• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Глобал исиш: музликлар ва дунё океани хавф остида

Бу йилги феврал метеокузатишлар йўлга қўйилганидан бери кузатилган энг илиқ феврал бўлди. Янгизеландия яқинида жойлашган Франц-Иосиф ва Фокс музликларининг ҳозирги аҳволи бунга ёрқин мисол бўла олади. Икковининг ҳам эриш тезлиги ошди ва бугунги кунда хавфсизлик нуқтаи назаридан уерларни сайр қилиш тавсия этилмаяпти. Умуман икки юз йил мобайнида музликлар майдони 20 фоиз камайди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаменти вакили Вэйн Костело шундай дейди:

“Мен уерда иш бошлаган 2008 йилда мана бу қоя тўлиқ муз билан қопланган, қоя учидан ҳисоблаганда ҳам қалинлиги 10-20 метрдан ошар эди. Яъни ўшанда муз қатлами шунчалик қалин ва зич эди. Бугун у нонидишдаги қотган нондек юпқалашганини кўриб турибмиз. Музлик сезиларли даражада кичрайган, энг асосийси эса жуда тез эриб бормоқда”.

Музшунос(гляциолог)лар музликларнинг кўчиб тушиш тезлигини ўлчашга муваффақ бўлишди, у кунига тахминан 4 метрга тенг экан. Бу ҳодисани фақат Янгизеландияда эмас, ҳамма жойда кузатса бўлади.

“Бугунги кунда ҳамма музликлар эриётгани бизга маълум – бу ҳаво ҳароратининг тўхтовсиз ошиб боришига табиатнинг жавобидир, – дейди Кентербери университети тадқиқотчиси Хизер Парди хоним. – Одатда бирон-бир табиат ҳодисаси билан унга жавобан кузатиладиган иқлим ўзгариши орасидаги инерцион пауза ҳам қисқарганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу аввало минтақавий обиҳавога тааллуқли. Аммо ҳозирги ҳолатга таъсир қилаётган энг асосий нарса ҳаво ҳароратининг доимий равишда кўтарилиб бораётганидир, бу жараён 19-асрдан бошланган”.

Яқинда ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, ҳароратнинг муттасил ошиши тенденциясига барҳам берилмаса, дунё океанининг сатҳи кўтарилишда давом этиб, Калифорниянинг қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи одамларни кўчиришга тўғри келади. Буерда гап 13 млн. киши ҳақида кетаётир. Олимларнинг таъкидлашича, сув сатҳи салкам икки метр кўтарилиши мумкин экан.

Калифорния учун бу гаплар ҳали тахмин бўлса, Луизиана учун аллақачон воқеликка айланган. Уерда ҳозирданоқ дастлабки “иқлимий қочоқлар” пайдо бўлди. Денгиз сатҳининг кескин ошиши ва уйларни сув босиши туфайли ҳокимият штат жанубидаги Жан-Шарл оролидаги ҳиндулар овули аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчирди.

“Охирги пайтларда юз бераётган воқеалардан келиб чиқиб ушбу тадқиқотни эътиборга олиш керак, – дейди Жоржия университети профессори Дипак Мишра. — Мен денгиз сатҳининг ошиши қирғоқ бўйларини сув босишига қандай таъсир қилишини билиб олиш учун яна бир тадқиқот ўтказиш керак деб ҳисоблайман. Олинган маълумотлар иқлим ўзгариши инфраструктурага қандай таъсир этишини кузатиш, шунингдек аҳолини иқлим ўзгаришидан кўпроқ хабардор қилиш имконини беради”.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра дунё океани сатҳининг муттасил ошиб бориши натижасида Американинг айрим округларининг 80 фоизгача ҳудуди сув остида қолиши мумкин. Бу юз йилдан кейин Майами ё Янгиорлеан каби йирик шаҳарлар аҳолисини кўчиришга тўғри келади деганидир.

19 март куни жаҳоннинг йирик шаҳарларида “Ер соати” акцияси бўлиб ўтди. Улардаги энг машҳур диққатга сазовор жойлар беш дақиқалик зулматга чўмди. Ушбу тадбир сайёрамиздаги экологик мувозанатни сақлаш ва глобал исишни секинлатиш учун одамларга энергияни тежаш зарурлигини эслатишга қаратилгандир.

Бу йилги “Ер соати” ўзига хос маъно касб этди. Чунки ўтган йилнинг декабр ойида Парижда ўтказилган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конвенцияси аъзоларининг 21-конференциясида давлатлар саноат эраси бошланган даврдагига нисбатан ҳаво ҳарорати 2 даражадан кўп ошишига йўл қўймаслик ва асримиз охиригача уни иложи борича 1,5 даража атрофида ушлаб туришга келишиб олишган эди.

Манба: euronews.com


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>