• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Миллат сабоқлари: оталар ва қизлар

«Онасини кўриб қизини ол», «оилада қиз бола онадан, ўғил отадан ибрат олади» деган ҳикматли фикрларга шу қадар кўникиб кетганмизки, мақоламиз сарлавҳаси ҳам бир қарашда айримларга эриш туюлиши мумкин.

…Ақлимизни таний бошлагандан ҳар куни бир кичик байрам десамми, тантана десамми, хуллас, кунда такрорланса-да, кўнгил яна талпиниб турадиган ғаройиб бир ҳодисанинг иштирокчиси бўлиб ўсдик: кечки пайт онам бошчилигида биз, қизлар, тикаётган ишимизни йиғиштирамиз. Ҳар кимнинг ўзига яраша юмуши бор. Биримиз кўча ва ҳовлига сув сепиб, супурамиз; бошқамиз обдаста-ю чойнак-пиёлаларни кул билан ишқаб ярқиллатамиз; кичкиналар ёши улуғлар ўтирадиган томонга ёстиқлар қўяди… Мисоли узоқ кутилган меҳмон келаяпти-ю, унинг иззатини жойига қўйиб кутиб олиш учун уйдагилар ширин ҳаяжон ва ҳаракатда. Шу пайт кичкиналаримиздан бирининг «дадам!» деган тантанавор овози ҳаммани яна ҳам ҳушёр торттирарди. Қалбимиздаги қувонч, соғинч юз-кўзларимизга кўчади.

Хотирамнинг ёрқин уфқида… балки у сиймонинг нуру шарофатидан нурга тўлган хотирам уфқида доим бир манзара юрагимни орзиқтириб туради: ўртадан баландроқ бўйли, қотмадан келган, ёзда новвотранг шиму кўйлаклари, қишда эса белбоғ билан боғланган қора сатин чопонлари, оёғида чарм этиги, бошда албатта Марғилон дўппилари ярашиб турган отам – мулла Муҳаммадхон ҳар доим қаппайиб турадиган қора сумкаларини кўтариб, табассум билан кириб келарди.

Болалик, ўсмирлик, ёшлик йилларимда кўп нарса ўзгарди, янгиланди. Аммо юқорида тасвирлаганим – отажонимнинг ишдан қайтишлари билан боғлиқ ҳолатлар то умрининг охиригача ҳеч оҳорини йўқотмади. Ота-онамнинг «ундоқ қилинг», «бундоқ бўлинг» қабилидаги насиҳатларини деярли эшитмаганмиз. Лекин ўша кунлардан бошлаб қалбимизга оила бошлиғи – ота хонадоннинг энг улуғ, эъзозга муносиб, ҳар қанча муҳаббат ва қадрлашга лойиқ инсон эканини онамнинг мактаби бизга сингдирди назаримда.

Рўзғорнинг кам-кўстини ҳар куни ишга кетиб, оқшомда гоҳ халта, гоҳ сумка кўтарган дадам тўлдирарди. Келтирилган неъматларни барчамизга бирдек тақсимлаб, ҳатто дастурхонга қўйилган бир чақмоқ қандни ҳам олтита тенг бўлакка бўлиб берган отамнинг фарзандларини бирдек ардоқлаган сўзлари, нигоҳлари ҳам ибрат мактаби эди.

…Ўшанда, Марғилондаги урф бўйича, тўққиз ёшимдан онам: «Бўлди энди, кунни ўйин билан ўтказиш давринг орқада қолди. Иш ўрганишинг керак», – деб дўппи тикиш учун қўлимга игна ва ипак берди. Онам, опаларим, қўшниларга қўшилиб дўппи тика бошладим. Ёш қиз тикишнинг сирларини ўрганиб олгунича йиллар ўтиши табиий. Ҳеч ёдимдан чиқмайди: ҳали тикишни тузук-қуруқ ўрганмасимдан дадам: «Менга дўппи тикиб беринг» (отам қизларини сизлар эди), – деб қолди. Маҳалламизнинг энг олди чевари бўлган онам тиккан дўппиларни кийиб келган отамнинг мендан дўппи сўраши ҳайрон қолдиргани рост. Илтимос бир неча бор такрорлангач, бор диққатимни, маҳоратимни жамлаб, дўппи тикдим. Дадам уни қўлларига олиб, бошига кийиб шунчалар қувондики! Меҳнатимга берилган баҳодан, рағбатдан мендан бахтиёр одам йўқ эди. Дўппи тикишга меҳрим кундан-кун ортди, чокларим бежирим ва чиройли бўлишига интилиб, завқ билан қатим тортардим, токи, дадажонимга, акаларимга тикиб берган дўппиларим ҳамманикидан чиройли бўлсин!..

