушмоқда: уларга кераги уруш ва нарх-навонинг ошиши, бу эса хавотир уйғотмасдан қолмайди.

Нефт бозори бир неча йилдан сўнггина барқарорлашади

Бозордаги вазият тобора жиддий тус олмоқда. Brent маркали нефт кун сайин арзонлашаяпти, таҳлилчилар унинг нархи баррелига 20 долларгача, ҳатто ундан ҳам пастга тушишини айтишаяпти. Бунинг бир нечта сабаби бор: ҳамма жойда таклифнинг ҳаддан зиёд кўплиги, улкан миқдордаги захираларнинг аниқланганлиги, Хитойдаги иқтисодий ўсишнинг секинлашгани (бу давлат нефт бозоридаги энг йирик харидор ҳисобланади) ва углеводородлар экспорти бўйича Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг бекор қилиниши. Ушбу омилларнинг ҳаммаси ҳали кўп ойлар мобайнида нефт нархи ошишига тўсқинлик қилади. Ҳатто 2017 йилда бозордаги ортиқча нефтнинг ортиқчалиги қолмаса ҳам нефтнинг нархи яқин ўтган кунларда бўлгани каби 100 доллар атрофида бўлади деб умид қилмаслик керак. Кўплаб углеводород компаниялари банкротлик ёқасида турибди, кўплаб йирик лойиҳалар тўхтатилган, соҳада барқарорлик юзага келиши учун бир неча йил вақт керак. Гап шундаки, шунча вақт кутишга йирик экспортчиларнинг бардоши етармикан?

Россия мушкул аҳволда

Бюджети бир доллар нефтнинг баҳоси 50 доллар атрофида бўлади деган ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб режалаштирилган Россия ўзининг молиявий резервларини аста-секин еб тугатмоқда. 2013 йилда, «қора олтин»нинг баҳоси тушиб кетишидан олдин унинг ҳажми қарийб 500 млрд долларга тенг эди, 2015 йилнинг декабр ойига келиб бу миқдор 350 млрд долларга тушгани маълум бўлди. Ғарб давлатлари қўллаётган санкциялар вазиятни янада оғирлаштираяпти. Резервларнинг камайишини, бюджетнинг кескин қисқаришини, пулнинг қадрсизланишини яқин орада тўхтатиб бўлмайди. Бунинг устига, нефт бозоридаги вазият барқарорлашганда ҳам Россия иқтисодини тартибга келтиришга яна бир неча йил керак бўлади. Россия иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаевнинг фикрича, бу жараён 2020 йилдагина тугайди, балки бундан ҳам узоққа чўзилар. Ҳозир Кремл ниҳоятда мушкул аҳволда: вазиятни ўнглаш учун у энг охирги чорани қўллашга мажбур бўлиши мумкин.

Саудлар Арабистонининг молиявий резервлари беш йилдан кейин тугаши мумкин

Жаҳон бозорини эгаллаш учун кураш бошлаган Саудлар Арабистони ҳам бозорларнинг барқарорлашуви учун керак бўладиган бунчалик узоқ муддатга бардош бера олмаслиги мумкин. Халқаро валюта фондининг 2015 йилнинг октябридаги ҳисоб-китобларига кўра ушбу мамлакатнинг харажатлари ҳозиргидай улканлигича қоладиган бўлса, қиролликнинг молиявий резервлари беш йилдан кейин тугайди. Ўша пайтда бюджетдаги дефицит миқдори қарийб 100 млрд долларга, яъни мамлакат ялпи ички маҳсулотининг бешдан бир қисмига тенг эди. Бир баррел нефтнинг баҳоси 100 долларга чиқсагина мамлакат бюджетидаги даромад ва харажатлар миқдори тенглашиши таъкидланган.

Бироқ вақт ўтиши билан кўп нарса ўзгариб кетди. Нефт нархи тушишда давом этиб, охирги 12 йилдаги энг паст кўрсаткич қайд этилди. Яқинда 30 доллардан ҳам арзонлашган эди, энди 20 долларлик «қизил чизиқ» ҳам кесиб ўтилиши кутилмоқда. Қиролликнинг ўзидаги вазият ҳам мураккаблигича қолмоқда, лекин бирон-бир ислоҳот ўтказиладиганга ўхшамайди (масалан, мамлакат аҳолиси даромад солиғи тўламайди, давлат дотация тизими эса ҳаддан зиёд «шиширилган»). Бундан ташқари, ар-Риёд Сурия ва Ямандаги урушга ўнлаб млрд доллар маблағ сарфлашда давом этаяпти. Савол, шундай бир вазиятда Арабистон яриморолидаги аҳвол яна ҳам ёмонлашишининг олдини олиш, ҳеч бўлмаса ҳозирги вазиятни сақлаб қолиш мумкинми? Агар нефт бозорининг барқарорлашиш жараёни бир неча йилга чўзиладиган бўлса, бу саволга ҳа деб жавоб бериш қийин.

