• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

Нефт нархининг беқарорлиги нимага боғлиқ ва бундан ким кўп зарар кўради?

Ҳозирги пайтда кўпчилик — у хоҳ профессор бўлсин, хоҳ такси ҳайдовчиси — дунёда бўлаётган ишлардан хабардор ва гап орасида албатта бу ҳақда эслаб ўтишади. Кейинги пайтда ана шундай суҳбатлар яна бир мавзу билан бойиди. Бу қора олтин ва унинг кундан-кунга тушиб бораётган нархи билан боғлиқ.

Ҳаммага маълум, охирги 1,5 йил ичида дунёда нефт нархи кескин пасайиб кетди. Масалан, 2014 йилнинг бошида brent маркали нефт жаҳон бозорида 110 АҚШ доллари қийматида сотилган бўлса, 2016 йилнинг бошига келиб 33 долларга тушиб кетди. Яъни 3 баравардан зиёд пасайиш кузатилди. 2016 йилга келиб сайёрамизнинг 50 дан ортиқ давлатида қора олтин қазиб олинмоқда.

Биринчи навбатда шуни тушуниб олиш керакки, нефт нархининг юрак пульсига ўхшаш бундай ҳаракати тарихда ҳам кузатилган. Мисол учун, 2000 йилда унинг нархи 20 доллардан сал юқорироқ эди. Шундан кейинги энг юқори нарх эса 2008 июнида қайд этилган — 141 доллар. Бироқ бу кўпга чўзилмади ва глобал иқтисодий буҳрон натижасида декабр ойига бориб нарх 36 долларга тушиб кетди. 2014 йилнинг ёзига келиб эса 113 долларгача кўтарилди. Шунга қарамай охирги 50 йиллик ичидаги доллар инфляциясини ҳисобга олсак, бу нархлар нисбий кўрсаткичларда унчалик ҳам ўзгармаган бўлиб чиқади.

Гувоҳи бўлганингиздек, нефт нархи турли даврларда турлича бўлган. Шу ўринда бунинг сабабларига ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Нефт бу биринчи навбатда товар ва унинг кўплаб сотувчилари ҳамда олувчилари бор. Қора олтин фақатгина олди-сотди манбаи бўлибгина қолмай, ундан сиёсий мақсадларда ҳам фойдаланилади. 1973 йили навбатдаги Араб—Исроил урушидан кейин ОПЕКнинг Ғарб давлатларига қарши амалга оширган ишлари бунга ёрқин мисолдир. Бироқ бозор қонунлари ҳаммасини ўз ўрнига қўйди. Истеъмолчилар тежамкор иқтисодиётга ўта бошлади, янги нефт конлари ишга туширилди (Аляскада ва Мексика кўрфазида, кейинчалик Дакотада сланец конлари), қайта тикланувчи энергия манбалари ривожланди (атом станциялари), янги нефт етказиб берувчилар бозорга чиқди (СССРда Ғарбий Сибирь конларидан Европага қора олтин ва газ кела бошлади, Мексика, Норвегия). Натижада ОПЕК аъзолари — биринчи ўринда Саудия Арабистони бозордаги улушларини йўқота бошлади. Охир-окибат бундай сиёсат зарар келтираётганини кўрган Саудия (1980—85-йилларда бюджет дефицити ортиши) 1986 йили нефт қазиб чиқаришни кескин оширди ва нархларнинг қулашига сабаб бўлди. Нархларнинг қулаши, таннархи қиммат нефт сотувчи компанияларнинг касод бўлишига олиб келди (биринчи навбатда АҚШда) ва Саудия бозордаги улушини қайтариб олди.

Қазиб чиқариш эса охирги 50 йил ичида ўсиб, истеъмол эса аксинча пасайиб бормоқда. Бунинг бир неча сабаблари бор.

XX аср охирларидаги нефт тугаб бормокда деган прогнозлар ўз тасдиғини топмади, қайтанга қора олтиннинг янги конлари топилди ва янгича бурғулаш  усуллари (биринчи навбатда горизонтал бурғулаш, қатламни гидроёриш ёки гидравлик фрекинг усули (сланецли нефт қазишда ишлатилади), битумли кумлардан нефть олиш усули) ривожланди.

