• Бугунги сана: Seshanba, Sentabr 19, 2017

“Нақдми, пластикми?” ёхуд ҳамма билган ҳақиқат ҳақида айрим кузатувлар

– Мана бу костюм-шим неча пул? – сўрадим пештоқига “терминалга савдо қиламиз” деб ёзиб қўйилган дўкон эгасидан. – Менга мос келадигани ҳам борми?.. Сифати ёмон эмас шекилли, а, опа?…

Овозимни ҳар қанча баландлатмай, дўкончи опанинг эътиборини торта олмадим.

У бошқа харидорлар билан овора, маҳсулотини мақташ билан машғул. Менинг келганимни пайқамади ҳам. Бир

айланиб қайтиб келарман, деган ўй билан энди ортга ўгирилгандим, ёшгина қизалоқнинг овози эшитилди.

Нима кеяк сизга амаки? – деди болаларга хос чучуктил билан.

Шу костюм-шимни менга сотасанми? – сўрадим овозимни майинлатиб. – Ойингдан сўра-чи, унинг нархи неча пул экан?

– Найхини ўзим ҳам биламан.

– Неча пулга берасан унда?

– Нақд бейсангиз 350, плаштикка 400, – деди қизалоқ тўртта бармоғини кўрсатиб.

Вазиятдан фойдаланиб, дўкондаги оёқ кийим­дан тортиб, галстуккача – ҳамма-ҳаммасининг нархини сўраб олдим. Қизалоқ худди мактабда ёдлаган тез айтишни айтаётгандек, “нақтга унча, плаштикка бунча”, деган сўзларни такрорлар эди. У билан 10-15 дақиқа суҳбатлашиб, уйга қайтдим.

Шу воқеани эсласам, биз катталар ўйлаб топган ғалати “қонуният”ларга болаларимиз ҳам ўрганиб қолаётгани ҳақида мушоҳада қиламан. Болаликданоқ ана шу “ўйин”ларни оддий қабул қилаётган фарзандларимиз келажаги учун қайғураман. Эшикларига “пластик карточка билан муаммо туғилса, фалон ишонч рақамларига телефон қилинг” деган шиорлар осиб қўйилган дўконлар кўз ўнгимга келади. Бугун сиз билан ҳамма биладиган, лекин ҳеч ким айтмайдиган ана шу ҳақиқат ҳақида гаплашсак, фикрласак, мулоҳаза юритсак.

Бўлганинг каби кўрин, кўринганинг каби бўл!

…“Тошкент” вокзалининг “Афросиёб” тез­юрар поездига чипта сотиладиган кассаси олдида шовқин кўтарилди. Касса ходими:

– Битта пластик картага иккита, нари борса учта чипта сотамиз.

– Нега? – сўради харидор.

– Бизга шундай топшириқ берилган.

– Сизга ўша топшириқни ким берганини айта оласизми?

– Айтолмайман. Лекин битта пластик картага ўнта чипта сотиш мумкин эмас.

Сотувчи аёлнинг бу гапи мени ҳам ҳайрон қолдирди. Ахир, мен пластик картамдан ака-укаларим, қариндошларим, дўст-биродарларимга чипта сотиб олмоқчи эдим. Энг қизиғи, нега нақд пулга ўнта, юзта чипта сотиб олиш мумкин-у, битта пластик картадан беш-олтита чипта сотиб олишнинг имкони йўқ?..

Яна бир мисол. Ўтган йили хоразмлик Насиба Ҳамроева тўлов-шартнома асосида ўқишга кирган эди. Ота-онаси ўқитувчи. Ойлик маошларини пластик картада олишади. Рўзғордан орттириб, тўрт-беш сўм жамғаришган эди.

