• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 24, 2017

Мис тангалар сохта эдими?

1978 йил. Миср. Қоҳира яқинидаги қадимий Шоҳлар водийси. Бу ерда бир гуруҳ олимлар археологик изланишларни давом эттиришмоқда. Гарчи шу пайтга қадар мазкур ҳудудда жуда кўп тарихий буюмлар, топилмалар қўлга киритилган бўлса-да, қадимшунослар ҳали бу ердан тарихнинг кўплаб тилсимларига жавоб топиш илинжида эдилар.

Бир гуруҳ инглиз археологлари ёзнинг аёвсиз жазирамасида ҳам бир лаҳза тин олишмайди. Қазишмалар олиб борилаётган ҳудуддан ора-сирада қадимий буюмлар, қуроллар, тангалар ҳам чиқиб қолади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Экспедиция аъзоларидан бири чўғдек қип-қизил тупроқ қатламлари орасидан кичик бир теридан тикилган ҳамён топиб олди. Негадир ҳамён анча пайт тупроқ остида ётган бўлса ҳам, унчалик эскирмаган эди. Ҳалиги археолог қувончдан ўзини йўқотиб қўяёзди. Дарҳол ҳамённи очиб кўрди. Ичи тўла олтин бўлса керак, деган умидда эди у. Йўқ, ҳар қалай тилла эмас экан. Мис тангаларни археолог бир қарашда таниди.

Ҳечқиси йўқ, қадимшунослар учун топилманинг қайси маъданга тегишли экани эмас, балки унинг тарихий қиммати, қачон, ким томонидан яратилгани муҳимроқ. Шуларни хаёлидан ўтказаркан, чоҳдан чиқди-да, топилмасини ҳамкасбларига кўз-кўз қилди.

— Қаранглар, нима топдим. Мис тангалар!

Шу заҳоти турли ён атрофдаги археологлар унинг тепасида тўпланишди. Тангаларни кўздан кечираркан, уларнинг ҳар бири ўз фикрини билдирди.

— Ушбу топилма Шрҳлар водийсида минг йиллар аввал мис чақалар муомалада бўлганини кўрсатади.

— Демак, қадимдан Мисрда мис қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш ривожланган.

— Шошманглар, шошманглар, манави битикларга қаранглар.

Тангаларнинг бир тарафида лотин ёзувида алланималар зарб қилинганди.

— Қаранглар тангалардаги ёзув лотинча экан. Демак, бу Римда зарб қилинган.

— Балки бу Юлий Цезарь даврига оиддир?

— Ҳа, Миср ва Рим ўртасидаги савдо алоқалари жуда қадим тарихга эга.

Шу пайт экспедиция раҳбари етиб келди ва тангаларни махсус лупа билан кўздан кечирди. Тангаларнинг юза қисмида “эрамиздан аввалги 50-йил” деган ёзув яққол бўртиб турарди.

— Ана, айтмадимми, — деди архелоглардан бири. — Бу айнан Юлий Цезарь даврига тааллуқли. Тангалар қадимги Римда эмас, айнан шу ерда, Мисрда зарб қилинган. Бу пайт Миср Рим империясига қарам бўлган.

— Мутлақо нотўғри, — деди экспедиция раҳбари тангаларни кўздан кечираркан. — Ахир, наҳотки, эътибор қилмаётган бўлсанглар? Тангаларнинг сохта эканлиги шундоқ билиниб турибди-ку?

Савол?

Айтинг-чи, экспедиция раҳбари қандай қилиб бир қарашда тангаларнинг қалбаки эканлигини аниқлай олди?


Жумбоқнинг жавобини билсангиз ёки тахминингиз бўлса, уни изоҳ сифатида ёзиб қолдиринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Бек Жавоб бериш
    2 yil олдин

    “эрамиздан аввалги 50-йил»
    Ушбу жумла хозирги даврга тегишли. Кадимда эрамиздан аввалги деган жумла ишлатилмаган.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>