• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Мирча Луческу ҳақида 8 факт

Мирча Луческу “Зенит”нинг янги мураббийи этиб тайинланиши мумкин. У ҳақда билиш керак бўлган қизиқарли маълумотларни ҳикоя қиламиз.

“Шахтёр” тарихидаги энг кўп унвонга эга бўлган мураббий

Мирча Луческунинг Донецкда нечта рекордни ўз ҳисобига ёзганини санаб адо қилиш қийин. Украина чемпионати тарихида 8 марта зафар қозонган ягона мураббий. Мамлакатнинг ички чемпионатида (572) ва еврокубокда (134) жуда кўп ўйин ўтказган. Украина жамоаси билан еврокубокни қўлга киритган ягона мураббий. “Шахтёр”далигида 8 марта Украинанинг энг яхши мураббийи деб тан олинган, бунда 2008 йилдан 2014 йилгача кетма-кетига 7 марта!

Унинг ёши 70 да

Агар Луческу ҳақиқатан ҳам “Зенит” билан шартнома имзоласа, премьер-лигадаги энг ёши улуғ мураббийга айланади. У ҳозирги мураббийлар ичида энг тажрибалиси, бу йил у 71 бирга тўлади. Бундай мутахассисдан узоқ муддатли натижа кутиш унчалик тўғри бўлмас, аммо қисқа муддат ичида улкан муваффақиятларни кутиш мумкин. У бундай натижани қўлга киритиши аниқ. “Шахтёр” билан биринчи мавсумдаёқ Украина чемпионатини заб этган Луческуга бир йил ўтиб яна шу натижани такрорлаш қийинчлик туғдирмаган.

Луческу – ҳақиқиқий полиглот

Мирча Луческу “Шахтёр”далигида матбуот конференцияларида румин тилида, таржимон иштирокида интервью берган. Аммо у ўз фикрини рус тилида бемалол баён қила олади.  Машғулотларда ва мусобақалар олдидан у кўрсатмаларини икки тилда – рус ва португал тилларида беради. У ишлаган даврда нечта бразилияликнинг истеъдоди айнан “Шахтёр”да юзага чиққанидан хабарингиз бор.  Журналистлар олдида ўз она тилида гапиришни маъқул кўришини тушунса бўлади: Мирча саволларга жавоб берар экан, профессионал атамаларни ишлатишни маъқул кўради, бошқа тилда гапириб у матбуот олдида ниманидир адаштириб ёки нотўғри айтиб қўйишни истамайди

Умуман олганда, Луческу – ҳақиқиқий полиглот: 6-8 тилни билади. Испанча, италянча, французча, инглизча, туркча. Хуллас, “Зенит”га сингиб кетиш унинг учун муаммо бўлмайди.

“Олди-сотди”ни яхши кўради

Мирча Луческу – таниқли футбол тужжори. Унинг “Шахтёр”и трансфер бозорида жуда фаол бўлган – таниқли бразилияликларни топиб, уларни сотиб олишда пулни аямаган (масалан, Бернардо учун 25 млн. евро), кейин Украина чемпионати шароити ва мунтазам еврокубоклар майдонларида уларни юлдузга айлантириб юборган. Агар “Шахтёр” пуллаган ўйинчилар рўйхатига қарасак, бундай меҳнат бесамар кетмаганини кўрамиз: Элано ва Фернандиньо “Манчестер Сити”га яхши нархга сотилди, “Барселона” эса  Дмитрий Чигринский учун оғринмай 25 млн. тўлади. Генрих Мхитарян эса Дортмунднинг “Боруссия”сига, Дуглас Коста –“Бавария”га пулланди. Булар “кончилар”нинг энг катта рекрутлари, ҳали бу клубда етилган Брандао, Чиприан Марика, Рэзван Рац, Алекс Тейшейра, Луис Адрианолар ҳақида гапирмадик.

Рақамлар алдамайди – Лучаску трансфер бозорида жуда фаол. “Шахтёр”даги 12  йиллик фаолияти давомида у футболчи сотиб олиш учун 283,7 млн. евро сарфлаб, сотишдан 286 млн. евро даромад кўрган. Бу барқарор, яхши кўрсаткич. Сиёсий вазият сабаб Мирченинг Донецкдан кетиши “Шахтёр” учун катта йўқотиш бўлди.

“Кончилар” учун энг катта харажат Бернард (25 млн евро), Тайсон, Чигринский ва Нери Кастильо (15 млн евродан)ларнинг сотиб олиниши бўлган эди.

Хажи билан елкама-елка

Мирча Луческу Руминия футболи тарихидаги энг порлоқ юлдуз – Георге Хажи билан ҳали “Шахтёр” СССР чемпионатида иштирок этиб юрган пайтларда ишлаган эди. “Мен унга 17 ёшида Руминия терма жамоаси сардорлик боғичини берганман”, – деб эслайди Луческу. – Кейин “Динамо”ни шуғуллантирда бошладим, ундан кейин “Стяуа”ни танладим. Ҳамиша у билан муносабатларимиз жуда яхши бўлган. У мендан маслаҳатлар сўраб турарди, қанақа бутси кийиш борасидаям сўраган пайтлар бўлган. У билан кейинроқ “Галатасарой”да учрашдик”

Умуман, Луческу билан ишлаган футбол юлдузлари рўйхати жуда узун – Таффарел, Диего Симеоне, Андреа Пирло, Марио Жардел, Роналдо, Умит Каран… Аммо ҳамиша бу рўйхатнинг бошида Хажи туради. Ҳар қандай руминиялик учун Карпат Марадоннаси билан ҳамкорлик қилиш катта шараф.

7 йил олдин инфаркни бошдан кечирди

Луческу ўзининг ишига шу даражада мутаассиблик билан ёндашадики, жиддий тўсиқлар олдида ҳам таслим бўлишни истамайди. 2009 йилнинг ёзида, “Шахтёр”нинг УЕФА кубогидаги ғалабасидан кейиноқ “кончилар”ни Швейцарияга йиғин машғулотларига олиб кетади. У ерда Луческунинг соғлиғи ёмонлашади, бироқ бунга эътибор бермай жамоа машғулотларини давом эттиради. Кейинроқ маълум бўлишича, ўша пайтда Луческу инфаркни бошдан ўтказган экан.

Унга ёдгорлик қўйишмоқчи

“Шахтёр”даги сермаҳсул меҳнати сабаб бўлса керак, украиналик руминлар унга ёдгорлик ўрнатишмоқчи. Бир йил олдин, Мирча Луческунинг 70 йиллик юбилейи арафасида унинг бронза ҳайкалини қуйишган эди. Тўғри, бу ҳайкал жуда кичик, лекин келажакда “Донбасс-Арена”га олиб борувчи хиёбонга унинг улкан ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилган.

Россияда илгари ҳам ишлаши мумкин эди

Эҳтимол, булар шунчаки миш-мишлардир. 2014 йилнинг декабрида руминларнинг Sport.ro порталида Мирча Луческу “ЦСКА” билан музокара ўтказгани ҳақида хабарлар тарқатган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, Луческу “ЦСКА” билан эмас, “Спартак” билан “гаплашиб кўрган” экан. Буни ҳақиқатга анча яқин хабар дейиш мумкин.

Зоҳид  тайёрлади

Манба: championat.com

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>