• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Мум ҳайкаллар музейи

Альфред Маклелланд Баррэж

Музей ходимлари сўнгги томошабинларни кузатиб қўйишаётганда, бошқарувчи Раймонд Ньюсонни хонасига чорлаб, унинг таклифини эшитди. Музей бошқарувчиси мухбирнинг эгнидаги охори тўйилган костюмга қараб бу одамнинг ҳаётда омади чопмаганини тушунди. Ўзига ишонч билан сўзлаётгандек туюлсада Ньюсоннинг гап оҳангида сезилар-сезилмас ўтинч бор эди. Одатда раб жабоини эшитавериб безиган одамлар шундай гапиради.

– Бизга бунақа таклиф билан тез-тез мурожаат қилишади, – деди бошқарувчи. – Ҳафтасига уч-тўрт марта шунақа илтимосларни эшитаман. Одатда музейимиздаги “Қотиллар макони”да тунаб тенгдошлари орасида донг таратишни истаган ёшлар рухсат сўраб келади. Қанча пул ваъда қилишмасин шу пайтгача уларга бирор марта ҳам рухсат бермаганман. Қўрққанидан бирортасининг эси оғиб қолса бошимиз балога қолади-ку ахир. Лекин сизнинг илтимосингиз бошқа масала.

– Газета мухбирининг эси оғиб қолса майли эканда? – деди Ньюсон жилмайиб.

– Йўғ-э, менинг журналистларга хусуматим йўқ. Бунинг устига газетада музейимиз ҳақида мақола чиқса, омманинг қизиқиши ортиб яхши реклама бўларди.

– Унда келишдикми?

– Ҳойнаҳой мақолангиз учун биздан мўмайгина мукофот пули ундирмоқчидирсиз? – деди бошқарувчи мийиғида кулиб. – Гап-сўзларга қараганда, мадам Тюссо ўзининг “Ваҳималар хонаси”да тонггача ўтириб чиққан бир довюракка юз фунт тўлаган экан. Олдиндан огоҳлантириб қўяй, биз сизга бунча пул беролмаймиз. Айтганча, гувоҳномангизга кўз югуртирсам майлими, мистер Нтюсон?

– Ҳозирча таҳририятларда доимий иш жойим йўқ, – деди мухбир ўйғайсизланиб. – Лекин мақолаларим газеталарда тез-тез чиқиб туради. Музейдан репортажни, масалан, “Тонг садоси”да эълон қилдиришим мумкин. “Мэрринер музейи қотиллари даврасида бир кеча” деб сарлавҳа қўйсак шов-шув бўлиб кетади.

Бошқарувчи иягини қашлаб ўйланиб қолди.

– Мақолани қандай услубда ёзмоқчисиз?

– Жиндек ҳазил-мутойиба қўшилган этни жунжиктирувчи ваҳимали репортаж.

– Шунақа денг. Майли, бўлмаса олдиндан келишиб олайлик, мистер Ньюсон – агар мақолангиз “Тонгги садо”да чиқса, фирмамиздан беш фунт стерлинг оласиз. Лекин қандай ишга қўл ураётганингизни яна бир бор ўйлаб кўринг. Шахсан мен “Қотиллар макони”да тунашга сираям рози бўлмасдим.

– Нега?

– Қандай тушунтирсам экан? Бир қарашда мумдан ясалган ҳайкалларнинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқдай туюлади. Мен уларни кийимсиз ҳолатда ҳам, кийинтирилган ҳолатда ҳам кўрганман. Ҳайкалларнинг қандай ясалишини ҳам биламан. Лекин уларнинг ёнида тунда ёлғиз қолишга юрагим дов бермайди.. аслида ўша ҳайкалларнинг қўғирчоқлардан фарқи йўқ. Аммо улар билан бир хонада узрқроқ ушланиб қолсангиз тирилган мурдалардек сизга ола қарай бошлашади. Тун бўйи ҳайкалларнинг ёнида ўтирмоқчи экансиз, демак жуда довюрак одамсиз, мистер Ньюсон. Лекин айтиб қўяй, бугун қечқурун мижжа қоқолмай чиқасиз.

Қандай ишга қўл ураётганини мухбирнинг ўзиям жуда яхши биларди. Музей бошқарувчисининг гапларини юзида ким табассум билан пинак бузмай тинглаётгандек туюлса-да, унинг кўнглига аллақачон ғулғула тушганди. Аммо хотин, бола-чақасини боқиш, солиқ ва қарзларини тўлаш учун Ньюсонга пул керак эди. Мақола учун қалам ҳақи олиб, музей бошқарувчисидан беш фунт ундирса хотинининг чакаги бир-икки ҳафтага ўчади. Агар репортажи “Тонг садоси” муҳарририга ёқса балки Ньюсонга доимий иш таклиф қилишар? Хуллас бу имкониятни қўлдан чиқришга Ньюсоннинг ҳаққи йўқ эди.

