• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Мишель Сапен: “Европасиз ҳечқаёққа!”

“Евронюс”нинг “Глобал суҳбат” дастурининг бу галги меҳмони –Франция молия вазири Мишел Сапен.

“Евронюс”:

— Суҳбатимизни кўплаб бой ва амалдорларнинг солиқ тўлашдан қочганининг далили сифатида қаралаётган “Панама ҳужжатлари” мавзусидан бошласак. Ҳозир ҳамманинг оғзида шу гап. Масалан, Исландия бош вазири, Аргентина раҳбари, Украина президенти, Саудлар Арабистони қироли, Владимир Путиннинг яқин кишилари, Хитой раҳбари ушбу можарога алоқадорлиги айтилмоқда. Мабодо уларнинг алоқадорлиги исботланса бу одамларнинг хатти-ҳаракатларини қандай баҳолаган бўлардингиз?

Мишел Сапен:

— Мени авф этгайсиз, мен бошқа мамлакатларнинг ички сиёсий баҳсларига аралашмайман. У ёки бу ҳаракатнинг қонунийлиги ё қонунга зидлигига уларнинг судлари аниқлик киритиши керак. Мен бунга изоҳ бермоқчи эмасман, аммо сизга айтадиган бошқа гапим бор. Менимча, бу можаро яққол кўрсатди: бу ерда гап битта давлатга хос нуқсон ҳақида эмас, бутун сайёрамизга ёйилган нуқсон ҳақида кетаяпти. Биз унга қарши қандай курашиш кераклигини биламиз, бир неча йил олдин курашни бошлаганмиз ҳам… Мен бу борадаги халқаро ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини назарда тутаяпман.

— Панама 2018 йилдан бошлаб бошқа давлатлар билан солиққа оид ахборотларни автоматик равишда алмашиш йўлга қўйилишини ваъда қилди. У вақтни чўзмаяптими? Чинданам ҳамкорлик қилишни хоҳлайдими?

— Панаманинг тили билан дили бир эмас, бунга чидаб бўлмайди. Бир қатор мамлакатлар (одатда майда давлатлар) нима қилиб бўлса ҳам солиқ гавани мақомини сақлаб қолишга интилишади. Ана иккита шундай орол, ана иккита шундай республика…

Уларнинг номини айта оласизми? Масалан, Багама ороллари? Сейшел ороллари? Гернси?

— Ҳа-да, ҳозир уларнинг ошиғи олчи. Кўриб турганингиздек, вазият ўзгарган. Илгарилари Швейцария ҳақида гапирар эдик, аммо булар эски гаплар. Бугун у ерда бойлигингни, пулларингни яширишнинг иложи йўқ, шунинг учун Панамадаги кўпгина қингирликлар айнан Швейцариядан ҳам қулай жой топиш мақсадида ўйлаб топилганини тушуниб турибмиз.

Келинг, Франция ҳақида гаплашамиз. 2015 йилда мамлакат бюджет танқислигини ярим фоиз, яъни ЯИМнинг 3,5 фоизигача камайтиришга муваффақ бўлди. Буни хушхабар деса бўлади. Аммо Еврокомиссиянинг вице-президенти бундай камайиш иқтисодий тараққиётнинг даврий омили билан боғлиқ деган фикрни билдирмоқда. Бошқача айтганда, у бунда Франция молия вазирлигининг қўли йўқ демоқда, ростдан ҳам шундайми?

— У менга фикрини тўғри ифодалай олмаганини айтди. Юқоридаги гап айтилганидан кейин мен тезда у билан кўришдим, у: “Менинг сўзларим бошқача талқин қилинибди”, — деди. Франция бюджет тақчиллигини камайтириш учун қанча куч сарфлаганини Еврокомиссия жуда яхши билишига шубҳа йўқ. 2015 йилда Франция ўз мўлжалидагидан ҳам, Еврокомиссия ундан кутганидан ҳам кўп иш қилди.

Ҳолбуки, бу осон бўлгани йўқ: мен солиқлар қисқарганига қарамай бюджет тақчиллигини камайтиришга эришилганини назарда тутаяпман. Ҳа, 2015 йилда бизда солиқлар камайди. А кўзда тутилмаган харажатлар эса ошди. Хабарингиз бор, бултур мамлакатимиз икки марта террористик хуружларга дучор бўлди, шу боис хавфсизликни таъминлаш ва армия харажатларини кўпайтиришимизга тўғри келди. Чунки айнан армия мамлакат ичкарисида французларнинг хавфсизлигини таъминлайди, унинг ташқарисида эса таг-туги билан йўқ қилиш учун халқаро терроризмга қарши курашади.