Эронга пул керак

Қанчалик ажабланарли бўлмасин, нефт нархининг тушиб кетишидан Эрон ҳам норози. Углеводородлар экспорти соҳасида Ғарб мамлакатлари жорий этган санкциялар бекор қилингани туфайли Теҳрон бозорга ўз «қора олтин»и захираларини чиқариш имконига эга. Аммо нефт экспортини барқарор равишда ошириб бориш учун унга катта миқдорда пул керак, чунки нефт секторини модернизация қилиш ва ривожлантириш катта маблағ талаб қилади. Бундан ташқари, мамлакат иқтисодининг деярли қолган барча сегментлари ҳам пулга муҳтож. Узоқ йиллар давомида технологик янгиликлардан четда қолган Эрон тезлик билан қолоқлик ботқоғидан чиқиб олиши лозим. Нефт бозоридаги арзончилик эса капитални кўпайтириш имконини бермайди.

Америка сланец инқилобига ҳам пул керак

Нефт бозоридаги арзончилик Америка Қўшма Штатларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Техас ва Шимолий Дакотада сланецли нефт қазиб чиқариш ҳажми кескин камайди. Қазиб олиш жараёни жуда мураккаблиги туфайли бундай лойиҳалар бир баррел нефт 50-60 долларга баҳолангандагина фойда келтиради. Шу боис нефт бозорининг узоқ давом этадиган барқарорлашиш жараёни америкаликлар учун ўзига хос бошоғриқ ҳисобланади. Бунинг устига нефт экспорт қилишга 1970-йилларда жорий этилган тақиқни бекор қилган америкаликлар энди хорижий бозорларни забт этиш ниятидалар.

Манфаатларнинг яқинлиги хавотир уйғотмоқда: нефтчи давлатларга уруш керак

Юқорида айтиб ўтилган фактлардан кўриниб турибдики, санаб ўтилган давлатларнинг ҳар бири сайёрамизнинг қаерида бўлмасин уруш чиқишидан манфаатдордир. Уларнинг назарида бу нефт нархини улар учун мақбул бўлган даражага кўтаради. Эрон ва Саудлар Арабистони ўртасида кучайиб бораётган адоватдан шу мақсадда фойдаланилиши мумкинми? Менимча, мумкин, чунки бу ихтилофнинг замирида икки нефтчи мамлакатнинг манфаатлари, Форс кўрфази ва Ҳўрмуз бўғози омили, шунингдек диний эътиқоддаги тафовут ётибди.

Бу ерда гап Яқин шарқда узоқ йиллардан буён турли шакл ва асосларда давом этиб келаётган шиа-сунний ихтилофи ҳақида кетаяпти. Ихтилофнинг ички омилига Саудлар Арабистонида яқинда мамлакат аҳолисининг 10-15 фоизини ташкил қилувчи шиаларнинг раҳнамоларидан бири бўлган Нимр ан-Нимрнинг қатл этилишини, ташқи омилига эса таъсир доираси учун курашни («Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг Суриядаги урушда қатнашиши, ИШИДга қарши курашда шиалардан иборат Ироқ ҳукуматини Эроннинг қўллаётганини, ар-Риёд Яманда хусийларга қарши ҳарбий операция ўтказаётгани ва ҳ.) мисол сифатида келтириш мумкин. Бундан ташқари Эрон ва Саудлар Арабистони ўртасидаги рақобатга АҚШ ва Россия жим қараб тура олмайди.

Аммо битта лекини бор. Теҳрон нефт нархининг ошишидан манфаатдор бўлса ҳам Ғарб давлатлари жорий этган санкцияларнинг бекор қилиниши жараёнига қарши чиқмоқчи эмас. Бироқ бу ислоҳотчилар  лагерининг нуқтаи назаридир, консерваторлар эса ташқи чекловлар амал қилиб турган бир шароитда ҳеч бўлмаса иқтисодий разведка ва контрабанда устидан назоратни қўлга киритиш учун ҳам жон деб ҳозирги ҳолатга қайтишади.


Tafsilot.uz маълумоти:

piotrПетр Мачёнжек (Piotr Maciążek) — польяк публицисти, тарихчиси ва сиёсатшуноси. Мудофаа, хавфсизлик ва энергетика масалалаларини ёритувчи Польшадаги йирик defence24.pl (.com), energetyka24.pl (.com) порталлари мухбири. Иқтисодиёт, хавфсизлик, шу жумладан, энергетика хавфсизлиги соҳасига ихтисослашган. Асосан Россия нефть-газ саноати билан боғлиқ мавзуларни ёритиб келади.

Петр Мачёнжек Польшанинг бир неча таҳлил марказларида фаолият олиб борган. Айни пайтда у «Amicus Europae», Европа энергетика самарадорлиги жамғармалари, Ягеллон университетларининг таҳлилчиси ҳисобланади. Бундан ташқари, у “TVN 24”, “TVN 24 Biznes”, “TVP Info”, “Polsat News”, “TV Republika” телеканалларининг шарҳловчиси ҳамдир. Шунингдек, бир қанча ахборот агентликлари, босма ва электрон ОАВ билан  ҳамкорлик қилади.

П.Мачёнжекнинг мазкур мақоласи defence24.pl, energetyka24.pl, inosmi.ru каби сайтларда чоп этилган. Муаллиф фикри tafsilot.uz нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Ҳасан Карвонли тайёрлади


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>