…Болалик онгимга шоҳ Машрабнинг дардли сатрлари отамнинг тиниқ, ширали овозларида ўрнашиб қолган:

Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдан,
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдан…

Китоб, газета, журналларниям илк бора отамнинг қўлида кўрганман. Кечки таомдан сўнг ҳаммамиз дадамнинг суҳбатларига мунтазир бўлардик. Бир ҳазилнамо ёлғон одамлар орасида оғиздан оғизга ўтиб, қирқ ёлғонга айлангани; қўшнисига қуён думи сотишни маслаҳат берган ғаламис савдогарнинг охир оқибат бор-йўғидан айрилгани; умри далада ўтган чўпоннинг зиравор растасидан ўтаётганда кўнгли озиб, ҳушини йўқотгани ҳақидаги эртакларни отам айтиб берган, уларни бошқа жойда эшитмадим, ўқимадим ҳам.

Дадам «Ўткан кунлар»нинг эски ёзувдаги нашрини ҳар куни шомдан кейин ўқиб берганда аммам билан амакимнинг хотинлари бир неча кунгача «Кумуш, Кумуш» деб йиғлаб юришган, мен бунинг сабабини тушунадиган ёшга етмагандим ўшанда. Лекин тезроқ катта бўлишни, худди дадамга ўхшаб китоблар ўқишни жуда хоҳлардим.

Ниҳоят мактабга бордим, ўқиш-ёзишниям ўргандим. «Ифодали ўқиш» деган муҳим машғулот борлигини институтда ўқиб юрганимда билганман. Лекин бундай сабоқниям ёшлигимдан олганман: дадам газета, журнал, китоблардан айрим парчаларни белгилаб қўярди-да, менга овоз чиқариб ўқишни буюрарди. Баъзида меҳмонлар қошида қўлимга китоб бериб: «Қизимнинг китоб ўқишини бир кўринглар», – деб мақтанарди. Отамнинг «Ҳаётлик пайтимда олган билимларинг – мендан сизларга қоладиган энг катта бойлик» деган ҳикматига умрим бўйи иқрорим ортади.

…Тансиқ таом тайёрлай бошласак, дадам: «Бир ризқи улуғ келиб қолсайди», – деб дарвозага қарайверарди. Баъзида эрта тонгда, баъзан шомдан кейин кимлардир чақириб келарди. Пешвоз чиққан отам бироздан кейин ўқдай учиб катта уйимизга кириб кетарди-да, у ердан ниманидир олиб, яна ташқарига чиқиб келарди. Шукрона, ҳалимлик билан жойига чўкарди. «Кишининг бирор нарсага зориқиб остонангга келиши юзини босиб келишдан ҳам оғир иш. Агар кимдир нимадир сўраса, имконинг бўлса, албатта уни ноумид қилманглар», – деб тайинларди кейин. Тўғри, ҳар доим ҳам амал қилмоқ учун нафсимга кучим етадими-йўқми, аммо бу насиҳат дилимда чироқдек ёниб туради.

Меҳмон кутишни яхши кўрарди. Аёллар тайёрлаган дастурхон ўзига хос, аммо дадам бош бўлиб тузалган дастурхоннинг файзи, салобати бошқача бўларди.

…Адашмасам, ҳаётга очиқ кўз, зийраклик билан қарашниям дадамдан ўрганганман. Онам, холаларим ювош, сипо, ҳар бир буюрилган ишни ими-жимида бешарпа бажаришга чақиришарди. «Ювош бўлиш керак экан деб ҳамиша ерга қараб юрманг, – дер эди дадам. – Бошни кўтариб атроф-оламни кўриш, кузатиш, ундан хулоса чиқариш ҳам керак». Ўсмирлик йилларининг ўзига хос ўзгаришларига кўникиш қийин бўлиб, баъзида бошимни осилтириб, елкамни чиқариб юрган бўлсам керак-да, шундай пайтларда отажоним: «Елкангизни кўтаринг. Тўғри юринг», – деб танбеҳ берарди.

Мактабда нафақат аниқ ва ижтимоий фанлардан, балки жисмоний тарбия ва меҳнат дарсларидан ҳам «аъло» баҳоларга ўқишимизни рағбатлантирарди.

…Ҳа, дарвоқе, ҳовлимизнинг орқасида шаҳар истироҳот боғи бўлиб, кираверишдаги кинотеатрда ҳар куни кино намойиш қилинарди. Дадам вақти-вақти билан бизни кинога олиб кирарди. Гап-сўзларидан бу кинони аввал ўзи кўриб олганини, мазмунидан бохабар эканини англардик.

…Силаи раҳмни қаттиқ тутарди. Раҳматли катта аммамнинг бир боласи билан эридан ажрашиб келган қизи, раҳматли кичкина аммамнинг ўғиллари бизникида яшар, опа, акаларимиз қатори бизга қадрдон, меҳрибон эдилар. Онам уларнинг кўнглини асраб-авайлардиларки, бу отамнинг қариндошлар борасидаги сиёсатларининг давоми эди.

