• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Муғомбир

Олий ўқув юртида имтиҳон пайти талаба хомушгина кириб келди. Олий математика ўқитувчиси:

— Суннатов, билетни олинг! — деди.

Талаба қўрқа-писа қоғозлар аралаш-қуралаш ётган столга яқин келди-да, бироз тараддудланиб қолди. Домла далда берди:

— Дарс қолдиришга устасиз! Билет олишга ҳам уста бўлинг-да энди!

Талаба ўртароқда турган бир билетни олди-да, шартта жойига қўйди. Буни албатта ҳамма кўриб турибди. Домланинг жаҳли чиқди:

— Суннатов, яна нағмангни бошладингми? Нега билетни қўйдинг? Нечанчи билет эди?!

imtihon-2Талаба жим, кўзи билан ер чизади.

— Сенга айтяпман! Билет рақами нечанчи эди!?

— …

— Гапир!!.

— Ўнн…нуч.

— Ўн уч бўлса, нима қипти? Яхши тайёргарлик кўрган талаба учун иримнинг нима аҳамияти бор! Қани, ўша билетни қайта ол-чи!

Талаба билетларни бир-бир олиб кўрар, бироқ ўн учинчи топилмаётганди. Домла ҳам ёрдамга борди. Элликдан ортиқ қоғоз ичидан ниҳоят ўн учинчини топиб берди. Талабага ўн дақиқа тайёрланиш учун вақт берилди. Вақт ўтгач, домла талабани ёнига чақирди ва унинг ёзувларини кўриб ҳайрон бўлди. Ҳамма саволларга тўғри жавоблар берилган, масалалар қойил­мақом қилиб ечилганди.

Домла мамнунлигини яшира олмади:

— Суннатов! Агар хурмача қилиқларинг бўлмаганда сендан ажойиб талаба чиқиши мумкин эди!

Домла талабага рағбат бўлсин деб «беш» қўйиб берди. Суннатов эса ич-ичидан тантана қилар эди. У даҳлизга чиққач, иршайди. Дўстлари уни ўраб олишди. Шундай даҳшатли домладан «беш» олиш-а! Имтиҳондан чиқиб келган курсдошлар ҳам ҳайратда. Саволларнинг кети узилмасди. Қандай қилиб саволларга бунчалик тўғри жавоб берди. Ундан бири олиб, бири қўйиб сўрашарди:

— Наҳотки барча билетларга тайёр эдинг?

Муғомбир яна иршайди:

—   Йўқ, фақат ўн учинчи билетга тайёргарлик кўргандим…

Маҳмуд  Бўрон

Манба: «Оила даврасида» газетаси


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>