Нефтнинг энг катта истеъмолчилари — АҚШ, Хитой ва Европада эса қора олтинга талаб пасайиб бормоқда ёки таклифдан орқада қолмоқда. Европада, мана, 20 йилдирки энергияни тежаш технологиялари амалга татбиқ қилинмоқда. Бундан ташқари, муқобил энергия манбалари ривожланди. Кўҳна қитъада нефт ва кўмирдан олинган энергия 90-йиллардагига нисбатан 10 фоизга камайди. Нефтчи давлатлар катта умид боғлайдиган Хитойнинг нефть истеъмоли ҳам таклифдан ошиб кетиш даражасида юқори эмас ва охирги икки йил иқтисодий ўсиши пасаймоқда.

АҚШга келсак, бу давлатда нафақат Европада булгани сингари энергия тежаш ва муқобил энергия манбалари ривожланди, балки сланецли нефт қазиб чиқариш ҳисобига ташқи бозорларга боғлиқлигини анча пасайтирди.

2015 йили Эрон билан олтилик давлатлари — АҚШ, Россия, Франция, Хитой, Британия ва Германия ўртасида санкцияларни бекор қилиш бўйича келишув (нефт савдосига молиявий тақиқлар, юқори технологиялар сотишга тақиқлар), 2016 йилда нефт таклифи янада ортишидан дарак берди.

Айтиб ўтиш керакки нефтнинг баҳоси охирги ўн йил бундай чўққиларни забт этиши Хитой ва Ҳиндистоннинг иқтисодиётининг (йилига 7-9 фоиз) жадал ўсиши сабаб бўлди. Бу эса дунё бозорида нефт нархини ортиқча баҳоланишига, яъни таннархидан анча баланд нархларда сотилишига олиб келди. Яна бир сабаби АҚШда 2008 йилда бошланган молиявий буҳрон натижасида спекулятив капитал нефт бозорини тўлдириб, қора олтин нархини кўтариб юборди.

Нефт нархига таъсир қилувчи яна бир омил — бу АҚШ иктисодиёти. Агар дунёда доллар ҳажми ортиб кетса (яъни доллар курси пасайса) нефтга бўлган талаб ортади, натижада унинг нархи ҳам ошади. Ва аксинча доллар ҳажми камайса (яъни доллар курси кўтарилса) талаб камаяди ва ўз-ўзидан қора олтин нархи ҳам арзонлайди. Бу ерда гап турли давлатлардаги инвесторларнинг қайси актив яхшироқ эканини танлашларида, агар улар хомашёларнинг, хусусан, нефтнинг нархи яқин орада тушиб кетишини кутишса, ўз сармояларини нефтдан бошқа фойда келтирадиган активга ўтказадилар. АҚШ иқтисодиёти эса ҳозирча энг ишончли актив бўлиб қолмоқда, шунинг учун кўпчилик сармоядорлар АҚШ компаниялари акцияларини танлайдилар.

Бунда сармоядорлар фундаментал ва техник таҳлил кўрсаткичларига асосланишади. Фундаментал курсаткичлар — нефт захираларининг ҳажми, асосий истеъмолчиларнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ва бошқаларни англатса, техник кўрсатчиклар эса нархларнинг графиклари, молиявий институтлар (Марказий банклар, йирик банклар, фондлар)нинг ва давлат органларининг ҳаракатлари ва эълонлари демакдир. Яна бу омилни спекулятив омил, яъни биржадаги трейдерлар назарда тутилади.