– Университетдагилар “Шартнома пулини биринчи ярим йиллик учун нақд тўлайсан, пул кўчириш ёки пластик карта орқали тўласанг, пул бизнинг ҳисоб рақамимизга келиб тушганича анча вақт ўтади. Ўн беш кун муддатда шартномада кўрсатилган пулни тўламасанг, талабалар сафидан чиқасан”, деб огоҳлантиришибди, – дейди унинг онаси. – Аввалига қийналиб ўқишга кирган қизимни ўқишдан четлатишмасин деб, қарз кўтармоқчи ҳам бўлдим. Аммо “Ўзингда йўқ, оламда йўқ” деганларидек, иложсизликдан университет раҳбариятига бориб, вазиятни тушунтирдим. Илтимос-илтижо қилиб бир йилдан буён пластик картамда йиғиб юрган пулимни қизимнинг ўқиши учун тўладим…

Унинг гапларини эшитиб, пластик карта муомаласи билан боғлиқ муаммолар нақадар урчиб кетаётганини яна бир бор ҳис этаман. “Бизда пластик карточкалар билан ҳеч қандай муаммолар йўқ”, деб айтаётган мутасаддилардан сўрайман: университетга кирган талаба тўловни нақд пулда амалга оширди нима-ю, карта орқали тўлади нима? Ёки “тўлов фақат нақд пулда амалга оширилади” деган қоидани менга кўрсатинг! Талаба шартнома пулини нақд пулда тўлашидан ким манфаатдор?

Дарвоқе, дастлаб Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси сифатида иш бошлаган pm.gov.uz манзили бўйича ҳам пластик карточкалар муомаласига оид юзлаб мурожаатлар келиб тушганига гувоҳ бўлдик. Кимдир маҳсулотларнинг нархи тўлов турига қараб (нақд ва пластик) фарқланишидан нолиса, кимдир дўконларга тўлов терминаллари ўрнатилмаганидан шикоят қилган. “Менинг рухсатимсиз пенсиямнинг тўқсон фоизини пластикка ўтказишибди”, каби шикоятлар эса сон мингта. Хўш, нақд пул, пластик карта ва тўлов терминаллари бўйича муаммоларимиз бўлмаса, бундай шикоятлар осмондан тушдими? Мақоламиз бошида айтганимиздек, беш-олти ёшли қизалоқдан тортиб, саксон-тўқсон ёшли пенсионергача шу муаммони гапириб турганда, “Пластик карта ва тўлов терминаллари билан боғлиқ ҳеч қандай муаммомиз йўқ”, дейиш тўғримикан?

Энг ёмони, ана шу иборани тинмай такрорлаётганлар ҳам шу жамиятда, биз ва сиз билан ёнма-ён яшаяпти. Аммо улар бошқа нарсани кўриб, бошқа нарса ҳақида гапиришнинг “ҳадисини олган”. Бу ташқаридан қараганда, жуда хунук ва ёқимсиз кўринади. Шундай эмасми? Дўсту-биродарлар, қариндош-уруғлар, таниш-билишлар орасида ана шундай одамлар бўлса, уларга эслатиб қўйинг: “Бўлганинг каби кўрин, кўринганинг каби бўл!”. Шарқнинг буюк мутафаккири Жалолиддин Румийнинг бу ҳикмати неча юз йилдан буён бутун дунёни ўзликни англаш ва ҳақиқатга тик боқишга ундаб келаётир.

Бир баробар бир

Яқинда сайтларимиздан бирида ўқиб қолдим: “Қашқадарё вилояти Косон туманидаги барча дўконларда аҳолига янада қулайлик яратиш учун тўлов терминаллари ўрнатилди”, деб ёзишибди. Ҳукумат қарори ижросини таъминлаш учун эмас, айнан “Аҳолига  қулайлик яратиш учун”. Ажабо, терминалда савдо қилиш қачондан бери кутилмаган янгиликка айланди? Худди шунга ўхшаш яна бир фикрни Миллий матбуот марказида журналистлар билан учрашган Марказий банк масъулларидан бири ҳам таъкидлаган эди. У мухбирларнинг “Нега дўконлар пештоқида “Терминалга савдо қиламиз” деган ёзув бор?” деган саволига “Чунки улар терминалга савдо қилишади-да”, деб жавоб берганди. Унда дорихонанинг пешонасига “дори сотилади”, новвойхонанинг эшигига “нон бор” ёзувларини нега ёзмаймиз? Дорихонада дори сотилиши аксиома бўлганидек, ҳар бир дўконда ҳам тўлов терминали бўлиши шарт-ку! Тўғрими?

