• Бугунги сана: Shanba, Iyul 22, 2017

Нацистлар мусодара қилган ноёб санъат асарлари музейга қўйилиши мумкин

Ўтган асрда яҳудийлардан тортиб олинган ноёб тасвирий санъат асарлари давлат музейига топширилиши мумкин. Рождествога бир неча кун қолганида Мюнхен суди коллекционер Корнелиус Гурлиттнинг истагини бажо келтиришга ижозат берди. Ўз уйида XIX ва XX асрнинг энг машҳур (Пикассо, Матисс, Моне, Сезанна, Дега, Шагалла, Коро ва бошқа) мусаввирларининг мингдан ортиқ асарини сақлаб келган коллекционер уларни Берн тасвирий санъат музейига топширишни васият қилган, бироқ коллекциянинг қандай йиғилганига оид шубҳа-гумонлар туфайли Германия ва Швейцария мулозимлари шу пайтгача ушбу асарларни тасарруф этишга рухсат беришдан тийилиб келаётган эди.

Васиятнома ҳақиқийлигига шубҳа йўқ

Мюнхен судининг қароридан келиб чиқадиган асосий хулоса шу: Корнелиус Гурлиттнинг васиятномаси ҳақиқийдир, васият қилаётган вақтида унинг эс-ҳуши жойида бўлган. Шу боис коллекционернинг Гурлиттни мазкур ҳужжатни имзолашга мажбурлашган деган важ билан уни ҳақиқий эмас деб топишни илтимос қилган иккинчи даражали қариндоши бўлмиш синглисининг сўрови рад этилди. Шу тариқа бугунги кунгача немис мулозимлари давлат фондида сақланаётган картиналарни васиятномада кўрсатилган адресатга топширишига имкон бермай келаётган асосий юридик тўсиқ бартараф қилинди. Аммо васиятномани амалга оширишга яна нима халақит бераяпти? Шу ўринда ўтган кунларга тағин бир бор назар солишга тўғри келади.

Учинчи рейхдан қолган иснод

Корнелиус — Ҳитлер ва Гёринг билан яқиндан ҳамкорлик қилган санъатчи Ҳилдебранд Гурлиттнинг ўғли. У эса бир томондан «айниган санъат»га қарши курашган, бошқа тарафдан яҳудий оилаларига қарашли мулкларни ўғирлаш билан шуғулланган юқори мартабали нацистлар билан бирга ишлаган. Ҳилдебранд Гурлитт Австриянинг Линц шаҳрида Учинчи рейхнинг шон-шуҳратидан ҳикоя қилиши керак бўлган музей ташкилотчиларидан бири бўлгани маълум. Ўша йиллари юз минглаб картиналар изсиз йўқолган. Мутахассисларнинг фикрига кўра Гурлиттнинг ўғлининг уйидан топилган 1500 та санъат асари эгаларидан ноқонуний равишда тортиб олинган ёки арзимас пулга сотиб олинган бўлиши мумкин. Шу пайтгача иккита расм айнан уларнинг изи топилгани учун асил эгаларининг авлодларига қайтариб берилган. Булар Матисснинг мўйқаламига мансуб, парижлик коллекционер Пол Розенбергга тегишли «Ўтирган аёл» ҳамда Давид Фридманнинг вориси Давид Торенга қайтариб берилган, Макс Либерман мўйқаламига мансуб «Суворийлар соҳилда» картиналаридир.

Швейцариянинг ўнгайсизлиги

Айнан картиналар қинғир йўллар билан қўлга киритилган деган шубҳа-гумонлар борлиги учун ҳам ушбу ҳадяни қабул қилишга розилик билдирган Швейцария ҳамон муайян ўнгайсизликни ҳис қилмоқда. Шу боис Бавария тарафи билан «жентлменча келишув»га эришилди, унга кўра Берн музейига фақат асил эгаларини аниқлаш имкони бўлмаган асарларгина топширилади. Шундай қилиб Гурлитт коллекциясининг катта қисми музейга топшириладими-йўқми деган масалага ҳали ечим топилгани йўқ. Яқин орада топилмаса ҳам керак.

Клаудио Дел Фрате (Claudio Del Frate)

«Corriere Della Sera»Италия

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>