– Гуноҳкор ва мухбирларнинг ҳаёти синовга тўла, – деди у жилмайиб. – “Қотиллар макони”нинг беш юлдузли меҳмонхона эмаслигини тушуниб турибман.

– Яна бир савол… Инс-жинсларга ишонасизми-йўқми? Айтишларича мухбирларнинг тасаввурижуда кенг бўларкан.

– Билсангиз, қуруқ далиллар билан газетхонни қизиқтириш қийин. Шунинг учун баъзан нонга сарёғ суртгандек маҳоратни ишга солиб уларни бир оз бежаймиз. Лекин кўнглингиз тўқ бўлсин, мен билан ишлаган муҳаррирлар доим: “Сенда тасаввурдан асар ҳам йўқ”, дейишади.

Музей бошқарувчиси жилмайиб ўрнидан қўзғалди.

– Томошабинлар кетган бўлса “Қотиллар макони” залига тушаверсак ҳам бўлади. Лекин аввал менга музейдачекмайман, деб сўз беринг. Бугун бир ҳазилкаш ёнғин сигналиҳацияси тугмасини босган экан, ҳаммамиз шошиб қолдик. Яхшиси пастда томошабинлар кам эди, акс ҳолда ур-йиқит бўлиб кетарди.

Мухбир ва бошқарувчи қирол, қиролича, генерал ва машҳур сиёсатчиларнинг мум ҳайкаллари ўрнатилган олтита залдан ўтиб, ниҳоят “Қотиллар макони”га етиб келишди. Бошқарувчи музей ходимларидан бирини чақириб “энг юмшоқ курси”ни келтиришни буюрди.

– Буёғига сизга ёрдам беролмайман, – деди у Ньюсонга. – Тунингиз осуда ўтишига умид қиламан.

Улар улкан дахмани эслатувчи залга киришди. Кираверишда турли давраларнинг қийноқ қуроллари – имбир, болта, қисқич ва пичоқлар, суякни эзувчи ва пармаловчи, терини куйдирувчи, бошни танадан эудо қилувчи мосламалар ўрнатилганди. Нарироқда, хира фонусларнинг ёруғи остида машҳур қотилларнинг мумдан ясалган ҳайкаллари саф тортиб турарди. Ҳар бирининг ёнига ўрнатилган лавҳага қотилнинг таржимаи ҳоли ва қўл урган жиноятлари ёзилганди.

– Манави Криппеннинг нусхаси, – деди музей бошқарувчиси ҳайкаллардан бирини кўрсатиб. – Пашшагаям озор бермайдиган одамга ўхшайди, тўғрими? Наригиси Арметронг. Қиёфаси ҳақиқий жентльменларни эслатади. Уч-тўрт йил бурун одамлар бу разилларнинг исмини тилга олишга ҳам чўчишарди. Бу эса Лефрой – Лондоннинг чекка даҳаларида яшовчиларни зир титратган газанда.

– Анави ким? – деди мухбир негадир шивирлаб.

– О, бу доктор Бурдетт. Қонхўрларнинг энг ашаддийси. “Қотиллар макони” қаҳрамонлари орасида ўлим жазосидан қутулиб қолган ягона каллакесар.

Эгнига жигарранг камзул, бошига қалпоқ кийдирилган жиккаккина докторнинг гажак мўйловли маккорона қиёфаси унинг француз эканидан далолат берар, митти қора кўзлари одамга еб қўйгудек тикилибюракка ғулғула соларди.

– Мен бу қотилнинг исмини аввал ҳам қаердадир эшитганман, – деди Ньюсон.

– Агар француз бўлмаганингизда у сизга кўп нарсаларни гапириб берарди. Доктор Бурдетт ўз вақтида бутун Парижни зир титратган. Кундуз куни беморларни даволаб, тунлари уларнинг кекирдагини кесган. Пулнинг унга қизиғи йўқ эди, доктор фақат роҳатланиш учун одам ўлдирар, устарадан бошқа қурол ишлатмасди. Ўндан ортиқ кишининг ёстиғини қуритгач у ортидан полиция тушганини фахмлаб дом-дараксиз йўқолди. Англия ва Франция полицияси ҳамон уни қидираяпти. Газанда ўзини ўлдирган, деган миш-мишлар ҳам йўқ эмас. Ҳарқалай доктор ғойиб бўлгач, бор-йўғи икки марта унинг услубида қотиллик қилинган. Булар ҳам тақлидчиларнинг иши бўлса керак.

– Жуда турқи совуқ нусха экан, – деди Ньюсон. – Кўзлари худди тирик одамникидай-а!