Яқинда Бухорога бордим. Шофиркон тумани марказидаги ошхонанинг тепасига “Терминал 1=1” ёзувига кўзим тушди. Бизга хизмат қилаётган опадан бу ёзувнинг шарҳини сўрадим.

– Бир баробар бир дегани, – жавоб берди у – плас­тикдаги бир сўм пулингиз бир сўм, икки сўми икки сўм ҳисобланади дегани укажон. – Сизда плас­тик экан, фалон фоиз кўпроқ ечиб оламиз демаймиз.

Бу гапни эшитиб, қотиб қолдим. Бир тарафдан хизматчининг сўзамоллигига кулгим келса, иккинчи томондан “пластик карта билан боғлиқ муаммо қачон тугайди”, деган савол мени чуқур ўйга толдирди.

Пештоқдаги ёзувлардан яна бир мисол келтирамиз. Пойтахтимиздаги “Бек Барака” бозорида “Сарполар пластикка” деган ёзувни ўқиб, дўконга бош суқдим. Энг қиммат нарсани танлаб, худди оладиган мижоздек жон-жаҳдим билан савдолашдим. Сотувчи аёл ҳар гал нарх айтганимда, қўлига калькуляторни олиб, тезда ҳисоблар ва менга қараб: “Тўғри келмайди, ўзининг нархини ҳам айтмаяпсиз-ку”, деб қўярди. Кейин билсам, у мен айтаётган нархнинг 10 фоизини чегириб ташлаётган экан. “Нега бундай қиляпсиз”, десам, “Пулни нақд қилишим керак, ахир”, дея эътироз билдирди.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, терминалга савдо қилаётган дўконлардаги нарх-наво бошқаларига қараганда бироз қимматроқ экани айни ҳақиқат.

Важ ва баҳоналар

…Сотувчи ва харидор ўзимизда ишлаб чиқарилган пальтонинг устида узоқ савдолашди. Пальто аввал 400, кейин 350 ва ниҳоят 300 минг сўмга тушди. Савдони 200 минг деб бошлаган харидор ҳам шу пальто учун 300 минг беришга рози.

– Сананг, ака, – деди сотувчи узоқ тортишувдан сўнг.

– Нимани санайман? Ахир менда пластик карта, – деди харидор ҳам.

– Нега шуни бошида айтмадингиз, ҳозир терминалимизни банкка олиб кетишган, – гапида давом этди дўкондор. – Бундан ташқари, бу пальтонинг терминалдаги баҳоси уч юз мингдан жиндай кўпроқ бўлади.

– Ахир уч юз мингга келишдик-ку, – харидор асабийлаша бошлади.

– Ака, устига ўттиз минг қўшинг, нариги дўконга бориб терминалдан тўлаб келамиз, – деди сотувчи. – Биз ҳам бу пулни нақд қилишимиз керак. Чунки биз товар оладиган жойда терминал йўқ. Озгина фойда қилмасак бўлмайди. Рўзғор, бола-чақа ташвиши дегандек.

Харидор базўр рози бўлди. Ахир, ҳаво совуқ ва қаҳратон кунлар ҳали олдинда.

Бундай манзаралар ҳар биримизга таниш. “Дўконимизга ҳали электр улаганимиз йўқ”, “Терминалнинг батареяси тугаб қолувди”, “Терминал қоғози қолмади”, “Сим-картанинг пули қолмабди”, “Кечки соат 8 дан кейин банк ишламайди, шунинг учун пластик карта орқали тўлов қилишнинг иложи йўқ”, каби баҳоналарга қулоқларимиз ҳам ўрганиб қолди. Бу борада тегишли идорага арз қилишга эса… андиша қиламиз.