…Дадам билан онамнинг жанжаллашганини кўрмаганман. Фақат баъзида дадам китобларини кўтариб, ҳовлимиз четидаги кичкина уйчага «кўчиб оларди». Кейинчалик мулоҳаза қилиб англадимки, демак, ўшанда уларнинг орасидан «ола мушук ўтган». Лекин бизга буни ошкор қилишмасди. Бир-бирларидан шикоят ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Онам болаларга нисбатан қаттиққўл, талабчан эди. Бунинг сабабини ҳам кейинчалик билганман. Отам онамга: «Отанинг уриш-сўкиши болага жуда қаттиқ тегади. Лекин она ҳар қанча қаттиқ тегса ҳам, бола унга яна ёпишиб келаверади. Шунинг учун сиз жиддий бўлинг», – деб келишиб олишган экан. Отамнинг кундалик муносабатлари жараёнида онага ҳурматни ҳам ўрганганмиз. Отам оилани тебратиш учун кўпинча икки сменада ишларди. Тежамкор эди, ортиқча ҳою ҳаваслар, жимжималар билан боғлиқ сарф-харажатга қарши эди. Лекин онам, аёл киши-да, ўзи тиккан дўппини сотиб, пулига бизга ўйинчоғу тақинчоқлар ҳам олиб келарди-ю, «Дадангга ёқмайди», – деб хавотирланиб қўярди. Дадам эса бу нарсаларга кўзи тушганда кулимсираб қараб турарди, жаҳлини билдирмасди. «Онангиз сизни жуда яхши кўради-да», – деб онамнинг обрўсини кўтариб қўярди.

…Кутилмаган оғир дард отажонимни сўндириб, сўлдириб қўйди. Ҳар куни ғаниматлигини англаб етдими, билмадим, бизга охирги насиҳатларидан бири ҳам онамни ёлғиз қолдирмаслик, бепарво бўлмаслик ҳақида бўлганди. Ўшанда мен энди ўн олти ёшга тўлган, мактабни олтин медал билан битирганим ҳақидаги хабар билан шифохонада ётган отамнинг олдига боргандим. Аллоҳ охиратини обод қилсин!

Отаси узоқ йиллар ёнида ҳаёт юрганлар қанчалар бахтли одамлар! Ризқ бергувчи – Аллоҳ. Лекин Яратганнинг бандалари орасида отанг, онанг каби маънавий устоз, қўллаб-қувватлаб, йўл кўрсатувчи, ибрат бўлгувчилари камдан-кам топилади.

Катталар билан муомала-муносабат, пишир-куйдир, уйнинг озода-ю саранжом-саришталиги, тикиш-тўқиш, бола парвариши, қўни-қўшничилик одобу мезонлари, бемор парваришида ҳамширалик қабилидаги ишларни қизлар биринчи навбатда онасидан ўрганишади. Лекин қиз боланинг фақат уй бекаси эмас, жамиятнинг фикрли аъзоси, мустақил мушоҳада юритадиган, ҳаётнинг турли вазиятларида довдирамай, ўз йўлини топишга интиладиган, ёши улғайганда ҳам бошқаларга юк ва ташвиш бўлмайдиган, муҳими, шу хислатларни келажакда ўз зурриётларига ҳам «юқтирадиган» шахс бўлиб улғайиши учун отанинг меҳру муҳаббати, меҳнати, ибрати, тажриба-ю маҳорати албатта зарур.

Ёшлар «кексаликнинг ўзига хос инжиқликлари» деб қабул қилмасмикин деган андишада кўпинча индамай қўямиз, бироқ ўйлаганинг сайин безовта бўла бошлайсан… Чет эл ижодкорларининг чуваланган калава каби боши-охири йўқ, мақсад-моҳиятсиз севги мавзусидаги сериалларини ота-она-ю фарзандлар, ҳатто бобо-ю бувилар жам бўлиб томоша ва муҳокама қилишаётганини кўрганда, «Даврада ўтирган қизнинг юзи, қалбидан ҳаё пардасини катталарнинг ўзлари биргалашиб юлиб ташламаяптими?» деган хаёл кечади. Ўз-ўзидан отанинг обрўйи, сирли-синоатли салобати тўкилмайдими? Шу қиз энди бошқалар билан ҳам очиқ-сочиқ, одоб чегараларини билмай муомала-муносабат қилса, ким айбдор?!