– Ҳа, докторнинг ҳайкалини боплаб ясашган. Тирик қотилнинг ўзгинаси! Ҳақиқий санъат асари! Айтишларича, бу жаллод қурбонларини аввал гипноз қилиб, кейин ўлдираркан. Полициянинг маълумотига кўра бояқишлар ҳатто қаршилик қилишга ҳам улгуришмаган.

Мени ҳа, деб қўрқитавермангда энди, – деди Ньюсон овози хириллаб.

Бу тавсилотлар сизни қизиқтиради, деб ўйлабман, – деди музей бошқарувчиси жилмайиб. – Тунда залнинг панжарали эшиклари очиқ бўлади. Бу ерда ўтиришга юрагингиз дов бермаса дарров юқорига чиқинг. Кечқурун тепада доим уч-тўртта қоровулимиз навбатчилик қилади, беъмалол чақчақлашиб ўтирасиз. Афсуски бу ерни ёритиб беролмайман. Томошабинлар қўрқиши учун зални атайлаб нимқоронғи қилиб жиҳозлаганмиз.

Кўп ўтмай мухбирга курси келтиришди.

— Курсини қаерга қўяй, сэр? – деб илжайди қоровул тамакисидан сарғайган тишларини кўрсатиб. – Криппеннинг ёнига қўяйми, ҳангомалашиб ўтирасизлар.

Шу ерга қўйиб кетаверинг. Жойини ўзим топарман, – деди Ньюсон.

Унда хайрли тун, сэр. Мен тепада ўтираман. Керак бўлсам чақиринг. Манави маҳлуқлардан эҳтиёт бўлинг. Булар кўзни шамғалат қилиб бўйнингизга чанг солишдан ҳам тоймайди.

Ньюсон кулиб қоровулга хайрли тун тилади-да курсини залнинг қоқ марказига қўйиб, доктор Бурдеттнинг ҳайкалига тескари қараб ўтириб олди. Чунки гипнозчи қонхўрнинг турқи уни аллақачон чўчита бошлаганди. Ғира-шира ёруғда қатор турган бошқа ҳайкаллар ҳам ваҳимали кўринар, зал сув қуйгандек жим-жит, тиқ этган товуш эшитилмасди. Мухбир рўпарасидаги ҳайкалларга шоша-пиша кўз югуртириб чиқди. Мумдан ясалган, одамга ўхшаб кийинтирилган жонсиз қўғирчоқлар қилт этмай турарди… Унда нега у анави французнинг нигоҳидан чўчияпди? Мухбир ўгирилиб докторнинг нусхасига қарашдан ўзини зўрға тийиб турарди.

“Ҳалитдан асабим қақшаяпти. Бу аҳволда тунни қандай ўтказаман?”, деб ўйлади Ньюсон.

Кейин у қўрқоқлиги учун ичида ўзини бўралатиб сўкди-да, курсини шартта буриб, докторнинг тўғри юзига қаради. Ҳайкалнинг арвоҳникидек оппоқ юзида совуқ табассум қотиб қолганди.

— Сен бор-йўғи кийим кийдирилган, мумдан ясалган қўғирчоқсан, – деб шивирлади Ньюсон.

Ниҳоят у бир оз дадиллашди ва фикрини чалғитиш учун чўнтагидан блокнотини олиб бўлажак мақоланинг режасини туза бошлади.

“Ваҳимали сукунат. Мумдан ясалган ҳайкалларнинг совуқ нигоҳи юракни ёрай дейди. Гипнозчи доктор Бурдетт. Қарамай турганингизда ҳайкаллар қимирлаётгандек туюлади.”

Шу пайт мухбир ниманидир илғаб блокнотни шартта ёпди-да Лефройнинг нусхасига қаради. У эса: “Мен қимирлаганим йўқ”, дегандек тиржайиб турарди. Криппеннинг боши ҳам қийшайиб қолибди. Боя у қария Арметронгга қараб турган эди-ку. Бошини ким бурди?.. Ньюсонга ортидаги бошқа ҳайкаллар ҳам қимирлаётгандек туюлаверди.

Сенинг тасаввуринг йўқ, деб муҳаррирлар ёлғон гапирган экан, – деб шивирлади у лаблари титраб. – Йўқ, ўзимни қўлга олишим керак. Бари асабдан. Ахир булар оддий қўғирчоқлар-ку. Бошқа нарсалар ҳақида ўйлаш керак… Роза ва болаларим хавотирланиб мени кутиб ўтиришгандир…

Лекин дахмани эслатувчи залдаги аллақандай мудҳиш куч Ньюсоннинг кўнглини аввалгидан ҳам баттар безовта қила бошлади.