– Терминалдан фойдаланишни рад этиш – энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробари миқдорида жарима солишга асос бўлади, – дейди Фарғона вилоят давлат солиқ инспекцияси савдо бўлими катта инспектори Акрам Собиров. – Агар дўконда терминал ўрнатилмаган бўлса, белгиланган энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жарима, пластик картада савдо қилгани учун қўшимча ҳақ  ундиришга ҳаракат эса бундан-да оғирроқ жавобгарликка сабаб бўлади…

Хулоса ўрнида:

Мақоламиз сўнгида яна бир фикрни такрорлашни истардик. Биз бугун баҳоли қудрат ёритишга уринган муаммонинг илдиз отишига ўзимиз ҳам қисман сабабчи бўлаётирмиз. Чунки кўча-кўйда, ошна-оғайнилар, оила даврасида “Фалончи ўн (баъзан йигирма) фоизга пластикдаги пулни ечиб берар экан”, “Фалончига бир миллион сўм нақд бериб, бир миллион икки юз минг пул кўчиртирдим” деган гап-сўзларни эшитганда жим турамиз. Ярим пулимизни олиб, ярмини нақд қилиб берадиганлар (аслида шундайлар оғир гуноҳга ботаётганини билишармикан?) ни ўйламай-нетмай уддабурон дейишдан ҳам қўрқмаймиз. Шундай экан, бу каби оғриқли масалаларга қонуний ечим топишнинг бирдан-бир йўли ҳам, аввало, ўзимизнинг ҳақ-ҳуқуқимизни англаш ва бошқаларни ҳам ана шундай тўғри, ҳалол йўлга ундашдир.

Зотан, бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётида жиддий жараёнлар кечаётган бир пайтда бу каби кўз юмиб бўлмайдиган муаммо, нуқсонларга ҳалол виждон ва фаол фуқаролик позицияси билан ёндашишни даврнинг ўзи талаб этаётир.

Ҳасан Саломов

“XXI asr” газетасидан олинди.

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Алишер Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Саводсиз журналист, аклингиз етадиган муаммоларни ёзинг!!!

    • Saodat Жавоб бериш
      8 oy олдин

      Nega savodsiz bòlarkan? Hammasi haqiqatku! Yoki sizda shunga òxshash muammo bòlmaganmi biror marta?!

    • Hasanboy Жавоб бериш
      8 oy олдин

      Bunday muommoni yechish uchun bizda naqd pul taqchilligini yo’qotish kerak. Nimaga Rossiya federatsiyasida naqd pulni xush ko’rishmaydi. Chunki karta havfsiz, ishonchli va unga hamma narsa olsa bo’ladi. Hatto birga bir naqd bul ham. Keyin valyuta qora bozorini yo’qotish kerak. Shunday qilsa valyutchik o’rniga banklar foyda ko’radi. Hudo hohlasa yaqin muddat ichida bu muammolar yechim topib qoladi

  • Numon Abdulmajid Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Мақола яхши, долзарб мавзуни кўтарган. Аммо муаллиф танганинг иккинчи тарафига эътибор бермаган. Ўша дўконлардаги сотувчилар нима учун пластик орқали савдо қилинса баландроқ нарх айтяпти? Чунки у ҳам савдодан тушган пулига яна товар олиб келиши керак. У товарларнинг кўпи хориждан келтирилади, табиийки долларга! Долларни эса, конвертация йўқлиги сабаб нақд пулга, «қора бозор»дан олинади. Пластик у ерларга ўтмайди. Пластикдаги пулни эса маълум фоиз эвазига нақдлаштириб берилади. Ҳатто тадбиркорнинг банк ҳисоб-рақамидаги пулини нақдлаштиришнинг ҳам «озгина харажати» бор. Буларнинг ҳаммаси бир-бирига боғлиқ бўлган занжирли муаммолар. Шундай экан, айбни фақат сотувчи ёки тадбиркорга ағдариш тўғри бўлмайди ва масала бу билан ечим ҳам топмайди.

  • Отабек Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Журналист факат бир томонлама фикр билдирган. Тадбиркорлар узидан узи фоиз куймайди.тадбиркорнинг мингта харажати бор.факат буни умрида тадбиркорлик килиб курмаган ва умуман келажакда хам кила олмайдиган чаласаводлар тушуна олмайди.

  • Mr X Жавоб бериш
    7 oy олдин

    Yechim bitta! Qora bozor digan narsani yo’qotish va erkin valyuta konvertatsiyasini amalga qo’yish! Shu bilan hammasi iziga tushib ketadi!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>