— Европа марказий банки ҳақида гаплашамиз. Биласиз, унинг раҳбари Марио Драги бир неча ҳафта аввал оғир артиллерияни ишга солди, яъни инфляцияни “қўзғатиш” ва иқтисодий ўсишни тезлаштиришга қаратилган ностандарт режаларни таклиф қилди. Улар ҳақида сизнинг фикрингиз қандай? Бир тарафдан, евро курси ва фоиз ставкалари туширилган, бошқа тарафдан эса инфляция даражаси ҳали Марио Драги хоҳлаган 2 фоизлик белгига яқинлашгани йўқ ва банкларнинг кредитлаш суръати сустлигича қолаётир. Яъни, вазият тушунарсиз…

— Ҳа, мураккаб вазият юзага келди. Бизда жуда паст, ҳатто салбий инфляция мавжуд ва бунинг ўз сабаблари бор. Бир пайтнинг ўзида хомашё баҳоси тушиб бормоқда, шу жумладан аграр соҳада ҳам, бу унга боғлиқ бўлган соҳалар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай мураккаб бир вазиятда бизнинг марказий банкимиз ўз қатъиятини намоён қилмоқда. Омадимиз бор экан…

— Омадимиз бор экан?

— Ҳа, омадимиз бор экан. Охирги икки-уч йилда мазкур тузилма йўқ эди деб тасаввур қилинг. Шундай бўлса бугун не аҳволга тушган бўлардик? Мен бир нарсани қўшимча қилишим мумкин (айтгандай, Марио Драги ҳам бир неча бор шундай деган): монетар сиёсат кўп нарсани ўзгартириши мумкин, лекин ҳамма нарсани эмас. Ҳа, кўп нарсани. Бунинг устига ЕМБ раҳбарияти нима қилиб бўлса ҳам суст инфляцияга, ланжликка қарши курашишга тайёр. Албатта, биргина уларнинг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Ҳар бир мамлакат пухта бюджет сиёсатини юритиши керак, шунда иш осонлашади.

— Яъни ЕМБ инфляция биз учун қулай бўлган 2 фоизга етмагунча рағбатлантириш дастурини давом эттириши керакми?

— Мен ЕМБ номидан иш кўролмайман. Мен унинг тавсияларига амал қиламан. Банк бугун ишлаш учун майдон бор, имконият бор, олдимга қўйилган вазифаларни бажариш учун ишлашда давом этавераман, бу инфляция масаласига ҳам тааллуқли дейди. Бу Европада ишчанликни тиклаш учун зарур.

— Жаноб Сапен, сиз Германия молия вазири Волфганг Шойбле билан ҳаммуаллифликда “Европасиз ҳечқаёққа!” номли китоб чоп эттирдингиз. Сиз ҳар доим евроинтеграциянинг содиқ тарафдори бўлгансиз. Бугунги кунга келиб эса европачилар сафи тезлик билан сийраклашиб бораяпти, бу жуда катта муаммо. Айни пайтда популистлар, миллатчилар сафи кенгаймоқда. Одамларни Европага яна қандай қизиқтириш мумкин? Ҳозирги ЕИ орзудаги иттифоққа айланишига ҳали аанча бор бўлса…

— Аввало атрофда юз бераётган воқеаларга тийрак назар солиш керак, популистлар қандай қилиб олдинга чиқиб олаётганини англаш лозим. Ҳар ким ўзининг истак ва мақсадларини белгилаб олиши зарур. Мен нимани хоҳлайман? Мамлакатим ривожланишини, иқтисодиётимиз ўсишини, иш бўлишини хоҳлайман. Шу билан бирга халқим хотиржам яшашини истайман, терроризм хавфи, муҳожирлар оқими камайишини хоҳлайман. Ушбу вазифаларни биз якка-якка ҳолда, ёлғиз бажара оламизми? Йўқ албатта! Биз фақат ўз ҳудудимизда ўсиш ва ривожланишга эришолмаймиз, бунинг учун бизга кенг майдон керак. Ҳар ким ўз тинчини ўйласа, хавфсизлигимизни таъминлай олмаймиз. Чегараларимизни ҳам бир ўзимиз яхши қўриқлаёлмаймиз. Тасаввур қилиб кўринг-чи, Франциянинг чегараларини ёпишимизга тўғри келса нима бўлади? Истиқбол, бизнес, шахсий эркинликлар соҳасида қандай йўқотишларга учраймиз! Демак, вазиятни тўғри баҳолаб, Европа йўлига қайтишимиз лозим. Унинг номукаммаллиги ҳақида гапираверишни ҳам бас қилиш керак! Ҳа, у шундай, аммо Европа бирлиги ғоясига амал қилмаган мамлакатлар ҳеч нимага эришолмайди. Европа бирлиги ғоясининг фойдали жиҳатлари кашф этилаверишига аминман, яхшими-ёмонми, шунга қарор берганмиз.

Ҳасан Карвонли тайёрлади

Tafsilot.uz маълумоти:

Мишель Сапен

Мишел Сапен 1952 йили Париж яқинида туғилган.

1975 йилдан Франция социалистик партияси аъзоси.

1990-йилларнинг бошидан Пиер Береговуа ва Лионел Жоспен ҳукуматларида вазир бўлган.

Минтақавий сиёсат билан шуғулланган, Аржантон-сюр-Крёз шаҳарчаси ҳокими бўлган.

2012 — 2014-йиллари Жан-Марк Эро ҳукуматида меҳнат вазири лавозимида ишлаган.

2014 йил апрел ойидан Мануэл Валс ҳукуматида молия вазири лавозимида ишламоқда.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>