Иқтисодиётда сотувчининг бозори ва истеъмолчи бозори деган тушунчалар бор. Бу бозор таклиф кўп бўлганда истеъмолчилар фойдасига ва аксинча бўлганда сотувчининг фойдасига ишлашини билдиради. Мана, ҳозир нефт бозори — бу истеъмолчи бозори. Ҳозиргача нефт бозорида сотувчилар ҳукмрон эдилар. Қаранг, нефтнинг таннархи Саудия Арабистонида 4 АҚШ долларини, Мексика кўрфазида эса 25 АҚШ долларини ташкил қилади. Энди бу кўрсаткичларни 110 доллар билан солиштиринг. 440 фоиздан 2750 фоизгача фарқ, ажойиб, тўғрими. Албатта бу узоқ давом эта олмас эди. Чунки бу ерда бозор қонунлари ишлайди. Агар бирор бир маҳсулот жуда қимматлаб кетса, бозорда ушбу маҳсулотнинг таклифи албатта ошади, чунки ҳамманинг юқори фойда олгиси келади. Шунинг баробарида истеъмолчилар ҳам бу қимматбаҳо маҳсулотга қарамлигини камайтиришга ҳаракат қилишади.

Илм-фан йилдан-йилга ривожланиб бормоқда, қуёш энергиясининг фойдаланиш жараёнидаги фойдалилик кўрсаткичлари борган сари ошмоқда, нархи эса пасаймоқда, термоядро реакторларини қуриш давом этмоқда. Бу ҳаммаси дунёда нефт ва газга бўлган талабнинг пасайишига олиб келади.

Айтиш мумкинки, сиёсат ҳар доим иқтисодга ютқазади ва иккинчи ўринга тушиб қолади. Чунки уруш қилиш учун барибир пул ва ресурслар керак, содда қилиб айтганда оч қоринга ҳеч ким ишламайди. Шунинг учун ҳам сиёсатни биринчи ўринга қўйган давлатлар ҳар доим ютқизиб келишган, бунга Гитлер Германияси, СССР, Эрон (МАГАТЕ шартларини қабул қилди), Венесуэлла мисолдир. Иқтисодиётини биринчи ўринга қўйганлар эса, масалан, Хитойга ўхшаб, вақти келиб сиёсий кучга ҳам эга бўлишди.

XX асрда нефтдан сиёсий қурол сифатида фойдаланилди, лекин охир-оқибат бозор қонунлари ўз сўзини айтди. Қора олтиннинг сотувчилари кўпайиб кетди, энергияга бўлган талаб унинг янги, муқобил манбалари ривожланишига олиб келди. XXI асрда нефт оддий товарга айланмоқда. Бундан, энг аввало, нефтга қаттиқ боғланиб қолган давлатлар зарар кўрадилар.

Илҳом Эминов

Tafsilot.uz маълумоти:

Нефт бу водород билан углерод бирикмаси (шунингдек, жуда кам миқдорда бошқа бирикмалар)дан ташкил топган фойдали қазилма — мойсифат суюқлик. Соддароқ қилиб айтганда, кўмирнинг мойли суюқ кўринишидир. Факат кўмир ўсимликлардан, нефт тирик жонзотларнинг қолдиқларидан келиб чиққан. Бу қазилма бойликлар ернинг ҳар хил қатламларида миллион йиллар аввал органик, яъни тирик организмларнинг чириндиларидан пайдо булган. Келиб чикиши хакда бошка назария ҳам бор — ноорганик ёки абиогеник назария. Лекин у ҳали ўз тасдиғини топганича йўқ.

Қора олтин одамларга қадимдан маълум бўлган, лекин хос техникалар ҳали унчалик тараққий этмагани учун фақат XIX асрга келибгина нефтни ёқилги сифатида ишлатиш бошланган. Ўша даврдан бошлаб мазкур фойдали қазилмани бир қанча навларга бўлиш жорий этилган. Нефт билан савдо қилишни тартибга солиш учун ўйлаб топилган бундай тартибга кўра қора олтин қазиб олинадиган ҳудуди ва таркибига кўра навларга бўлиб чиқилган: Urals Heavy, Siberian Light (Россия), Brent (Буюкбритания), Statfjord (Норвегия), Kirkuk (Ироқ), Light Sweet, WTI (АҚШ). Баъзида бир давлат (масалан, Эрон) икки хил маркали нефт  ишлаб чиқаради — енгил ва оғир (Iran Light,  Iran Heavy). Батафсил маълумот бу ерда.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>