У бурилиб доктор Бурдеттга қаради-да, кейин дарров нигоҳини Криппенга кўчирди. Криппеннинг қимирлагани аниқ эди. Ньюсон муштини кўрсатиб пўписа қилди.

Агар бирортанг қилт этсанг, бошларингни ёраман! Гапимни эшитдиларингми?

Аммо мум ҳайкаллар унинг кўзини шамғалат қилиб барибир қимирлашар, бир-бирига ишшайиб, шивир-шивир гаплашишарди. Улар ўқитувчини калака қилаётган мактаб болаларидек домла доскага қараганда тилларини чиқариб, ортга ўгирилганда тек қотишарди.

Ньюсон қўрққанидан кўзлари чақчайиб нима қиларини билмай қолди.

— Сен қимирладинг, лаънати тасқара! – деб ўшқирди у ҳайкаллардан бирига. – Мени лақиллатмай қўяқол!

Охири унинг юраги қинидан чиққудек дукиллаб кўз олди қоронғилашиб кетди ва оғзидан кўпик келиб курсига хушсиз йиқилди.

Ана шунда доктор Бурдеттнинг ҳайкалига жон кирди. У жимитдек қора кўзлари йилтираб бехуш ётган мухбирнинг ёнига келди.

— Салом, мьсе, – деди француз совуқ илжайиб. – Бугун бизларни кўргани келиб заб иш қилибсиз-да. Ортиқча уринмаслигингиз учун гипноз қилиб сизни сулайтириб қўйдим. Лекин овозимни бемалол эшита оласиз. Очиғини айтсам жуда қуёнюрак одам экансиз, дўстим. Нима, сиз мени анави ҳайкаллардан бири деб ўйладингизми? Йўқ, қаршингизда ҳақиқий доктор Бурдетт турибди.

У шундай деб энгашди-да оёқларини уқалади.

— Кечирасиз, бир жойда қаққайиб тураверганим учун оёқларим увишиб қолибди. Тириклигимга ҳалиям ишонмаётган бўлсангиз, ҳозир сизга барини сўзлаб бераман. Ўзингизга маълум жиноятларим сабаб француз полицияси ортимга тушгач Англияга қочиб келдим. Бугун тонгда манави музейнинг ёнидан ўтиб кетаётсам полиция зобити менга шубҳаланиб қаради. Таниб қолдиёв деб ўйлаб оломонга қўшилдим-да дарров ўзимни музейга урдим.

Залда мумдан ясалган нусхамни кўргач миямга фикр келди. Ёнғин сигнализациясининг тугмасини босдим-да, ҳамма ташқарига югурган маҳал, нусхамнинг устидаги кийимини ечиб олиб, ўзини бир четгп яшириб қўйдим ва ўрнига туриб олдим. Лекин ҳайкал бўлиб қотиб туриш жуда азоб экан. Яхшиям ҳеч ким қарамаётганда қўл-оёғимни қимирлатиб чигалини ёзиб оламан.

Хуллас калом мен ҳамон тирикман, дўстим. Эски ҳунаримниям ташламоқчи эмасман. Ахир одам ўзини бирор эрмак билан овунтириши керак-да. Кимдир пул йиғишга қизиқади. Бошқа биров гугурт қутиларини тўплайди. Яна кимдир ўйнаш орттиради. Мен эса кекирдакларни кесишга қизиқаман.

Доктор Бердетт шундай деб Ньюсоннинг бўйнига разм солди-да афтини бужмайтирди.

— Очиғини айтганим учун кечирасиз-у, бўйнингиз жуда ориқ экан. Менга ёғ босган, йўғон бўйинлар ёқади. Лекин анчадан бери севимли машғулотим билан шуғулланмаганим учун бугун истисно тариқасида сизга вақт ажратаман.

У чўнтагидан устарасини чиқариб кўрсаткич бармоғи билан тиғини силади.

— Бу француз устараси. Дами жуда ўткир. Чирт этади-ю, жиғилдонни кесади. Қани бошингизни сал кўтарингчи… Катта раҳмат, дўстим…

“Қотиллар макони”даги мумдан ясалган ҳайкаллар томошабинларни кутиб жой-жойида турар, залнинг ўртасидаги курсида эса худди бошини сартарошга тутгандек иягини хиёл кўтариб Ньюсон ўтирарди. Унинг кекирдаги ҳатто тирналмаган бўлса ҳам, аллақачон жони узилиб, жасади совиганди. Ҳа, газета муҳаррирлари Ньюсоннинг тасаввури йўқ, деб адашишган экан.

Доктор Бурдетт ҳам жонсиз кўзларини мурдага тикиб ўз жойида қилт этмай турарди. У қандай қимирласин? Ахир у ҳайкал-ку.

Рус тилидан А.Отабоев таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>