Қўлига ойда бир марта китоб олмайдиган ота фарзандларидан илмли бўлишни, яхши ўқишни талаб қилса, сўзи ўтармикин? Аёлини ҳурмат-иззат қилмайдиган эркак қизининг бахтли бўлишини тасаввур қила олармикин? Саховатпешалик, жўмардлик, ташаббускорлик, эл-юрт ишига фидойилик каби фазилатлар ўғилу қизларга баб-баробар зарур, сингдирилиши керак. Айни шу хислатлар эркаклар – оталарда кўпроқ намоён бўлади.

Бу мавзу мени кўп ўйлантиради. Айниқса кейинги йилларда пул топиб келиш ниятида юртимиздан четга чиқиб кетаётганлар ҳам бор; уларнинг баъзилари учун ўз ватани, оиласи яшайдиган хонадон йилда икки-уч ой яшаб кетиладиган меҳмонхонага айланиб қолгани – муаммони шу ерда ечиш мумкин бўлган йўл қолиб, ҳеч тузатиб бўлмас хатолар, йўқотишлар йўлини ихтиёрий равишда танлаш эмасмикин?

Хизмат сафарим пайтида республикамиз туманларидан бирида тўйга таклиф қилиб қолишди. Маълум бўлдики, куёв йигит бир неча йилдан буён баҳорда хорижга ишлаш учун кетиб, кеч кузда қайтаркан. «Тўйдан кейиноқ яна жўнаб кетиш учун чиптасини олиб қўйган», – дейишди. Мен ҳеч қайтиб келмайдиган янги келин-куёвлик даври, келиннинг орзулари, икки ёшнинг бир-бирига ўрганиши-ю меҳр қўйиши ҳақида гап очгандим, даврадагилардан бири: «Эй, у томонини ҳеч ким ўйламай қўйган!» – деди. Бошқалар тасдиқлашди. Маҳалладаги йигитлардан қай бири чет элда ишлаб юрганида туғилган фарзандини ёшига тўлганда кўргани-ю сал ўтмай яна қайтиб кетгани; яна бири ота-онасига хизматкордек қилиб олинган хотини билан беш йил давомида келиб-кетган пайтларини кунлаб санаса, нари борса ярим йил бирга яшагани-ю учта фарзандли бўлгани, қолган умри олис юртда ўтаётгани… бунга ўхшаш мисолларни айтишаётганда, кўз олдимга икки яшар набирамнинг ажиб қилиқ, ҳолатлари келади: кун кечга яқинлашгани сайин кўча эшиги ҳар ғийқиллаганда «дадам!» деб ўша томонга чопади. Ниҳоят эрталаб ишга кетганидан буён соғинтирган одами – отаси кириб келганида, назаримда, қизалоқнинг бутун вужуди қувончга, ифтихорга, эркалигу муҳаббатга айланади. Кун бўйи онасига қилган қайсарлигу инжиқликларидан асар қолмайди, миттигина қалб мақтов эшитиш, яхши кўриниш учун катталарнинг ёрдамчисига айланади. Қўлидан келмайдиган ишларниям бажаришга уринади. Пилдираб келиб отасининг пинжига тиқилаверади, қувват-мадор олаётгандек отасига суянади…

Халқ орасида «қиз бола отасига бошқача меҳрибон бўлади» деган гап юради. Хоҳлайдими, хоҳламайдими, фарзандларнинг, жумладан, қизларнинг ҳам кўп вақти оналар билан бирга ўтиши табиий ҳол. Бу жараёнда улар бир-бирига жуда яқин, ҳатто сирдош бўлиб кетадилар. Лекин яна бир жиҳат – ҳар бир улғайиб келаётган инсон ўзини топишга, мустақилликка, камолотга интиладики, балки қизлар онасида ўзининг қиёфасини, отасида эса бошқа бир улуғвор, салобатли, саховатли оламни кўрар? Бу олам ўзининг жисму руҳига туташлигидан кўнгли, руҳи, борлиғи ўсар? Ахир қиз боланинг қалби нозик туйғулар, ширин орзулар, меҳр-муҳаббатдан яралган ҳислар билан тўлиқ бўлади. Ўз бахтини яратишни отасини, онасини бахтиёр этишдан бошлайди. Бу саодат барча қизларимизга насиб этсин.

Ҳозир қаердасиз, қадрдон? Уйга борганингизда «отам!» деб пешвоз чиққан қизингизга бепарво, беэътибор бўлманг. Унинг феълу атвори, хулқу одоби, юриш-туриши, гап-сўзларидаги айрим ёввойи, кераксиз, зарарли ўсимталарни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаб, табиатини ҳаётбахш гулларга буркашига, бағри бутун бўлиб яшашига боғбонлик қилинг демоқчийдим. Ҳар куни, ҳар куни, ҳар куни… Зеро, қизларига гўзал тарбия бериб, мустаҳкам имон-эътиқод эгаси қилган оталар икки дунё саодатига эришгайлар.

Муҳтарама Улуғова,
“Маънавий ҳаёт” журналидан олинди

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>