• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 24, 2017

Намози йўқ азон билан азонсиз намоз ораси

Ибтидонинг интиҳоси бор. Бу олам саройига қўниб ўтадиган ҳар бир зот: “Мен кимман? Қаердан келдим? Қаёққа кетаяпман?” каби саволларга жавоб излайди.

Имконларни Вақт мезонида тўғри ўлчай оладиган заковат соҳиблари эса ўтаётган қисқа ҳаётининг ҳар бир бир лаҳзасини қадрига етиш, ундан имкон қадар оқилона фойдаланишга ҳаракат қиладилар.

Аммо биз-чи?.. Биз бугун оқаётган умр ирмоғимиздан қандай фойдаланаяпмиз. Олтинга тенг ҳаёт сармоямизни тўғри сарфлай олаяпмизми? Ўйлаб кўрсак, одам ўзи табиатан қизиқ яратилган. Бойлигини йўқотса хафа бўлади-ю, умри зое кетганига парво қилмайди. Оқар сувдек ўтиб бораётган мана шу умримиз ҳақида қуйидаги ибратли лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

Бир чет эллик ўқитувчининг ҳикояси

Олмон тилини ўрганиш учун махсус курсга қатнардим. Ўқитувчимиз вақт масаласида интизомга қаттиқ риоя қилгувчи эди. Агар ўқитувчи қанча дақиқа дарсга кеч келса, дарсдан сўнг шунча вақт уни жазо сифатида ушлаб қоларди.

Бир гал 18 дақиқалик жарима билан мукофотланган дўстимиз норози оҳангда: — Ҳатто сонияларни ҳам ҳисобга олишга эринмайсиз. Ҳозир кетаверсам-да, бошқа пайт қолиб берсам. Зарур ишим бор эди, — деди.

Бу муомаладан кайфияти бузилган кекса олмон ўқитувчимиз портфелидан бир журнал чиқарди-да, ўша дўстимизга узатди:

— Журналда поездларнинг келиши ва жўнаш жадваллари ёзилган.

Уларнинг вақтларига диққат қилинг…

Биз ҳам қизиқсиниб қарадик. Унда поездларнинг келиш вақти 18.18 бўлса, кетиш вақти 21.36 каби ёзилган. Келиши ёхуд кетиши ноль-ноль билан тугаганлари кам эди.

Ҳалиги дўстимиз: — Буни 18.18 ёки 21.36 қилмасдан 18.00 ёки 21.30 қилса бўлмасмиди? Ҳеч бўлмаса чоракам фалон, шунда эсда сақлаш осон бўлар эди, — деб жавоб қилди.

Кекса ўқитувчи биланр-билинмас табассум қилди-да:

— Сиз ўзингизни ҳақорат қилманг, — деди. — Биз европаликлар вақтдан тўғри фойдаланишни айнан сизлардан — мусулмон оламидан ўрганганмиз. Нега десангиз, сизнинг динингизда ибодат қилиш учун жой муҳим эмас, вақт муҳимдир. Ҳар бир ибодатнинг ўз вақти бор. Ҳатто вақт ибодатнинг бир шартидир. Бевақт ўқилган намоз, тутилган рўза ҳам мақбул эмасдир. Бугун эрталабки намозни 4.21 да ўқиган бўлсангиз, эртага 4.22 да ўқийсиз. Ундан кеч ўқилса, қабул эмас. Демакки, ибодатли киши вақтнинг ҳар бир дақиқасига эътиборли бўлади.

Барчамиз бундан мулзам бўлиб қолгандик.

hurriyat_1998-yil
Мақоладан скриншот

ххх

Иссиқ кунларнинг бирида кекса олим бир гуруҳ шогирдлари билан шаҳарда айланиб юрарди. Йўл ёқасидаги муз сотувчи унинг диққатини тортди. Сотувчи бақираётганди:

— Эй, одамлар. Сармояси иссиқда эриб, сув бўлиб оқаётган одамга раҳм қилинглар. Шу муздан сотиб олинглар!

Бу гапни эшитган кекса олим ҳушини йўқотиб йиқилади. Талабалар устозларини салқинга олиб, юзига сув сепиб ўзига келтиришади. Ҳушига келган олим тепасида турганларга қараб шундай деган экан:

— Шу сотувчи эриган музига шунчалик ачинмоқда. Биз эса тўхтовсиз эриб бораётган УМР САРМОЯМИЗГА ачинишни билмаймиз-а!

Ҳаёт нима?

— Ҳаёт нима? — сўрадим бир куни бобомдан.

— Азон билан намоз ораси, — деб жавоб қилдилар

— Бу нима дегани? Умр шунчалар қисқами, бобожон?

Табассум қилиб дедилар:

— Сен нима деб ўйлагандинг. Ҳаёт шунчалар қисқа. Лекин у азон билан ўша намозни биласанми?

— Йўқ, билмайман.

— У шундай азонки, намози йўқ. У шундай намозки, азони йўқ.

— Улар нима, бобожон?

— Эсингдами, Толиб амакинг янги туғилган чақолоқнинг қулоғига азон айтганди. Ўша намозсиз азон бўлади.

— Азонсиз намоз-чи, бобожон?

Юзимга термулдилар. Термулдилар ва:

— Бир куни бобонгнинг паймонаси тўлиб, қазо қилганида, уни ҳам билиб оласан, болам, — дедилар.

Шерзод тайёрлади

“Ҳуррият” газетаси, 1998 йил

Калит сўзлар: , , ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>